Ўзбекистон партиялари дебати: 2,5 миллион ойлик беш болага етади ёхуд "Ҳаммага тоза ичимлик суви!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи MY5
Image caption Эҳтиросларнинг ҳаммаси ҳам сохта эмас эди

Ўзбекистон парламент сайловларида иштирок этиши кутилаётган бешта сиёсий партия биринчи бор жонли телевизион дебатда қатнашдилар. Sevimli ва "Менинг юртим" каналлари томонидан уюштирилган қарийб бир ярим соатлик дебатда бешта партиянинг лидерлари саҳнада саволга тутилди. Бошловчилардан бирининг айтганидек, бу платформа уларга ўзларини "реклама қилиш" учун ажойиб имконият эди.

Аммо, дебат бошланишиданоқ бошловчининг партия раҳбарларини "қарсаклар ва мусиқа садолари остида даврага таклиф этамиз" дейиши ташкилотчиларнинг дебат учун қандай усулни танлаганларига ишора қилди. Бошловчилар томонидан "шовқинли савол" ва "шовқинли жавоблар" рағбатлантирилди. Барабанлар ва карнайлар зални титратди, байроқ ҳилпиратган иштирокчиларнинг қичқириқлари жиддий сиёсий баҳсдан кўра кўпроқ футбол матчини эслатди.

Аксар саволлар узун ва мавҳум, жавоблар эса қисқа ва, умумийла, янада мавҳумроқ эди. "Савол бергандан кейин вақтини етарли қилиб берсанглар" дея эътироз билдирди "Миллий Тикланиш" демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров.

Ҳукуматни эгаллаш истаги борлигини даъво қилаётган бешта партия мамлакат олдида турган энг ўткир масалаларни муҳокама қилади, деб умид қилганларнинг ҳафсаласи пир бўлган бўлса, ажабмас.

Хусусан, коррупция сўзи дебат давомида фақат икки марта янгради. Халқаро Транспаренси ташкилотининг охирги йиллик ҳисоботида коррупция даражаси бўйича 180 давлат ичида 158-ўринда турган Ўзбекистон учун коррупцияга қарши жиддий кураш кўплаб иқтисодий муаммоларни ҳал қилиши мумкинлиги айни ташкилот томонидан ҳам такрорланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MY5
Image caption ХДП раҳбари Улуғбек Иноятовнинг истеъмол саватчаси ҳақидаги жавоби энг кўп шовқинга сабаб бўлди

Халқ Демократик партияси (ХДП) аъзосининг Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеп) лидери Актам Хаитовга берган саволи банклар ва кредит олувчилар ўртасида "сунъий равишда коррупцияга берилган" таъминотчилар ҳақида эди. Хаитов "аниқ фактлар" йўқлиги ваъжи билан масалага ойдинлик киритмади. Коррупцияга қарши кураш масаласига "Адолат Социал-демократик партияси раҳбари Наримон Умаровнинг охирги бир дақиқалик чиқишида бир оғиз тегиб ўтилди.

Ўзбекистон иқтисодида монополия ўрнатган ташкилотлар ва оқсаётган саноат, суд ва прокуратура органларнинг мустақиллиги, чет элга иш излаб кетаётганлар оқими ва агентликлар томонидан алданган ишчилар ва бот-бот такрорланадиган прописка масаласи кўтарилмади.

Хотирада энг узоқ муҳрланиб қоладиган баёнот ХДП раҳбари Улуғбек Иноятовга тегишли бўлса керак. Тошкент шаҳрида беш кишилик оила ойига қанча маблағга яшай олиши сўралганда, жаноб Иноятов беш киши эмас, беш фарзандли оила ойига 2,5 миллион сўмга яшай олишини билдириб залдаги ғала-ғовурга сабаб бўлди. Саволни берган журналист ларзага келганидан ўзини курсисига ташлаб ётиб олди.

Аммо, қолган партияларнинг раҳбарларига кўра, Ўзбекистонда истеъмол саватчаси, яъни ҳар бир киши учун зарур бўлган озиқ-овқат ва хизматларнинг минимуми ҳали ҳисоблаб чиқилмаган. "Миллий тикланиш" демократик партияси (МТДП) лидери Алишер Қодиров фурсатдан фойдаланиб абгор иқтисодий аҳволда ҳукуматдаги ЎзЛиДепни айблаб олди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MY5
Image caption Журналист жавобдан ларзага тушди

МТДП лидери ўтган ой Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишига қарши чиқиши билан кичик шов-шувга сабаб бўлганди, аммо бу сафар у айни масалага мавҳумроқ яқинлашишга қарор қилди. Унинг айтишича, иттифоққа қўшилиш йўлида ўрганиш ишлари олиб бориляпти ва партия юрт манфаати йўлидаги барча иттифоқларни қўллаб-қувватлайди.

Россия мавқеи устунлик қиладиган Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш ижтимой тармоқлар ва хабар сайтларида қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Партиялар ичида фақат ЎзЛиДеп раҳбари Хаитов ўз партияси бу иттифоққа қўшилишни қўллаб-қувватлашини очиқ айтди.

Июль ойида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида ўз мулки тортиб олинишига қаршилик сифатида ҳоким ўринбосарига ўт қўйган тадбиркор масаласи, таъбир жоиз бўлса, партиялар орасида футбол қилинди. "Адолат" аъзоси бу саволни ҳукуматдаги ЎзЛиДепга берса, ЎзЛиДеп аъзоси ўз навбатида уни қайтариб "Адолат" раҳбарига берди.

ЎзЛиДеп жавоби: "Тадбикорларни ҳимоя қилиш устивор масаламиз. Натижа энди бўлади".

"Адолат" жавоби: "Саволга тушунмадим".

Фото муаллифлик ҳуқуқи MY5
Image caption Дебатлар давом этиши ваъда қилинди

ХДП аъзоси МТДП раҳбаридан нега коммунал тўловлар ошиши бўйича "аниқ позиция"си йўқлиги сўралганда, жаноб Қодиров ўзига хос ғояни амалга оширишини айтди.

Унга кўра, барча коммунал тўловларни тўлашга қурби етиши учун унинг партияси "табақалаштирилган коммунал тўловлар"ни таклиф қилади, яъни ҳар кимга ўз молиявий аҳволидан келиб чиққан ҳолда коммунал тўлов миқдори белгиланади. "Даромад кўпроқ бўлса, кўпроқ, камроқ бўлса - камроқ" деди Қодиров.

Ўқитувчилар кўкрагига нега шамол тегмаслиги сўралганда, собиқ Халқ таълими вазири, бугунда ХДП раҳбари Иноятов саволдан бироз норози бўлди ва ўқитувчиларни ҳатто президент ҳам қўллаб-қувватлашини рўкач қилди.

Партия раҳбарлари орасида энг кўп важоҳат Ўзбекистон экологик партияси лидери Борий Алихоновда эди. Аммо, унинг баёнотлари важоҳатига мос бўлмади. Атом электрик станцияси лойиҳаси ва дарахтлар кесилиши, қурғоқчилик ва заҳарланган ҳаво каби ўткир масалаларни тилга олмаган жаноб Алихонов бир неча бор "тоза ичимлик суви" аҳамияти ҳақида куйиниб гапирди.

"Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш биз учун биринчи устивор масала! Тоза ичимлик сув ичса, инсон саломат бўлади!" деди у.

Дебат якунида бошловчиларнинг билдиришларича, партиялар бир ҳафтадан сўнг яна телевизион дебатда қатнашадилар.

Мирзиёев парламент сайловларида ёшларга имконият берилишига ишоняпти

BBCUZBEK.COM матбуот шарҳи: Ўзбекистон партиялари уйғонмоқдами ва Бош вазирни уялтирган мулозимнинг қайтиши...

Ўзбекистон: Депутат прописка масаласини кўтарди, аммо бекор қилишга чақирмади

Ўзбекистон: Содиқ Сафоев эски тизим, ислоҳотлар ва Мирзиёев командаси ҳақида

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek