Ўзбекистон-Тожикистон: Тошкент ҳам, ИШИД ҳам жим, аммо янги тафсилотлар бор

"Ишкобод"даги ҳужум Фото муаллифлик ҳуқуқи ASIAPLUS/OFFICIAL

Ўзбекистон-Тожикистон: Тошкент ҳам, ИШИД ҳам жим, аммо янги тафсилотлар бор - худди шу манзарада ИШИД масаласи Ўзбекистонда ҳам кўтарилган. Расмий Тошкент баробарида Россия ҳам яна бир бор ИШИД хавфидан огоҳлантирган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи "Ишкобод" чегара постига қилинган ҳужум ортидан кечган икки кун ичида кузатилган.

Худди шу манзарада қатор минтақавий интернет нашрларида ҳужумга оид янги тафсилотлар ўртага чиққан.

Уларни Тожикистон Ички ишлар вазирлигидаги бохабар манбасига таяниб, Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатида Душанбедаги мустақил журналист Искандар Фируз ҳам тасдиқлади.

Журналистга кўра, 20 нафар ҳужумчидан кўпчилиги асли Тожикистон шимолидан бўлишган.

Бунга аксарияти айнан Тожикистоннинг Сўғд вилоятида дафн этилган жангариларнинг шахсларига оид маълумотлар далолат қилган.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, йигирма нафар ҳужумчидан учтаси аёл киши бўлган.

Бундан ташқари, журналистга кўра, ҳужумчилар Душанбе рақамидаги машиналарда бўлишган.

"Ишкобод" чегара постига қадар етиб келишлари ҳам "ғалати" баҳосида эътибор топа бошлаган.

Ўзбекистон-Тожикистон: Чегара постига ҳужум, қурбонлар бор...

Ўзбекистон ва Тожикистон: ИШИД Марказий Осиёга ҳужум қилишга қодирми? - таҳлил

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/TAJIKISTAN GOVERNMENT

Агар, суҳбатдошимизга имконли бўлган маълумотларга таянилса, Тожикистоннинг талафотлари ҳам расмий Душанбе айтганидан кўра кўп.

Яъни, "Ишкобод"даги ҳужумда, "Тожикистон жаъми етти нафар чегара қўриқчиси ва милиция ходимларини бой берган".

Журналистга кўра, расмий Душанбе ҳали-ҳануз 6 ноябрь кунги ҳужум "ИШИДнинг иши", деган мавқеъда қатъий.

Бундан ташқари, ҳужумчилар Тожикистонга Афғонистондан ўтиб келишган, деган фаразини ҳам ўзгартирмаган.

Афғонистон томони ҳужум ортиданоқ бу хусусда қатъий раддия билан чиққани ҳам, афтидан, расмий Душанбенинг мавқеини ўзгартира олмаган.

ИШИД ҳали-ҳануз "Ишкобод"даги ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиқмаган.

Аксарият Марказий Осиё давлатлари илова минтақада бундан аввал ҳужум уюштиргани даъво қилинган барча жангари гуруҳлар ҳам жим.

Афғонистон истисно қолган бирор бир минтақа давлати ҳукумати ҳам ҳалича бу ҳодисага ўз муносабатини билдирмаган.

Халқаро ҳарбий таҳлилчилар қолган жангари гуруҳлар билан солиштирганда, ИШИДнинг бу масалада анчайин тезкор эканига алоҳида эътибор қаратиб, бериб келишган.

Журналист суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳужум юзасидан расман жиноят иши қўзғатилган.

Бу жиноят иши, "Терроризм, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ва ноқонуний тарзда қурол-яроғ олиб юриш" билан боғлиқ моддалар бўйича олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатлари ҳам давом этмоқда.

Журналист билан суҳбатимиздан маълум бўлишича, ҳужумдан икки кун ўтиб, Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида барча ўтиш нуқталари одатий тартибда ишламоқда.

Унга кўра, чегара постларида ҳозир қўшимча ҳарбийлар ёки зирхли уловлар ҳам кўзга ташланмайди.

Аммо "Ишкобод" пости ҳали-ҳануз ёпиқлигича қолмоқда, чунки у ерда ҳамон текширув ишлари кетмоқда, дейди суҳбатдош.

Журналистга кўра, йўллар бугунга келиб анча очилган. "Ишкобод" чегара постига ҳам ўн чақиримча яқинлашишга изн берилган.

Европа сафарида бўлган Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон эса, ҳалича ўзаро чегарада юз берган қуролли ҳодисага ўзининг бирор бир муносабатини билдирмаган.

Орада кечган вақт давомида Ўзбекистон томони ҳам бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқмаган.

Воқеаларнинг бошқа бир ривожи...

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида ҳужумдан кун ўтиб, Тошкент МДҲ Хавфсизлик ва махсус хизмат органлари раҳбарлари кенгаши йиғинига мезбонлик қилган.

Тошкентдан олинган расмий хабар тафсилотларига кўра, мазкур йиғин чоғида ИШИД масаласи алоҳида эътибор топган.

Аммо, шунга қарамай, имконли бўлган хабарларда бирор бир иштирокчи томоннинг "Ишкобод" ҳодисасини тилга олгани ёки унга бирор бир тарзда муносабат кўрсатгани кузатилмайди.

Агар, бу каби хабарлар мазмуни умумиятла хулоса қилинса, Тошкентдаги йиғинда ИШИД билан боғлиқ мавзу гуруҳ туғдираётган ва туғдириши мумкин бўлган хавф ҳақида борган.

Ўзбекистондаги етакчи kun.uz интернет нашрининг ўз мухбирига таяниб ёзишича, жумладан, Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизмати раҳбари Сурия ва Ироқдан террорчиларнинг қайтиши таҳдиди ҳақида гапирган.

Абдусалом Азизов, "Сурия ва Ироқ ҳудудида жанг қилган жангарилар ўз террорчилик фаолиятини давом эттириш учун ватанларига қайтмоқда", деган.

Унинг сўзларига кўра, "Сурия ва Ироқдаги муваффақиятли аксилтеррор кампанияси фонида халқаро террорчилик ташкилотларининг бошқа «қайноқ» нуқталарга, шу жумладан, Афғонистонга кўчиши қайд этилмоқда", деб ёзади kun.uz.

Тошкентдаги йиғин тафсилотларига тўхталаркан, Ўзбекистондаги аксарият интернет нашрлари қаторида минтақавийлари ҳам айнан kun.uz га таянишган. Ундан иқтибос келтиришган.

Қолган собиқ Шўро давлатлари билан қиёсланганда, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи сафларида энг катта сондаги фуқаролари жанг қилган Россия томони ҳам жим турмаган.

Тошкент йиғинига мезбон қилган Ўзбекистон эса, энг сўнгги имконли бўлган халқаро рўйхатларда 1500 тага нисбат берилган жангариси билан Россиядан кейин иккинчи ўринда келган.

Навбатдаги огоҳлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Тошкентдаги йиғин чоғида Россия вакили яна бир бор ИШИД хавфи билан огоҳлантирган.

Бу гал огоҳлик Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати раҳбари оғзидан янграган.

Александр Бортниковнинг баён қилишича, "ИШИД жангарилари МДҲда кенгайишга ҳозирлик кўришмоқда".

Россия томони вакилига кўра, "ИШИД бўлинмаларининг Афғонистонда "Хуросон" қаноти остида фаоллашишаётганини қайд этишмоқда".

"Жамоат Ансаруллоҳ" ва "Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати" улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб боришмоқда".

Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати раҳбарига кўра, "уларнинг мақсади - МДҲ ҳудудида кенгайиш учун плацдарм яратишдир".

Александр Бортниковга кўра, "бу кенгайиш айнан Марказий Осиё фуқаролари ҳисобига амалга оширилади".

Россия томони вакили бунга ўзларида бўлган маълумотлар далолат қилишини айтган.

Унга кўра, бунга қўшимча, "Ғарб давлатлари ҳам МДҲ давлатлари ичкарисидаги вазиятни издан чиқариш учун фаол ҳаракат қилишмоқда".

Қолган Марказий Осиё давлатлари фуқаролари билан қиёсланганда, ҳам Яқин Шарқ ва ҳам Афғонистондаги ИШИД сафларида жанг қилган жангарилар айнан Ўзбекистоннинг ҳисобига тўғри келади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқаролари бу икки минтақада яна камида тўрт ўзбек жангари гуруҳи сафларида жанг қилиб келишади.

Умумиятла уларнинг сони халқаро ҳарбий доиралар ва ҳисоботларда бир неча мингга қиёс бериб келинган.

Асослари Ўзбекистонга бориб тақалувчи минтақадаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи - Ўзбекистон Исломий ҳаракати эса, 2015 йилда айнан Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига тўлиғича байъат келтирган.

Орада ҳаракат сафлари парчалангани, уларнинг сафларидан яна Афғонистон Толибон ҳаракатига мойил ўзаги ажралиб чиққани хабар берилган.

Аммо шу пайтга қадар бу икки гуруҳ лидерлари ва улар аъзоларининг аниқ сонларига оид маълумотлар кенг матбуотга имконли эмас.

Агар, халқаро ҳарбий таҳлилчиларнинг баҳоларига таянилса, ҳаракат заифлашиб бўлган ва жорий пайтда жон сақлаш мавқеида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Расмий Тошкент бу гуруҳлар хавфидан, Афғонистоннинг иккинчи Ироққа айланиши мумкинлиги эҳтимолидан ўз хавотирларини яширмаган. Буни президенти даражасида каттаю кичик минбарлардан изҳор этиб келган.

Аммо Ўзбекистон ва минтақадан имконли бўлган хабарларда Россия томонининг бу каби огоҳлигига расмий Тошкентнинг муносабати ҳалича кўзга ташланмайди.

Маълум бўлишича, Тошкентдаги йиғин чоғида Афғонистондаги вазият айнан Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизликка таъсири нуқтаи назаридан муҳокама этилган.

ИШИДнинг минтақадаги "Хуросон" тармоғи тўрт йилдирки фаолият юритиб келаётган афғонистонлик таҳлилчиларга кўра, Россия бу гал ҳам вазиятни бўрттириб кўрсатмоқда.

"Ўтган икки йил ичида ИШИДнинг фаолияти Афғонистон илова бутун минтақада сезиларли даражада заифлашди. Гуруҳ муттасил равишда Афғонистон Толибон ҳаракати, АҚШ ва афғон хавфсизлик кучларининг ҳужумлари остида. ИШИДнинг эҳтимолий ҳужумларининг олдини олиш мақсадида Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари ҳам хавфсизлик чораларини кучайтиришди. Биз сўнгги ҳафталар ва ойларда ИШИДнинг кучайиб бораётгани нишоналарини кўраётганимиз йўқ. Аммо ИШИД Афғонистонда ўзининг кичик сондаги аъзолари ва уяларига эга экани бор гап. Уларнинг Яқин Шарқдан Афғонистонга қайтиш ҳаракатида эканликлари ҳам тўғри. Шу боис ҳам, бу муаммога барҳам бериш учун минтақавий ҳамкорлик лозим. Минтақа давлатлари ҳукуматлари бир ёқадан бош чиқариб иш юритишмас экан, вазият ўнгланмайди", - дейди, жумладан, Довуд Аъзамий.

Минтақавий экспертлар эса, расмий Кремлнинг, айниқса, сўнгги йилларда хосан кучайиб бораётган бу каби огоҳликларини Россия ва унинг президентининг қайта уйғонган империалистик амбициялари билан изоҳлаб, талқин этиб келишади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатларида кузатиб келинган ва кузатилаётган бу каби ҳолатларни мамлакат мухолифатига босим ўтказишнинг воситаси сифатида ҳам баҳолашади.

Расмий хабарларга кўра, Тошкентдаги йиғин иштирокчилари шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида ҳам бўлишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасидаги ҳужум билан боғлиқ воқеаларнинг ривожини кузатиб боришда давом этади.

Энг сўнгги тафсилотлар учун веб саҳифамиз bbcuzbek.com ва ижтимоий мулоқот тармоқларидаги акаунтларимизни кузатиб боринг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ