Ўзбек жангарилари тақдири: Мирзиёев Ислом Каримов давридаги айбларни тан олганди, энди нима бўлади?

Президентлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Anadolu Agency

Ўзбек жангарилари тақдири: Мирзиёев Каримов давридаги айбларини тан олганди, энди нима бўлади?

Бу худди шу кунларда ўртага чиқаётган савол бўлади.

Бу саволга туртки бераётган воқеълик эса, Туркия ҳукуматининг қарори экандек кўрилади.

Айрим турк нашрлари ёзишича, Анқара ўнлаб ўзбекларни ортга қайтармоқчи.

Бу ҳақда яқинда Туркиянинг нуфузли "Hurriyet" нашри хабар берган.

Нашр Туркия ҳукумати муваққат ҳибсхоналарида сақланаётган мингга яқин ИШИД жангарисини ортга қайтармоқчилиги ҳақида ёзган.

Айни шу хабар тафсилотларидан уларнинг орасида 82 нафар ўзбекнинг борлиги ҳам аён бўлган.

Аммо "Hurriyet" ўзбеклар, дер экан, уларнинг қай бир давлат фуқаролари эканликларини очиқламаган.

Ўзбекистон ва Тожикистон: ИШИД Марказий Осиёга ҳужум қилишга қодирми? - таҳлил

Россия ва Ўзбекистон: Москва Ўзбекистонни ҳам ўзига қаттиқ боғламоқчими?

Ўзбекистон ва Исломий Давлат: ИШИД сафида қанча хорижий жангари қолди?

'Ўзбекистон ИШИД жангчиларини кутиб олишга тайёр'ми?

Имконли бўлган энг сўнгги халқаро ҳисоботларда, Яқин Шарқда ИШИД сафларида жанг қилган марказий осиёлик жангарилар сони 2 мингдан тўрт мингтагача экани айтилган.

Ўшанда ҳам уларнинг кўпчилиги ўзбеклар экани алоҳида қайд этилган, аммо фуқароликлари очиқланмаган.

Ҳарбий доираларда бу жангариларнинг орасида Жанубий Қирғизистондан бўлган ўзбеклар ҳам оз эмаслиги ишонилган.

Сурия ва Ироқда жанг қилган ўзбекистонлик жангариларнинг сонига оид энг сўнгги рақамлар 2017 йил охирида эълон қилинган.

Американинг "Soufan" тадқиқот маркази уларнинг сонини ўшанда 1500 тага нисбат берган.

"Hurriyet" нашрининг мазкур хабаридан уч ҳафта ўтган эса-да, расмий Тошкент ҳозирча бу хусусда жим.

Би-би-си Ўзбек хизматининг Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консуллиги орқали бу саволга ойдинлик киритиш уринишлари ҳозирча ўзининг самарасини бергани йўқ.

Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси эса, бизнинг сўровимизга бу каби масалалар билан айнан консуллик шуғулланишини айтиб, жавоб берди.

Би-би-си Турк хизмати муҳаррири Эмри Темелнинг айтишича, Ғарб Туркиянинг Суриядаги Курд кучларига қарши ҳарбий амалиётларини қўлламаслиги ортидан, расмий Анқара бу масалада қатъий мавқеъни тутган.

Собиқ ИШИД жангариларини ўз Ватанларига мажбуран қайтаришга жиддийлик билан киришган.

Яқин Шарқ ва ўзбекистонлик жангарилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC WORLD SERVICE

Таъкидлаш жоиз, бу каби хабар Яқин Шарқда ИШИД ҳаракатининг бўй кўрсатиши, ўзининг исломий халифатига асос солиши ва шу йил бошида буткул мавҳ этилиши билан кечган вақт оралиғида бўй кўрсатмаган.

Яъни, на-да Сурия, на-да Ироқ ва на-да Туркия ҳукумати бу каби баёнот билан чиққан.

Сурия илк бор шу йил бошида ўз ҳудудида жанг қилган ўзбекистонлик жангариларни ҳам ортга қайтариш истагини билдирган.

Аммо ўшанда бу каби баёнот билан Сурия курдларининг Москвадаги расмий вакили Ршад Биенаф чиққан.

У бу ҳақда Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги билан суҳбатида билдирган.

Вакилнинг суҳбатидан ўзбекистонликлар Суриядаги курдлар асир олган мингдан ортиқ жангари орасида бўлишгани аён бўлган.

Ршад Биенаф курдлар бу жангариларни ўз мамлакатларига қайтаришга тайёр эканликларини маълум қилган.

Аммо "бу давлатлар аксариятининг ҳукуматлари ўз фуқароларини қабул қилишга шошилишаётгани йўқ"лигини айтган.

Худди шу манзарада уларнинг орасида Ўзбекистон ҳукумати бор-йўқлиги номаълум қолган.

"Новости" ахборот агентлиги хабарида Ршад Биенаф бу мамлакатлар номини очиқламагани кўрилганди.

Ғарб ҳукуматлари шу йил март ойида Яқин Шарқда ИШИД гуруҳи буткул мавҳ этилганини расман баён қилишаркан, орада кечган вақт давомида улар сафларида жанг қилган ўзбекистонлик жангарилар тақдири ноаён қолган.

Бу жангарилардан қанчасининг ўлдирилгани, таслим бўлгани ёки қўлга олинганига оид аниқ маълумотлар ҳали-ҳануз кенг матбуотга имконли эмас.

Ўзбекистонликларга нима бўлди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи GIUSEPPE CACACE/AFP/GETTY IMAGES

Шу пайтгача имконли бўлган хабарларда Сурия лагерларида сақланаётган ва Ироқдаги қамоқхоналарда ўз муддатини ўтаётган хорижлик жангариларнинг сони бир неча мингга қиёс берилади.

Айрим Ғарб нашрлари эса, у ерлардаги вазиятни яқиндан ўрганишга муваффақ бўлган айрим фаолларнинг ҳисоб-китобларига таяниб, уларнинг орасида бўлган Ўзбекистон фуқаролари бир неча юзта бўлиши мумкинлигини айтишган.

Аммо бу хабарларда ҳам улардан аниқ қанчасининг ИШИД аъзолари бўлишгани тафсилотлари ноаён қолган.

Ўзбекистон фуқаролари Яқин Шарқда ИШИДдан ташқари яна камида икки жангари гуруҳ сафида жанг қилишган.

"Имом Бухорий" катибаси ҳамда "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи сафларидаги ўзбекистонлик жангариларнинг ҳануз фаол эканликлари ишонилади.

Яқин Шарқдан имконли бўлган энг сўнгги хабарларда ҳам уларнинг Суриянинг шимолий-ғарбий Идлиб вилоятидан бошпана топганликлари айтилади.

Ҳар уч жангари гуруҳ сафида жанг қилган Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти Яқин Шарққа ўз оилалари билан бирга йўл солишган.

Янги Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси билан шу йил илк бор Яқин Шарқдан ўз фуқароларини ортга қайтаришни бошлаган.

Бир неча ойнинг ўзида кетма-кет икки бор "Меҳр" инсонпарварлик операциясини амалга оширган.

Натижада Сурия ва Ироқдан жаъми икки юздан ортиқ фуқаросини Ўзбекистонга келтиришга муваффақ бўлган.

Улардан деярли барчасини хотин-қиз ва болалар ташкил этиши кўрилган.

Ораларида бир нафар эркакнинг ҳам борлиги хабар берилган, аммо унинг ким экани тафсилотлари очиқланмаган.

Бу ўзбекистонликнинг кейинги тақдирига оид ишончли маълумотлар ҳам ҳали-ҳануз имконсизлигича қолмоқда.

Орада Ўзбекистон муфтийси Яқин Шарқдаги қолган Ўзбекистон фуқаролари сонига ойдинлик киритгандек бўлган.

Муфтий Усмонхон Алимов уларнинг сонини қарийб уч мингтага нисбат берган, барчаларини ортга қайтаришлари лозимлигини таъкидлаган.

Шу йил октябрь ойида ўтказилган сўнгги "Меҳр" операцияси фонида расмий Тошкент Яқин Шарқдаги бирор бир фуқароларини "тақдирнинг измига ташлаб қўймасликлари"ни баён қилган.

Ўз инсонпарварлик амалиётларининг яна давом этиши, тўхтаб қолмаслигини маълум қилган.

Аммо худди шу ойда Туркия ҳукумати Суриядаги Курд кучларига қарши йирик ҳарбий амалиётга қўл урган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BULENT KILIC/GETTY IMAGES

Бу Курд кучлари қўл остидаги лагерларда ҳам хорижликлари дохил минглаб ИШИД жангарилари ва улар оила аъзоларининг тутиб турилгани ишонилган.

Бу тутқунларнинг орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги эҳтимоли назардан соқит этилмаган.

Шу йил май ойида Суриядан ортга қайтарилган ўзбекистонликлардан айримлари ўзларининг айнан Курд кучлари қўлларида тутиб турилган бўлганликларини айтишган.

"У ерда қолаётган тақдирдошларининг сонини ҳам кўп", деб айтишган.

Туркиянинг айни шу ҳарбий амалиёти фонида тутқун собиқ жангариларнинг тақдири ҳақида жиддий хавотирлар ўртага чиққан.

Хорижликлари дохил улардан минглабининг лагерлардан қочишга муваффақ бўлишганига оид хабарлар олинган.

Бу эса, ўша вақтда ИШИД гуруҳининг қайта уюшиши мумкинлигига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

АҚШ билан иттифоқчиликда Суриядаги ИШИД жангариларини мавҳ этган курд кучлари эса, Туркиянинг ҳарбий амалиётларига қадар дунё давлатлари ҳукуматларига мурожаат билан ҳам чиқишган.

Улардан ўз назоратлари остида бўлган фуқароларини ортга қайтаришларини сўрашганди.

Туркиянинг ҳарбий амалиётлари манзарасида эса, бу каби маҳбуслар тутиб турилган лагерларни ортиқ назорат қилишга имконсиз эканликларини маълум қилишганди.

Сўнгги амалиётлар натижасида бу лагерлардан аниқ қанча кишининг қочгани, улар қанчасининг собиқ ИШИД жангарилари экани ва қочоқларнинг бундан кейинги тақдирлари борасида аниқ маълумотлар ҳануз имконсизлигича қолмоқда.

Орада имконли бўлган хабарларда эса, бу рақамларнинг юздан бир неча юзгача нисбат берилаётганини кўриш мумкин бўлган.

Аммо алал-оқибат АҚШ воситачилиги ва Россиянинг аралашуви билан ниҳоя топган ҳарбий амалиёти манзарасида расмий Анқара бу хусусда ортиқча хавотирларга ўрин йўқлигини айтиб чиққан. Вазият ўз назоратлари остида эканини билдирган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида ҳам расмий Тошкент жим қолган, уларнинг бу хусусдаги расмий баёноти кўзга ташланмаган.

Туркия ва собиқ ИШИД жангарилари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жангарилар

Расмий Анқара собиқ ИШИД жангариларини ортга қайтариш қарорини шу ой бошида расман маълум қилган.

Орада кечган вақт давомида ўнлаб собиқ жангариларни ортга, АҚШ ва қатор Европа давлатларига қайтаришга ҳам улгурган.

Маълум бўлишича, Туркия ҳукумати кўпчилиги Европа Иттифоқи давлатларидан бўлган 2500 га яқин собиқ жангарини экстрадиция этмоқчи.

Бу ҳақда Туркия давлат телевидениеси хабар берган.

Агар, Туркия президенти келтирган маълумотларга таянилса, ҳозиргача 102 давлатдан бўлган етти ярим мингдан ортиқ жангари Ватанларига қайтарилган.

Аммо бу хабарларда ҳам уларнинг орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги саволи очиқ қолган.

Айнан хорижий жангариларнинг тақдири ИШИД гуруҳи Яқин Шарқда мавҳ этилиши фонида ўртага чиққан энг асосий саволлардан бири бўлади.

Расмий Анқара ортга қайтарган чет эллик жангариларнинг айнан қаерда - Суриядами ёки Туркияда қўлга олинишгани тафсилотлари маълум эмас.

Туркия Президентининг билдиришича, ҳозир турк қамоқхоналари сақланаётган хорижлик ИШИД жангариларининг сони икки мингдан ортади.

Улардан айримларининг айнан шу йил октябрь ойида, Туркиянинг ҳарбий амалиётлари фонида Сурия шимоли-шарқида ушлангани айтилади.

Туркия ҳарбий амалиётларининг нишонига айланган Сурия курд Демократик Кучларига қарашли қамоқхоналарда 12 мингдан ортиқ ИШИД аъзосининг сақлангани ишонилган. Улардан камида тўрт мингги хорижий жангариларга нисбат берилган.

Суриядаги қочқинлар жамлоқларидан бошпана топган ИШИД жангарилари оила аъзоларининг сони эса, қарийб 70000 экани айтилган.

Бу масалага Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам алоҳида эътибор қаратган.

Халқаро қонунчиликка мувофиқ Сурия ва Ироқнинг ўзида маҳкамага тортилишлари шарт бўлмаган чет эллик фуқаролар учун масъулиятни уларнинг ўз давлатлари ўз зиммаларига олишлари лозимлигини айтган.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги экстрадицияга оид битим эса, 2016 йилда қабул қилинган.

Янги Ўзбекистон, расмий Тошкент ва ўзбек жангарилари

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Ўзбекистоннинг ўзида бундан аввал ИШИД сафларига қўшилган ва қўшилмоқчи бўлган қатор шахслар устидан маҳкама жараёнлари бўлиб ўтган.

Аммо Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил сентябрь ойида афв тўғрисида махсус фармон қабул қилган.

Бу фармон жангари гуруҳларга "адашиб кириб қолган ва пушаймон бўлган фуқароларни афв" этишни кўзда тутади.

Унинг қабул қилиниши ортидан, қанча сондаги ўзбекистонлик жангарининг ортга қайтгани маълум эмас.

Аммо шу йил ёз ойларида Тошкентдан Ўзбекистон хориждаги беш нафар фуқаросининг аризасини қондирганига оид расмий хабар олинган.

Бу хабарда уларнинг жиноий жавобгарликдан озод қилингани, Ўзбекистонга ва оддий ҳаётга қайтаришга қарор қилингани ҳақида ёзилган.

Афв этилган бешовлоннинг тақиқланган ташкилотлар сафларига адашиб кириб қолган ўзбекистонликлар бўлишгани айтилган.

Аммо бу ҳақдаги расмий хабарда жиноий жавобгарликдан озод этишга қарор қилинган беш нафар Ўзбекистон фуқаросининг шахси, жорий пайтда қай бир хорижий давлатда экани ва қайси бир тақиқланган ташкилот аъзоси бўлишгани тафсилотлари очиқланмаган.

Улар пушаймонлик аризаларининг мазмун-моҳияти, Ўзбекистоннинг қай бир ташкилотига қачон, қаерда ва қандай йўллар билан келиб тушгани ҳам номаълум қолган.

Хабар тафсилотларидан ушбу масала бўйича келиб тушган яна 8 та мурожаат ишчи гуруҳи томонидан ўрганилаётгани ҳам билдирилган.

Бироқ айни ўринда ҳам бундан ортиқ маълумотлар кўзга ташланмаган, бу хусусдаги расмий маълумот ҳам биргина шу жумланинг ўзи билан чекланган, холос.

Аммо жиноий жавобгарликдан озод қилинган беш нафар Ўзбекистон фуқаросининг ортга қайтарилиши, уларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши, бандлигини таъминлашга кўмаклашишга қаратилган ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилиши расман маълум қилинган.

Маҳаллий кузатувчилар ўшанда бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаганини бирдек эътироф этишганди.

Ўзбекистон ва жангарилик: Омиллар ва истиқбол

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Айнан "Меҳр" инсонпарварлик операцияси фонида Ўзбекистон раҳбарининг шахсан ўзи бу инсонларни Сурияга нима етаклагани саволини кун тартибига олиб чиққан.

"Уят бўлса ҳам айтиш керак, 156 нафар Сурияга кетганлар нима учун кетган? Кимни излаб кетган?", - деяркан, "Тан олиш керак, биз уларга шароит яратиб бермаганимиз учун кетган!", - дея бунда, таъбир жоиз, "ўз айблари"ни ҳам ишкора эътироф этган.

"Биз ҳаммамиз бу ҳолатни чуқур ўйлашимиз керак", - деган Ўзбекистон Президенти.

Ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов даврида Ўзбекистон ўзининг дин ва диндорларга нисбатан "тазйиқона" сиёсати туфайли узоқ йиллар давомида халқаро миқёсда танқидларга тутиб келинган.

Мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор вазият, айниқса, диний-сиёсий маҳкумларга нисбатан номақбул муносабатлар ва кенг амалда бўлган қийноқ ҳоллари ҳар йиллик халқаро ҳисоботлардан жой олувчи мавзу, муаммо бўлган.

Бир томондан, аҳолиси минтақада энг катта сондагиси(ҳозирда 34 миллионга яқин - таҳр.) экани, бошқа тарафдан, жиддий ислоҳотларга муҳтож сиёсий ва иқтисодий вазият сабаб, Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида миллионлаб Ўзбекистон фуқароси муҳожиратга юз тутган.

Яъни, Мирзиёев Ватанда шароит яратилмагани учун ўзбекистонликлар Сурия жанг майдонларига кетишганини давлат раҳбари сифатида ва даражасида шахсан ўзи эътироф этган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўшанда Суриядан ортга қайтарилган 150 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросига нисбатан бирор бир чора кўрилмаслигини ҳам баён қилган.

Ўзбекистон раҳбари мамлакат конституцияси буни тақозо этса-да, у бундай қилмаслигини таъкидлаган.

"Чунки улар ўзбек, бизнинг Ватандошларимиз!..", - дея хитоб қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SURAT IKROMOV

Янги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликлар борасида аллақачон қатор жиддий ислоҳотларга қўл урганига қарамай, расмий Анқаранинг ўнлаб ўзбек собиқ ИШИД жангарисини ҳам ортга қайтармоқчи эканига оид хабар фаоллар орасида бир қадар эҳтиёткорлик билан қарши олинган.

"Бу масалада бир нарса дейиш жуда қийин бўлади. Қани, улар келсин-чи. Давлат ҳам бир бир нарса қабул қилса керак бу масала бўйича. Лекин уларга нисбатан жиноий жавобгарлик бўлади. Аммо қандай шаклда бўлади, жорий пайтда бир нарса дейиш қийин", дейди, жумладан, Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари "Ташаббус" гуруҳи раҳбари Сурат Икромов.

Суҳбатдошимизга кўра, бу каби шахслар устидан Ўзбекистонда маҳкама жараёнлари бўлиб ўтган тақдирда ҳам, уларни бу йўлга ундаган мамлакатдаги объектив омиллар ҳам албатта назарда тутилиши керак.

"Ўзбекистонда аҳвол мана шунақа бўлган. Улар ўша ерга бориб, қанақадир янги давлат - исломий давлат тузишса, яхши бўлади, деб ўйлашган. Аслида ҳаммаси мана шунақа ниятда кетган. Аммо бундай қилиш учун жангга кириш керак эди. Жангга киришган. Қуроллари бўлган. Қанча одамни ўлдиришган, ўзларидан ҳам қанчаси ўлдирилган".

"Энди мана ҳозир агар улар келадиган бўлишса, биласизми, маҳкама жараёнининг ўзи жуда оғир бўлса керак", - дейди фаол.

"Шахсан мен ўзим бу маҳкама жараёнига киришга қизиқаяпман. Қани, қанақа саволга қанақа жавоб беришади. Жуда бир оғир масала. Очиғини айтса, жуда оғир бир масала. Чунки ростдан ҳам Мирзиёев жуда тўғри айтган. Шароит яратиб берилмагани учун улар кетган".

"Мана, бу ерда шунақа аҳвол эди, диндорларни қамаётган, бошқа қилаётганди, бизлар намоз ўқишга қўрқардик, ўшани пеш қилиб, бизларни ҳаммамизни ушлаб, қамайверишди, шундан қўрқиб, оиламиз билан бирга чиқиб кетишга мажбур бўлдик, бизларни бу ерда тинч қўйишмайди, қамаб, ўлдириб юборишади, кетдик, нима бўлса, бўлди, уёғи Худодан, деб кетишган улар, биласизми. А уларга яна қанақа савол бериш мумкин, қанақа?..", - дейди суҳбатдошимиз.

Фаолнинг назарида аниқ сонлари ортга қайтарилганларидан кейин маълум бўлса-да, бу жараён жуда катта бўлади.

Аммо "Hurriyet" нашрининг хабаридан уч ҳафта ўтса-да, Тошкентдан собиқ ИШИД жангариси бўлган бирор бир Ўзбекистонга фуқаросининг ортга қайтарилганига оид хабарлар олинмаган. Расмийси бўладими ёки мустақили, маҳаллий нашрларда ҳам айни мазмундаги хабарлар ҳозирча кўзга ташланмаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари эса, "агар, фуқаролари бошқа бир давлатда оғир жиноят содир этишда гумон этилишса ёки бошқа ҳар қандай сабаб билан қўлга олинган бўлишса", уларга масъулиятни ўша давлатларнинг ўзлари ўз зиммаларига олишлари кераклигини баён қилганди.

Ўзбекистон ўзининг инсонпарварлик операциялари фонида ҳам, Туркиянинг ҳарбий амалиётлари ёки турк нашрларидаги сўнгги хабарлар манзарасида ҳам ҳалича бу борада расман ўзининг мавқеини очиқламаган.

Яқин Шарқда ИШИД сафларида жанг қилган фуқароларини қабул қилиш-қилмаслик масаласида қандай йўл тутажаги борасида ҳам ҳозирча бирор бир расмий ёки ошкора баёнот билан чиқмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ