Ўзбекистон: ИИВ полковниги машинаси билан тўқнашган деҳқон Абдуллоҳ бедарак кетдими?

Абдуллоҳ Тоҳиров 10 кундан бери бедарак Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Абдуллоҳ Тоҳиров 10 кундан бери бедарак

Андижонда 20 ёшли деҳқон Абдуллоҳ Тоҳиров Андижон вилоят ИИББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Эргашевнинг машинаси билан тўқнашувдан сўнг дараги чиқмаяпти. ИИБ ходими унинг яқинларидан Би-би-сига шикоят қилмасликни ва ёзган аризасини қайтариб олишни сўраган.

Йўл транспорт ҳодисаси содир этилган 26 октябр куни ички ишлар органи ходимлари Абдуллоҳ Тоҳировни уйидан ушлаб кетишган.

10 кундан бери Тоҳировнинг қаердалиги ва нимада айбланаётгани яқинларидан сир тутилмоқда.

Отаси Дилмурод Тоҳировнинг Би-би-сига айтишича, ўғли 26 октябр куни ички ишлар органи полковниги Қаҳрамон Эргашев бошқариб кетаётган машина билан йўл транспорт ҳодисаси содир этади.

"26 октябр куни эрталаб соат 7 атрофида тўқнашув содир бўлган. ДТП. Ўғлим Нексия-2 русумли автомашина билан тўқнашиб кетган. Айб ўғлимда бўлганлиги учун таъмирлаб беришни ўз зиммамизга олдик. У (Эргашев, таҳ) айтган устага олиб бордик", дейди Дилмурод Тоҳиров.

Тоҳировнинг айтишича, уста машина таъмири учун қимматроқ пул сўраган ва у арзонроқ уста топиш мақсадида машинани қўл телефонига тасвирга ола бошлайди.

Тасвирга олиш жараёнида машинанг орқа багажида яна бир давлат рақамига кўзи тушган.

"Съёмка қилаётган вақти мошинанинг орқасида давлат номерини кўриб қолдик. Органнинг рақами. Ўшандан кейин мен съёмкани тўхтатдим-да, бўпти мана шу устанинг айтган пулини тўлаймиз, деб уйга қайтдик", дейди Дилмурод Тоҳиров.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Абдуллоҳ Тоҳировнинг яқинларидан унинг тақдиридан қаттиқ хавотирга тушган

Дилмурод Тоҳиров уйга қайтиши билан ёзиб олган тасвирларини ўчириб ташлаганини айтмоқда.

Шундан сўнг ички ишлар органи ходимлари фаол равишда унинг ўғлини излай бошлашади. Тушдан сўнг орган ходимлари Тоҳировни уйидан олиб кетишган.

Дилмурод Тоҳиров ўғлининг кутилмаганда милиция томонидан ушлаб кетилишини қўшимча давлат рақамини тасвирга олгани билан боғламоқда.

Би-би-си Дилмурод Тоҳировдан тасвирни ўғли эмас, балки ўзи олгани, Ички ишлар органи ходимлари нима сабабдан отани олиб кетмасдан ўғлини олиб кетган бўлиши мумкин, дея сўради.

"Мен учун қасддан ўғлимни олиб кетиши мумкинми, мумкин эмасми? Мени жазолаш мақсади-да", - дейди у.

Тоҳировнинг айтишича, Қаҳрамон Эргашев шахсан ундан тасвирларни ўчириб ташлашни сўрамаган.

У ўғлининг дарагани билиш учун Эргашев билан боғланган.

Андижон вилоят ИИББ Терроризмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Эргашев отасига ўғли Абдуллоҳ Тоҳиров интернетда "нозик одамларни" ҳақорат қилгани учун Тошкентга олиб кетилганини айтган.

"Жудаям нозик одамларга интернетда ёмон гапларни гапириб қўйган эканмиш. Мен бу гапларга ишонмайман. Сабаби отаси бўлганим учун ҳеч қаерга мурожаат қилмасин, деб қўрқитиш инструменти сифатида менга айтилган бўлса керак, деб ўйлаяпман. Ўғлим бировларни ҳақорат қилишига мен ишонмайман", - дейди Дилмурод Тоҳиров.

Унинг айтишича, 26 октябр куни тунги 23:30 ички ишлар органи ходимлари уйида тинтув ўтказган ва Тоҳировнинг қўл телефонини олиб кетишган.

Расмий идоралар: Тоҳиров судланмаган ва Андижонда йўқ

ИИБ ходимлари Дилмурод Тоҳировга ўғли 15 суткага қамалганини айтишган.

Бироқ ушбу ишни Андижонга бориб ўрганган адвокат Умид Давлатовнинг Би-би-сига айтишича, Абдуллоҳ Тоҳиров суд ҳукми билан қамалмаган.

Давлатов 30 октябр куни Андижонга бориб маъмурий ва жиноий судларга ариза топшириб Абдуллоҳ Тоҳировнинг қайси айб билан неча кунга қамалганини билиш учун расман мурожаат қилган.

Андижон шаҳар ва туман маъмурий суди ҳамда Андижон вилоят маъмурий суди вилоятда Абдуллоҳ Тоҳировга нисбатан маъмурий қамоқ қўлланилмаганини расман маълум қилган.

Адвокат Давлатов, шунингдек, Тоҳиров 15 суткалик жазони ўтаётганлиги тўғрисидаги хабарни текшириш учун Қўрғонтепа тумани ва Андижон шаҳридаги вақтинчалик сақлаш изоляторига мурожаат қилган.

Улар Абдуллоҳ Тоҳиров исмли шахс ушбу муассасаларга олиб келинмаганини маълум қилишган.

Тоҳиров яшайдиган Жалақудуқ туман прокуратураси Абдуллоҳ Тоҳировга нисбатан жиноят иши бўйича қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилмаганини билдирган.

Жалақудуқ ИИБ ҳам Тоҳировга нисбатан иш очилмаганини билдирган.

Шунингдек, Андижон турмаси ҳам ўзларида бундай шахс сақланмаётганини билдирган.

Андижон вилоят жиноят ишлари бўйича суди вилоятдаги бирорта туман ёки шаҳарда Абдуллоҳ Тоҳировга нисбатан жиноий иш очилмагани ва эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ушлаб туриш қарори чиқарилмаганини маълум қилган.

Адвокатнинг айтишича, ички ишлар органи ходимлари фуқарони кўпи билан 48 соат ушлаб туриши мумкин.

Ундан сўнг унга нисбатан иш очилиши ёки озодликка чиқарилиши керак.

"Андижонда текширмаганимиз фақат Давлат хавфсизлик хизмати биноси қолди. Аммо уларнинг раисига бошқа идораларга юборганимиз каби ариза юбордик", дейди Давлатов.

ИИВ дан аризани қабул қилиб олган шахс вазиятдан хабари борлигини ва шов-шув қилмай туришликни, ҳаммаси яхши бўлишини ҳамда бугун жавоб берилишини айтган.

Бироқ 4 ноябр кечгача вазирлик жавоб бермаган.

Би-би-си вазиятга ойдинлик киритиб беришни сўраб Ички ишлар вазирининг матбуот хизматига мурожаат қилди.

Матбуот хизмати ушбу сўровномани эътиборсиз қолдирди. Вазирликнинг телефон рақамларига ҳеч ким жавоб бермади.

Би-би-си мурожаатидан бир неча соат ўтганидан сўнг Дилмурод Тоҳировнинг Жалақудуқдаги уйига туман жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходими Фаррух Юсупов келган ва Би-би-сига бу ҳақда гапирмасликни талаб қилган.

"Юсупов бориб, Би-би-сида ва бошқа радиоларда чиқишни тўхтатинглар. Аризангларни қайтариб олинглар, шунда сизларга яхши бўлади. 11 ноябр куни унга берилган 15 сутка тугайди. Ўшанда чиқади, шунгача ёзув-чизувни тўхтатиб туринглар, дебди", дейди Би-би-си манбаси.

Тезкор ходим Тоҳировнинг қаерда сақланаётганини айтмаган. Бироқ эртага уни видеога олиб келишини маълум қилган.

ИИВ матбуот хизмати тезкор ходим Юсуповнинг ҳаракатларига муносабат билдирмади.

Мақола чоп қилинганидан сўнг ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов Абдуллоҳ Тоҳиров ишини суриштириб, маълумот беришини маълум қилди.

Бош прокуратура матбуот хизмати Би-би-сига Абдуллоҳ Тоҳиров ишини ўрганиб, вазиятга муносабат билдиришини айтди.

"Оддий бир деҳқон оиламиз. Абдуллоҳнинг онаси қўрқиб, кучли стресс ҳолатида ўтирибди. Боламга нима бўлганини билолмаяпмиз", дейди Дилмурод Тоҳиров.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ