Ўзбекистон: Абдуллоҳ уни қаерда ушлаб туришганини ҳеч кимга айтмаяпти

Абдуллоҳ Тоҳиров Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Абдуллоҳ Тоҳиров

26 октябр куни Андижон вилоят ИИББ га кириб кетиб ғойиб бўлган Абдуллоҳ Тоҳиров 9 ноябрга ўтар кечаси ярим тунда соат 3:00 да уйига кириб келди. Уйига Тошкентдан борган деҳқон Абдуллоҳ уни қаерда ва нима учун ушлаб туришганини яширмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси, ИИВ, Миллий гвардия Абдуллоҳ Тоҳиров масаласига алоқаси йўқлигини билдирди.

Расмий хабар йўқлиги турли миш-мишларнинг урчишига сабаб бўлмоқда.

Абдуллоҳ Тоҳиров Би-би-си учун ўзини тасвирга олган махсус видео юборди.

"Мен Тоҳиров Абдуллоҳман. 14 кундан бери интернет тармоқларида шов-шувга сабаб бўлиб, қидирилган ўша боламан. Барчангларга каттакон раҳмат. Ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мен Худога шукур ўз уйимда ота-онам билан тинч омон ўтирибман. Барчангларга раҳмат ", дейди Абдуллоҳ Тоҳиров.

У Би-би-сининг "Абдуллоҳ сизни ҳамма 14 кун қаерда бўлганингиз билан қизиқяпти. Бу саволга нима дея оласиз", деган саволига "муҳими соғ-саломатман, ҳаммага раҳмат", деб жавоб берди.

Абдуллоҳнинг онаси Иқболой Тоҳирова уларнинг оиласини қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат айтди.

"Хавотир олганинглар учун ҳаммангларга раҳмат. Тани жони соғ, ҳамма ёғи яхши. Кайфияти ҳам яхши. Худога шукр хурсанд бўлиб ўтирибмиз. Тонгга яқин соат 3 бўлиб қолувди. Ўзи келди. Машинада келдим, деди. Биз кўрмадик ", дейди Абдуллоҳнинг онаси Иқболой Тоҳирова.

Иқболай Тоҳирова ўғлини қайси ташкилот ушлаб тургани ҳақида билмаслигини айтди. Ўғлидан сўраганида у жавоб бермаган.

"Сўрадим. Жавоб бергани йўқ. Ҳаммаёғим яхши, деб жавоб берди. Яхшиман, нега хижолат бўласиз, ваҳима қилибсизлар, деди. Ваҳимага ўрин йўқ, деди", дейди Иқболой Тоҳирова.

Абдуллоҳ Тоҳиров 26 октябр куни Андижон вилоят ИИББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Эргашевнинг машинаси билан тўқнашиб кетганидан сўнг ички ишлар органига чақиртирилган эди.

Ўшандан сўнг унинг дараги ҳеч қаердан чиқмаган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати Абдуллоҳ Тоҳиров масаласи борасида Бош прокуратурада маълумот йўқлигини билдирди.

ИИВ матбуот хизмати 7 октябр куни gazeta.uz га Тоҳиров масаласи билан бошқа идора шуғулланаётганини айтди.

"ИИВ Абдуллоҳ Тоҳиров ишига изоҳ беролмайди. Бу масала билан бошқа идора шуғулланяпти. Айни дамда ушбу идора матбуот учун хабар тайёрлаяпти ва тез орада ошкор қилишни режалаган", - деди у.

ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов Би-би-сининг "бошқа ташкилот" номини аниқлаштириш бўйича берган саволига савол билан жавоб қайтарди.

"Абдуллоҳ топилибдими? Қаерда юрган экан сўрамадингизми?", дейди Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов.

Миллий гвардия матбуот хизматидан гапирган масъул Абдуллоҳ Тоҳиров масаласига ташкилотнинг алоқаси йўқлигини билдирди.

Бу масалага ойдинлик киритиш учун ДХХ билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Абдуллоҳ Тоҳировнинг 14 кун қаерда сақланганлиги сир сақланаётгани ижтимоий тармоқдагиларни хавотирга солмоқда.

Сирлилик турли миш-мишларнинг урчишига сабаб бўлмоқда.

Абдуллоҳнинг қаердалигини қатъий талаб қилиб чиққан "Адолат" социал демократик партияси адолат қарор топмади, дея мақола ёзди.

"Адолат" СДП Бош прокуратурадан Абдуллоҳ қаерда? мақоласи юзасидан ҳамда 14 кундан бери унинг қаерда эканлиги ҳақида хабар бермаган шахслар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериб, муносабат билдиришини кутиб қолишини яна бир бор таъкидлайди", дейилади баёнотда.

Йўл ҳаракати ҳодисаси

Йўл транспорт ҳодисаси содир этилган 26 октябр куни ички ишлар органи ходимлари Абдуллоҳ Тоҳировни уйидан ушлаб кетишган.

14 кун Тоҳировнинг қаердалиги ва нимада айбланаётгани яқинларидан сир тутилган.

Отаси Дилмурод Тоҳировнинг Би-би-сига айтишича, ўғли 26 октябр куни ички ишлар органи полковниги Қаҳрамон Эргашев бошқариб кетаётган машина билан тўқнашган.

"26 октябр куни эрталаб соат 7 атрофида тўқнашув содир бўлган. ДТП. Ўғлим Нексия-2 русумли автомашина билан тўқнашиб кетган. Айб ўғлимда бўлганлиги учун таъмирлаб беришни ўз зиммамизга олдик. У (Эргашев, таҳ) айтган устага олиб бордик", дейди Дилмурод Тоҳиров.

Тоҳировнинг айтишича, уста машина таъмири учун қимматроқ пул сўраган ва у арзонроқ уста топиш мақсадида машинани қўл телефонига тасвирга ола бошлайди.

Тасвирга олиш жараёнида машинанг орқа багажида яна бир давлат рақамига кўзи тушган.

"Съёмка қилаётган вақти мошинанинг орқасида давлат номерини кўриб қолдик. Органнинг рақами. Ўшандан кейин мен съёмкани тўхтатдим-да, бўпти мана шу устанинг айтган пулини тўлаймиз, деб уйга қайтдик", дейди Дилмурод Тоҳиров.

Дилмурод Тоҳиров уйга қайтиши билан ёзиб олган тасвирларини ўчириб ташлаганини айтмоқда.

У ўғлининг дарагини билиш учун Эргашев билан боғланган.

Андижон вилоят ИИББ Терроризмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Эргашев отасига ўғли Абдуллоҳ Тоҳиров интернетда "нозик одамларни" ҳақорат қилгани учун Тошкентга олиб кетилганини айтган.

"Жудаям нозик одамларга интернетда ёмон гапларни гапириб қўйган эканмиш. Мен бу гапларга ишонмайман. Сабаби отаси бўлганим учун ҳеч қаерга мурожаат қилмасин, деб қўрқитиш инструменти сифатида менга айтилган бўлса керак, деб ўйлаяпман. Ўғлим бировларни ҳақорат қилишига мен ишонмайман", - дейди Дилмурод Тоҳиров.

Унинг айтишича, 26 октябр куни тунги 23:30 ички ишлар органи ходимлари уйида тинтув ўтказган ва Тоҳировнинг қўл телефонини олиб кетишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek