Юлдуз Усмонова Ўзбекистон ва хориждаги ҳаёт ҳақида: "Нон топиш ҳамма жойда қийин..."

Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонова Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

"Дунёни қаерида осон ҳозир? Қаерга борсанг динга тегади, қаерга борсанг - нафсониятингга тегади, қаердадир урф-одатингга, қаергадир борсанг - миллатчилик. Дунёнинг ҳамма бурчаклари шунақа бўлиб қолди ҳозир", - дейди Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонова Би-би-си Ўзбек хизмати билан эксклюзив суҳбатда.

Юлдуз Усмонова Москва шаҳридаги "Крокус Сити Холл" концерт залида юбилей дастурини тақдим этган хонанда концертдан олдин Би-би-си ўзбек хизмати учун интервью берди.

Таниқли санъаткор ўзбекистонликларнинг муҳожирликка чиқишга мажбурлигини "ҳаёт учун кураш"га тенглади.

- Мусофирлик - осон эмас. "Бўри ов қилса, нон ейди". Ўзбекларимиз, халқимиз кўпайяпти, унга Ўзбекистон бозори кичкина бўлиб қолди, кенгайишга мажбурмиз. Европада энг кўп тарқалган халқлардан бири -Голландия халқи, улар бутун дунёда. Чунки аҳолиси кам ва уларга бозор керак. Биз ҳам бозор керак бўлганида тарқайверамиз. Нима бўлганида ҳам, бизни ўзбек халқида ҳам анъанавий, ҳам диний бир ёндошувимиз бор - қаерда бўлсак ҳам, Ватанни севамиз.

Суҳбатда Усмонова хоним ватандошларнинг бир-бирига меҳр-оқибатсизликларидан нолиди.

"Хурматсизлик камайиб, бирлашиш кўпайганида катта нарсалар бўлиб кетиши керак эди," дейди у.

Шунингдек, хонанда муҳожирлар ҳаёти ҳақида тўхталаркан, Россиядаги ўзбекларнинг кўпчилиги Ўзбекистонга кетиб, бироз вақтдан сўнг яна Россияга қайтиб келаётганини гапирди.

"Қаерда осон?! Нон топиш ҳамма жойда қийин. Ўзимизда ишласа ҳам нон бор аслида. Тўғри бу ерда сарёғли нон бўлса, ўзимизда қуруқ нон билан ёғ-ошингни топиб ейсан. Баъзилар бу ерда кўча супуришга уялмайди, биров-бировни танимайди деб. У ерда "вой палончи кўча супураяпти, деб айтади", дейишади. Айтганимдек, " бир-биримизни чўқиймиз". Лекин қийин аҳволда эмас. Россияни ўзи ҳам осон аҳволда яшаётгани йўқ. Дунёни қаерида осон ҳозир?"

1995-2000-йилларда Юлдуз Усмонова ижодида хотин-қизлар муаммолари муҳим ўрин эгаллаган. "Қоп кўтарган аёл", "Мардикорга чиқди аёллар" сингари қўшиқларида жамиятда аёлнинг ўрни пастлаб бораётганидан бонг урганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати ундан кейинги йилларда бу каби муаммоларни кўтармаётганлиги сабабини сўради.

- Аёлларимиз қўполлашиб, эркаклашиб кетди. Болалар "она" дейман деса, оналар "крутой" бўлиб ётибди ҳозирги кунда. Она деб улуғлаб қўшиқ ҳам айтмай қўйдим кейин. Ўзим ҳам руҳий жиҳатдан ўзгаришим керак эди, кўникишим керак эди. Бу вазиятни ўрганиб чиқмагунча айта олмасдим. Энди билаяпманки, эркакшодалик ниқобини орқасида катта бир аёл ётади. Улар шу қўшиқларга мухтож. Мен буни секин-секин кўраяпман ва аёллар ҳақидаги қўшиғимни янги дастуримга киритаяпман, - дейди Юлдуз Усмонова.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ