Ўзбек чопони ва Пушкин: ўзбек маданиятида мустамлака онг не қадар мавжуд?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dilyara Kaipova
Image caption Пушкиннинг роли қандай эди?

Тошкентнинг ZERO LINE замонавий санъат галереясида очилган рассом Диляра Қаипованинг "Жанубнинг Шимолга ёғдуси" номли кўргазмаси ўзбек маданияти рус мустамлакаси ва Совет мафкураси остида қандай ўзгаргани, ҳамда бугун унинг оқибатлари қандай аҳамият касб этишини намойиш қилишга уринади.

Кўргазма куратори, таниқли рассом Вячеслав Охуновнинг айтишича, Диляра Қаипованинг асарлари авваламбор мустамлакачилик мероси деб кўриладиган совет меросидан қутулиш ҳақида баҳсни бошлашга ундайди. Шунингдек, унга кўра, бу асарлар Марказий Осиё маданияти ва халқ ижодига қандай таъсир қилганини фош қилади.

"Бу таъсир ҳозир ҳам ўсишда давом этяпти ва СССР қулашидан кейин ҳам осон кўзга ташланади. Бу эса бизга дунёга ўз миллий илдизларимиз мавқеидан туриб қарашга халақит беради", - дейди Охунов.

Диляра Қаипова бугун вазият ўзгаргани ва санъат мустамлака кишанидан озод бўлганини тан олиш билан бир вақтда, мустамлакадан кейинги даврдаги тараққиётни шубҳа остига олади, чунки унда ҳали ҳам мустамлака халқ онги устунлик қилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dilyara Kaipova
Image caption Рассом Диляра Қаипова

"Биз кўпинча ўзимизнинг "постсовет" мавқеимиздан уяламиз ва ундан қутулиш керак деб биламиз, лекин унинг ўрнини нима билан тўлдириш мумкинлиги унчалик тушунарли эмас. Биз ўзимизнинг "бошқача"лигимиздан уялиб, бегоналарнинг костюмини ҳақиқий ва рамзий маънода ўз елкамизга осишга уринамиз, ҳеч ўйлаб ўтирмай бошқа маданиятлар ва анъаналарни ўзлаштирамиз. Лекин аслида ўзимизнинг маданиятимиз ва анъаналаримиздан уялиш ё уни писанд қилмасликка асос йўқ. Айни дамда ўз тараққиёт йўлимизни танлаш ва ўз имкониятларимизни юзага чиқаришга уринмасликка ҳам асос йўқ", - дейди Диляра Қаипова.

Қаипованинг асарлари ўзбек маданияти, биринчи ўринда халқ амалий санъатининг мутациясини эсга солади. Совет мафкураси таъсири остида бадиий асар даражасида чиройли қилиб ишланган рўзғор буюмларида «канал», «самолет», «парашют», «ракета» каби мавзулар, ҳамда «Слава КПСС», «Слава труду», «Миру мир» «космос-кайнот», «голубь мира» каби шиорлар пайдо бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dilyara Kaipova
Image caption Пушкин портрети

Охуновга кўра, мустамлака ортидан янги воқеъликка юз тутган халқ ижоди иқтисодий қарамликка юз тутиб, рақобатга дош бера олмай қолган.

"Пахта мустамлакачилик ва унинг сиёсий иқтисодининг энг асосий қуролларидан бирига айланган. Мустамлакачиликкача пахта атиги тола ишлаб чиқаришдек маҳаллий ҳунарнинг бир қисми эди. Мустамлакачилик ортидан Марказий Осиёга ёппасига олиб кирила бошлаган мануфактура (Россия корхоналарида тўқилган арзон матолар, "шарқона" мавзуда Россияда ишланган кулолчилик, темирчилик жиҳозлари) маҳаллий бозорни эгаллаб, маҳаллий қўл ҳунармандлари маҳсулотини буткул сиқиб чиқарди. Рақобатга чидай олмаган маҳаллий косибчилик ва ҳунармандчилик касодга учраб йўқолиб кетганди. Масалан қўл билан газламага гул босиш ва нағал деярли йўқолган", - дейди Охунов.

Лекин, Диляра Қаипованинг айтишича, унинг асарларидан мақсад айбдорларни қидириш эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dilyara Kaipova
Image caption Диляра Қаипова асари

"Масалан, Горбачёв портрети - Ўзбекистонда 60-90 йилларда кенг тарқалган "содда" кашталарга тақлид. Уларда анъанавий каштачилик усуллари сақланиб қолган, аммо уларда фильм қаҳрамонлари, совет журналлари ва открыткаларидаги манзаралар, иқтибослар ёки ҳаваскор шеърлар пайдо бўлганди. Мен ҳамманинг жонига теккан лекин ҳамон ўткирлигини йўқотмаган "Ким айбдор?" деган саволни зўрлаб ўтказишга уринмадим. Менинг каштамда Горбачёв ўша "бўшлиққа сакраш" даврининг белгиси сифатида намоён бўлади", - дейди Қаипова.

Қаипованинг яна бир асарида рус адиби Александр Пушкин портрети атлас устига ишланган, унинг атрофида эса рус ва ўзбекона рамзлар ўрин олган.

Вячеслав Охуновнинг айтишича, Пушкин Рус империясининг мустамлака ўлкаларни руслаштириш йўлидаги қуроли эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dilyara Kaipova
Image caption Михаил Горбачёв каштаси

«Тилни тадбиқ қилмай туриб рус миллий устиворлигини тарғиб қилиб бўлмасди. Мустамлакачи гегемония ишғол қилинган халқларни ўз маданий тилига бўйсундиришга уринган. Империя қўшиқчиси, рус ва Россия давлатчилиги шоири Пушкин рус тилининг беқиёс буюклиги ҳақида ёзган. Унга кўра, руслар босиб олинган «ёввойи ва ярим ёввойи» маҳаллий халқларни маданийлаштириш билан буюк вазифани бажаришган. Бутун Россия державаси бўйлаб фақат битта тил - рус тили бўлиши керак, деб ёзганди у", - дейди куратор.

Диляра Қаипованинг асарларида ўзга маданиятларнинг ўзбек маданиятига таъсири мавзуси устунлик қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dilyara Kaipova
Image caption "Юлдузлар уруши" трилогиясидаги Дарт Вейдер акс этган чопон Қаипованинг 2016 йилги лойиҳасидан ўрин олганди

2016 йилда тақдим қилинган «Captain Ikat» номли лойиҳасида Қаипованинг тўнларида бегона қиёфалар акс этган.

Тўнлардаги анъанавий ранг-баранг нақшлар орасидан бутун дунё бўйлаб таниш бўлиб қолган Бэтмэн ва Капитан Американинг логотиплари, Дарт Вейдернинг қалпоғи ва "Чинқириқ" номли даҳшат фильмидаги арвоҳ ниқоби ўрин олганди.

«Бу экспансия. Қаерга қадам босма, ана шу рамзлар, логотиплар... Хитойнинг яқинлиги ҳам буни янада кучайтиради. Оммавий маданият миллий анъаналарни еб ютиб юборяпти", - деб айтганди рассом Би-би-сига.

Адрасга нега Бэтмэн, Дарт Вейдер ва арвоҳ аралашди?

Ўзбекистон: Нега ўзбек брендлар жаҳон бозорига чиқа олмаяпти?

Мода оламини забт этаётган ёш ўзбек фотограф

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek