Ўзбекистон: Прокуратура Тошкент ҳокими Ортиқхўжаевга чора кўришга ожизми?

жаҳонгир Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Халқаро ташкилотлар Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга нисбатан қилган таҳдидларига хавотир билдирмоқда. Ўзбекистон сенати ва Бош прокуратура бу мавзуда сукут сақламоқда. Прокуратура Ортиқхўжаевга чора кўришга ожиз, деган фикрлар янграй бошлаган.

Кун.уз нашри ҳоким Ортиқхўжаев билан учрашиб ҳамма нарсани келишиб олганини айтганидан сўнг, ижтимоий тармоқларда ғазабнок муносабатлар нишонига айланди.

Изоҳ қолдирувчилар ҳафсалалари пир бўлганини яширишмади.

Ҳокимнинг ўзи кун.узга қаратилган танқидлар соясида қолиб кетди.

Кун.узнинг махсус мухбири Шуҳрат Шокиржонов ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида воқеалар силсиласи борасида ўз талқинини баён қиларкан, "Осмон — узоқ, ер — қаттиқ…", деб ёзди.

Журналист воқеалар марказидаги асосий қаҳрамон кун.уз тасвирчисини олдига солиб қувган ва узр сўраш ўрнига журналистга видео орқали туҳмат қилгани айтилаётган Олмазор туманининг эндиликда собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ҳақида ёзган.

Прокуратура икки марта Ваҳобов ишида жиноят аломатлари йўқ дея ишни ёпган эди.

"Энди виждонан айтинг: қандайдир "замҳокимча"га қонуний чора кўролмаган прокуратура органлари Ўзбекистоннинг №3-рақамли амалдори Тошкент шаҳар ҳокимига чора кўра олармиди?", дея савол беради Шуҳрат Шокиржонов.

Би-би-сининг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга прокуратура чора кўришга ожизми, деган саволига Бош прокуратура матбуот хизмати иш ўрганилаётгани ва натижа бўлиши билан хабар берилишини маълум қилди.

"Тошкент шаҳар ҳокими билан шу инцедент бўйича муроса қилинди. Лекин ич-ичимиздан барибир бунақа ҳолларга муросасизмиз. Чунки ҳокимда қилган ишидан заррача пушаймонлик туйғуси йўқ», деб ёзди Шуҳрат Шокиржонов.

Ижтимоий тармоқларда норозиликлар тинмас экан, Кун.уз мухбири ҳамкасбларини Жаҳонгир Ортиқхўжаев номини ва Артел маҳсулотларини бойкот қилишга чақирди.

"Мен орзу қиламан ҳамкасбларим Жаҳонгир Ортиқхўжаевга бойкот эълон қилишларини. Ўз нашрлари, каналлари ва сайтларида унинг номини тилга олмаслиги, у ҳақида умуман материал, видео ва фотосурат бермасликларини.

Мен орзу қиламан халқимиз Ортиқхўжаевга тегишли заводларнинг маҳсулотларини харид қилмасликларини. Умуман у маҳсулотлардан воз кечишларини…

Зулмга қарши энг яхши бирикиш мана шу бўларди", дейди Шокиржонов.

Айни пайтда кун.уз сайти ҳокимнинг журналистларни таҳдид қилгани эшитилган аудионинг ўз таъбирича, "нисбатан тўлиқ» версиясини эълон қилди.

Кун.узга кўра мулоқот жами бир соат давом этган.

Ушбу аудио ёзувдан Тошкент шаҳар ҳокимининг бошқа қирралари, масалан, мажбурий меҳнат тарафдори эканини ҳам билиб олиш мумкин .

Аудиони ўзининг Телеграм каналида эълон қилган блогер Нурбек Алимов эса, нисбатан тўлиқ вариант деб айтилаётган аудио файлда ҳокимнинг сувда чўктириб ўлдириб юбориш ҳақидаги таҳдидлари йўқолиб қолганига эътибор қаратган.

Ҳоким нисбатан тўлиқ аудиода ҳокимлик биносини шахсий уй билан қиёслайди. Ҳокимлик биносига камера билан бориш мумкин эмас, деган у.

"Ортиқхўжаев журналистикани, ҳуқуқни ва қонунни тушунмаслигини билдирди. Ҳокимият биноси ва ҳовлисини шахсий хонадон билан қиёслаши, у шахс дахлсизлиги нимаю, давлат идоралари - жамоат жойи эканлигини мутлақ тушунмаслигини кўрсатади", деб ёзди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Американинг Тошкентдаги элчихонаси журналистларга ҳоким томонидан бўлган таҳдидни қоралаб чиқди.

Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича вакили Арлем Дизерлар Twitterда Ўзбекистонда ҳоким томонидан журналистларга бўлаётган ўлим таҳдидидан хавотир билдирди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Би-би-сининг турли кўринишда 3 маротаба, ҳоким бўлиб ўтган воқеалар юзасидан узр сўрайдими, дея берган саволларини очиқ қолдирди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистон сенати аъзоси ҳамдир.

Ҳанузгача Сенатнинг одоб-ахлоқ комиссияси Ортиқхўжаев масаласини муҳокама қиладими, деган савол очиқ қолмоқда.

Сенат матбуот хизматидан ушбу саволга жавоб олишнинг имкони бўлмади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ