Тошкент ҳокимининг ўлим таҳдиди Ўзбекистон бошқарув усулини фош қилдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption Кун.уз журналистларининг Ортиқхўжаев билан можаро ортидан ўтказилган учрашуви

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича вакили Арлем Дизер kun.uz журналистларига нисбатан Тошкент шаҳар ҳокими тилидан янграган таҳдидлардан ташвиш билдирди.

"Мен Kun.uz хабар агентлиги журналистларининг юқори мартабали мулозим томонидан таҳдид этилгани ҳақидаги хабарлардан ташвишдаман. Бош прокуратуранинг ҳодисага тезкор муносабатини олқишлайман ва уларнинг ҳар томонлама текширув ўтказишлари, журналистларнинг хавфсизлиги таъминланишига умид қиламан", деб ёзди ўзининг Твиттер саҳифасида ЕХҲТнинг Матбуот эркинлиги бўйича вакили.

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Кун.уз журналистларига қарата қилган ўлим таҳдиди, ҳамда ушбу таҳдид оммага фош бўлиши ортидан ҳокимга нисбатан жазо қўлланмагани жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, ўзбекистонлик қатор журналистларнинг айтишларича, ҳокимнинг жазосизлиги Ўзбекистондаги сўз эркинлиги йўлида қилинаётган ислоҳотларга тўғаноқ бўлади ва мамлакатнинг халқаро обрўсига путур етказади.

Айни дамда Кун.уз таҳририяти Ортиқхўжаев билан учрашув ортидан ўзаро "тушунмовчиликка барҳам берилган"ини билдириб, масалани ортиқ муҳокама қилмасликни сўраган.

"Бунақаси кетмайди. Таҳдид жудаям жиддий бўлган. Нафақат кун.узчиларга, балки умуман Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига таҳдид деб билиш керак буни. Жаҳонгир Ортиқхўжаев қонун олдида сўзига жавоб бериши керак", - дейди журналист Улуғбек Ашур.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, бу каби жазосизликка демократик давлатларда йўл қўйилмайди.

"Ҳатто тоталитар тизим даврида, Совет Иттифоқида ҳам ўша даврдаги мафкурага мувофиқ бундай шахс бир кун ҳам ҳокимиятда қола олмас эди. Ҳатто авторитар давлатларда ҳам давлат мулозимининг журналистларни бундай ҳақорат қилиши ортидан ҳокимиятда қолиши имконсиз", - дейди у.

Журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Малоҳат Эшонқуловага кўра эса, Ортиқўжаевнинг журналистларни ўлдириб юбориш билан таҳдид қилиши мамлакат бошқарувидаги асл иллатларни очиб берди.

"Бу гапларни эшитгач бутун танам музлаб қолди. Чунки бу воқеаларнинг барини мен ўз бошимдан ўтказганман. Ортиқхўжаев ё ўзини ғалчаликка солиб, ё билиб ё билмай, жамиятдаги ва давлат бошқарувидаги ҳақиқий ҳолатни, ҳақиқий зўравонликни ва ҳақиқий иллатларни очиб бериб қўйди", - дейди Эшонқулова.

Журналист Давронбек Тожиалиевга кўра, Кун.уз сайти билан боғлиқ вазият Ўзбекистон ҳукумати учун жиддий синов бўлди.

"Гарчи ҳақоратловчи зўравон ва ҳақоратланувчи мазлум келишиб олган бўлсалар-да, ижро этувчи ҳокимият вакилининг "тўртинчи ҳокимият" вакилини ўлим билан таҳдид қилиши — жиддий воқеа. Бу ҳолатда Давлат раҳбари доирасида муносабат билдирилиши ва қонуний чора кўрилиши керак эди. Агар ҳоким яна сувдан қуруқ чиқса, бу — Ўзбекистонда сўз эркинлиги борасида яна хавотирларга ва халқнинг ишончсизлигига сабаб бўлади", - дейди у.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати нима деди?

Расул Кушербаев:

Фото муаллифлик ҳуқуқи Telegram

"Айрим ваколатли ва кучли масъулларнинг очиқлик, сўз эркинлигини бўғишга бўлган очиқча қаршилиги, босими, ҳақоратларини эшитиб бу юртда Конституция, қонунлар фақатгина оддий фуқаролар амал қилиши шарт бўлган ҳужжатлар холосми, деган хавотир пайдо бўлаяпти. Балки оширворгандирман, бироқ бори шу.

Яқинда берган саломим ўрнига "погон"ли бир шахсдан "шакал" сўзини қабул қилиб олганимда мен суянган қонунларнинг аҳволини кўриб очиқчасига қўрқишни бошладим. Қонунларда таъқиқланган камситиш, ҳақорат, босим, зўравонлик кабилар айрим мансабдорлар, ҳуқуқни мухофаза қилиши керак бўлганларнинг кундалик ишига айланаяпти. Чунки уларга келганда қонун йўқ.

Қонунларимиз, ишончимиз, иродамиз, давлат раҳбарининг одил ислоҳотларига бўлаётган жавоб учун қўрқаяпман.

Болалар ўз оталари ҳар қандай пайтда йўқолиб қолиши, чўкиб кетиши ва уйига қайтмаслигини билмай эшикка қараб кутиб ўтирадиган жамият пайдо бўлиб қолишидан қўрқаяпман. Қўрқаяпман..."

Ҳоким аудиосида нималар дейилган?

Тарқалган аудио парчасида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шундай деган:

«Бир ҳафта олдин мани заводимда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ***дан олиб ***га солади. Монопол, «Артел» дабдала, деб!

Бир ҳафтадан кейин ўн минг доллар берсанг, ўша маҳсулотни мақтаб чиқади-да, реклама асосида дейди!

Они кто вообще? (Ўзи улар ким?) Они твари последние! (Улар учига чиққан маҳлуқлар!)

Онанинг боласими булар ё итнинг боласими?!

Принцип йўқ, ифлос, бедолага! (қашшоқ)

Петухлар келяпти мана бу ёқдан, ҳаммаёқдан келиб, ўзича ҳаммани иснодга қўяди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption Ортиқхўжаев ўлим таҳдидини журналистлар ва Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ўртасида келиб чиққан можаро ортидан қилган

Я могу так сделать, что вас в махалле не принимают (Мен шундай қилишим мумкинки, сизлардан маҳалла воз кечади)

Это я смогу (Бу қўлимдан келади).

Так могу сделать ваши родители издевались (шундай қилишим мумкинки, ота-онанг бош кўтариб юролмай қолади, демоқчи)

Я так могу сделать даже соседи (шундай қилишим мумкинки, ҳаттоки қўшниларинг) кўришганда уялиб қолиши мумкин.

Я могу это сделать. Что, мне трудно чтоли объявить вас геем? (Мен буни қилишим мумкин. Нима, менга сизларни гей деб эълон қилиш қийинми?)

Это легко! (Бу жуда осон)

Легко! (Осон)

Свобода слова! (Сўз эркинлиги!)

Я за шесть секунд вас посажу в одно такси с геем, и всё! (Мен олти сония ичида сизларни ичида гей ўтирган таксига ўтқазаман, бўлди!)

Фотографируют и вас объявляют геем (Сизларни фотосуратга олишади ва гей деб эълон қилишади).

Ёқадими раҳбаримизга, ёқмайдими, менинг ўзимнинг ҳам… (тушунарсиз)

Я могу это делать (Мен буни қила оламан). Шесть секунд могу сделать! (Олти сонияда қила оламан). Организовать могу (Ташкиллаштира оламан). Или сомневаешься? (Ё шубҳа қиляпсанми?) Тушунтира олдимми?!

Икки-уч кун биттанг бесабаб уйдан чиқиб кетларинг, йўқолиб қолларинг… Уч кун! Бесабаб биттанг уйдан чиқиб кетларинг! Вы хотите этого? (Сизлар буни истайсизларми?) Уч кун йўқ бўлиб қолса, ҳамма жим-жит! Ў-ў-ў, сан тирикмисан, ҳеч ким хабар олмайди, айтиб қўяй, сани! У ер - бу ерда ёзишади, бир ҳафтадан кейин унутишади. Бўлди! Қаердадир чўкиб ўляпти-да чўмилаётганда дейишади. И всё (Бўлди). Ҳаёт шунақа!

Шунинг учун, лучше с нами работайте (яхшиси биз билан ишланглар). Если у вас будут какие-то проблемы, помогите нам, чтобы мы решили эту проблему (Агар сизларда қандайдир муаммо туғилса, бизга бу муаммони ечишда ёрдам беринглар)», — деган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистларга қарата.

Ортиқхўжаев матбуот хизмати Би-би-сига нега ёлғон маълумот берди?

"Мен итнинг боласи эмасман" - kun.uz нинг икки журналисти истеъфо берди

Фарғона вилоят ҳокимлиги Ғаниев сўзларига изоҳ берди: "Букрини гўр тўғрилайди..."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek