Ўзбекистон, Тошкент - Лондон: Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёевадан табрик: Би-би-си Ўзбек хизматига

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

25 йиллик сана, Тошкентдан Лондонга, Би-би-си Ўзбек хизматига : Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёевадан табрик #bbcuzbek25 - "Би-би-си Ўзбек хизматининг холис ва қизиқарли мақола ва янгиликлари бугунги Ўзбекистон ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида ўз ўрнига эга", - дейилади бу видеотабрикда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ташкилот саналади.

Агентлик Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини амалда таъминлаш, Ислом Каримов бошқаруви даврида танқидлар тиғига тутиб келинган ушбу соҳани том маънода ислоҳ этиш учун шахсан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган.

Таъкидлаш жоиз, Би-би-си Ўзбек хизматининг 25 йиллик тарихида Тошкентдан бу каби эътироф кузатилмаган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари ва ўринбосари ҳам ўз табрикларида Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ ўзгаришларга алоҳида тўхталишган.

Бу ҳақда энг аввало ўз табригининг кириш қисмида Саида Мирзиёева гапирган.

"Бугун Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқлик ва сўз эркинлиги сиёсати ўз натижасини бера бошлагани"ни айтган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари ўринбосари бўлади.

Саида Мирзиёева худди шу мақоми, лавозимида Ўзбекистоннинг ташқи имижи учун ҳам масъул, деб кўрилади.

Унинг "ҳар ҳолда" эканини алоҳида қайд этиб айтишича, ҳозир Ўзбек матбуоти ва блогерлар Ўзбекистондаги ички муаммоларни кўтариб чиқа олишмоқда. "Давлат идоралари ҳам бунга ўз вақтида муносабат билдиришмоқда".

Каримов даврида ухлаган матбуотни Мирзиёев қизи уйғотадими?

Жавоб берувчи, индамас, қўрқитувчи - Ўзбекистон эркинлашаяптими?

Ўзбекистон: Тўққиздан ярим тунгача - Мирзиёев қандай ишлаши маълум бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Бунинг ортидан, Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов бу жараёнлар осон кечмаётганини эътироф этган.

"Аммо бу йўлдан ортга чекинмасликлари - аён бўлган ҳақиқат" эканини таъкидлаган.

"Ҳар қандай қийинчилик, муаммоларни ҳал этиб бўлса-да, олдиларига қўйилган мақсадга албатта эришишлари"ни баён қилган.

Комил Алламжоновга кўра, агентлик "бу йўлда барча чораларни кўради, курашади. Шу йўл тарафдорларини кўпайтиришга эришади".

"Қоқилиб тушса ҳам, ўрнидан туриб, тиззасини қоқиб, олдинга қараб юради".

Саида Мирзиёеванинг ҳам эътироф этишича, "бу - давомли, осон бўлмаган, вақт талаб қиладиган вазифа".

Унга кўра, айни ўринда энг муҳими бунинг шахсан мамлакат президенти кўрсатиб берган йўл эканидир.

Худди шу ўринда Саида Мирзиёева ушбу жараёнлар иштирокчиси сифатида Би-би-си Ўзбек хизматига ҳам доим омад ёр бўлишини тилаган.

"Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин!", - деган.

Би-би-си Ўзбек хизмати видеотабрикни Тошкент Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашувига мезбонлик қилаётган бир манзарада олган.

Ўтган уч йил давомида минтақа давлатлари орасидаги муносабатлар ижобий томонга кескин ўзгаргани кузатилади.

Мутахассисларга кўра, Марказий Осиё давлатларининг ўзаро яқинлашуви ва яхши қўшничилик алоқаларига шахсан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси асос бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Мазкур видеотабрик чоп этилган қисқа соатларнинг ичида Би-би-си Ўзбек хизматининг ижтимоий мулоқот тармоқларида энг кўп кўрилган, ёқтирилган ва муносабат билдирилган постларидан бири бўлган.

Ўнлаб коментлар туғдирган, фолловерларимиз орасида яхшигина баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Агентлик ҳар икки юқори мартабали раҳбарининг эътирофларига қарамай, ўз фикр-мулоҳазаларини қолдирган кўпчилик хоразмлик блогер Нафосат Оллошукурова, журналистлар Каримберди Тўрамурод, Рустам Каримларнинг тақдирига эътибор қаратишган.

Ўзбекистондаги энг йирик ва нуфузли интернет нашрларидан бири сифатида эътироф этилувчи kun.uz ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўртасидаги сўнгги можарони тилга олишган.

Уларнинг орасида одамларга газ, свет кераклиги таъкидланган коментлар ҳам озмунча эмаслиги кўрилган.

Қишлоқларга бориб, ҳақиқий аҳволни ёритиш, коррупция ва таниш-билишчиликни йўқ қилиш тавсия қилинган фикрлар ҳам ёзиб қолдирилган.

"Қийинчилик билан бошланган иш хайрли бўлади, деб эшитгандим, ЎЗИдан қўрқувчи қалб берсин, омад", - деган ўзбекистонликлар ҳам бўлган.

Умумиятла, аксарият фолловерларимизнинг ҳалича Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ ўзгаришлар борасида анчайин эҳтиёткорона баҳода эканликларини кўриш, кузатиш мумкин бўлган.

Яқинда Би-би-си Ўзбек хизматининг кичиккина сўрови аксарият ўзбекистонликларнинг мамлакатда сўз эркинлигини муҳим, деб билишларини кўрсатган.

Улардан бири, "Сўз эркинлигининг - таҳр.) қанчалик муҳимлиги кундек равшан. Сув ва ҳаводек зарур, шарт, керак, бусиз умуман коррупция ва бошқа муаммоларни ҳал қилишни иложи йўқ. Ошкоралик, очиқлик сиёсати юритилмас экан, давлатимиз кун сайин парокандалик ботқоғига ботаверади, халқимиз эса азият чекишда давом этаверади", деган фикрни изҳор этган.

Ўзбекистон яқин-яқингача сўз ва матбуот эркинлиги бўйича халқаро ҳисоботларнинг энг қуйи поғоналаридан бирини эгаллаб келган, дунёнинг "интернетнинг душмани" сифатида кўрилган саноқли давлатларидан бири бўлган.

Аммо янги Ўзбекистоннинг президенти Шавкат Мирзиёев ўзи қудратга келган қисқа вақтнинг ичида жаҳоннинг айрим нуфузли нашрлари томонидан, ҳаттоки, Хитойнинг ислоҳотчи лидери Дэн Сяопинга қиёсланган.

Қўл ураётган ислоҳотлари аллақачон дунёнинг демократия дарғаси сифатида эътироф этилувчи АҚШ ва унинг президенти томонидан олқишланаётган давлат раҳбари бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ