Ўзбекистон: Буйрак трансплантациясини бошдан кечирган беморларнинг дори муаммоси энди ҳал бўладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Би-би-си Ўзбек Хизмати аввалроқ буйрак ва жигар кўчириб ўтказилган ўнлаб беморларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бепул тарзда берилувчи ҳаётий муҳим дори воситалари ўрнига бошқа препаратлар берила бошлангани ва бу беморларнинг аҳволига салбий таъсир кўрсатгани ҳақида ёзган эди.

Ўтган ойнинг бошида 20 нафардан ортиқ буйрак трансплантациясини бошдан ўтказган беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига шикоят билан борган эди.

Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан текинга берилаётган Панграф ва Майсепт препаратлари ўрнига берила бошланган Ролиграф ва Аллосепт номли дорилар касалларни аҳволини яхшилашдан кўра, оғирлаштираётганини таъкидламоқда.

Октябрь ойида Би-би-си боғланган айрим беморлар Ролиграф ва Аллосепт препаратларини қабул қилгандан сўнг аҳволи жиддий ёмонлашгани, ич кетиш ва чуқур ҳолсизликка учраганини айтган эди.

Вазирнинг ваъдаси

Беморлар худди шундай шикоят билан 5 ноябрь куни яна Соғлиқни сақлаш вазирлигига бордилар.

Беморларни Соғликни сақлаш вазири Алишер Шодмонов шахсан ўзи қабул қилди.

Шикоят қилиб келган беморлар билан учрашув чоғида вазир Шодмонов буйрак ва жигарни кўчириб ўтказиш соҳаси Ўзбекистонда энди оёққа тураётгани ва босқичма-босқич беморларнинг талаби қондирилишини маълум қилди.

У буйрак ва жигар кўчириб ўтказилган беморларга бериб келинган Панграф ва Майсепт препаратларининг қўққисдан янги ва аксар одамлар учун нотаниш Ролиграф ва Аллосепт дориларига алмаштирилганини аввалги дориларни етказиб берганларнинг «ноинсофлиги» билан изоҳлайди.

"Панграф ва Майсепт дориларини тендерсиз ола бошлаганимизда нима рўй берди? Инсофсизлик қилиб, нархини икки баробарга ошириб юборди. Бу халқнинг, беморларнинг рисқида бу. Пулни мақсадли ишлатиш керак-да. Кимдир фурсатдан фойдаланаман, деб нархни икки баробарга ошириб, инсофсизлик қилса, кўзни юмиб кетавериш керакми?" дейди Алишер Шодмонов йиғилган беморларга қарата.

Аммо беморлар янги дориларни қабул қилгани туфайли аҳволи ҳамон ёмонлашиб қолаётгани, ўз саломатликларига бундай салбий таъсир қилмаган Панграф ва Майсепт каби препаратларни қўлдан ва хориждан сотиб олишга қурблари етмаётганини таъкидлайдилар.

Беморларнинг дардини тинглаган вазир Шодмонов улар учун зарурий бўлган дорилар таъминотини яқин кунлар ичида йўлга қўйишга ҳаракат қилишини билдирди.

Бундан ташқари Алишер Шодмонов буйрак ва жигар кўчириб ўтказилган беморлар учун ҳаётий муҳим дорилар турини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш ишлари олиб борилишини маълум қилиб, дори воситаларини четдан харид қилиш ҳамда вилоятлараро тақсимлаш жараёнини кузатиш мақсадида беморларнинг ичидан вакиллар ажратиш ва бундай масалаларни жамоавий ҳал қилишни кўзловчи жамоат ташкилоти тузиш таклифини ўртага ташлади.

Ўзбекистон: Буйрак ва жигар трансплантацияси ўтказилган беморларнинг дори таъминотида хавотирга ўрин йўқ - ССВ

Ўзбекистонда хусусий тиббиёт фаолияти кенгаяди

Қаришга қарши дори, яранинг сунъий битиши… Келажак тиббиёти қай кўринишда бўлади?

Ҳаёт учун зарур номаълум дори

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Бундан аввалроқ Би-би-сига сўзлаган Германияда меҳнат қилувчи асли ўзбекистонлик тиббиёт вакилининг тушунтиришича, буйрак трансплантациясини бошдан кечирган беморлар учун Панграф ва Майсепт каби препаратларни доимий равишда қабул қилиб бориш ҳаётий муҳим масаладир.

«Бундай дориларни ичишдан мақсад - трансплантациядан кейин иммунитетни сусайтириш. Агар улар ичилмаса, иммунитет янги кўчириб ўтказилган буйрак бўладими ёки жигар бўлаги - уларни бегона, деб қабул қилади ва янги органлар танага бирика олмайди. Шунинг учун ҳам беморларнинг иммунитети атайин сунъий равишда пасайтирилади», деган эди у.

Бошқа бир ўзбекистонлик шифокор Панграф ва Майсепт ўрнига берила бошланган Ролиграф ҳамда Аллосепт препаратлари ҳақида биринчи марта эшитиб тургани, уларни ўзига маълум дори воситаларининг халқаро реестрларидан ҳам топа олмаганини билдирган эди.

Вазирлик жавоби

Октябрь ойида Би-би-сининг мазкур муаммо юзасидан йўллаган саволларига берган жавобида Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситалари юзасидан келиб тушган барча мурожаатлар мутахассислар томонидан атрофлича ўрганилганини баён этган эди.

Вазирликка кўра, буйрак трансплантациясини бошдан кечирган беморларга берилаётган янги дорилар Ўзбекистон қонунчилигига асосан «ҳар томонлама чуқур синовдан ўтказилган».

"Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида буйрак ва жигар кўчириб ўтказилган 664 нафар бемор рўйхатда бўлиб, улардан 590 нафар бемор такролимус ва микофенолат мофетил препаратлари билан давлат томонидан бепул таъминланмоқда. Дори воситаларининг ўз вақтида беморларга етказиб берилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, қатъий назоратга олинган", дейилади вазирлик жавобида.

Бироқ жавоб хатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйрак трансплантацияси ўтказилган беморлар учун зарур дориларни етказиб беришда маълум узилишлар юзага келгани, дори захираси камайиб кетганини тан олган эди.

"Шу боис, 2019 йил июль ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги иммуносупрессор дори воситаларини етказиб бериш бўйича танлов ўтказди. Беморларни ушбу зарур дори воситалари билан таъминлаш «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунга асосан очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширилди. Бунинг натижасида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «PharmHealth» МЧЖ ўртасида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган "Ролиграф", "Аллосепт" иммуносупрессор дори воситаларини харид қилиш бўйича шартнома тузилди. Ҳозирги пайтда буйрак ва жигар трансплантация қилинган беморларнинг иммуносупрессор дори воситаларига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди", маълум қилганди вазирлик.

Жавоб хатида, бундан ташқари, Ролиграф ва Аллосепт дориларининг таркиби беморларга бериб келинган аввалги препаратларники билан бир хил экани яна бир бор таъкидланади.

Беморлар янги препаратларни ичишни бошлаганидан сўнг ҳолдан тойиш, ич кетиш ва кўнгил айниш ҳолатларини бошдан кечиргани борасида «бирор расмий мурожаат келиб тушмагани»ни билдирган вазирлик Аллосепт препаратини дори воситаларининг халқаро реестрларидан нега топиб бўлмаганини шундай изоҳлаган:

"Интернет тармоғида, шунингдек, ҳозирда Ўзбекистонда истеъмолда бўлган "Аллосепт" доривоситаси қадоғини халқаро реестрлардан топа олмаганликлари ҳақида ҳам фикр билдирилган. Бунинг сабаби шуки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 октябрдаги «Дори воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, дори воситасини мамлакатимизда рўйхатдан ўтказиш жараёнида унинг Ўзбекистондаги истеъмолчига мўлжалланган ўрамининг макети тасдиқланади. Шунинг учун ушбу макет бошқа давлатлар реестрига киритилиши талаб этилмайди. Ҳар бир мамлакатда мазкур давлат талабларига мувофиқ дори воситаси ўрамининг макети тасдиқланади".

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар қандай дори воситасининг ножўя таъсирлари бўлиши мумкинлигини эслатиб, ҳатто, бемор томонидан аввал қабул қилинган Майсепт ва Панграф препаратлари билан ҳам шундай ҳолатлар кузатилганини таъкидлаган.

"Агар ножўя таъсир айнан шу дори воситасидан бўлаётгани аниқланса, дорининг дозасини вақтинча камайтириш ёки зарур бўлса бошқа зарур даво муолажалари тавсия этилади. Бундай тактик тавсиялар бутун дунё трансплантолог шифокорлари томонидан деярли бир хилда олиб борилади.

Шу ўринда бу дорилар ҳақидаги маълумотларни дуч келган шифокордан эмас, иммуносупрессант дорилар билан ишлашни биладиган, бу борада тажрибаси, энг муҳими, бундай дориларни ишлатишга юридик ҳуқуқи бўлган шифокорлардан сўрашингизни илтимос қилган бўлардик. Акс ҳолда, бу дорилар «ноқонуний цехларда тайёрланган» каби исбот қилинмаган тахминлар юзага келаверади", дейилади вазирлик жавобида.

Ўз жавоб хати якунида Соғлиқни сақлаш вазирлиги «бугунги кунда буйрак ва жигар трансплантация ўтказилган беморларнинг дори таъминотида хавотирга ўрин йўқлиги» ва «бу борада барча жараёнлар, жумладан, дориларнинг сифати, ўз вақтида етказилиши ва беморларнинг кузатуви Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатъий назоратида» эканини маълум қилган эди.

Ўзбекистонда яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилишга 2017 йилнинг октябрь ойида рухсат берилган. Бундай жарроҳлик амалиётлари давлат ҳисобидан амалга оширилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ