Ўзбекистон: Кучга кирган мораторий дарахтларни асраб қола оладими?

Ўзбекистон Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Ўзбекистон Ҳукумати мамлакат Экологик партияси ва жамоатчиликнинг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этиш тўғрисидаги таклифини маъқуллади. Ушбу мораторий 1 ноябрдан кучга кирди.

Президент Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни имзо чеккан «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонда Давлат экология қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси ва жамоатчиликнинг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этиш борасидаги таклифи маъқулланиши ҳақида сўз боради.

Фармонда мораторийнинг 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача амал қилиши ва бу давр мобайнида ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига рухсатнома бериш ман этилиши таъкидланади:

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жамоатчилик фаоллари дарахтларнинг аёвсиз кесиб ташланаётгани тўғрисида бот-бот ташвишли хабарларни тарқатиб, ҳукуматни бу муаммога эътибор қаратишга ундаб келаётган эди.

Хусусан, 2018 йил июнь ойида журналист Никита Макаренко Менинг Фикрим порталида дарахтларни ҳимоя қилишга чақирувчи петиция жойлаштирган ва петиция Олий Мажлис томонидан кўриб чиқилиши учун зарурий 10 минг овоз тўплаб, 12 мингдан зиёд инсон уни имзолаган эди.

Бироқ ўшанда депутатлар дарахтларнинг кесилишига мораторий жорий этиш таклифини маъқулламаган эди.

Ўзбекистон, блогер ва журналистлар: дарахт кесишни тақиқланг!

Мирзиёев: Ўзбекистон сувсиз қолмаслиги учун $4.5 миллиард доллар керак

Тошкентда дарахтлар қирғини давом этмоқда

Би-би-си билан суҳбатлашган блогер ва эко-фаол Ақида Ханум Орол муаммоси билан юзлашиб турган иссиқ иқлимли Ўзбекистон учун яшил ўсимликлар аҳамиятининг қанчайин юқори эканини таъкидлай туриб, дарахтларнинг ноқонуний ва бетартиб кесилишига мораторий жорий этилиши айни муддао бўлганини билдиради.

«Сўнгги бир-икки йил ичида дарахтларнинг ноқонуний кесилишига қарши кенг жамоатчилик, журналистлар, блогерлар, умуман, ижтимоий фаол бўлган инсонлар жуда кўп чиқишлар қилишди. Ҳатто, бу муаммони ҳал қилишни сўраб, президентимизга очиқ мурожаатлар ҳам йўллашди».

«Нафақат Тошкент, балки бутун республика бўйлаб дарахтлар кесиб кетилган. Бизда Орол муаммоси мавжуд. Дарахтларнинг кесилиши эса бу муаммони янада оғирлаштириб юборади. Биз иқлим қуруқ», давом этади фаол.

Мораторий жорий этилишини аксар фаоллар ва блогерлар хуш олган бўлсада, айрим одамлар унинг нега атиги бир йил амалда бўлишидан таажжуб билдирган.

Ақида Ханум бунинг сабабини тегишли давлат идораларидан суриштирганини маълум қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Блогер ва эко-фаол Ақида Ханум: Нафақат Тошкент, балки бутун республика бўйлаб дарахтлар кесиб кетилган. Бизда Орол муаммоси мавжуд. Дарахтларнинг кесилиши эса бу муаммони янада оғирлаштириб юборади.

«Нега бунча қисқа муддат, деб сўрадик. Айтишларича, қонунда айрим камчиликлар бўлиши ва бу камчиликлар мораторий жорий этилгандан сўнггина кўзга ташланиши мумкин экан. Кейин мораторий яна узайтирилиши мумкин».

Президент Мирзиёев 31 октябрь куни имзо чеккан фармонда жорий этилган мораторий табиий омиллар ёки зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари таъсирида зарарланган, қуриб бораётган ёки қуриб қолган, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф туғдирувчи дарахтлар ва буталарни санитар кесиш ва қирқишга;

ёғоч ва мевалар олиш учун ўстирилаётган дарахтлар ҳамда буталарни (терак ва тез ўсувчи бошқа навлар, тут плантациялари, мевали дарахтлар ва буталар) кесишга;

плантацияларда ўстирилаётган ва/ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки ҳисобланган дарахтлар ҳамда буталарни кесишга нисбатан қўлланилмаслиги тилга олинади.

Ўзбекистонда дарахтларни оммавий кесиб ташлаш масаласи 2009 йилда «Сквер» (Амир Темур хиёбони)даги кўп йиллик ноёб ва улкан чинорлардан иборат боғнинг деярли йўқ қилиниши ортидан илк бор кенг жамоатчилик эътиборига тушган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг дарахтларни ҳимоя қилишга бўлган чақириқлар кўпая борган ва ўзбекистонликлар дарахтларнинг аёвсиз кесиб ташланиши ҳолатига қарши фаоллаша бошлагани кўзга ташланган.

Бироқ расмийлар дарахтларнинг оммавий кесилишини ўша ҳудудларни ободонлаштириш важи билан изоҳлашга тиришиб, узоқ йиллар жамоатчилик талабига қулоқ солишни истамай келган.

Шундай вазият фонида ҳукуматга яқин ишбилармонлар кўп йиллик чинорлар ёғочидан ишлаб чиқарилган мебель савдоси ва кесилган дарахтлар ўрнига экилган хориждан келтирилган арчалардан мўмай даромад кўраётгани борасида тахминлар урчиган.

Жорий йилда Ўзбекистон ҳавоси юқори даражада ифлосланган давлатларнинг халқаро рўйхатидан жой олгани хабар қилинган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ