Ўзбекистон-Россия: Умид Зеленский Хайрулло Ҳамидов, “Миллион” жамоаси ва Россия шоу-бизнесидаги ҳаёти ҳақида

Умид Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Чортоқлик Умид Исабоев салкам қирққа кирганида қиёфаси туфайли ҳаёти ўзгариб кетди. Москвада автоулов бўёқчи-таъмирчиси бўлиб ишлаб юрган мигрант ҳозирда Россия телеканалларининг доимий меҳмонига айланиб бораяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати Умид Исабоев билан учрашиб, ҳаётидаги ўзгаришлар билан боғлиқ кечинмалари, ўзи ва оиласи ҳақида суҳбатлашди.

Тасодифий сурат сабаб

- Менга олдин кўп "КВН"чи, юморист Владимир Зеленскийга ўхшайсан деб айтишарди. Эътибор қилмаган эканман. Кейин президент бўлди шу одам, шунда кўрдим телевизорда. Ўхшасам ўхшабман-да, деб кулдим, - дейди Умид Исабоев қиёфадоши ҳақида.

Умид Наманганнинг Чортоғидан, Алихон қишлоғида туғилиб ўсган. Автомашиналарни созлаш ва бўяш унга отакасблигини айтади.

- "Қишлоғимизда ҳамма бизни уста деб танийди. Аввало, отам - Рустам акани машиналарни созлашда тажрибалари катта. Мен таъмирлашни улардан ўрганганман. Кейин мен кўпроқ бўяш билан шуғулландим, отам таъмирдалар".

Уста йигитнинг ўн йилларки, шуғулланиб юрган касбини ўзгартиришига биргина тасодифий олинган сурат сабаб бўлди.

- Ёзда метрода кетаётганимда кимдир суратга олиб, интернетга қўйиб юборган. Шу сурат тарқалиб кетиб, Зеленскийни қиёфадоши сифатида танилиб кетдим. Бир ой бўлди, интернет каналлар ва Россия телевидениеси ҳам тинмай турли кўрсатувларга чақиришаяпти, - дея ўз тарихини сўзлаб берди Умид.

Янги ҳаёт у учун осон кечмаётганини айтади: "Камералар, чироқлар... жуда ҳаяжонланаман. Бу иш ҳам осон эмас экан".

Россия матбуоти шарҳи: Ўзбеклар Путиндан қачон миннатдор бўлади?

Ўзбекистон, Россия ва дунё: Ўзбекистон ҳукумати ўзбеклар ҳақида қайғуришни бошладими?

Россия: Ўзбекистон мигрантларини алдаётган ўзбеклар ким? ББС Ўзбек текшируви

Бу тақдир - бежиз эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

39 ёшли Умид Исабоев ўзининг шоу-бизнесга аралашиб қолиши бежизмас, деб ҳисоблайди. Бунинг узоқ йилларга бориб тақаладиган бир тарихи бор.

- 1999-2002 йилларда оғайниларим билан қизиқиб, ўқиб ишлаш мақсадида Тошкентга боргандим. Бир автоустахонага ишга кирдим, шу пайтда ётоқ жойи излаб қолдим. Ўшанда Хайрулло Ҳамидовнинг оталари Убайдулла амаки билан танишиб қолдим, - ҳикоя қилади Умид.

Устанинг айтишича, улар турар жой борасида ёрдам беришган.

- Укалари Ҳожиакбар аканинг уйида яшаб ишлаб юриб, Хайрулло Ҳамидов билан танишдим. Хайрулло ака "Интерфутбол" кўрсатувининг шарҳловчиси эдилар, уларга жуда ҳавас қилардим. Ишдан бўш пайтларимда қулоғимга эшитгични тақиб олиб, тақлид қилардим. Ҳар гал телевизорда чиқсалар, маҳалладагиларга Хайрулло Ҳамидов оиласи билан яқинлигимни айтиб, мақтанардим, - дейди Умид Исабоев.

Муҳожир ўша ҳаваслар балки бугунги тақдирига сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини билдирди: "Ҳеч хаёлимга келмаган эди, мана, бугун бошимга шу қисмат келиб турибди!"

"Автоусталигим яхши экан!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Ҳажвчи Зеленский - сиёсатчи Зеленский. Умид билан суҳбатимизда у кўпроқ ҳажвчилик йўлини танлашга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

- Минг марта ўзимнинг автоусталигимни қилиб юрганим яхши эканки, ҳеч кимга ҳисобот бермас эдим. Ўз ишимни яхши биламан, қиламан ва топшираман. Ҳеч ким ишимга аралашмайди. Ҳозирда менга маслаҳатчилар кўп. Ҳаммаси ўз томонини ўйлаб иш кўради. Ўзим эса, хажвчилик йўналишини маъқул кўраман, - фикрини айтади Умид.

Умид Исабоев ҳозирда машҳур телебошловчи Андрей Малахов билан ишлаётганини билдириб, уларга ўз хоҳишлари бўйича иш тутишни сўраётганини айтди.

Исабоевга кўра, Россия шоу-бизнеси вакиллари уни "Комеди-Клаб" ва "Квартал 95" сингари кабий ҳажвий дастурлар учун тайёрлашмоқда.

- Сиёсатга сени қўшмаймиз, ундан кўнглингни тўқ қил, деб ваъда беришаяпти. Ҳайронман энди. Аммо ўзим ҳам ҳеч қачон сиёсатга киришни ва аралашишни хоҳламайман, - дейди Умид.

"Қанийди, "Миллион" га қўшилсам"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Россия телеканаллари тинмай уни экранларда кўрсатиб тургани боис, ҳозирча Умид Исабоевни Россияда кўпроқ танишади. Унинг ўзи эса Ўзбекистонда ҳам шоу-дастурларда иштирок этишни исташини билдирди.

- "Миллион" жамоасини жуда ҳурмат қиламан, чиқишларини қолдирмай кўраман. Яқинда ҳам янги дастури чиқди, кўрдим. Қанийди, агар мени ҳам қабул қилишса, шулар сингари чиқсам. Қадимдан гап бор: "Бегона юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл", деган. Бегона юртда жуда танилиб, актёр бўлиб кетмасам ҳам, халқимни хурсанд қилиб, уларнинг олқишида юрсам, менга шу афзал, - дейди Умид Исабоев.

Шу билан бирга, Умид Украинага бориш, "Квартал 95" да Владимир Зеленский ўрнида иштирок этиш мақсадларини билдирди.

Ҳозирча эса, журналист Андрей Малахов лойиҳасига кўра, янги йилни президент Зеленский билан бирга кутиш ҳаракатлари бормоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ