Ўзбекистон ва Тожикистон: ИШИД Марказий Осиёга ҳужум қилишга қодирми? - таҳлил

ИШИД жангарилари Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC WORLD SERVICE

Ўзбекистон ва Тожикистон: ИШИД Марказий Осиёга ҳужум қилишга қодирми? - ўтган тунги ҳужум худди шу каби саволларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Таҳлилчиларга кўра, агар, бу ростдан ҳам ИШИДнинг иши бўлса, воқеаларнинг ривожи Марказий Осиё давлатлари учун хатарлидир.

Расмий Душанбе наздида эса, худди шундай, сўнгги ҳодисага ҳам айнан шу гуруҳ масъул.

ИШИД каби Ўзбекистон томони ҳам ҳозирча жим: Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара постига уюштирилган ҳужумга бирор бир муносабат билдирмаган.

Минтақада фаол бўлган қолган бирор бир жангари гуруҳ ҳам ҳалича бу ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиқмаган.

Аммо ҳужум ИШИДнинг минтақадаги "Хуросон" тармоғи гуруҳнинг янги лидери Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайшийга байъат келтиргани эълон қилинган бир кунга тўғри келган.

Бу ҳақда кеча, 5 ноябрь куни кибер фазода жиҳодчи гуруҳлар фаолиятини кузатиб борувчи @JihadoScope хабар берган.

ИШИД асосчиси, дастлабки етакчиси ва Исломий Халифати халифи Абу Бакр ал-Бағдодий эса, ўтган ой охирида Сурияда АҚШ кучлари томонидан ўлдирилганди.

Ўзбекистон, Афғонистон ва ИШИД: Таниқли ўзбек қўмондони ўлдирилди. У ким?

Россия, Ўзбекистон ва минтақа: ИШИД Марказий Осиёга кирдими?

Ўзбекистон, президент Мирзиёев Толибонни гапга кўндира оладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Мавҳ этилгани шу йил март ойида Ғарб томонидан расман эълон қилинган Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи сафларида 2000 дан 4000 тагача Марказий осиёлик жангарилар жанг қилишгани ишонилган.

Гуруҳнинг 2015 йилда Покистонда асос солинган Хуросон қаноти таркибида ҳам Марказий Осиё фуқароларининг сонлари юзлаб экани айтиб келинган.

Улар асосан Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларига нисбат берилишган.

Ҳаракат худди ўша йили тўлиғича Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирган.

Бу жангарилар катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги сафарбарлиги ортидан, Афғонистоннинг айнан аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимоли ва шимолий-шарқий минтақаларида фаоллашишнинг уддасидан чиқишган.

Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош Жаузжон вилоятида ўзининг минтақадаги таянч нуқтасига асос солган.

Аммо ўтган йили уларнинг шимолдаги қудратли лидери Қори Ҳикмат ўлдирилган, ҳам афғон хавфсизлик кучлари ва ҳам толибларнинг муттасил ҳужумлари натижасида сафлари пароканда бўлган.

Аксарият жангарилар ўлдирилган, қўлга олинган ва ёки Афғонистон ҳукуматига таслим бўлган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида ҳарбий таҳлилчилар бугун Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида фаол бўлган ИШИД аъзолари сонини фақат бир неча ўнга нисбат бериб келишаётганди.

Аммо, бошқа томондан, Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги ҳужум Марказий осиёликлари илова Яқин Шарқдаги ИШИД жангарилари Афғонистонга қайтишаётганига оид хабарлар манзарасида рўй берган.

Лекин, шунда ҳам, ИШИД жангариларининг ҳозир Афғонистоннинг асосан Покистон билан чегарадош шарқий минтақаларида фаол эканликлари кузатилади.

Ўтган йил сентябрь ойида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳар икки мамлакат мустақиллиги тарихида илк бор Мудофаа вазирлиги бўлинмалари иштирокида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказишган.

Айни шу машғулотлар чоғида уларнинг Афғонистондаги ИШИД жангариларининг Тожикистоннинг Хатлон ва Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятларига ёриб кириши эҳтимолини ҳамкорликда қандай қилиб бартараф этиш йўлларини машқ қилишгани айтилган.

Ўзларига бевосита чегарадош Қундуз ва Бадахшондаги сўнгги йиллардаги беқарор вазият эса, Тожикистон ҳукуматини ўзаро чегарада мустақиллик даврида кузатилмаган бир даражада хавфсизлик чораларига қўл уришига сабаб бўлган.

Орада Афғонистондан бўлган кичик қуролли гуруҳларнинг Тожикистон тупроғида тожик чегарачилари билан тўқнашганликларига оид қатор хабарлар ҳам олинган.

Аммо уларнинг барчаси алал-оқибат гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланган шахсларга нисбат берилган.

Шундай экан, ИШИД бугун қўшни Афғонистондан туриб Марказий Осиёга ҳужум қилишга қодирми?

Би-би-си Ўзбек хизмати худди шундай савол билан Би-би-си Афғон хизмати муҳаррири Довуд Аъзамийга мурожаат қилди:

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Довуд Аъзамий: Сўнгги ҳужумни воқеаларнинг ғайриодатий ривожи, деб баҳолаган бўлардим. Агар, тожикистонлик масъулларнинг даъволарига ишонилса, сўз 20 нафар жангари ҳақида кетмоқда. Шундай экан, қандай қилиб бунча жангари машинада Афғонистондан Тожикистоннинг ичкарисигача кириб бориб, маълум бир чегара постига ҳужум қила олади. Бироз ҳайратланарли, тўғрими. Чунки бу жангарилар томонидан қилинган катта таваккал бўларди. Уларни йўлда кўриб қолишлари, тўхтатишлари ва йўқ қилишлари мумкин эди. Йўл-йўлакай жангарилар ўзларини ошкор қилиб қўйишлари мумкин эди. Шу боис ҳам, буларнинг барчаси менга қандайдир маънисизлик бўлиб туюлаяпти. Чунки тожикистонлик масъуллар ҳам ҳалича бу саволларга ойдинлик киритиши мумкин бўлган бирор бир изоҳ билан чиқишмаган.

Би-би-си: Тожикистон томони иддаосига кўра, жангарилар Афғонистоннинг Қундуз вилояти орқали ўтишган. Уларнинг бу иддаоларига қанчалик қўшиласиз? Афғонистон-Тожикистон ўртасидаги чегара назоратининг бугунги аҳволи қандай? Жангарилар бемалол Тожикистон томонига ўтиш даражасида заифми?

Довуд Аъзамий: Бу қийин эмас. Ўзаро чегарани кесиб ўтиш мумкин. Чунки бу ноқонуний гиёҳванд моддалар ва одам савдоси йўли. Яъни чегарада контрабандачилар ва жангарилар фойдаланишлари мумкин бўлган жойлар бор. Бундан ташқари, Афғонистон Покистондан кейин айнан Тожикистон билан энг узун чегарага эга. Бу чегара рисоладагидек қўриқлаш ўта қийин ҳудудлардан ҳам ўтади. Худди шу боис ҳам, бундай эҳтимолни назардан соқит этиб бўлмайди. Бошқа томондан, бу каби шахслар қуролларини кўрсатмай, ўзларини оддий одамдек кўрсатишлари мумкин. Масаланинг яна бир жиҳати ҳам бор. Кейин яна ўзларини йирик контрабандачи кўрсатиб, чегара қўриқчиларини пора бериб, сотиб олишлари ҳам мумкин. Чунки бу дунёнинг аксарият давлатларига хос бир ҳолат. Бундан ташқари, ўзларини Европага йўл солган муҳожирга солишлари мумкин. Яъни, ўтаман дейишса, йўллари кўп.

Би-би-си: Сўнгги пайтларда айнан ИШИД жангариларининг Афғонистоннинг қатор шимолий вилоятларида қайта фаоллашишга муваффақ бўлишаётганига оид хабарлар олинмоқда. Ростдан ҳам шундайми? Гуруҳ қайта уюшишга муваффақ бўлаяптими? Агар, шундай бўлса, вазият қанчалик жиддий?

Довуд Аъзамий: Афғонистон шимолидаги ИШИД жангариларининг ҳозирги сонига оид аниқ рақамлар йўқ. Афғонистоннинг ҳам ҳукумат ва ҳам толиблар назорати остида бўлмаган ҳудудлари оз эмас. Шундай экан, яшириниб юришлари учун бу каби жойлар, табиийки, жангариларга қўл келади. Бир вилоятдан иккинчисига ўтишлари мумкин бўлади. Аммо уларнинг Афғонистон Толибон ҳаракати мисолида рақиблари бор. Бу икки гуруҳ мунтазам равишда бир-бирлари билан тўқнашиб келади. Орада толиблар ИШИДнинг Афғонистон шимолидаги қароргоҳларини йўқ қилишганига оид даъволар билан ҳам чиқишган. Афғонистоннинг шарқий Нангархор ва Кўнар вилоятларида ҳам бир-бирларига қарши жанг олиб бориб келишади. Аммо, Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларига келсак, Толибоннинг мавҳ этганлигига оид даъволарига қарамай, бу ерларда кичик сондаги ИШИД жангарилари яшириниб, фаолият юритаётган, ҳужум қилиш учун қулай фурсат кутаётган бўлишлари мумкин. Сурия ва Ироқдан бошлаб, Эрон, Туркия ёки Марказий Осиё давлатлари орқали келиб, чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, ортга қайтаётган бўлишлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Буни назардан соқит этиб бўлмайди. Минтақа ҳукуматлари бу йўлда чин дилдан ҳамкорлик қилишмас экан, мазкур муаммони ҳал қилиб, олдини олиб бўлмайди. Чунки бу минтақавий ва ҳатто, халқаро бир муаммо. Шу боис ҳам, бирор бир ҳукумат ўз бошича унга ечим топа олмайди.

Би-би-си: Сизнингча, ана шу жангарилар бугун Афғонистондан туриб, чегараоша ҳужум қилиш қудратига эгами? Шунга қодирми?

Довуд Аъзамий: Турли тактика ва усулларни ишга солиб, ўзаро чегарани ноқонуний кесиб ўтишлари мумкин. Агар, бу ҳужум ИШИД томонидан ва яна Тожикистоннинг шунчалик ичкарисида амалга оширилган бўлса, бу Марказий Осиё давлатлари учун воқеаларнинг хатарли ривожи бўлиши мумкин. Чунки бу - ИШИД жангариларининг нафақат Марказий Осиёда ҳозир эканликлари, балки-да ўртача бир гуруҳга уюшиб, Афғонистон-Тожикистон чегарасидан анча ичкарида ҳам ҳужум уюштиришга қодир эканликларига далолат қилади. Сўнгги ҳужум яна Ўзбекистонга яқин бир ҳудудда амалга оширилган. Шу боис, агар, ИШИДнинг иши экани тасдиқланса, бу нафақат Тожикистон, балки-да Ўзбекистон, минтақанинг қолган давлатлари учун ҳам хавотирли воқеълик бўлади. Чунки 20 нафар жангари оз сон эмас. Яна улар машина билан шунча йўл босиб келишга муваффақ бўлишган. Аммо бу ҳозирча тожикистонлик масъулларнинг даъвосидан ўзга нарса эмас. ИШИД ҳали-ҳануз бу ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиқмаган.

Минтақавий таҳлилчилар: Россия омили...

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Афғонистондаги ИШИД хавфи Ўзбекистон илова барча Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларини бирдек ўйлантириб, хавотирга солиб келган.

Бу - Россия томони, айниқса, сўнгги йилларда минтақа мамлакатларини жиддий ва муттасил огоҳлантириб келаётган мавзулардан бири бўлади.

Россиялик масъуллар орада, ҳатто, Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарасида минглаб жангарилар тўпланаётганига оид иддаолар билан ҳам бир эмас, бир неча бор чиқишган.

Уларнинг бу каби даъволарига Афғонистоннинг айрим юқори мартабали ҳукумат мулозимлари ҳам қўшилишган.

Афғон масъуллари бундан икки йилча бурун Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳамасосчиси ва илк етакчиси (ҳозирда марҳум - таҳр.) Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ҳам айнан ИШИД фаолиятини ёйиш учун Афғонистон шимолига ўтганига оид даъво билан чиқишган.

Аммо бунга ўхшаш иддаолар амалда ўз исботини топмаган.

Тоҳир Йўлдош ўғлининг тақдирига оид бирор бир ишончли маълумот ҳам ҳали-ҳануз имконсизлигича қолмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг президенти ҳам ўзи қудратга келган уч йилча вақтнинг ўзида толиблар билан мулоқотларини кучайтирган.

Расмий Тошкент ҳаракат юқори мартабали ҳайъатининг амалий ташриф билан икки бор Ўзбекистонга келишига эришган.

Минтақавий таҳлилчилар Ўзбекистоннинг бу каби саъй-ҳаракатларини билвосита ИШИД хавфидан хавотирларига ҳам йўйишганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Минтақавий таҳлилчилар эса, айниқса, Россиянинг бу каби даъволарини расмий Кремлнинг империалистик амбицияларига йўйиб келишади.

Буни Россиянинг Марказий Осиё давлатларига босим ўтказишида яна бир восита сифатида кўришади.

Тожикистон Қирғизистон билан бирга Марказий Осиёнинг Россия ўз ҳарбий базаси ва ҳарбийларига эга иккита давлатидан биттаси бўлади.

Айрим хабарларга кўра, айнан чегарадаги ҳужумдан саноқли соатлар ўтиб, Россиянинг Тожикистонда жойлашган 201-ўқчи бўлинмаси тревога бўйича кўтарилган. Душанбе гарнизони ҳарбий шаҳарчаси муҳофазасини машқ қилган.

Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги берган бу хабарнинг сўнгги ҳодисага бирор бир алоқаси бор-йўқлиги маълум эмас.

Таҳлилчиларга кўра, АҚШ ва Хитой зиддига минтақада ўз геосиёсий таъсирини кучайтириш, кенгайтириш ва ўз манфаатларини парваришлаш мақсадида расмий Москва иқтисодийси баробарида хавфсизлик факторини ҳам ишга солмоқда.

Марказий Осиё давлатларини ўз сиёсий орбитасига тортиш учун бу каби огоҳликларини йил сайин кучайтирмоқда.

Уларни ўзининг шамсияси остидаги турли иқтисодий ва сиёсий блокларга қўшилишга ундамоқда.

Афғонистон жорий пайтда Россиянинг геосиёсий рақиби АҚШ ўзининг ҳарбийлари ва ҳарбий базаларига эга ягона минтақа давлати бўлади.

Расмий Кремль эса, Афғонистонда етакчи куч сифатида кўрилувчи Толибон ҳаракати баробарида уларнинг минтақадан буткул чиқиб кетиш истагида.

Сўнгги ҳужум, устига устак, Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушевнинг Тожикистон ва Ўзбекистонга ташрифидан саноқли кунлар ўтиб амалга ошмоқда.

Душанбе ва Тошкентда кечган музокаралар чоғида айнан Афғонистонда террорчилар фаоллашувидан хавотирлар янграган.

Терроризм, экстремизм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилинган.

Бошқа томондан, ҳужум МДҲ Махсус хизматлари раҳбарларининг Тошкентда бўлиши айтилаётган учрашуви арафасида кузатилган.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Европа сафарида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Устига устак, Тожикистонда Конституция куни байрам қилинаётган бир санада кузатилган.

Таҳлилчиларга кўра, буларнинг барчаси Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги ҳужум, ҳужумчилар ва унинг мақсади борасида озмунча шубҳаю гумонларга замин яратмай қолмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ