Ўзбекистон: Мажбурий меҳнатни тугатиб бўладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи URLAYEVA

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Йонас Аструпга кўра, Ўзбекистон ҳукумати пахта саноатида мажбурий меҳнатга буткул барҳам бериш йўлида тўғри қадамларни қўймоқда. Би-би-си билан суҳбатда ХМТ вакили Лондонда ўзбек пахтасига қарши бошланган маҳкама ишининг муаммони ҳал этишга ёрдам беришини шубҳа остига олди.

Аввалроқ Global Legal Action Network ва Берлинда жойлашган Ўзбек-немис форуми ўзбек пахтаси импорти учун берилган имтиёзли тарифларни бекор қилишни сўраб, Лондондаги маҳкамага мурожаат этганди.

Уларга кўра, пахта мавсумида минглаб ўзбекистонликлар мажбуран ва тўловсиз пахтага чиқарилиши "замонавий қуллик"ка тенг.

Ўзбек пахтаси Британияга Европа Иттифоқи қонунлари бўйича импорт қилинади ва бу қонунга кўра, Европа Иттифоқи ривожланаётган давлатлар маҳсулотлари учун муайян тарифларни пасайтирган ёки умуман бекор қилган. Шу жумладан, ўзбек пахтаси учун ҳам.

Нега Ўзбекистон пахта импорти Лондонда судга тортиляпти?

Ўзбекистон: Пахта саноати ва фермерлар давлат аралашувидан қутуладими?

Ўзбекистон ва пахта: Совуқ душ, 90 кг норма ва халқаро танқид

Марҳум президент Ислом Каримов ҳукумати даврида дунё бўйлаб ўзбек пахтасига қарши авж олган бойкот кампанияси асосан болаларнинг далаларга олиб чиқилишини қоралаганди. Унда АҚШ, Британия ва кўплаб ривожланган давлатлардаги йирик брендлар пахта далаларидаги болалар меҳнати тўхтатилмагунча, ўзбек пахтасини олмасликларини ваъда қилишган.

Бугунга келиб, халқаро кузатувчилар теримга болалар энди деярли олиб чиқилмаётганини тан олишган, аммо Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари фаоллари йўллаётган суратлар ҳали ҳам Ғарбга етиб келишда давом этяпти.

Бу йил олинган ва тарқатилган фотоларда бюджет ва хусусий корхоналар ишчиларининг аянчли шароитларда пахта тераётганлари акс этади.

Би-би-си шу ҳафта Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятига бағишланган Uzinvest Forum да қатнашиш учун Лондонга ташриф буюрган ХМТ вакили Йонас Аструпдан Британияда бошланган маҳкама ишига муносабатини сўради.

Йонас Аструп: Тушунишимча, ушбу маҳкама ишида Ўзбекистоннинг танлаб олингани мутлақо тасодиф ҳам бўлиши мумкин. Сабаби кўплаб ноҳукумат ташкилотлари Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатни ўрганган, бунинг учун керакли даражада материаллар тўпланган. Аммо шахсан мен ишонаманки, Ўзбекистон мажбурий меҳнатни бартараф этиш йўлида тўғри қадамларни қўймоқда. Ҳозирда Ўзбекистоннинг олдида турган энг катта масала - иш ўринларини яратиш. Ҳар йили ярим миллион ишчи кучи меҳнат бозорига кириб келмоқда. Ҳар йили ярим миллион иш ўрни яратиш имконсиз. Уларнинг кўпчилиги Россияга иш излаб кетмоқда. Аксар мигрантлар жуда оғир шароитларда меҳнат қилишяпти. Агар таққослаш керак бўлса, уларнинг шароити пахта далаларида ишлаётганларнинг шароитидан анча ёмон. Менинг назаримда биз бутун диққатни Ўзбекистонда муносиб иш ўринларини яратишга қаратишимиз лозим. Шу нуқтаи назарда Ўзбекистоннинг пахта хомашёси эмас, балки тайёр маҳсулотлар, кўйлак, шим ва бошқа кийим-кечакларни экспорт қилиши муҳим. Аммо бу маҳкама иши Ўзбекистоннинг ана шу йўлдаги одимларини осонлаштирмайди, афсуски. Қайтага, ҳукуматга ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш, демакки, янги иш ўринларини яратишни қийинлаштиради.

Би-би-си: Германияда жойлашган Ўзбек-Герман форумининг маълумотларига кўра, ўтган йили 400 минг одам пахта теришга мажбурланган. Бу вазият яхшиланганини кўрсатадими сизнингча?

Йонас Аструп: Мен уларнинг маълумот тўплаш услублари ҳақида бир нарса деёлмайман. Мен фақат ўз услубимиз ҳақида гапиришим мумкин. Бу йил биз 6 минг нафар одам билан суҳбат уюштиришни режалаяпмиз. Мавсум тугаганидан сўнг улардан "пахта тердингизми, ўз ихтиёрингиз биланми ёки мажбурий?" деган саволлар сўралади. Улардан тўғридан-тўғри сўрамаймиз, чунки бу ҳассос масала. Тўғри жавобни олиш учун ўзимиз қўллайдиган махсус сўровнома услубимиз бор. Ўтган йили худди шундай сўров ўтказганимизда, 170 минг одам ёки умумий ишчи кучининг 6,8 фоизи пахта теришга мажбурланганини аниқлаганмиз. Уларнинг ҳаммаси ҳам тўғридан-тўғри пахта теришга мажбурланмаган. Бу сонга ўзларини пахтага чиқишга мажбур деб ҳис қилган одамлар ҳам қўшилган. Яъни пахтага чиқмасам,менга нимадир бўлиши мумкин, деб ўйлашнинг ўзиёқ "мажбурий меҳнат" деб таснифлаш учун етарли.

Би-би-си: Бир томондан Президент ва Бош вазир мажбурий меҳнатни қоралаяпти. Иккинчи томондан эса, давлатнинг бошқа идоралари ходимларни пахтага ҳайдаяпти. Мажбурий меҳнат масаласида ҳукумат иккига бўлиниб қолмаяптими?

Йонас Аструп: Бу жуда яхши савол. Аммо назаримда, бу жараённи ўтиш даври билан ҳам изоҳлаш мумкин. Яъни сиз иккита тузумнинг ўртасидасиз. Аниқроғи, бир тузумдан иккинчи бир тузумга ўтяпсиз. Режали давлат иқтисодиётидан бозор иқтисодиётига. Давлатнинг мажбурий меҳнатга қарши аниқ-таниқ сиёсати, стратегияси бор. Аммо иккинчи томондан, давлат буюртмаси сақланиб қолмоқда. Бундай вазиятда маҳаллий даражада маълум сафарбарликни кўришингиз мумкин. Аммо барча ишчи-ходимлар пахта теришга мажбурланган, деб айтиш ҳам унчалик тўғри бўлмайди. Кўпгина ҳолатларда биз ходимларга пахта учун ойликларига қўшимча ҳақ тўланганини кўрдик. Баъзи ходимлар қўшимча пул ишлаш имкониятидан фойдаланишган. Аммо ҳаммаси ҳам эмас. Муаммолар кўп. Шунинг учун ҳам биз 2020 йилда ҳам мониторинг қилишда давом этамиз.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ