Ўзбекистон, Россия: Кўзлари оқиб кетган мигрант нимадан афсусда?

Улуғбек Тўхтамуродов бир кўзини сақлаб қолишга умид қилмоқда
Image caption Улуғбек Тўхтамуродов бир кўзини сақлаб қолишга умид қилмоқда

42 ёшли қашқадарёлик муҳожир юк машинасида Россияга қатнаб тирикчилик қиларди. Кутилмаган фалокат уни кўзларидан айирди. Дўхтирлар бир кўзини сақлаб қолишдан ҳамон умид борлигини айтмоқда. Бироқ 4 ой даволаниш учун топганини сотган Улуғбек энди 5 фарзандини қишда кўчада қолдириб уйини сотишга мажбур бўлмоқда.

"Уйимни сотишимиз қолди. Лекин уйни сотсам, аёлим билан 5 болам қаерда яшайди, бошим қотган", - дейди у.

Москва вилоятининг Жуковский шаҳарчасида ишлаб юрган Улуғбек Тўхтамуродов бахтсиз ҳодиса туфайли оғир аҳволда қолди.

У энди ўн йиллаб рўзғордан орттирганларини сотиб, соғлигини қисман бўлса-да, тиклаш ҳаракатида.

5 ойдирки, ўз ёғида қоврилаётган Улуғбек билан суҳбатлашиш учун у ижарада яшаётган хонадонга бордик. Бизни Улуғбекнинг яқинлари кутиб олди. Унинг фалокатга учраганини эшитиб, укаси Қашқадарёдан етиб келган, ишлаб акасига қараётган экан.

Юзи куйган изларидан чандиқ, кўзларига қора мато боғланган Улуғбек деворни ушлаганича юриб келиб, кўрпачага ўтирди. Бақувват жуссали бу киши яқингача ишлаб юрган, энди эса ҳозирги аҳволидан анча тушкунликда экани кўриниб турарди.

"Ҳар доим шу кунларим туш бўлса экан, дейман. Тонгда уйғонаман, кўзим очиқ эмас. Ухлайман - тушларимда кўраман, уйғонаман - қоронғулик ҳаммаёқ. Ҳаётда кераксиз одамга айланиб қолдим, ҳеч нимага ярамайдиган одам, деган фикрга бориб қолдим. Кўз бўлмаса, жуда оғир экан...", - дейди Улуғбек.

Улуғбек кўзига боғланган қора бандни ечиб кўзларини кўрсатди: иккови ҳам тикиб ташланган. Қошлари йўқ, кўзлар атрофи, бурун, юз соҳаси, пешонасини қўрқинчли чандиқлар қоплаган.

"Бир неча операциялардан кейинги ҳолатим бу. Докторлар сонимдан тери олиб, юзимга тикишган. Мен учун муҳими, кўзларим. Бири умуман оқиб тушган дейишди, иккинчисига умид қилса бўлади. Ҳозир ҳам ёруғликни сал-сал сезаяпман. Қора бандни боғласам, яна қоронғулик бўлади", - дейди умидвор муҳожир.

Улуғбек Тўхтамуродовнинг айтишича, машинасини созлаш пайтида хавфсизлик ёстиқчасини кесишга уринган. Шу пайтда портлаш содир бўлиб, аланга юзига урган. 2 ой шифохонада ётган, сўнгра ижара уйдан поликлиникага қатнаб даволанаяпти. Аммо бу муолажалар унинг учун осон кечаётгани йўқ. Оғриқ азобларидан ташқари, катта ҳаражатлар ҳам Улуғбекни қийнаяпти. У муҳожирликда йиққан-терганларини даволанишнинг 4-ойидаёқ харжланиб бўлинди. Олдинда энг муҳими, бир кўзини нурини тиклаш операцияси турибди.

Улугбекнинг асл касби ҳисобчилик бўлса-да, катта оилани боқиш учун Россияга қатнаб ишлаганини айтади.

"Юк ташиш билан шуғулланардим. Рўзғордан орттириб, ҳар 2 йилда битта енгил машина олгандим, жами 4 та бўлганди. Ҳаммасини сотдик. Ҳозир укам келиб менга қараб, ишлаяпти. Уйимни сотишимиз қолди. Лекин уйни сотсам, аёлим билан 5 болам қаерда яшайди, бошим қотган. Ўйлаб ўйимга етмайман", - диққатчилигини билдирди муҳожир.

Улуғбек ўзининг ташвишини четга суриб, кўпроқ уйидагиларнинг ғамини чекаётганини билдирди:

"Уй қуриб, ҳали битиришга улгурмагандим. Совуқ тушган, уйга дераза-ром қўя олганим йўқ. 5 ойдан бери бу аҳволдаман, уйга пул ҳам юбора олмаяпман. Газ йўқ, печка ҳам йўқ. Болаларим совуқда қийналишаяпти. Аввал шароитларини қилиб берсам бўларкан", - афсусланиб гапирди Улуғбек.

Унинг укаси Сирожнинг айтишича, Улуғбекнинг бир кўзи тикланишига умид борлиги сабабли, улар ҳозирча Ўзбекистонга қайтмай, даволаниш имконларини излашмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси билан боғланди. Агентлик раҳбари вазиятни ўрганиб, Улуғбек Тўхтамуродовга ташкилот ваколати даражасида ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek