Ўзбекистон: Миллий Гвардияга қаршилик учун жарима ва қамоқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kun.uz

29 октябр санаси билан эълон қилинган "Миллий гвардия органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан қонун ҳужжатларига тузатишлар киритилди" сарлавҳали мақолада айтилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖТК)га 2 та модда қўшилган.

"Уларда Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик ёки унинг ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жарималар назарда тутилган.

Мазкур ҳолатда Миллий гвардия органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади, бундай ишлар маъмурий судларда кўриб чиқилади".

Norma.uz маълумотида айтилишича, "Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, кўрсатилган муддатда Миллий гвардия органларига (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга) бориш ёки ҳозир бўлиш тўғрисидаги қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, транспорт воситасини тўхтатиш, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик ёхуд Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларига бошқача тарзда бўйсунмаслик" Базавий Ҳисоблаш Миқдори (БҲМ- олдинги энг кам иш ҳақи-таҳр.) нинг 1,5 баробардан 2 баробаригача жарима, "худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда" БҲМнинг 3 баробаригача жарима ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш, "Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликка омма олдида ҳар қандай шаклда даъватлар қилиш, худди шунингдек Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида била туриб сохта уйдирмаларни тарқатиш" эса 5 БҲМгача жарима ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга асос бўлади.

Ўзбекистон: Қурол учун лицензияни Миллий гвардия берадиган бўлди

Ислом академиясини судга берган отани Миллий гвардия олиб кетди

Ўзбекистон: ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев 18 йилга озодликдан маҳрум этилди

Бундан аввал Миллий Гвардияга тергов ва терговгача суриштирув ўтказиш, шунингдек, ўқотар қуролларни лицензиялаш ваколати ҳам берилганди.

Таҳлилчилар Миллий Гвардия ваколатлари борган сари кенгайиб бораётганига эътибор қаратишади.

Лондон SOAS университетидан Алишер Илҳомовнинг айтишича, охирги икки йилда Миллий Гвардия ва Президент Хавфсизлик хизматининг мавқейи кучайди.

"Миллий Гвардия Давлат Хавфсизлик Хизматиникига таққосланадиган ваколатларни қўлга киритди. Хусусан, тезкор тергов ишларини олиб бориш, гумондорларни ҳибсга олиш ва уларни тергов ҳибсхоналарида сақлаш", - деб ёзган таҳлилчи аввалроқ cacds.org.ua нашрида чоп этилнган мақоласида.

Аввалроқ Миллий Гвардия коррупциядан шикоят қилган фарғоналик ходимини ёлғон ахборот берганликда айблаганди.

Миллий Гвардия Қўриқлаш хизмати ходими Азимжон Газиев Би-би-си билан суҳбатда буни қатъиян рад этди ва ҳозирда ўзининг шикояти юзасидан текширув ишлари олиб борилаётганини билдирди.

Би-би-си ваколатларнинг кенгайиб бораётгани юзасидан Миллий Гвардияга мурожаат қилди.

Миллий Гвардия вакили ушбу масалалар ўз юристлари томонидан ҳам ўрганилаётганини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rosgvardiya
Image caption Миллий Гвардия ва Росгвардия яқиндан ҳамкорлик қилади

Миллий Гвардия янги тузилма эмас.

У 1992 йилдан буён Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги таркибидаги ҳарбийлашган тузилма бўлган ва 2017 йилга қадар шахсий таркиби 1000 кишидан ошмагани айтилади.

2017 йилда вазирлик мақомидаги тузилмага айлантирилди.

Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари Ботир Турсунов Президент Шавкат Мирзиёевнинг қудаси деб ишонилади.

Миллий Гвардия қўмондон воситасида Президентга бўйсунади.

Таҳлилчиларга кўра, Президент Мирзиёев жамоат тартибини сақлаш ва экстремизмга қарши кураш билан бир қаторда ўз хавфсизлигини ҳам ишониб топширгани Миллий Гвардияни Ўзбекистондаги қудратли тузилмага айлантиради.

Жорий йил бошида Ўзбекистон Миллий Гвардияси Россиянинг Миллий Гвардияси (Росгвардия) билан 2019 йилдаги халқаро ҳамкорликка доир режани имзолаган.

Ундан аввал 2018 йил октябрида Тошкентда Росгвардия ҳамда Миллий Гвардия раҳбарлари Виктор Золотов ва Баҳодир Ташматов ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаганлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ