Ўзбекистон: Президент Мирзиёев бошлаган коррупцияга қарши кураш давом этмоқдами ё ўзи гап нимада?

Нурбек Алимоев Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Нурбек Алимов Ўзбекистонда коррупция йўқолмаганига оид бир нечта сабабларни келтиради.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш лозимлигини урғулагач, мамлакат бўйлаб бу борада "ишлар юришиб кетганди".

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари кунора бирон мансабдор шахс пора билан қўлга тушганини ёзишга киришган, биз эса бундан севиниб, ўша қўлга тушганларнинг гўрига ғишт қалар эдик.

Аммо, сўнгги пайтларда бу тенденция анча камайиб қолгани ёки умуман йўқолиб қолгани ҳам кузатилмоқда.

Бундан учта хулоса келиб чиқиши мумкин:

  • Биз коррупция устидан ғалаба қозондик ва у тугатилди.
  • Оммавий ахборот воситаларига бу жараённи ёритишга энди рухсат йўқ, аммо ишлар ҳамон жадал кетмоқда.
  • Ўша илғор кураш аслида Президент гаплари инерцияси кучи билан амалга оширилган ва хозирда бу инерция кучи тугади ёки коррупцияга қарши курашиш "урфдан қолди"

Алоқадор мавзулар:

Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши қандай курашмоқчи?

Ўзбекистон: инновация, инвестиция ва коррупция

Ўзбекистон: Олий Мажлис ва коррупция

Ўзбекистондаги коррупция илдизлари қаерда? Бу саволни биз кўп берамиз.

Масалага чуқурроқ қарайдиган бўлсак, коррупциянинг пойдевори, бизнинг зеҳниятимизда худди ДНК каби программалашиб кетмаганми, деб ўйлаб қоламан.

Бу нарсани бизда коррупциянинг юзлари жуда кўплиги билан ҳам изоҳлаш мумкин.

"Таниш-билиш", "Хамир учидан патир", "Ака-укачилик", "Муомаласини қилиш", "Хизмат бўлса шаймиз, ака", "Бизда ҳам қолиб кетмайди", "Сиздан угина биздан бугина", "Қаловини топиб қор ёғдириш", "Ишнинг кўзини билиш" ва яна бир қатор жумла ё иборалар, айнан коррупция жараёнида ишлатилади.

Ака-укачилик қандай ишлайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Internet
Image caption Президент Каримовнинг тўнғич қизига қарши бир нечта давлатда коррупцияга оид йирик ишлар очилган.

Тасаввур қилинг, каттароқ ишда ишлайдиган одамнинг ўғли дадасининг ким биландир "Ака-укачилик" ёки "Биздан ҳам қолиб кетмайди, ака" иборалари асосида тузилган ҳаётий шартнома ёрдамида ўқишга киради.

Зўрға ўқишни битириб келади, каллада айфоннинг сўнги модели ва нечта қизнинг бошини айлантирганидан бошқа нарса йўқ.

У на билими, на малакаси ё на кўникмаси билан бировнинг назарига тушган.

Ўқишни битириб, ўзи иш топмайди.

Аммо бу ўринда яна айнан ака-укачилик асқатади.

Яъни унинг отаси кимгадир қўнғироқ қилиб, "ака-укачилик"ни эслатади.

"Хизмат бўлса тортинмай айтавериши мумкинлиги" уқдирилади.

Натижа нима? Натижа - ўғли нуфузли ташкилотга ишга киради.

У ишга кирганидан кейин ишда ўзини қандай тутади?

Шаксиз, яна катта лавозимларга кўтарилиб, бошланган коррупция занжирини давом эттираверади.

Болаликдан бошланади

Бизда коррупция асослари, болалигимиздан бир қарашда жуда эзгудек туюлган тушунчалар билан онгимизга сингдирилади.

"Дўстлик ҳамма нарсадан устун" ёки "Дўстларга доим ёрдам бериш керак".

Бола тушунчасида оила ва дўстлар адолатдан ҳам устунроқ, деган қараш шаклланади.

Яъни дўстимиз қонунни бузса ҳам ёрдам қўлини чўзишимиз керак. Чақимчилар қораланади.

Тўхтанг, бу ахир классик мафия маданияти эмасми?

Айнан шунинг учун ҳам Италия, Греция, Россия ва бизда ҳам коррупция ҳолатлари, дейлик, Сингапур, Швеция ёки Голландия каби давлатларга қараганда анча кучли.

Форобий нима ёзганди?

Image caption "Сиздан угина, биздан бугина" тамойили ҳам порахўрликка етаклайди.

Айрим давлатларда нега коррупция жуда кам ёки деярли йўқ?

Чунки одамлар фарзандларига болаликдан адолат тушунчасининг бошқа туйғулардан юқори туришини тушунтиришади.

Фарзандимга яхши нарсаларни ўргатяпман деб, аслида мафиоз қарашларни ўргатар эканмиз, бизда коррупция камаймайди.

Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, бирон давлатда фуқаролар ҳаёти қанчалик фаровон бўлса, у ерда коррупция ҳам жуда паст бўлади.

Бунга яққол мисол сифатида Норвегия, Дания ва Швецияларни келтириш мумкин.

Аждодимиз Абу Наср Форобий бир неча аср олдин ўзининг "Фозил одамлар шаҳри" асарида жамият ва инсон табиатига оид қизиқарли фикрларни ёзиб қолдирган.

"Мамлакатда, тузум қанча қатъийлашгани ва иқтисодий муаммолар кўпайгани сари, халқ айёрлашиб бораверади" - деб ёзган Форобий.

Халқаро тажриба қандай?

Коррупцияга қарши халқаро тажрибага назар солганда, муваффақиятли мамлакатларга эътибор қаратсак.

  • Швеция

ХIХ аср ўрталарига қадар Швеция коррупция таъсирига учраган мамлакат ҳисобланган.

Аммо элита ва мамлакат раҳбарияти томонидан мамлакатни тўлиқ модернизация қилиш тўғрисида қабул қилинган стратегик қарордан сўнг, амалдорларнинг порахўрликка мойиллигини бутунлай йўқ қилишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширила бошланади.

Аксилкоррупция кураши давлат тарафидан тартибга солиш ёки турли ҳокимият идоралари томонидан қўйилган тақиқ ва рухсатномаларга таянмайди.

Балки солиқ, имтиёз ва субсидиялар орқали, адолатли ва масъулиятли бошқарувни рағбатлантиришга асосланади.

Фуқароларга давлат бошқарувининг ички ҳужжатларидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Бу эса ҳар бир фуқарога давлат қандай ишлашини билиш имконини берди.

Энг муҳими - мустақил ва самарали суд тизими яратилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сингапур нафақат иқтисодий тараққиётга эришди, балки коррупцияни деярли йўқота олди.
  • Сингапур

1965 йили мустақилликка эришган пайтда Сингапур коррупция ўта авж олган давлат эди.

Аммо камбағал ва собиқ мустамлака бўлган бу мамлакат нисбатан қисқа даврда ўта ривожланган ва юқори даражали иқтисодиётга эга давлатга айланди.

Мамлакатда коррупцияга қарши бюро кенг ваколатларга эга бўлган мустақил коррупция бўйича тергов идорасига айланди.

Фуқаролар у ердаги давлат хизматчиларига мурожаат қилишлари ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишлари мумкин.

Коррупцияга қарши кампания бошланганида, ушбу Бюро ҳатто Ли Куан Ю ҳукумати вазирлари ва унинг яқин қариндошларига қарши терговларни бошлаган.

Ва баъзи коррупциялашган вазирлар қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ли Куан Ю ушбу хатти-ҳаракатлари билан мамлакатнинг барча фуқароларига унинг ҳукумати, вазирлари ва бошқа масъул мансабдор шахслари фақатгина сотилмас ва юқори малакага эга бўлишлари мумкинлигини исботлади.

Ли Куан Ю коррупция даражасини пасайтириб, сингапурликларга машаққатли ва малакали меҳнат ҳар доим юқори маош билан тақдирланишини ҳамда фаровон турмуш даражасига етаклашини кўрсата олди.

Сингапурнинг хавфсиз ва коррупциясиз давлат сифатидаги имиджини яратиш билан бир қаторда, иқтисодиётга ички ва хорижий сармоялар жалб қилинди.

Айни ҳолат амлакатнинг жадал иқтисодий ўсишига ёрдам берди.

Сингапурдаги бу жараёнда "таниш-билишчилик" ва "ака-укачилик" тушунчалари парчалаб ташланди.

  • Жанубий Корея

Ҳали нисбатан яқинда, яъни 1999 йили Сеул шаҳар ҳокими Гох Куннинг буйруғи билан ишлаб чиқилган "ОPEN" номли коррупцияга қарши кураш дастури фуқароларга давлат амалдорлари ишини чинакам назорат қилишга имкон берди.

Энди улар исталган вақтда, хусусан, интернет орқали мурожаатлари қандай кўриб чиқилаётганини кузата оладилар.

Бу фуқароларга муайян ҳолатда рухсатномалар ёки санкциялар бериш масаласи айнан коррупция аниқланган ҳолатларда қандай ҳал қилинишини кузатишга ва агар масъуллар бирон қонунбузарликка йўл қўйишса, норозилик билдиришга имкон беради.

  • Гонконг

Маълумки, Гонгконг - Хитой Халқ Республикасининг махсус маъмурий ҳудуди, ҳозирда Осиё ва дунёнинг етакчи молиявий марказларидан бири.

Гонконгда порахўрлик асрлар давомида анъана бўлиб келган.

Гўё шаҳар ҳокимиятидаги амалдорларни пора олишдан, халқини эса пора беришдан қайтариб бўлмасдек тасаввур шаклланганди.

Гонконг коррупцияга қарши кураш бошлаган 1974 йилда бутун давлат секторининг 94 фоизи коррупцияга ботган эди.

Аммо улар қандай қилиб коррупция балосидан қутулишди?

Энг самарали чора - мансабдор шахслар учун айбсизлик презумпциясининг бекор қилиниши бўлди.

Бунинг ўрнига "мулкни пора эвазига олмаганингизни исботланг" тамойили қўлланилди.

Гонконг қонунчилигига биноан, агар мансабдор шахс ўзининг хорижий ҳисоб рақамларидаги маблағини қонуний топганлигини ёки кўчмас мулки ва қимматбаҳо мол-мулкини ҳалол пулга сотиб олганлигини исботлай олмаса, у 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Давлат ҳокимияти ушбу қонун нормасини изчил ва аниқ амалга ошира бошлади.

Айбсизлик презумпцияси бекор қилингандан сўнг Гонконгнинг бир неча йирик амалдорлари қамоққа олинган.

Ўзбекистон нима қилмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Шавкат Мирзиёев елкасига коррупцияга ботган давлатни бошқариш тушди.

2019 йил 28 май куни "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент фармони эълон қилинди. Унга кўра:

  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил этилиши,
  • давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши,
  • коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлари жорий этилиши,
  • ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб татбиқ этиш;
  • умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзулар янада кучайтирилишини таъминлаш ва яна бир қатор устивор вазифалар белгиланган.

Кураш сустлашдими?

Айни дамда, жорий 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги коррупцияга қарши кураш сустлашгандай туюлади.

Албатта, бу кураш кимнидир ушлаб, намойишкорона қамаш билангина олиб борилмайди.

Лекин ушбу фармоннинг ижроси билан халқ таништириб борилса, яхши бўлар эди.

Масалан, давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш, деган банддаги босқичлар нималардан иборатлиги ва қайси даврда айнан курашнинг қайси босқичи амалга оширилиши ҳамон жамоатчиликка мавҳум бўлиб қолмоқда.

Шаксиз, коррупцияга қарши курашнинг универсал усуллари мавжуд эмас.

Шу сабабли дунёдаги ҳар бир мамлакат ўзининг ички воқеликларидан келиб чиқиб, ўз стратегиясини ва коррупцияга қарши чоралар тизимини танлаши керак.

Ўзбекистон ҳолатида эса биз юқорида эслатган давлатлар тажрибаларидан териб, танлаб фойдаланилса, менимча мақсадга мувофиқ бўлади.

Аммо бизда коррупциянинг кескин камайиши, ҳали камида бир авлод алмашинувигача чўзилса керак.

Таҳририятдан: ББС Ўзбек хизмати нуқтаи назари муаллиф фикри билан мос тушмаслиги мумкин ва бу борада сиз ҳам ББС Ўзбек Хизматининг bbcuzbek.com вебсаҳифаси, YouTube, Facebook ва Одноклассникидаги BBC UZBEK каналларида ўз фикрингизни бўлашинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ