Ўзбекистон,қишки мавсум: Одамларга мустақилликдан иссиқлик, ёруғлик муҳим бўлдими деб қўрқиб қетаман

Печка Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Қиш вилоятликлар учун ўзига хос фронт ҳисобланади. Одамлар қиш ғамини баҳорданоқ ейишни бошлайди. Кимдир арзон ўтин, яна кимдир арзонроққа апилка (тахта қириндиси) олишга ҳаракат қилади. Ва баҳорданоқ биз қўлларимизга резина қўлқоп кийиб таппи ясашни бошлаймиз.

Баъзан ўйлаб қоламан, қайси асрда яшаяпмиз? Нега миллионлаб аҳолиси бор давлатларда фавқулодда бир ҳодиса бўлмаса электр узилмайди, газ тўхтаб қолмайди, деб. Нега Ўзбекистон телеканалларида озодлигимиз, ободлигимиз, табиатимизнинг гўзаллиги, фойдали қазилмаларга бой ҳудудда яшашимиз, Аллоҳ бизни шундай яхши нарсалар билан сийлагани ҳақидаги мақтовларни эшитамизу, Аллоҳ шу ернинг, шу заминнинг фарзандларига деб берган кўмир, газни ҳатто ҳидини ҳам ҳидлай олмаслигимизга тушунмайман.

Айни шу совуқ кунларда одамлар "СССР даври яхши эди, светимиз ўчмасди, газимиз пориллаб ёниб турарди" деб кўп эслайдилар. Одамларга мустақилликдан, озодликдан кўра иссиқлик, ёруғлик муҳим эканлигини уларнинг фикрлашларидан билиб баъзан қўрқиб қетаман.

Авваллари одамлар "қишлоқларда свет ўчаётганлигини, газ йўқлигини, арзон кўмир берилмаслигини Каримов билмайди, билса амалдорларни яхшилаб жазолар эди" деб ўйларди ва гапирарди. Бугун эса одамлар "Мирзиёев ҳаммасидан хабардор, нега светимизни ўчираётганларга, арзон кўмир бермаётганларга, газ тақчиллигини кучайтираётганларга қарши бирор чора кўрмаяпти?! Нега яна биз бундан 3 йил аввалги ҳолатга яна дучор бўляпмиз, нега бизни яна қийнашяпти" деб гапира бошлашди.

Ўтган уч йил давомида электр энергиясида муаммо деярли кузатилмади. Свет шу кунлардагидек бир суткада беш-олти соатлаб ўчмади. Аммо яна бошланди...

Ўзбекнинг оддий ўртаҳол оиланинг қиш фаслидаги бир куни қандай?

Эрта билан совуқдан жунжикиб уйғонади. Чунки печкага солинган кўмир ёниб бўлган, уй совуб кетган бўлади. Болаларим совуқ қотмасин, мактабга иссиқ жойда тайёргарлик кўрсин, деб дарров кечқурун эшик тагига тайёрлаб қўйган ўтиними, тапписими, ёнғоқ пўчоғиними ёқади. Печканинг устига чойнакда чой қўяди. Болаларига чойини тайёрлаб, ичириб мактабга кузатади. Ҳа, айтганча, шу қишлаётган хонасини бурчагига тоғора олиб кириб, қумғонда болаларининг юз-қўлини ювдиради. Агар хонадонда ёши катта кексалар, гўдаклар, ногиронлар бўлса бу ҳолат янаям қийин бўлишини тасаввур қилаверинг.

Ишхонада ҳам ишлагандек бўлмайди. Биринчидан ишхона совуқ, иккинчидан "болаларимдан аввал уйга боришим керак, улар мактабдан чиққунича печкани ёқиб, иситиб қўйишим керак" деган ўйда ўтиради.

Ҳозир ҳеч ким электр плитага ишонмай қўйган. Сабаби, электр кўп узилади, свет бир соат ёниб, бир соат ўчади. Иккинчидан 220 вольт бўлиши керак бўлган ток жонивор 130-150 атрофида бўлади. Агар хонада битта электр плитаси ва телевизор бўлса-ю, электр печка токка уланса телевизор экрани оқариб, тасвир кўринмай қолади.

Одамлар уй иситишнинг турли-туман усулларини ўйлаб топишмоқда. Биринчиси ва ҳозир энг оммалашаётгани апилка печка. Бу думалоқ печка, печканинг ичида яна битта думалоқ идишчаси бор. Ўша идишчага апилка (тахтанинг қириндиси)ни босиб солинади, ичига хазон қўшворса ҳам бўлади. Бундай "заправка" қилинган печкада уйни бир сутка иситади. Иккинчиси ота-бобомиздан қолган ўтин печка. Бу печкага топган ўтин-кўмир, топмаган турли эски-туски буюмлар, ёнғоқ пўчоғи, таппи ёқади. Кўмир ҳам жуда сифатли эмас. Бир тонна кўмирдан 300 кг. соф муштдек-муштдек кўмир чиқиши мумкин, қолгани кукун. Одамлар уни ҳам кўмирга айлантириш "технологияси"ни ўйлаб топишган. Колага ўхшаган ичимликлардан бўшаган баклашкаларга кукун солинади ва устига озгина сув қуйилади. Бир кундан кейин кечқурун ўша баклашкани печкага солиб қўйсангиз, эрталабгача уйингиз иссиқ тураверади.

Аёллар қўлда кир ювмай деб кир мошина, замонавий бўлай деб уй тозалаш учун пилесос, болаларимга яхшироқ пишириқлар пишириб берай деб миксер ва блендер олган. Аммо қишда уларнинг ҳеч бири ишламайди... У техникаларни ишлатишга токнинг кучи етмайди.

Мен ўртаҳол оиланинг қишдаги қийинчилиги ҳақида ёздим. Аммо бир хонада қайнона-қайнота, келин-ўғил, болалар, қайнукалар, қайнсингиллар тунаётган, чақалоғини касал бўлиб қолмасин деб қўшнисининг иссиқ уйида йўргагини алмаштириб чиқаётганлар, сандалда ўтириб дарс қилаётганлар, эшик-дераза ўрнига клёнка тутиб қишни кутиб олаётганлар ҳақида ёзмадим.

Қиш ўзбек учун, қишлоқларда яшаётган миллионлаб халқ учун фронт. Бу фронт тўрт ой давом этади. Ҳаммани бир ўй ўйлантиради. "Қишдан эсон-омон чиқайлик". У ёғига худо пошшо. Ахир жанг майдонларида ҳам одамлар шундай ўйлайдику "Шу урушдан омон чиқсам бас, у ёғига худо пошшо" деб.

Сиз яшаётган жойда аҳвол қандай?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ