Ўзбекистон, қишки мавсум: баҳорга эсон-омон чиқиб олсак бўлгани

Қишки исинишга тайёргарлик Фото муаллифлик ҳуқуқи Ferghana.ru

Ўзбекистон ҳукумати зудлик билан Туркманистондан газ, Тожикистон ва Қирғизистондан электр энергиясини олишни кўпайтириши керак, деб ҳисоблашади мустақил иқтисодий таҳлилчилар.

Шу кеча-кундузда бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ таъминотида тақчиллик кузатилмоқда.

Ҳаво ҳарорати совиб электр ва табиий газга бўлган эҳтиёж кескин ортди, ҳали олдинда уч ойлик қиш "қиличини яланғочлаб турибди".

Аллақачон ис газидан заҳарланишнинг ҳалокатли ҳолатлари кузатилди.

2021 гача сабр қилиб турайликми?

Хўш, мамлакат раҳбариятининг аҳолини табиий газ, кўмир билан таъминлаш мақсадида кўраётган чоралари, эскирган электр энергиясини узатиш подстанцияларини янгилаш сингари йирик маблағларни талаб қиладиган саъй-амалларига қарамасдан, нега бу йил ҳам қиш ўзбекистонликлар учун оғир келадиганга ўхшаяпти?

Аксар кузатувчилар бунинг асосий сабабини демографик босимда кўрадилар.

Янги қувватлар ишга туширилаётганига қарамасдан, Ўзбекистонда аҳоли сони тезлик билан ортиб бормоқда, 2019 йил октябрида мамлакат аҳолисининг сони 33 миллион 724500 кишини ташкил этди.

2019 йил бошида Ўзбекистон аҳолиси 33 миллион 254100 киши экани хабар қилинганди.

Кейинги сабаби - узоқ йиллар давомида тузук-қуруқ электр таъминоти бўлмаган аҳоли масканларига ҳам янги электр узатиш линиялари тортилди, подстанциялар янгиланди, истеъмол тобора кўпаймоқда.

Шу билан бирга, шаҳарларда кўплаб янги кўп қаватли, қишлоқларда ҳовлили турар-жой бинолари фойдаланишга топширилмоқда.

Шу боис электр истеъмоли олдинги йилларга солиштирганда ҳам ортди, яна ортмоқда.

Ўзбекистон расмийларига кўра, мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи 69 миллиард КВТ/Cоатни ташкил қилади.

Амалда 67,5 млрд КВТ КВТ/Cоат ишлаб чиқарилмоқда, дейишади.

Расмийларга кўра, Ўзбекистон 6 миллиард электрни ГЭСлардан, 50 миллиардни эса иссиқлик электр станцияларидан олаяпти.

Иссиқлик станцияларининг аксари эса табиий газда ишлайди, қишда табиий газ босими "ҳаво совигани учун пасайиб кетгани"ни ҳар йили одамлар бошларидан ўтказадилар.

Икки йил олдин президент Мирзиёев Ўзбекистон гидроэнергетикасини янада ривожлантириш чораларига бағишланган қарорни имзолаган, ушбу қарорга биноан, 2021 йилгача мамлакатда ишлаб турган 32 ГЭСни янгилаш ва яна 42 та янги гидроэлектрстанциясини барпо этиш режаланган.

Энергетика соҳасида ислоҳот энди бошланди

2019 йил 1 февралида Ўзбекистонда Энергетика вазирлигини тузишга қарор қилинди, электр ва газни етказиб бериш, жойларда тарқатиш каби вазифалар бу вазирлик зиммасига юклатилди.

Ҳукумат Ўзбекистоннинг борган сари энергетика ресурсларига эҳтиёжи ортиб бораётганини инобатга олиб, АЭС қуриш, қуёш ва шамол энергияларидан фойдаланишни кўпайтиришга киришган, бу ишларнинг натижаси камида 2-3 йилдан кейин кўзга ташланиб қолиши мумкин.

Мамлакатда электр энергияси ҳаддан зиёд кўп исроф бўлмоқда, масъуллар аҳолини энергияни тежашга чақирмоқдалар, энергияни тежайдиган жиҳозлар синови бошланган, тарғиб қилинмоқда.

Бутун бошли тизим аварияси олдини олиш мақсадида айрим ҳудудларга электр энергиясини узатишни тўхтатиб қўйишга тўғри келаётганини айтмоқда Энергетика вазирлиги, оқибатда парламент сайловолди дебати тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган Тошкентдаги Халқаро Пресс-Клубининг тадбири чироқсиз қолгани социал тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлди.

Сирдарё ва Қорақалпоғистонда газ йўқлиги туфайли аҳоли норозиликлари юзага келгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Ўзбекистонда қишда ҳаёт изидан чиқиши керакми?

Таниқли блоггер davletovuz вазиятни Ўзбекистонда "ҳаёт издан чиқиши"га ўхшатди:

Фото муаллифлик ҳуқуқи davletovuz
Image caption Тошкентдан Навоийгача автомобилда газ қуйиш шохобчаларида турнақатор навбатлар, деб ёзди davletovuz

"Кунлар совийдики, мамлакатда ҳаёт издан чиқиб кетади гўё. Ҳафта бошида Тошкентдан автомобилда Навоий вилоятига бордик. Йўл бўйлаб жойлашган автомобилга газ қуйиш шохобчаларида турнақатор навбатлар ҳосил бўлган, ўнлаб заправкалар эса умуман ишламаяпти. Бечора таксистлар газзаправкачиларга ялинган, илтимос қилган.

Газ таъминотига масъул компаниямиз вакиллари самолёту тезюрар поездда юрмасдан, балки автомобилда ҳеч қурса Намангангача, ҳеч қурса Жиззахгача бориб, шу совуқда қалтираб ўтирган ҳайдовчилар, йўловчилар билан гаплашиб кўришар балки?

Навоий шаҳрига кечқурун кириб бордик. Шаҳар зимистон, чироқ йўқ. Шаҳар электр энергияси таъминотида узилишлар кўпайибди. Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида электр энергияси билан боғлиқ муаммо бўлганда ҳам Навоийда одатда свет ўчмас эди. Бунга ўрганган Навоий электрдаги узилишларга тайёр эмаслиги яққол кўриниб қолган.

Каналимизнинг ботига келаётган мурожаатларнинг аксариятида ҳам шу дард: свет йўқ — газ йўқ. Бу муаммони ҳал қилиш керак, ҳал қилганда ҳам тезроқ ҳал қилиш керак. Бутун мамлакатни қазиб, ҳар қадамни "сити"лаштириш билан одамларимиз ҳаётини яхшилаб бўлмайди, уларни рози қилиб бўлмайди. Улар учун бирламчи эҳтиёжлар таъминланса бўлди, қолгани аста-секин бўлади.

Ёш боласи бор, касали бор, кексаси бор оилаларнинг вазиятдан қандан чиқаётганини тасаввур ҳам қила олмаймиз. Амалдорларга айтадиганимиз шу: Ўзбекистон фақат Тошкентдан иборат эмас. Инсоф ҳам керак"(Иқтибос тугади).

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодий таҳлилчи, 1990-йилларда нефть ва газ вазирлигини бошқарган Анвармирзо Ҳусаинов қиш-қировли кунларда Туркманистон гази оддий ўзбекистонликларнинг оғирини енгил қилиши мумкинлигини айтади, ҳукумат қўшни мамлакатлар билан газ ва электр импорти бўйича жиддий музокаралар ўтказиши лозим, деб ҳисоблайди.

Сиз муаммонинг тез ечимини нимада кўрасиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ