Ўзбекистон, Валдай: «Россиядан шубҳаланиш кайфияти Каримов билан бирга кўмилмаган» - эксперт

Фото муаллифлик ҳуқуқи Pavel Cheremisin/Valday Discussion Group

10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Россияда асосланган Валдай клубининг ўнинчи Осиё анжумани бўлиб ўтди. Анжуман Россиянинг Марказий Осиёга нисбатан ўсиб бораётган таъсиридан узоқ йиллар сақланишга уринган марҳум Ислом Каримов кўрсатмаси билан барпо этилган Форумлар Мажмуасида ташкил этилди.

Ўзбекистонда илк бор ўтган мазкур клуб анжумани президент ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган

"Марказий Осиё ва Евроосиё: Глобал тартибсизлик қаршисидаги кўпқиррали ҳамкорлик" мавзусида бўлиб этаётган анжуманда 11 давлатдан 80 дан зиёд эксперт иштирок этгани хабар қилинмоқда.

Валдай ўзи қандай клуб?

Фото муаллифлик ҳуқуқи valday/screenshot

2004 йилда Россия ҳукуматининг кўмаги билан ташкил этилган Валдай Мулоқот Клуби ўзини "Россия ва халқаро зиёлилар мулоқотини ташкиллаш ва тарғиб этиш"ни мақсад қилган форум ўлароқ тасвирлайди.

Аммо Россия матбуоти ўтган сўнгги бир неча йиллардан бери Валдай юқори даражали экспертлар ва зиёлиларнинг ўзаро фикр алмашадиган платформасидан кўра Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот анжуманига кўпроқ ўхшай бошлаганини ҳақида бир неча бор ёзиб чиққан.

Жаноб Путин клубнинг йиллик йиғинларининг доимий меҳмони сифатида маълум. У Валдай конференцияларда дунёда юз бераётган сиёсий ўзгаришларга нисбатан ўз муносабатини билдириб келади.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти расмий сайтида маълум қилинишича, «Валдай тадбирлари доирасида дунёда муайян таъсир кучи ва доирасига эга кучли экспертлар, таҳлилчи ва мутахассислар тўпланадиган ва улар муҳим муаммолар ечими бўйича қарорлар ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этадиган, жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатининг долзарб масалаларига оид таклифларни муҳокама қиладиган» клубдир.

Анжуман ташкилотчилари ва иштирокчиларига қутлов йўллаган президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёнинг геосиёсий аҳамияти ортиб бораётганини таъкидлай туриб, Россияни Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори, дея атайди.

«Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг ишончли стратегик ҳамкори ва иттифоқдоши. Азалий дўстлик ришталарига асосланган муносабатларимиз изчил ривожланиб, янги амалий мазмун билан бойимоқда», таъкидланади президент Мирзиёевнинг қутлов мактубида.

Жаноб Мирзиёевга кўра, бундай анжуманлардан кўзланган асосий мақсад - «Марказий Осиёни барқарор иқтисодий ривожланган, тинчлик ва ҳамкорлик ҳудудига айлантириш».

«СССРдан сўнг йўқотилган улкан иқтисодий базани қайта тикламоқчимиз»

Икки кунлик анжуман давомида минтақавий сиёсий масалалар ва ҳамкорлик борасида фикр алмашган экспертлар мулоқот давомида ўртага ташланган мавзулар тўғрисида маҳаллий матбуотга ўз фикрларини билдирганлар.

Хусусан, Россия Фанлар академияси Э.М.Примаков номидаги халқаро ташкилотлар ва глобал сиёсий тартибга солиш сектори халқаро сиёсий муаммолар бўлими илмий ходими Алексей Куприянов Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига эҳтимолий қўшилиши йирик интеграцион лойиҳа эканини таъкидлай туриб, «ўхшаш иқтисодий бозорларни бир тизимга бирлаштиришдан барча манфаатдор»лигини билдирган.

«СССР қулаганидан кейин йўқ бўлиб кетган улкан иқтисодий базани тикламоқчимиз», қўшимча қилган Куприянов.

Шунингдек, анжуман сессиялари давомида дунё сиёсатида Осиёнинг аҳамияти ортиб борилаётгани ҳамда «янги дунёни, эндиликда, Осиё яратаётгани» мазмунидаги фикрлар ҳам янграган.

Спутник нашрининг хабар беришича,Германия-Россия форуми илмий раҳбари Александр Рар «айнан Ўзбекистондан Осиёнинг глобал бозори шаклланишни бошлаши»ни таъкидлаган.

«Ресурсларни ва инсон факторини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон минтақада муҳим ва кўзга кўринадиган ўйинчи сифатида намоён бўлмоқда, ва, ўйлайманки республика орқали Россия, Хитой ва Ҳиндистонни боғловчи йирик Осиё бозори шаклланади», дея қўшимча қилган эксперт.

Эҳтимолий геосиёсий лойиҳа

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Самарқанд катта тадбирлар ўтадиган шаҳарга айланмоқда

Россия сиёсий элитасининг муносабат билдириш саҳнасига айланган Валдай клуби анжуманининг Ўзбекистонда ўтказилиши эса нимани англатиши мумкин?

Францияда истиқомат қилувчи сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, Валдай Россиядаги энг қудратли интеллектуал клубдир.

"Валдай айни пайтда ҳам клуб, ҳам форум ҳисобланади. У клуб сифатида Россиядаги энг қудратли, энг катта таъсирга эга сиёсатшунослар, тарихчилар, халқаро муносабатчилар ва бошқа мутафаккирларни ўз ичига қамраб олган. Форум сифатида эса йилига бир ёки икки марта катта йиғилишлар ўтказиб, дунёда таъсири катта экспертларни Россияга таклиф қилади".

Бироқ сиёсий таҳлилчи халқаро экспертларнинг сўзлашув майдони ўлароқ тарғиб этилсада, Валдайни Россия сиёсий элитаси қарашлари илгари сурилувчи жойдир, дея атайди.

«Валдай дунёда давом этаётган воқеа-ҳодисаларга Россия манфаатидан туриб муносабат билдириш ва лойиҳалар ҳамда ғоялар ишлаб чиқариш фабрикаси ҳисобланади».

Камолиддин Раббимов марҳум президент Ислом Каримов даврида амалда бўлган Россиядан эҳтиёт бўлиш сиёсати ортидан Самарқандда Валдай анжуманининг бўлиб ўтиши замирида катта маъно борлигини таъкидлайди.

"Каримов ўзининг 27 йиллик бошқаруви даврида асосий эҳтиёткорлигини Россияга қаратди. Россия СССРдан ажралиб чиққан Ўзбекистон мустақиллигини қайта тортиб олиши мумкин бўлган давлат, «улуғ миллатчилик » ва шовинизм маркази сифатида кўрилган эди. Шу сабабдан ҳам Россиядан масофа сақлаш сиёсати олиб борилди", тушунтиради таҳлилчи.

Камолиддин Раббимов Ўзбекистонда биринчи марта ўтган Валдай клуби анжуманидан сўнг россиялик сиёсатшунос мутафаккирлар иштирокида расмий Москва Ўзбекистонга йўналтирилган лойиҳалар ишлаб чиқишни бошлайди.

«Бу билан Ўзбекистоннинг Россия геосиёсий орбитасига кириб бориши тезлашади, менинг назаримда», фикр билдиради у.

Сиёсий таҳлилчи Россияда асосланган йирик илмий-сиёсий клуб анжуманининг Ўзбекистонда ташкил этилишининг ижобий ва салбий жиҳатларини қуйидагича изоҳлайди:

«Бу конференциянинг ижобий томони - Ўзбекистоннинг ҳар қандай форматдаги, ҳар қандай давлатлар билан интеллектуал лойиҳаларда иштирок этиши муҳим. Бироқ салбий жиҳати шундаки, бундай лойиҳалар фақат бир томонлама бўлиб қолиши мумкин. Масалан, Ўзбекистон фақат Россия билан бўлиб, бошқа давлатлардан масофа сақлайдиган бўлса, унда бу геосиёсий лойиҳага айланиб қолади».

Шунингдек, Камолиддин Раббимов айрим сабабларга кўра, Ўзбекистон томонининг анжумандаги иштироки эркин баҳс ва фикрларсиз ўтганини ҳам тахмин қилади.

"Самарқанддаги бу анжуман ташкилотчиси президент ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти. Афсуски, бу институт таркибида мустақил экспертлар ва давлат сиёсатидан ташқарида бўлган шахсларни кўрмаймиз. Демак, буни Ўзбекистон томонидан сунъий иштирок этиш ва вазиятни назорат қилиш, дейиш мумкин. Шу сабабдан анжуман давомида Ўзбекистон тарафдан эркин фикр, эркин баҳс-мунозаралар бўлгани борасида гапириш имконсиз", дейди у.

Қозоғистонда истиқомат қилувчи Марказий Осиё минтақаси бўйича эксперт Жоанна Лиллиснинг Би-би-сига билдиришича, Валдай клуби расмий Москванинг сиёсий қарашлари дунёга тарғиб этиладиган юмшоқ куч воситасидир ва бу клуб анжуманининг Ўзбекистонда ўтказилишини Тошкент сиёсий доираларининг маълум даражада Кремлга яқинлашишга интилиши инъикоси ўлароқ кўриш мумкин.

«Агар Каримов даври бўлганда, Тошкент бундай форумлардан ўзини четга олган бўлар эди, лекин ҳозирги ҳукумат бу каби лойиҳаларни хуш қаршиламоқда. Ўйлашимча, бу Мирзиёев давридаги Ўзбекистоннинг Россиядан камроқ хавотирлана бошлаётгани белгисидир », сўзлайди Лиллис хоним.

Бироқ Жоанна Лиллис Ўзбекистоннинг Россия пинжига янада чуқурроқ кириб боришига у қадар ишонмаслигини ҳам таъкидлайди.

"Бир вақтнинг ўзида Тошкент Россияни ўзига янада яқинлашишига ҳам йўл қўймайди, деб ишонаман. Мирзиёев Каримовдан кўра кўпроқ "россияпараст" сиёсат юритаётган бўлса ҳам, Россияни маълум масофада тутиб туришга уринади".

«Расмий Тошкентда узоқ йиллар мавжуд бўлган Россия гегемониясидан шубҳаланиш кайфияти Каримов билан бирга кўмилмаган».

Мавзуга алоқадор

Ўзбекистон ва дунё: Бўлажак (балки ҳозирги) сиёсий раҳбарлар учун фото қўлланма ё куламизми, куямизми?

"Халқлар устида тажриба ўтказилмайди" ёки Ўзбекистон Россия ва Ғарб орасида қолдими?

Ўзбекистонга ким босим ўтказяпти -Америками Россия?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ