Ўзбекистон ва дунё: Биз 25 ёшдамиз! #bbcuzbek25 Нималарга эришдик?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption BBCUZBEK.COM жамоаси (Ибрат Сафо, Соҳиба Ҳаёт ва Аваз Тоҳиров сафарда)

Би-би-си Ўзбек хизмати ўзининг чорак асрлик тарихида фақат бир мақсадни кўзлади.

1994 йил ноябрнинг сўнгги кунидан бошлаб, то бугунга қадар Ўзбекистонни дунёга, дунёни Ўзбекистонга яқинлаштириш, таъбир жоиз бўлса, шу мақсад йўлида ўзига хос дарича ўрнини эгаллаш ниятида бўлди.

Бугунги кунда қарийб уч миллионга яқин ҳафталик аудиторияси бўлган BBC News Ўзбек Хизмати замонавий медианинг барча тармоқлари - вебсаҳифа, ижтимоий медиа, YouTube дан тортиб телевизион соҳасида ҳам ўз ўрнига эга.

BBC News Ўзбек ва Ўзбекистон

Би-би-си Ўзбекистонда илк бор тақдирланди

Ўзбекистон: Би-би-си Ўзбек хизмати ва Ўзбекистон электрон ОАВ миллий ассоциацияси меморандум имзолади

Image caption Би-би-сида янги минтақа: Марказий Осиё ва Кавказ - Ўзбек, Қозоқ, Озарбайжон ва Қирғиз Хизматлари.
Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek.com
Image caption Лондон, 1997 йил.

Ўтган 25 йил ичида Би-би-си Ўзбек хизмати Ўзбекистон, минтақа ва дунё хабарларини холислик билан ёритишга ҳаракат қилди.

Табиийки, чорак асрлик бу йўл силлиқ кечгани йўқ.

Ўзбекистоннинг мустақиллик даври - ўтган уч йил истисно - асосан, ёпиқлик ва маҳдудлик билан ўтганини бугун инкор этадиганлар кўп эмас.

Ана шу ёпиқ давр давомида Ўзбекистондаги ҳаётни ҳеч бир бўёқларсиз ёритиш осон эмас эди.

Мамлакат оммавий-ахборот воситалари тўлалигича ҳукумат назорати остида қолган ушбу давр кичик бир гуруҳдан ташқари барча учун оғир ва изтиробли кечди.

1999 йил феврал ойидаги портлашлар, 2005 йил май ойида рўй берган Андижон қирғини мамлакатни ларзага солган воқеалар бўлса, деярли ҳар куни рўй берган инсон ҳақларининг қўпол поймол этилиши, мажбурий меҳнат ҳолатлари ва юз минглаб ўзбекистонликларнинг рўзғор тебратаман деб мардикорга айланишлари ўтган йилларнинг аччиқ ҳақиқатига айланганди.

Бу ҳақиқат эса ҳаққоний ёритилиши керак эди.

Image caption Би-би-си Ўзбек Хизматининг Тошкентдаги мухбирлари.
Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption 2000 йил, Тошкент

Ўзбекистондаги радиотўлқинлардан олиб ташланганимизда, вебсайтимиз блокланиб, Би-би-си журналистларига "ватан хоинлари" ёки "халқ душманлари" каби тамғалар урилганида ҳам биз Ўзбекистондаги ҳақиқий ҳаётни ёритишни энг муҳим касбий бурчимиз деб билдик.

Ижтимоий медиа пайдо бўлар экан, вебсаҳифа ёпилгани ва радио тўлқинлардан айрилганимиз ортиқ муаммо бўлмай қолди.

Би-би-си Ўзбек хизмати YouTube канали 2017 йилга келиб 41 тил хизматлари ичида энг кўп кўрилган каналлардан бирига айланди.

Ижтимоий тармоқларда энг илғор ўринларни эгалладик.

Янги Ўзбекистон

Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ бошқариб келган Ислом Каримов ўлимидан кейин мамлакат ўзини ўраб олган қобиқдан чиқа бошлади.

Нафақат ўзбекистонликларда, балки узоқ-яқин давлатларда ҳам Ўзбекистонга боғлиқ умидлар пайдо бўлди.

Каримов даврига солиштирганда, ростакамига, мисли кўрилмаган ўзгаришлар бўй кўрсата бошлади.

Марказий Осиё давлатлари билан қардошлик ва яхши қўшничилик ришталари тикланди.

Ноҳақ қамоққа ташланган аксар мазлумлар озодликка чиқишди.

Ўзбекистонлик журналистлардан бири айтмиш, "гапириш, гапиришга жасорат етмаса, ҳеч қурса гулдурос сукут сақлаш имкони пайдо бўлди".

2005 йилдан бери Ўзбекистонга хизмат сафари билан бориш имкониятидан маҳрум этилган Би-би-си Ўзбек хизмати журналистлари нафақат мамлакатга сафар қилишди, балки ўзбек, рус ва инглиз тилларида бир қатор мақолалар, ҳужжатли фильмлар ишлашди.

Ўзбекистондаги энг машҳур каналлардан бири Sevimli TV билан Би-би-си Ўзбек хизмати билан ижодий ҳамкорликка доир меморандум имзолади.

Ана шу меморандум доирасида икки томон бир неча фильм лойиҳаларини амалга оширди.

Ўзбекистондаги жонкуяр ҳамкасбларимиз ва дўстларимиз ҳаракатлари натижасида bbcuzbek.com вебсаҳифасидан тақиқ расман олиб ташланди.

14 йиллик танаффусдан кейин Би-би-си Ўзбек хизматининг Ўзбекистондаги мухбирига аккредитация берилди.

BBC News Ўзбек қадриятлари

Мухлисларимиз ва журналистларнинг фаолиятимизга доир энг кўп сўрайдиган саволларидан бири бу бизнинг касбий қадриятларимиз ҳақидадир.

Энг биринчи қадриятимиз бу - холислик.

Табиийки, биз инсонларни ирқи, жинси, миллати, тили, диний эътиқоди, сиёсий қарашлари ёки ижтимоий келиб чиқишига қараб ажратмаймиз.

У ёки бу масалага нисбатан шахсий қарашларимиз эса касбимизнинг тамал тоши бўлган қадриятлардан устун эмас.

Би-би-си журналистика қадриятлари юзасидан ҳеч қачон ва ҳеч ким билан муросага бормайди.

Бугун Ўзбекистоннинг тобора очилиб бораётганини инкор этиш мушкул.

Биз Ўзбекистон ёпиқлиги даврида бўлгани каби бугун ҳам Ўзбекистон, минтақа ва дунёга нисбатан очиқ кўз билан қарашга интилмоқдамиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek.com

Би-би-си Ўзбек хизматининг 25 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!

Сизда ҳам биз #bbcuzbek25 билан боғлиқ ҳикоялар ёки табриклар бўлса, биз билан баҳам кўринг!

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ