Ўзбекистон: 670 долларлик жарима дабдабали тўйларни тўхтатоладими?

Ўзбекистондаги тўй Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистонда дабдабали тўй ўтказганларни 6348800 сўм ёки 668 АҚШ долларига тенг миқдорда жаримага тортиш таклиф қилинаяпти, аммо ўтказган тўйи "маҳаллада дув-дув гап бўлишини" истайдиган шуҳратпарастларни бундай кичик жарима тийишга қодир бўладими, деган савол қўйилмоқда.

Ўзбекистон Сенати ва Қонунчилик палаталари кенгашларининг "Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги низомини ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Маъмурий Кодексининг қатор бандларига ўзгартириш киритиш мўлжалланмоқда.

Хусусан, кодекснинг 192-моддасига шундай матн киритиш таклиф қилинмоқда:

"Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига қўйиладиган талабларга мазкур тадбирларни ўтказувчи шахслар томонидан риоя этмаслик, -

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишга қўйиладиган талабларни бузиш, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek.com
Image caption Тўйларни ихчамлаштириш Ўзбекистонда икки йил муҳокама қилинди

Ўзбекистон Сенати ва Қонунчилик палаталари кенгашининг низомида тўйга чақирилган меҳмонларнинг сони 200, тўй муносабати билан ўтказиладиган ош маросимидаги меҳмонлар 250 дан ошмаслиги белгиланган.

Ўзбекистонда 2019 йил 1 сентябридан меҳнатга ҳақ тўлашнинг базавий ҳисоблаш миқдори 634880 сўм қилиб белгиланди.

Агар ҳозирги ҳисоб-китобга таянилса, тўйига 200 дан ортиқ меҳмон чақирган тўй эгаси учун 6348800 сўм ёки 668 АҚШ долларилик, тўйхона, ресторанларнинг эгалари 31744000 сўм ёки 3341 АҚШ долларига тенг жарима кўзда тутилмоқда.

Тўйларни тартибга солиш борасидаги таклифлар regulation.gov.uz расмий веб-сайтида 7 ноябргача муҳокама этилиши хабар қилинган.

Муҳокамада қатнашган Xoliqov Jamshid Abdinosirovich шундай фикр билдирган:

2020 йилдан ушбу тўй ва маросим билан боғлиқ тадбирларни чеклаш ва жарималар қўллашни тамомила қўллаб-қувватлайман. Шундай жарималар қўлламасак, ўзимизнинг бир кунлик ҳою-ҳавасимиз учун ҳалолдан топиб, исрофга сарфлашни гуноҳ эканлигини жарималар қўллаш билан аста-секин тушунамиз. Ўта даражада дабдабали тўйларга сарфланган пулларнинг заминида коррупция, тамагирлик, ошкораликни беркитиш, бюрократик тўсиқларни, иқтисодимизнинг ривожланишига, болаларимизни таълим-тарбиясини сусайишига, эътиборимизни, мақсадимизни тўй ва маросимлар каби бидъатларни кўпайишига сабабчи бўлиб қолмаяпмизмикин? Ҳашаматли тўй ўтказамиз деб қарзга киришимизга, одамларга гап бўлмасин деб ўзимизни руҳан ва маънан ҳамда иқтисодимизни ўзимиз қийнаш йўлидан бормаяпмизмикин? Тўй фақат ҳаётнинг мазмуни эмаску. Инсон фарзандига таълим ва тарбиядан ортиқроқ нарса бера олмайди. Мол-дунёни фарзандимизга ризқига яраша оллоҳ беради. Буни унитмаслигимиз керак. Жарима миқдорини янада 5 баробар кўтаришни таклиф қиламанки, токи дабдабани ўйлашни хаёлимизга ҳам келтирмайлик. Жарималарни қўллашни назорат қилишни қатъий таъминланиши керак ва шарт. Амалда таъсирини аввало мансабдорлар, кейин халқ ҳис қилиши керак. Бу биз учун 100 йилликдан бери иллатга қарши курашда сўнги чора".

Мураккаб масала

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистонда тўй-ҳашамларни тартибга солиш мураккаб масала, уларни ихчам, камхарж қилиш ҳақидаги зиёлиларнинг чақириқларига 100 йилдан буён қулоқ тутилмаётгани сўнгги икки йил мобайнидаги муҳокамаларда кўп бора айтилди.

"...биз бўлса, бадбахтона ва Худонинг амриға бўюн қўймасдан кофирона бир суратда тўй ва азо деган, йўқ бўлушимизға сабаб бўлган одатларга бору йўқимизни сарф ва исроф этармиз", деб ёзганди атоқли жадид маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбедий 1915 йил "Ойна" журналида чоп қилинган "Бизни кемиргувчи иллатлар" мақоласида.

Ўзбекистонда 1998 йили ҳам тўйлардаги дабдабабозлик, исрофгарчиликка чек қўйишга ҳаракат қилинган, президентнинг махсус фармони қабул қилинган эди.

"Лавозимини суиистеъмол қилаётган раҳбарлар, оёғи ердан узилган, манманликка берилиб кетган ҳавойи мансабдорларнинг номақбул ҳаракатлари маҳаллаларда, истиқомат жойларида соғлом муҳит бузилишига сабаб бўлмоқда, оддий одамларнинг нафсониятларига тегмоқда, уларни адолатга, умуман давлат ҳокимиятига ишончига зиён етказмоқда", - дейилган марҳум президент Ислом Каримов имзоланган фармонда.

Бошқаларга ўрнак бўлиши учун Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Қуролов ўтказган тўйи боис лавозимидан четлатилган, устидан жиноят иши қўзғатилиб, бир неча йил қамалиб чиққан.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги тўйлар ҳаддан зиёд серхаражат бўлиб кетаётганини 2017 йил ёзида танқид қилди, аммо Наманганда тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвларни таксига ўтирғизиб юборган президент маслаҳатчиси ва ўша пайтдаги Ёшлар Иттифоқи етакчиси Қаҳрамон Қуронбоевга танбеҳ берди.

Бу масалада кенг жамоатчилик иштирокидаги пухта муҳокамалардан сўнг бир қарорга келган маъқул, деган тўхтамга келинди.

Ниҳоят 2019 йил 19 сентябрида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашлари низом қабул қилди.

Аммо ҳозир ҳам кимдир, тўйларни тартибга солиш керак, деса, яна кимдир, тўй ҳар кимнинг шахсий иши, унга аралашиш инсон ҳақларининг поймол этилиши, деб ҳисоблайди.

Тўй-маросимларни тартибга солишга қарши чиқаётганлар орасида Ўзбекистонда тўй бизнеси кўп сондаги инсонларга даромад келтираётганлигини айтаётганлар бор.

Охирги йилларда тўйлар билан боғлиқ янгидан-янги урф-одатлар пайдо бўлди, уларнинг ортидан рўзғор тебратаётганлар ҳам кўпайди.

Тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш мамлакатда анча-мунча одамнинг даромадини камайтириши айтилади.

Тўйга сарфланадиган маблағга боласини ўқитаяпти - Тожикистон тажрибаси

Image caption Тожикистонда тўйларни ихчамлаштириш 2007 йили бошланган

Тожикистонда тўй, маросим ва маъракаларни тартибга солишга 2007 йили киришилган.

Тўй зиёфатига 150, ош маросимига 200 дан ортиқ меҳмон чақириш мумкин эмас.

Маросим 3 соатдан ортиқ давом этмаслиги шарт.

Тўй маросимини икки кундан зиёд ўтказиш тақиқланади.

Келин-куёв кортежида 4 дан ортиқ автомобил бўлмаслиги лозим.

Тожикистон расмийлари тўй-маросимларни ўтказиш ҳақидаги қонун ижроси ҳақида мунтазам хабар қиладилар. Мисол учун 2018 йили 648 киши ўша қонун бандларини бузганликда айбдор деб топилиб, 383 минг доллар, 2017 йили эса 660 тўй эгаси 375 минг долларлик жарималарга тортилганлар.

Расмийларга кўра, тўй ва маросимлар ихчамлаштирилгани мамлакатда қашшоқлик камайишига туртки ҳам берган.

Тожикистон Конституциявий Суди раиси Маҳкам Маҳмудзодага кўра, қонун қабул қилинганидан кейинги 10 йил давомида аҳоли 18 миллиард Тожик сомони ёки 2 миллиард АҚШ долларидан зиёд маблағни тежаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Тожикистон Конституциявий Суди раисининг айтишича, 2007 йили қашшоқлик даражаси 70 фоизни ташкил этган бўлса, орадан 10 йил ўтиб, бу рақам 30 фоизга тушган.

Тўйдаги харажатларнинг камайгани кўпчиликка яхши имкониятлар бераяпти. Айниқса, ўзини тушунган, болаларининг келажагини ўйлаган одамларга, дейди тожикистонлик таниқли ёзувчи, журналист Ўринбой Усмон.

"Менинг ўзимнинг кузатишим бўйича, илгари боласини ўқитмайдиган оилаларнинг ҳам анчаси болаларини университетларда, институтларда ўқитишяпти. Кейин уй-жойни тузатиш яхши бўлиб кетди. Ҳозир қишлоқлардаги уйларда ҳам худди шаҳарлардагидек шароитлар яратилаяпти", дейди Ўринбой Усмон.

Тожикистонда ҳам тўйларни ихчамлаштиришга икки хил қараш мавжуд, аммо кўпчилик тўйга чақирилмаса, буни тўғри қабул қиладиган бўлган.

Ўзбекистонда Маъмурий Кодексга ўзгартиришлар қабул қилинганидан кейин 3 ой ўтиб кучга кириши хабар қилинмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ