Ўзбекистон 4-5 миллион иш ўрни яратмаса, инқирозга учрайди

Меҳнат муҳожирлари
Image caption Бир неча миллион ўзбекистонлик оила боқиш учун четда ишлашга мажбур.

Ўзбекистон ҳукумати мустақиллик даврида иқтисодни эркинлаштириш, иш ўринлари яратиш ва зарур иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни эплай олмади.

Қишлоқ хўжалигига деярли сармоя киритилмади, бу соҳани бошқарув буткул давлат назорати остида қолди.

Совет давридан қолган ва технологик эскирган ишлаб чиқариш корхоналари қулади, аммо ўрнини илғор технологиялар тўлиқ эгалламади.

Тижорат юритиш ҳам маҳаллий, ҳам хорижий тадбиркорлар учун "олов билан ўйнашиш"га айланди.

Бозор иқтисоди деганда эса, асосан, камбағаллашиб қолган халқ учун Хитойнинг арзон молларини олиб келиб сотиш ёки бир ҳовуч маҳаллий монополист учун қулай шароит яратиш тушунилди.

Шавкат Мирзиёев бугун халқ моддий фаровонлигини ошириш зарурати ҳақида гапирмоқда.

Президентнинг нияти амалга ошмоқдами ёки йўққа чиқаяптими?

Мустақил иқтисодий таҳлилчи Бобур Жулқунбой шарҳлайди:

Ўзбекистоннинг 33 миллионли аҳолисидан 19 миллион киши меҳнатга лаёқатли ёшда.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, ишлаш ёшидаги бу ўзбекистонликларнинг 5-6 миллиони узоқ-яқин хорижий давлатларда доимий ёки вақтинчалик меҳнат мигрантларига айланган.

Расмий рақамларда яширин ҳақиқат

Ўзбекистонда расмий ишсизлик кўрсаткичлари ҳақиқатга яқинлигини кўпчилик савол остига олади.

Аммо, ҳатто шу расмий маълумотларга қараганда ҳам аҳвол яхши тарафга ўзгараётгани йўқ.

Дейлик, 2017 йилда расмий ишсизлик ҳажми меҳнатга лаёқатли аҳолининг 5,8 фоизини қамраб оларди.

2018 йилда бу кўрсаткич расман 9,3 фоизни ташкил этди (2019 йил маълумотлари ҳали эълон қилинмаган).

Яъни йилма-йил мамлакат мамлакатда қўшимча тахминан 2 миллионга яқин киши ишсиз бўлиб қолмоқда.

Меҳнатга лаёқатли умумий аҳоли сонидан тақрибан 60 фоизга яқинигина мамлакатда доимо яшайди.

Қолган 40 фоизи эса даромад топиш манбаини ўзга юртлардан изламоқда.

Бу - қарийб ҳар иккинчи меҳнатга лаёқатли фуқаро дегани.

Имкон бор, унга йўл ҳам борми?

Image caption Ўзбекистонлик мигрантлар энг оғир ишларни бажаришади.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили камида 500-600 минг кишига ўсиб бормоқда.

Меҳнатга лаёқатли аҳоли сони ҳам йилма-йил 300-360 мингга ортаяпти.

Иқтисодиётда шундай тушунча бор: аҳолиси таркибида ўртача оила коэффициенти 2,5 фоиздан ортиқ ўсиб бораётган халқ (жумладан, Ўзбекистон халқи ҳам) иқтисодий ривожланишда жуда катта устунликка эга бўлади.

Яъни Ўзбекистон ҳам нисбатан арзон ва тўлақонли меҳнат ресурларига эга ва бу захиралар ортиб бормоқда.

Аҳолисининг ўртача оила ҳажми коэффициенти 1,9 фоизга эга бўлган халқ эса қайта тикланмайди ва йўқ бўлиб кетади.

Демак, бундай демографик муаммо аҳоли кўпайиб бораётган Ўзбекистон бошига соя солмайди.

Лекин аҳоли тез ўсаётган юртда бошқа вазифалар долзарб туради.

Ўзбекистонда яқин 5-6 йил ичида энг камида 4-5 миллион атрофида иш ўринлари яратилиши керак.

Акс ҳолда, мамлакатнинг иқтисодий фаол қатламлари оммавий тарзда мамлакатни тарк эта бошлайди ва бу жараён борган сари кучаяди.

Оқибат эса Ўзбекистон учун муқаррар инқирозни англатади.

2019 йил давомида кузатилган аҳолининг иқтисодий фаол қисми ва вақтинча миграция кўрсаткичларини ўргансак, бу фикрнинг тасдиғини яққол кўрамиз.

Нега мусаффо осмонни ташлаб кетишмоқда?

Ўзбекистонда 2018-2019 йиллар давомида ишсизлик даражаси ошиб, меҳнат миграцияси ҳажми кескин кўпайган.

Бунинг бир нечта сабаблари бўлиши мумкин:

  • Россияда 2018 йилдан бошлаб умумдавлат миқёсидаги дастурлар асосида олиб борилаётган қурилиш лойиҳаларига катта ишчи кучи талаб қилинди ва бу ўз навбатида меҳнат ҳақи даражасини ошириб (мигрантлар томонидан ўтказилаётган ўртача пул маблағлари ҳажмининг ортишига қараганда), бу соҳани мигрантлар учун жозибали қилиб қўйди;
  • 2017 йил давомида Ўзбекистонда янги сиёсий ва иқтисодий тизимга умидлар катта эди, лекин эътибор қишлоқ хўжалигига эмас, қурилишга қаратилди. Натижада реал даромадлар кескин камайди. Яратилган янги иш ўринлари сони эса меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар сонидан кам бўлиб қолди. Кўп ёшлар учун яна четга чиқиб иш излаш, ягона чорага айланди.
  • 2019 йилдан бошлаб амалга оширилган солиқ ва божхона соҳасидаги ислоҳотлар кичик ва ўрта бизнесни тамоман инқирозга учратди, кўпчилик ўз умидини йўқотиб, ўзга юртларда ўз омадини излай бошлади;
  • Бунинг устига, Ўзбекистон расмийлари аҳволнинг аянчли ҳолда эканлигига тўғри баҳо беришмаяпти. Улар амалда эмас, фақат қоғозда иш ўринлари яратишмоқда.

Имкониятдан фойдаланишмаяпти

Аччиқ ҳақиқат шуки, Ўзбекистон иқтисоди ҳажми ва ички тизилмаси жиҳатидан бугунги кунда ҳам камида 2 миллион кишига иш топиб бера олади.

Бош муаммо - иш кучига бўлган талаб ва таклиф территория (ҳудуд) ҳамда мутахассислик турлари бўйича тўғри келмайди.

Хусусан, агар эътибор ишчи кучи ҳаддан ортиқ бўлган ҳудудлар, айниқса, қишлоқ аҳолиси устун бўлган минтақалар ва ишчи кучи энг кўп талаб қилинган соҳаларга қаратилганда эди, масаланинг ечими топиларди.

Аҳоли нисбий тузилиши, меҳнат ресурслари ва иш ўринлари ўртасидаги тармоқлараро баланс 2000-йиллардан бери умуман тузилмайди ва ҳатто назарда ҳам тутилмайди.

Масалан, қурилиш соҳасида ҳам умумқурилиш мутахассисликлари эмас, балки сантехниклар, пайвандчилар, қурилиш машиналари механик ва операторлари кўпроқ талаб қилина бошлаяпти.

Бу соҳалар катта ёки чуқур малака талаб этмайди.

Қишлоқ хўжалигида ҳам айнан шу аҳвол: механизаторлар ва механиклар, агротехниклар, мелиораторлар, яъни аниқ тор мутахассислик эгалари талаб қилинмоқда.

Лекин уларни қишлоқларда ҳеч ким тайёрламайди.

Мигрантлар пули - омад ё фожиа?

Мавжуд иш миграциясининг энг муҳим ижобий жиҳати ва айни вақтда фожиаси - бу мигрантлар ўз оилаларга юбораётган пул маблағлари.

Турли манба ва давлатлардан расмий ва норасмий каналлар орқали ҳар йили юртимизга энг камида 5-6 миллиард доллар маблағ кириб келади.

Бу жиҳатдан меҳнат ресурслари экспорти Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятида энг муҳим омил бўлиб турибди.

Бошқача қилиб айтганда, меҳнат ресурслари экспорти Ўзбекистон учун жуда зарур. Чунки бу -

•иқтисодиёт учун мўмайгина пул ва сармоя манбаи;

•меҳнатга лаёқатли, лекин уқуви ва малакаси паст ёшлар билан боғлиқ бўлган барча иқтисодий ва ижтимоий муаммоларнинг четга чиқиб кетиши;

•аҳолининг энг фаол қисмида иқтисодий ночор аҳволдан норозиликни камайтиришнинг энг осон усули;

•мамлакатнинг ички истеъмол бозорида талаб ва таклиф мувозанатини суньий равишда ўзгартириш, яъни талабни оширишнинг жўнгина йўли. Чунки одамлар четда, лекин уларнинг даромадлари ватанда;

•ҳукумат учун камбағал ва кам даромадли оилалар ташвишини ана шу оилаларнинг ўз вакиллари бўйнига илиб қўйиш имконияти.

Айб барибир ҳукуматдами?

Image caption Мигрантлар ҳам бир неча тоифали: тижоратчи, мутахассис, ҳунарманд ва ёки малакасиз.

Ўзбекистон ҳукумати иш миграциясини тўхтатиш ва янги иш ўринларини яратиш масаласини ечишга астойдил ҳаракат қилганида эди, бу муаммо 1-2 йил ичида узил-кесил ҳал этилган бўларди.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги номинал иш ҳақининг миқдори 2 миллион сўмдан сал ортиқ.

Тасаввур қилинг, ишлаб чиқариш воситалари ҳажми меҳнат ресурслари ҳажмидан 3 баробарга фарқ қилади.

Шундай ҳолатда Ўзбекистонда 1 миллион иш ўрни яратиш учун 3,2 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ талаб қилинади.

Ўртача олганда, ҳар бир вилоят ва Қорақалпоғистон учун тахминан 250 миллион доллардан маблағ зарур.

Наҳотки, шу маблағни топиш Ўзбекистонда муаммао бўлса? Муаммо - керакли маблағ бор-йўқлигида эмас.

Нима қилиш керак?

  • Энг кўп меҳнат миграцияси кузатилаётган ҳудудларда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, у ернинг моддий ва молиявий ресурсларга бўлган эҳтиёжини қондиришга аҳамият бериш даркор. Бунинг учун кредит ставкаларини камайтириб, табиий ресурслардан фойдаланишга кенгроқ йўл очиб бериш керак;
  • Иқтисодий фаолият кучайган соҳаларда айнан қайси мутахассисликларга талаб борлигини аниқлаш (дастурчилар, сантехниклар, механик-операторлар, савдо агентлари) ва бу соҳалар бўйича ўқитиш ҳамда қайта тайёрлаш инфраструктурасини яратиш лозим;
  • Қишлоқларга турли иқтисодий имтиёзлар бериш ёрдамида янги корхоналар тузиш шарт;
  • Қишлоқда мелиорация, энергетика, газ ва сув инфратузилмаларини, автомобиль йўлларини тиклаш жоиз. Шунда у ерда иш ўринларини яратиш имкони ортади.

Биз доимо Ўзбекистонда иш кучи нисбатан арзон, деб лоф урар эдик. Аслида ундай эмас.

Бугунги кунда биздаги шаҳарларда талаб қилинаётган ўртача ишчи кучи баҳоси энг камида 2-3 миллион сўмни ташкил этаяпти ва бу кўрсаткич қўшни мамлакатлардагидан юқори.

Ҳатто Хитой ва Ҳиндистондаги кўрсаткичлар билан тенг.

Бу ҳолда биз қандай қилиб рақобатбардош бўла оламиз?

Хуллас, масалага очиқ кўз билан қарасак, меҳнат миграцияси "Ўзбекистонда иш йўқ, маошлар кам" деган афсона билан изоҳланмайди.

Аслида, бу масалани ечишга чинакамига ҳаракат қилинса, ишсизлик 3-4 йил ичида батамом ҳал бўлади.

Лекин бу кимга керак бугунги кунда?

Юқорида келтирилган таҳлилга асослансак - деярли ҳеч кимга. Ҳамма муаммо ҳам ана шунда.

Мавзуга алоқадор -

Ўзбекистонда энди ишсизлар ҳам пул ишлашлари мумкин бўлади

Ўзбекистон: Давлат халқнинг сабрини синаяптими?

Ўзбекистон: Мирзиёев ўз сўзини айтди, одамлар нима дейди?

Таҳририятдан: ББС Ўзбек хизмати нуқтаи назари муаллиф фикри билан мос тушмаслиги мумкин ва бу борада сиз ҳам ББС Ўзбек Хизматининг bbcuzbek.com вебсаҳифаси, YouTube, Facebook ва Одноклассникидаги BBC UZBEK каналларида ўз фикрингизни бўлашинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ