Ўзбекистон, Россия: 2019 йил бошидан ватанига 300 ўзбекистонлик жасади қайтди

Ўзбекистондаги жаноза Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Йил бошидан буён Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Россиядан Ўзбекистонга 300 нафардан зиёд ўзбекистонликларнинг жасадлари юборилган.

Россия матбуотининг ўзбекистонликларга алоқадор энг кўп ёритган мавзуларининг қисқа тафсилотлари

  • Машҳур шоумен Сергей Светлаковнинг "Эшаги" ўзбекистонликлар билан жанжалга сабаб бўлмоқда
  • Рус қизчани чимчилаган ўзбек муҳожирга 12 йил қамоқ жазоси берилиши мумкин
  • "Қамоқдан ҳам баттар": "Известия" мухбири мигрантлар учун "спецприёмник"да бўлиб, тассуротларини ёзди
  • Яна қиш, яна ҳалокатлар, яна қурбонлар...

Можароли "Эшак"

Ноябра Россия матбуотида ўзбекистонликлар билан боғлиқ шов-шувли хабарлар машҳур актёр ва шоумен Сергей Светлаков билан боғлиқ бўлди. Актёрнинг РБК сайтига берган интервьюсидан ўзбекларга алоқадор иқтибосларни ўнлаб нашрлар эълон қилди.

Манбаларнинг Светлаков сўзларига таяниб ёзишича, унинг Екатеринбургда ресторан очиши ўзбек диаспораси билан можароларни юзага келтирган. Жанжал сабаби: Светлаков ўз ресторанини "Эшак" деб номлаганида.

2016 йилда очилган бу ресторан номи Екатеринбургда яшовчи ўзбекистонликлар учун ҳақоратли эканлигини айтишган. Светлаков эса, бу ном Хўжа Насриддин персонажи билан боғлиқ бўлиб, Ўзбекистонда ҳам унинг эшагига ҳайкал ўрнатилганини билдирган.

3 йилдан буён давом этиб келаётган можаролар ноябрда ўзбек диаспораси вакилларининг қурол билан келиб таҳдид қилиши билан шов-шувларга сабаб бўлган. Можаро полиция аралашуви билан бартараф этилган, деб ёзди рус нашрлари.

Чимчилагани учун... 12 йил қамоқ?!

Ҳар ойда мигрантлар томонидан содир этилган турли жиноятлар Россия матбуотида кенг ёритилади. Аммо буниси бошқачароқ:

Айни пайтда Новосибирскда кондуктор бўлиб ишлаган ўзбекистонлик муҳожирнинг иши шу сабаб судда кўрилмоқда. Маҳаллий нашрларга кўра, унга 12 йил қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Манбаларда тафсилотнинг ёзилишча, йигитча троллейбусда кетаётган 12 ёшли қизчанинг думбасидан чимчилаган. Қизча буни ёнидаги онасига айтган. Гувоҳ йўқ, исбот йўқ, фақат қизчанинг сўзлари билан она йигитчани судга берган.

Ўзбекистонлик йигит троллейбус силкиниб кетиб, қўли тегиб кетганини айтган, адвокати уни қўлламоқда.

Новосибирсклик она эса, аввалига судга бермоқчи бўлмагани, ишхонасидаги дугоналари ундашганини билдирган. "Сени қизингга ҳеч нима қилмабди, эртага бошқа қизларга зўравонлик қилмаслигига кафолот йўқ, дейишди", деган 6-синф ўқувчисининг онаси.

Аммо ўзбекистонлик кондукторга "жинсий зўравонлик ҳаракатлари" учун 12 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкинлигидан даъвогар ҳам норози. "Чимчиланган" қизнинг онаси ҳам "бу муддат ҳаддан ортиқ", деганини ёзмоқда нашрлар.

Муҳожирларнинг таъмирталаб қамоқхонаси

"Известия" мухбири муҳожирларни вақтинчалик сақлаш марказида бўлиб, "қамоқдан ҳам баттар" дея таърифлади.

"Хорижликлар йиллаб тор ва қоронғу хоналарда китобсиз, телевизорсиз ва тузукроқ кўрпа жилдларисиз яшайди", таассуротини ёзди журналист.

Мақолада муҳожирлар ташқи ҳаётдан тўла узилган ҳолда ва оғир шароитда эканлиги баён қилинади. Шунингдек, уларнинг сақланиш муддати ҳам белгиланмаган. Маҳкум муҳожирлар орасида ўз тақдирини ҳал қилишларини 2017 йил 12 сентябрдан бери кутиб ётган Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги таъкидланган.

РФ ИИВ қошидаги Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш маркази раҳбари Алексей Лагода ҳуқуқ фаолларига марказ биносининг таъмирга муҳтож эканини тан олган.

- Бино оғир шароитда 5 йилдан буён ишлатиб келинмоқда. Бу вақтда унда 30 мингдан ортиқ қонунбузарлар бўлишди. Таъмир зарур, сантехникаларни алмаштириш керак. Аммо биз уларни қила олмаймиз, чунки бино Москва ҳукуматига тегишли, биз эса унинг фойдаланувчисимиз, холос, - аниқлик киритди раҳбар.

"Известия" бу борада Москва ҳукумати матбуот хизматига сўров юбориб ҳеч қандай жавоб ололмаганини билдиради. Шунингдек, ИИВ Москва бошқармаси ҳам нашр сўровига жавоб қайтармаган.

Фойдалар ва қурбонлар

Ўтган ойда Россия матбуоти мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида патент солиғининг ҳар ойлик тўлов нархлари кўтарилгани ҳақида маълум қилди.

Москва шаҳрида эса меҳнат патенти йил бошидан бери давлат ғазнасини 13 миллард рублга бойитгани матбуот орқали билдирилди.

Айни шу манзарада Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг Қозоғистон йўлида автоҳалокатларда жабрлангани ва қурбон бўлгани ҳақида маълумотлар берилди.

Энг қайғули маълумот эса йил бошидан буён Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Россиядан Ўзбекистонга 300 нафардан зиёд ўзбекистонликнинг жасади юборилганлиги ҳақида бўлди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek