Тошкент ва уйғурлар: Ўзбекистон Хитой таъсирига тушиб қолдими?

Президентлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Тошкент ва уйғурлар: Ўзбекистон Хитой таъсирига тушиб қолдими? - Хитойдаги юз минглаб мусулмонларнинг тақдирларига оид янги хавотирлар яна бу масалада Ўзбекистон илова Марказий Осиё давлатларининг тутган мавқеъларига эътиборни тортди. Расмий Пекинга кўра, Тошкент уларни қўллаган.

Би-би-си шу кунларда қўлга киритган янги маълумотларга кўра, ҳали-ҳануз бир миллионга яқин мусулмон Хитой ҳукуматининг кучли қўриқланувчи қамоқхона-лагерларида қолмоқда.

Таъбир жоиз, бу маҳбуслардан аксарияти уйғурлар бўлишади.

Шунча сондаги одамнинг бирор бир судсиз-маҳкамасиз ушлаб кетилиб, у ерларда тутиб турилишлари ишонилади.

Маълум бўлишича, уларнинг онги ювилмоқда, мияларига бошқа таълимотлар сингдирилмоқда, қамалмоқда ва жазоланмоқда.

Бу жамлоқларда шафқатсиз интизом ўрнатилган, маҳбуслар куч билан ушлаб турилади ва кузатув камераларидан доимий таъқиб қилинади.

Расмий Пекин ҳужжатларни шарҳламаган, Хитойнинг Британиядаги элчиси эса уларни "сохта" деб атаган.

Сўнгги уч йилда Хитойнинг шимолий-ғарбий Шинжон минтақасида яшовчи уйғурлар ва бошқа мусулмон этник озчиликларнинг тақдири юзасидан хавотирлар кескин ортган.

Хитой ҳукуматининг бу қамоқхона-лагерлари дунёдаги мусулмонлар учун мўлжалланган энг йиригига қиёс берилган.

Буларнинг барчаси сўнгги йилларда Ғарбнинг жиддий хавотирларига ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Масала, ҳатто, Бирлашган Миллатлар Инсон Ҳуқуқлари қўмитасининг тингловига ҳам қўйилган.

АҚШ ҳукуматининг диққат-марказидаги масала - мавзулардан бирига айланган.

Расмий Вашингтон яқинда бу каби хабарлардан ўта ташвишда эканликларини айтиб чиққан.

Дунё давлатларини уйғурларни ортга, Хитойга қайтармасликка ҳам даъват қилган.

АҚШ Хитой каби дунёнинг иккита ҳарбий ва иқтисодий қудратидан биттаси бўлади.

Аммо, минтақавий кузатувчиларга кўра, Би-би-сининг янги маълумотлари янграётган бу каби танқид ва билдирилаётган айни мазмундаги хавотирларнинг амалда бесамар бўлаётганига далолат қилади.

Ўзбекистон: Уйғурлар ҳимоячиси мамлакатга киритилмади

АҚШ "уйғурлар таҳқири" туфайли Хитой ташкилотларини қора рўйхатга солди

Каримов, Мирзиёев, Тошкент: Уйғурлар масаласи Ўзбекистонда ҳам жиддий сиёсий масалага айланади, аммо...

Марказий Осиё, уйғурлар ва акс-садолар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Pool/gettyimages

Хитойдаги мусулмонлар билан боғлиқ воқеаларнинг бу каби ривожи аксарият минтақа давлатлари аҳолисини ҳам беэътибор қолдирмаган.

Сўнгги пайтларда кўпчилик ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари диққат-эътиборидаги энг муҳим ва қайноқ мавзулардан бирига айланган.

Бу мусулмонлар билан боғлиқ ҳар қандай хабар ижтимоий мулоқот тармоқларида уларнинг қизғин баҳсу мунозараларига сабаб воқеълик тусини олган.

Бу хусусда қолдирилаётган аксарият коментларнинг умумий мазмуни ўз ҳукуматларининг бу масалада уйғурлар, мусулмонлар тараф бўлиши шартлигида ўзининг ифодасини топган.

Аммо катта сондаги фуқароларининг бу каби ўй-фикрларига қарамай, сўнгги йилларда кўпчилик Марказий Осиё давлатларининг бу масалада расмий Пекин сиёсатини қўллашлари маълум бўлган.

Қирғизистон ва Қозоғистон расман ва ошкора бетараф қолган бир вазиятда, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг ёқловчи мавқеъда эканликлари англашилган. Бу каби баёнотлар билан Хитой томони чиққан.

Расмий Тошкентнинг яқин-яқингача ноаён қолган мавқеига ташқи ишлар вазирининг яқинда Пекинга қилган ташрифи ойдинлик киритгандек бўлган.

Хитой томони худди шу ташриф манзарасида Ўзбекистон ҳам мусулмонларга нисбатан сиёсатида ўзларини дастаклашини баён қилган.

Аммо расмий Тошкент ҳали-ҳануз Пекиннинг мазкур баёнотига расман ўзининг муносабатини билдирмаган.

Абдулазиз Комиловнинг Хитойга ташрифи чоғида ва унинг ортидан ҳам Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий веб саҳифасида бу ҳақдаги расмий хабар кўзга ташланмаган.

Хитой Афғонистон каби минтақанинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош давлати бўлади.

Расмий Пекин бугунги кунда Ўзбекистон илова кўпчилик минтақа мамлакатларининг энг йирик савдо шериги саналади.

Хитой, бундан ташқари, жаҳоннинг Марказий Осиё давлатлари энг кўп қарздор мамлакати ҳам бўлади.

Устига устак, Хитой Россия ва АҚШ қаторида минтақада ўзининг геосиёсий таъсирини кенгайтириш ва геосиёсий манфаатларини парваришлаш истаги, илинжи ҳамда ҳаракатида бўлган дунёнинг учта глобал қудратидан биттаси сифатида кўрилади.

Устига устак, қирқ йилдирки қуролли низолар ичида бўлган Афғонистон Хитой илова аксарият минтақа давлатларига бевосита чегарадош бўлади.

Минтақадаги икки йирик ўзбек жангари гуруҳи ҳам йилларки бошпана топиб келмайдими, Афғонистондан келаётган таҳдид Ўзбекистонни ҳам жиддий хавотирга солиб келади.

Ўзбекистон ҳарбий доираларда аксарият аъзоларини уйғурлар ташкил этиши айтилувчи Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракатидан ташвишда бўлган Хитой билан бирга сўнгги йилларда афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш ташаббуси билан халқаро майдонга чиққан икки дипломатик воситачи ҳам бўлишади.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Хитой ўзининг ҳудудий яхлитлигини бутун сақлаш учун ҳозир бутун бир дипломатияси, иқтисодий ва сиёсий ресурсларини худди шу соҳага йўналтирган.

Аммо, худди шу каби жиддий ва салмоқли объектив омиллар манзарасида ҳам, Хитойдаги туркийзабон мусулмонлар масаласида Қирғизистон ва Қозоғистоннинг нейтрал мавқеъда қолиши, қола билиши минтақа аҳолиси қолиб, кўпчилик экспертларнинг ҳам диққат-эътиборларини ўзига тортмай қолмаган.

Мазкур воқеълик улар орасида таҳлилталаб мавзулардан бирига айланган, бунинг сабаб ва оқибатлари хосан таҳлил, талқин қилинган.

Экспертлар баҳоси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг йирик мусулмон давлати экани боис, бу масалада расмий Тошкентнинг мавқеи хос эътибор топгани сифатида кўрилган.

Айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра, "қўллови" "Ўзбекистоннинг минтақа ва дунё ҳамжамияти кўз ўнгида маълум бир геосиёсий йўқотишларига сабабчи бўлган".

Жумладан, Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов худди ана шундай фикрда.

"Қозоғистоннинг нейтраллиги фонида Ўзбекистон худди бир Хитой босимига мойилроқ бўлган, ёки бир Хитой босимини кучлироқ ҳис қилаётган давлат сифатида ўзини намоён қилди", - дейди у.

Таҳлилчининг қайд этишича, "Бу, албатта, Ўзбекистоннинг келажакда ва ҳозирги кунда ҳам дунё ҳамжамиятидаги мавқеи ва Марказий Осиёдаги лидерлик мақомига ҳам жиддий таъсир, путур етказмай қолмаган".

Унга кўра, Ўзбекистон ҳам бу масалада нейтрал мавқеъни сақлаши мумкин эди.

"Бунга Қирғизистон ва Қозоғистон мисол. Чунки бу икки давлатнинг Хитой билан билан муносабатлари жиддий салбийлашганининг на яширин ва на ошкора аломатлари кузатилгани йўқ", - дейди таҳлилчи.

Камолиддин Раббимовга кўра, мазкур ҳолат ташқи сиёсатларини мувофиқлаштиришда Марказий Осиё давлатлари орасида муаммо мавжуд эканига далолат қилади.

Унинг айтишича, Марказий Осиё геосиёсий бир мустақил субъект сифатида мана шу каби жиддий масалалар юзасидан овоз бериш, баёнот билан чиқиш, у ёки бу ташқи хатти-ҳаракат, ўзининг позициясини билдиришдан олдин бу беш республиканинг ўзаро муносабатларини мувофиқлаштиришларига эҳтиёж борган сари кучайиб бораверади.

Яқинда ўзининг ташқи сиёсатидаги устивор давлатлар сифатида Россия, АҚШ ва Хитойни кўрсатган расмий Тошкент эса, мана шу мувозанатни сақлашда мураккаб ва Ўзбекистон жамияти учун анча ҳиссиётли, сезиларли бўлган масалаларда нейтрал қолиши, албатта, мақсадга мувофиқ бўлиб қолаверади.

"Келажакда, яъни глобаллашувнинг кейинги босқичларида ҳам ташқи дунёдаги мана шундай, исломий, туркий ўзлик билан боғлиқ бўлган катта муаммоларда Ўзбекистон жамияти жунбушга келиши эҳтимоли ортиб бораверар экан, Ўзбекистон расмий ҳокимияти ташқи сиёсатда ҳам анчагина эҳтиёткор бўлиши тақазо этилади", - дейди таҳлилчи ўз таҳлили якунида.

Сўнгги ойларда айрим ўзбекистонликлар томонидан Ўзбекистон раҳбариятини уйғурлар масаласига эътибор қаратишга ундаган даъватлар ҳам бўлган.

Жумладан, ўзбекистонлик депутат ўтган ой Президент Шавкат Мирзиёевдан Хитойдаги уйғурларга маънавий дастак беришни сўраган.

Бу каби воқеълик Ўзбекистон мустақиллиги тарихида кузатилмагани билан ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.

Аммо саноқли бўлса-да янграётган бу каби чақириқларга расмий Тошкент ҳалича бирор бир муносабат билдирмаган.

Ўзбекистоннинг амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёев эса, қисқа вақтнинг ичида ўзининг яхши қўшничиликка асосланган минтақавий сиёсати билан халқаро миқёсда эътироф, эътибор топган.

Орада президентларнинг бир эмас, бир неча бор ўзаро ташрифлари ва учрашувлари амалга ошган эса-да, ҳалича Мирзиёев бу масалада ўзининг расмий мавқеини ошкора намоён этмаган.

ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:

  • Уйғурлар туркий қавмга мансуб мусулмонлар
  • Улар ҳозирги кунда минтақа аҳолисининг қарийб 45 фоизини ташкил этишади.
  • Қолган аҳолининг 40 фоизи эса, хитойлик ханлардан иборат.
  • Хитой янги ташкил топган Шарқий Туркистон давлатини қисқа вақтнинг ичида яксон этиб, 1949 йилда минтақа устидан қайта ўз назоратини ўрнатади.
  • Орада кечган вақт давомида эса, минтақага катта сондаги ханларни кўчириб боришга муваффақ бўлади.
  • Буларнинг барчаси оқибатида уйғурлар қадим маданиятларининг буткул йўқ бўлиб кетишидан хавотирга тушиб қолишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ