Дунё: Горбачёв Россия ва Ғарб ўртасидаги бугунги зиддият ҳақида нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Горбачёв ва Рейган ядровий қуроллардан воз кечишга келишгандилар

88 ёшида Михаил Горбачёв камера олдида деярли чиқиш қилмайди.

"Шошиб тўғри қилибсиз, менинг ёшим шунақа, бир кун борман, иккинчисида - йўқ", - дейди у Би-би-сининг Москвадаги мухбири Стив Розенберг билан суҳбатидан аввал. Суҳбат Берлин девори қулашининг 30 йиллигига бағишланди.

"Темир парда"нинг икки томонидаги немислар деворни бўлак-бўлак қилиб бузишаётганида, ГДРда ҳамон юз минглаб совет аскарлари бор эди.

Аммо, совет ҳарбийларига аралашмаслик буйруғи берилди, кейинроқ эса, Ельцин қўли остида ҳарбийлар тез суратларда Шарқий Германиядан олиб чиқилди.

Михаил Горбачёв бугун ҳам ўшанда тўғри қарор қилганига ишонади. Энг муҳими, унга кўра, қон тўкилишини бартараф қилиш эди.

"Қон тўкилмаслиги керак. Бунга йўл қўймаслигимиз керак дедим. Бу бутун Германия, ва дунё учун ўта катта масала эди. Биз аралашмаймиз, дедик", - дейди у.

Бу ҳодисадан икки йил ўтиб СССР қулади. Бугунги Россияда қудратли Совет Иттифоқининг қулашида айнан Горбачёвни айблайдиганлар кам эмас.

Бироқ, Ғарбда Горбачёвга бўлган муносабат ҳар доим яхши бўлган, чунки ўша вақтдаги АҚШ президенти Рональд Рейган билан Горбачёв ядровий қуроллар устидан назорат эмас, балки бу қуроллардан бутунлай воз кечишга келишиб, Совуқ урушга якун ясагандилар.

Афсуски, қуролсизланиш ҳақидаги у келишув вақт синовига чидамади. Россия, унинг ортидан АҚШ, янги ракеталар синовига киришдилар ва бора-бора янги қуроллар пойгасини пайдо қилдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Горбачёв Совет аскарларига Берлин девори бузилишига аралашмасликни буюрган

"Оммавий қирғин қуроллари, ядровий қуроллар сақланиб қолар экан, хавф жуда катта. Барча давлатлар баралла гапириши керак, барча давлатлар, ядровий қуроллар йўқ қилиниши керак. Бу ўзимизни ва сайёрамизни сақлаб қолиш учун зарур", - дейди Горбачёв.

Ўтмишда Ғарб ва Россия ўртасида мавжуд бўлган Совуқ урушни бугунда Горбачёв "совуқлашган, аммо барибир уруш" дея тасвирлайди.

"Қаранг, ё у ерда, ё бу ерда ҳадеб тўқнашувлар, отишмалар бўлади. Ҳарбий учоқлар қаёққадир учади, ҳарбий кемалар қаергадир сузади. Бундай вазият ҳеч кимга керак эмас", - дейди Совет Иттифоқининг собиқ президенти.

У Маргарент Тетчер билан илиқ алоқада бўлгани маълум. Хўш, Брексит борасида маслаҳат бероладими?

"Уни ўзларингиз ҳал қилволинг. Сиз британлар ақлли халқсизлар. Маслаҳат бермаган бўлардим."

Ўзбек чопони ва Пушкин: ўзбек маданиятида мустамлака онг не қадар мавжуд?

Алишер Усмонов: Мирзиёев Горбачёв эмас

Горбачёв Михалковга сиёсатга суқилмасликни айтди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek