Ўзбекистон доллардан воз кечиши керакми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи government.ru
Image caption Медведевнинг Тошкентдаги мажлисда айтишича, ШҲТга аъзо давлатлар ўз миллий валюталарида савдо қилишлари мумкин

Россия Молия вазирлиги келгуси йил Миллий фаровонлик жамғармасининг валюта тузилмасини қайта кўриб чиқиш, ундаги АҚШ доллари улушини кескин қисқартириб, бошқа валюталарни ҳам киритишни режаламоқда.

Рейтер агентлиги бу ҳақда Россия Молия вазирлиги вакилига иқтибосан хабар бермоқда.

Доллардан воз кечиш ғояси ўтган ҳафта ШҲТ бош вазирларининг Тошкентдаги мажлисида ҳам янграган.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев бу борада амалий қадамларни қўйиш фурсати етганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, ШҲТга аъзо давлатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам ҳамкорлар билан ўз миллий валютасида савдо қилиши мумкин.

Ўзбекистон: Тошкент Марказий Осиёнинг молиявий марказига айланадими?

Ўзбекистон 1 миллиард долларлик евробонд чиқаргани нимани англатади?

Ўзбекистон: Мирзиёев коррупцияга қарши қандай курашмоқчи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ALEXANDER NEMENOV
Image caption Россия рублди санкциялар босими остида қолмоқда

Аммо Ўзбекистон ҳукумати доллардан воз кечиш ҳақидаги таклифларга муносабат билдирмаган.

Аввалроқ Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистон Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров мамлакат иқтисодиётида долларнинг улуши юқори эканидан хавотир билдирганди.

Санкциялар босими

Россия бундан аввал рублни Евросиё Иқтисодий Иттифоқи доирасида минтақавий валютага айлантириш ғоясини ҳам илгари сурганди.

Аммо бу ғоя Қозоғистон ва Беларуснинг талаби билан бутунлай кун тартибидан олиб ташланган.

Россиянинг доллардан воз кечишга қаратилган қатъий иқтисодий курси эса ўтган йили бошланган.

Президент Путиннинг бу борадаги таклифи Россия ҳукумати вазирлари ва йирик банкирлар томонидан қўллаб-қувваталанган.

Уларга кўра, Россия долларга ҳаддан ташқари боғлиқ ва айниқса, санкциялар жорий қилингани тақдирда бу жуда катта молиявий ҳамда иқтисодий рискларни пайдо қилади.

Америка санкциялари остида қолган Москва охирги йилларда иттифоқчиларни доллардан воз кечишга фаол ундаб келади.

Москванинг айтишича, доллардан воз кечиш фақат Россияга эмас, балки унинг савдо ҳамкорлари, жумладан, Европа Иттифоқи учун ҳам манфаатли, чунки Европа ҳам Американинг глобал савдо урушидан азият чекмоқда.

Аммо таҳлилчиларга кўра, доллардан воз кечиш осон эмас ва ҳали-бери жаҳон иқтисодиётида долларнинг устунлиги сақланиб қолади.

Россия Марказий банки берган маълумотларга кўра, 2018 апрелидан 2019 мартигача Россия жаҳондаги валюта курсларининг ўзгаришидан 20 млрд доллар зарар кўрган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ