Ўзбекистон: Танқидий чиқишлари билан танилган журналист Давлат Назар автоҳалокат қурбони бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/davlatnazar

Хоразмлик таниқли журналист Давлат Назар автоҳалокат қурбони бўлган.

Давлат Назар (Давлатназар Рўзметов) ўлими ҳақида Бош прокуратура ҳам расмий баёнот билан чиққан.

"2019 йил 6 ноябрь куни соат 23:55ларда фуқаро С.У. ўзи ишлаб келаётган корхонасига тегишли бўлган "Газель" русумли автомашинани "Урганч-Хива" йўлининг 4-километрида бошқариб бораётганида, йўлни кесиб ўтаётган «Жамият» газетаси мухбири Давлатназар Рўзметовни уриб юборган. Натижасида Д.Рўзметов бош қисмидан жароҳат олиб, воқеа жойида вафот этган.Мазкур ҳолат юзасидан Урганч тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда", - дейилган баёнотда.

48 ёшида автоҳалокат қурбони бўлган Давлат Назар Хоразмда таваллуд топган.

У "Жамият" газетасининг мухбири бўлган.

Ўтган йил октябрида Давлат Назар Хоразм вилоятининг Қўшкўпир тумани ҳокими олиб бораётган очиқ мажлисни видеога олишга урингани учун 7 суткага қамалганди. Журналист ҳоким буйруғи билан мажлисдан ИИБ ходимлари томонидан тутиб олиб кетилгани, уни дўппослашгани ва тепишганини иддао қилган.

Би-би-си мурожаатига жавобан Бош прокуратура Рўзметовнинг иши бўйича "хизмат текшируви тайинланган"ини билдирди. Хоразм вилоят ИИБсининг ҳам билдиришича, журналистнинг ҳибсга олиниш жараёнида қорнига бир неча бор урилгани ва тепиб йиқитилгани текширилади.

Рўзметов унинг ҳибсга олиниши ва қатор қонунлар бузилган равишда судга тортилиб айдор топилиши ортида ҳоким Жўрабек Раҳимов турганини айтган.

Бундан икки йил аввал Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиқ ўринбосари ички ишлар идораси терговчисига нисбатан "туҳмат қилган" Facebook фойдаланувчилари Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортилиши ҳақида иддао қилган эди.

Интернет фойдаланувчиларни жунбушга келтирган бу чиқишга нисбатан муносабатлар салбий бўлган ва ўзининг танқидий чиқишлари билан танилган журналист Давлат Назар ҳам ўз норозилигини изҳор қилганди.

Муаллиф ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг фаолиятига танқидий фикр билдириш туҳмат, дея чора кўрилса ишни Президент Мирзиёевдан бошлаш керак, деган эди.

"Фақат жаноб Тошхўжаев сиз қонуннинг барча учун барабарлик принципидан келиб чиқиб ишни Президентимиздан бошланг!", деб ёзади у.

Давлат Назар фикрига далил сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил август ойида Тошкент вилоятига ташрифи якунида прокурорларга нисбатан айтган гапларини келтирганди.

"Мен ўзи прокурор деган одамни, кечирасизлару, жуда ёмон кўраман. Буни очиқча айтяпман, нимага десангиз мен район ҳокими бўлганман, вилоят ҳокими бўлганман. Бу ноинсофларни ғўддайишини, прокурорча бўлиб дарров юриши ўзгариб қолишини, одамни менсимаслигини жуда яхши биламан. Ўзи энг катта ўғри улар", - деган эди Шавкат Мирзиёев.

Мақола муаллифи Тошкент милицияси расмийси нима сабабдан Президентнинг бу гапларига муносабат билдирмаганлиги билан қизиқади.

"Хўш, сизнингча, Президентнинг бу айтган гаплари ёлғонми? Балким туҳматдир? Йўқ!!! Бу гаплар ҳуқуқни муҳофазаси билан боғлиқ органларидаги ҳақиқий аҳволини кўрганидан ва билганидан кейин вулқон каби юракдан беихтиёр отилиб чиққан туғёнлари эди. Сиз эса ижтимоий тармоқларда ўз фикрини билдиришга интилаётганларни "тилини кесишни" истаяпсиз!! Эндигина ўз дардини ва фикрини айтишни ўрганаётган жабрдийда ҳалқимизни яна кўр ва сақов қилишни истаяпсиз! Агар ижтимоий тамоқдагиларни ўз фикрини билдирувчилар деб эмас, туҳматчилар деб ҳисобласангиз, унда ишни қўлингиздан келса Президентдан бошланг," деган эди журналист.

"Қўлингиздан келса, Мирзиёевдан бошлаб чора кўринг"

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ