Ўзбекистон 2023 йилда пахта ва ғалла давлат бошқарувидан воз кечоладими?

Ўзбек деҳқонлари Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистоннинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган аграр стратегияси кўплаб кузатувчилар томонидан инқилобий дея баҳоланмоқда. Фақат бу стратегияни ҳаётга тадбиқ этишда изчилликка эришиб бўладими, Совет бошқарувига ўрганган амалдорлар деҳқончилик ислоҳотини саботаж қилмайдиларми?

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 23 октябрда имзолаган фармонда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини буткул янги рельсга ўтказишнинг "глобал" деб аташ мумкин бўлган режалари белгилаб берилди.

Фармон "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида" деб номланади.

Ушбу фармон миқёсидан келиб чиқиб, Президент Мирзиёев ҳокимиятга келганидан унинг устида ишлаш бошланган, Ўзбекистон давлат идора-ташкилотлари ва халқаро институтлар иштирокида узоқ муҳокама ва таҳлиллардан сўнг қабул қилинган тарихий ҳужжат деб аташ мумкин.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш стратегиясини тузишда БМТ, Европа Иттифоқи, Жаҳон ва Осиё Тараққиёт банклари экспертлари иштирок этганлар.

Стратегия бўйича Ўзбекистон кейинги 10 йилда Шўролар замонидан қолган деҳқончилик ва унга давлат муносабатини буткул синдирмоқчи, Ўзбек деҳқонини нимани қачон экишни ўзи ҳал қиладиган, кимга неча пулга сотишда ихтиёри ўзида бўлган худди Европа ёки Америкадаги эркин фермерга айлантирмоқчи.

Шунингдек, мева-сабзавот, полиз маҳсулотларининг сифатли "Ўзбек бренди"ни барпо этиш ва дунёнинг хоҳлаган бурчагида даромадли сотилишига эришиш мақсади ҳам қўйилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг деҳқончиликда фойдаланилаётган тупроғининг аксар қисми "чарчагани" сир эмас, унумдорлик пасайиб кетган, бунинг устига ҳар йили саҳролашиш қишлоқ хўжалигига яроқли ерларни ҳам "тортиб олаяпти".

Стратегияда Ўзбекистон келгуси 30 йилда суғориладиган ер майдонларининг 20-25 фоизини йўқотиш эҳтимоли қаршисида тургани айтилади.

Ҳукумат деҳқончилик олимларини тупроқ унумдорлигини ошириш, пахта ва ғалланинг ҳар томонлама фойдали навларини яратиш каби йўналишларга янада фаол жалб этмоқчи, олимлар учун ҳам илмий изланишлари учун талаб қилинадиган шароитни яратиб беришни мақсад қилган.

Марказий Осиёда бундан кейин йил сайин сув тақчиллиги кучайиб бораверади деган хавотирли башоратлар айтиб келинаяпти, Ўзбекистон ҳукумати ўз стратегиясида томчилаб суғоришни кенгайтиришга қарор қилган.

Ҳозир мамлакатдаги деҳқончилик ерларининг атиги 1,7 фоизида сув тежайдиган технологиялар жорий этилгани айтилган, 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 32 фоизга етказиш мўлжалланмоқда.

Ўзбекистон аграр ислоҳоти стратегиясида илк бор мамлакатдаги тўйиб овқатланмайдиган аҳолининг сони эълон қилинган.

Стратегия 1-иловасига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 6,3 фоизи тўйиб овқатланмайди, бу 2 миллиондан ортиқ киши деганидир.

Ҳукумат деҳқончилик сиёсатини ўзгартириш билан мамлакат аҳолисининг аксари истиқомат қиладиган қишлоқ яшовчилари турмуш шароитини яхшилашни кўзлаган.

Ўзбекистон аҳолисининг 50 фоиздан кўпи қишлоқ жойларида яшайди деб кўрилади.

Жаҳон Банкининг деҳқончилик бўйича етакчи мутахассиси Сергей Зоря "Ўзбекистон 24" телеканалига берган интервьюсида қайси йили нималарга эришиш индикаторлари белгилаб берилгани натижаларни сарҳисоб қилиб боришда ёрдам беришини айтди.

2030 йилга бориб Ўзбекистонни тўйиб овқатланмайдиган бирорта ҳам инсони қолмаган мамлакатга айлантириш мўлжал қилинмоқда.

Стратегиядаги энг мушкул вазифа Ўзбекистон деҳқончилиги "қон-қонига сингиб кетган" маъмурий-буйруқбозлик тизимидан воз кечиш деб кўрилмоқда.

Чунки қарийб 100 йилдан буён Ўзбек деҳқони партком ёки ҳокимнинг "пахта бер", "ғалла бер" деган дағдағаси остида яшаб келди, охирги 3 йилда ҳукумат расман тақиқлаб жазога тортишини айтса ҳам, ҳокимлар шу кеча-кундузда ҳам одамларни пахта теришга мажбурлаб, Ўзбекистоннинг номини дунёга ёмонотлиқ қилмоқдалар.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Эдуардс Стипрайснинг "Ўзбекистон 24" каналига айтишича, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясининг қабул қилиниши соҳага ички ва ташқи сармояларни жалб этиш учун муҳим. Ҳамда фақат хомашё эмас, юқори қайта ишланган деҳқончилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришда ЕИ Ўзбекистонга молиявий дастакларини оширишга кўмаклашади.

Хўш, жойлардаги раҳбарлар 2023 йилга бориб фермерни ўз эркига қўйиб бероладиларми?

Ўзбекистон аграр ислоҳоти стратегияси ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашишни Би-би-си таниқли иқтисодий таҳлилчи, Тошкентдаги Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсуповдан илтимос қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFISHA MEDIA

Юлий Юсупов: Ушбу ҳужжат бугун Ўзбекистонда тайёрланаётган кўплаб соҳаларни ривожлантириш дастурларидан кескин фарқ қилади. Одатга кўра, бундай ҳужжатлар ҳали Шўро замонидан буён эълон қилиб келинадиган инвестицион режалардан иборат бўлади: келажакда биз нимани қанча ишлаб чиқарамиз. Ва кўпинча бундай ҳужжатлар имкони борича давлатдан кўпроқ пул ундириш ва бу маблағни сармоявий лойиҳаларга "тиқиб юбориш" мақсадида ёзилади. Бу мутлақо ярамайдиган амалиёт.

Тасдиқланган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида эса ҳаммаси бошқача - асосий урғу аллақачон "пишиб етилган" муаммоларни ҳал этиш мақсадидаги ислоҳотларга қаратилган.

Асосий мақсад - давлатнинг ролини тубдан ўзгартириш. Чунки ҳозир давлат аграр соҳани худди Совет замонидагидек бошқармоқда. Фермерлар моҳиятан ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум этилганлар. Давлат уларни пахта ва дон етиштиришга мажбурлайди(бугунги кундаги жами суғориладиган майдонларнинг 70 фоизи), етиштирган маҳсулотини кимга ва неча пулга сотишга, кимдан ва неча пулга материал ресурсларни харид қилишга буйруқ беради. Фермердан хоҳлаган пайтларида ерини тортиб олишлари мумкин. Шўроларча бошқаришнинг ўрнига давлат жараёнларни бошқариб туриши, фермерларга илм-фан, консалтинг, инфратузилмалар борасида кўмаклашиши, фермернинг ўзи эса бозор шароитида фаолият юритиши лозим. Стратегия ушбу мақсадларни ҳаётга жорий этишни кўзлаган.

Би-би-си: Сиз аграр соҳадаги қайси муаммоларни тилга олмоқдасиз?

Юлий Юсупов: Биринчи муаммо - ердан норационал фойдаланиш. Ер ҳам ҳар хил бўлади - биокимёвий таркиби, сувга яқин-узоқлиги, инфраструктураларга яқин-узоқлиги ва иқлимий шароитлари бўйича. Бундай тупроқларда турли экинлар ҳам турлича униб-ўсади. Қаердадир ғўза ўстириш манфаатли бўлса, бошқа бир жойда помидордан яхши даромад кўриш мумкин. Пахта ва ғаллага давлат закази боис фермерлар қайси экинни етиштиришни ўзлари мустақил ҳал қилолмайдилар, бу эса уларга катта зиён келтиради. Бу зарар фақат фермер учунгина эмас, бутун иқтисодиётга зарар. Чунки аграр ишлаб чиқаришнинг структураси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш талабларига жавоб бермайди. Биз ўзимизга керак бўлган, талаб мавжуд маҳсулотларни ололмаяпмиз.

Иккинчи муаммо — тупроқ деградацияси. Асосий сабаби - ернинг хўжайини йўқлиги. Фермернинг ердан фойдаланишга доир узоқ муддатли ижара шартномаси мавжудлигига қарамасдан, ерни ундан осонлик билан тортиб олишлари мумкин ва тез-тез шундай бўлаяпти ҳам. Фермерлар ўзларини вақтинча ишлаб турган одамдек ҳис қиладилар. Шунинг учун ҳам ерга сифати ҳақида қайғуриш талаб қилинадиган ресурс деб қарамайдилар. Фермерлар тупроққа, ҳам пахта ва ҳам бошқа экин-тикинни кўп экиб, кўп ҳосил ва даромад қўлга киритиш учун имкони борича кўп эксплуатация қилинадиган ресурс сифатида қарайдилар. Шу боис тупроқ заволга учраган, ҳосилдорлик тушиб кетган. Ва бу бизнинг мамлакатимиз учун энг йирик муаммо.

Учинчи муаммо - судан норационал фойдаланиш. Ўзбекистон шароитида далага сув етказиш анча қимматга тушади: сув насослари сарфлаган электр энергияси - қишлоқ хўжалиги бюджети харажатларидаги асосий банд ҳисобланади. Лекин шунга қарамасдан, сув кўп исроф қилинади, ерга сингиб кетиши, буғланиши оқибатида 30-40 фоиз сув далага етиб бормай ҳайф бўлади. Фермерларнинг ўзлари ҳам сувни тежашдан манфаатдор эмаслар, чунки уларга сув текин келади. Шунинг учун ҳам улар сув тежовчи технологиялар, мисол учун томчилаб суғоришни қўлламайдилар. Фермерлар сув учун кўнгилдагидек пул тўлолмайдилар, чунки улар пахта ва донни сотишдан кам даромад топадилар.

Тўртинчи муаммо - қишлоқ хўжалигига хусусий инвестиция деярли йўқ. Сабаби - яна хўжайин йўқлигида. Фермерлар ерга сармоя ётқизишни истамайдилар, чунки ерни ундан тортиб олиб қўйишлари мумкин. Хусусий бизнес ҳам бормайди, чунки мулк ҳуқуқи муҳофаза қилинмаган. Нега муҳофаза қилинмаган, чунки меъёрдагидек нарх-наво тизими барпо этилмаган. Яна бир сабаби - фермер ерни гаровга қўйиб кредит ололмайди. Чунки ер бозор оборотидаги мулк ҳисобланмайди. Кредит йўқлигидан сармоялар ҳам йўқ. Инвестициялар йўқлиги боис замонавий технологиялар ҳам жорий этилмаяпти. Ва бу нарса ҳосилдорликка ҳам, сув сарфига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаяпти.

Янги стратегия соҳадаги ушбу ва бошқа муаммоларга эътибор қаратибгина қолмайди, балки бу муаммоларни ҳал этиш механизмларини ҳам таклиф қилади:

- фермерларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, токи ундан ерни тортиб олиш осон бўлмасин;

- босқичма-босқич Совет замони қолдиғи давлат буюртмасидан воз кечиш;

- ҳам деҳқончилик маҳсулотлари ва ҳам соҳа учун зарур ресурслар бозорида ҳам бозор муносабатларини шакллантириш;

- сувдан пулли фойдаланишни жорий этиш;

- ва бошқалар.

Би-би-си: Стратегияда 2030 йилга бориб бошоқли доннинг гектаридан 75 центнердан ҳосил олиш мўлжалланган. Агар тупроқ сифати ва ҳосилдорлик паст экани инобатга олинса, 75 фоизлик кўрсаткичга эришиш нақадар реал, сизнингча?

Юлий Юсупов: Аслида ҳозир биздаги буғдой ҳосилдорлиги қанчани ташкил этишини ҳеч ким билмайди. Ҳозир бизда ғалла етиштириш миқдори қуйидагича ҳисоб-китоб қилинади: Фермерда режа бор. У ўзига ажратилган муайян майдонда муайян ҳосилни қўлга киритиши шарт. Ва етиштирган ҳосилининг 50 фоизини давлатга сотиши керак. Ялпи ҳосил деганда давлатга сотилган дон назарда тутилади. Агар буни иккига кўпайтирсак, фермер планни бажарган ҳисобланади. Аслида фермернинг ғалла ҳосили қанчани ташкил қилганини ҳеч ким билмайди. Ўйлайманки, дон етиштириш бўйича рақамларимиз анча ошириб кўрсатилади. Шу сабадан ҳам ҳосилдорликни ошириш ҳақидаги қандайдир рақамни айтишдан маъни йўқ. Бизнинг фермерларнинг реал қанча ҳосил етиштираётганларидан хабаримиз йўқ.

Би-би-си: Агар 2017 йилдан бошланган Ўзбекистонни ривожлантириш Ҳаракатлар Стратегияси ижросига қарайдиган бўлсак, 2017, 2018 ва 2019 йилларга мўлжалланган вазифалар ўз вақтида бажарилмагани, ортга сурилаётганини кўришимиз мумкин. Шундай бир шароитда, бизнинг ҳокимларимиз 2023 йилга бориб пахта ва ғалла давлат буюртмасидан воз кечоладилар, деб айтоламизми?

Юлий Юсупов: Давлат буюртмасини ҳокимлар эмас, марказ белгилайди. Шунинг учун ҳам агар Тошкентдан туриб, госзаказ бекор қилинди, деб айтилса, давлат буюртмаси бўлмайди.

Давлат буюртмасини бажариш эҳтиёжи - ҳокимлар бошқаруви ва қудратининг кучли ричаги, корруцион даромадлар ва мулкни тортиб олишнинг самарали воситаси экани - бу бошқа масала. Албаттаки, ҳокимларнинг кўпчилиги бу ричагдан айрилиб қолишни истамасликлари табиий. Бу марказий ҳукуматдаги кўплаб амалдорларнинг ҳам бошқарув ричаги ҳисобланади. Бу айрим тужжорий соҳалар, мисол учун пахтани қайта ишлаш заводлари, пахтани экспорт қилиш билан шуғулланадиган компаниялар ёки фермерларга техника, ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва бошқа моддий ресурсларни етказиб бериш билан шуғулланадиганлар учун ҳаддан зиёд катта даромад манбаидир. Ҳозир уларнинг кўпчилиги монополия вазиятдалар ва қатор имтиёзларга эгалар. Бозор шароитида эса улар ишбилармонлар билан рақобатга киришишга мажбур бўладилар. Бу кимга ёқарди дейсиз?

Шунга мувофиқ, ислоҳотларга қаршилик ҳам салмоқли бўлади. Ушбу стратегиянинг муваффақияти президент ва ҳукуматнинг сабот ва қатъиятига боғлиқ бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ