Ўзбекистон ОИВ/ОИТС - нималар очиқ айтилмаяпти?

Россия Фото муаллифлик ҳуқуқи Wojtek Laski/GettyImages
Image caption ОИВ/ОИТС ҳамон қўрқинчли ва тавқи лаънат, деб кўрилади.

1 декабрь — Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни арафасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда бу касаллик билан боғлиқ жуда чегараланган бўлса-да, эътиборни тортадиган маълумотни берди.

Унга кўра, Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси билан яшовчи шахслар сони ҳозир 42 мингдан ошган.

ОИВ юқтирган шахсларнинг 57% эркаклар, 43% эса аёллардан иборат.

Лекин бу маълумотлар етарли эмас. Уларда таҳлил етишмайди.

Расмий ахборот гўёки Ўзбекистонда ОИВ билан боғлиқ аҳвол барқарор ва муаммолар йўқ, деган фикрни шакллантиришга қаратилганга ўхшайди.

Сўнгги кўрсатгич олдинги йилга нисбатан ОИВ тарқалиши камлигини билдиради.

Хусусан, онадан болага ОИВ ўтиши ҳам камайгани айтилади.

Онадан болага ОИВ ўтмаётган бўлса, унда нега ҳар йили 500-1000 нафар оралиғида ёш болалар ОИВ юқтиришмоқда?

Бу болакайларнинг нечтасига айнан касалхона ва шифохоналарда ОИВ юқтириб қўйилган, деган табиий савол туғилади.

Неча нафар ўзбекистонлик ҳар йили ёки шу пайтгача ОИВ/ОИТСга боғлиқ касалликлардан вафот этган, деган савол ҳам жавобсиз.

Ўзбекистон ва Африка

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Шифокор Азизбек Болтаевга кўра, ОИВ/ОИТСга оид маълумотлар очиқ бўлиши керак.

Бугун ҳатто Африкада ҳам ОИВ вирусини юқтираётганлар сони вақт сайин камайиб бормоқда.

Бироқ Ўзбекистонда энг охирги кўрсаткич ҳам вирус аниқланиши турғун қолаётганини англатади.

Охирги йилларда ОИВ юқишининг асосий йўли бу - жинсий алоқа бўлмоқда.

Лекин Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги жинсий йўл билан ОИВ юқишининг олдини олишга қаратилган қўлланма ва маълумотларни тайёрлаб, тарқатмоқдами, деган савол ўртага чиқади.

Бундай маълумотларни ҳатто интернетда ҳам ўзбек тилида етарлича топа олмайсиз.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбеклар ОИВ/ОИТС ҳақида нима билишлари керак?

Ўзбекистон: Касалхонада нечта болага ОИВ/ОИТС юқтирилган?

Ўзбекистон: Кимлар ОИВ/ОИТС юқтириб келмоқда?

Аҳоли орасида жинсий маданият ва тарбияни самарали олиб бориш долзарб бўлиб қолмоқда.

Хусусан, меҳнат муҳожирларининг Россияда ишлаб, яшаган даврлари мобайнида ОИВ юқтиришлари эҳтимолини камайтириш учун нималар қилинмоқда, деган савол турибди.

Дейлик, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари саломатлиги учун Россиядаги ОИВга ихтисослашган маҳаллий давлат ва нодавлат ташкилотлари билан биргаликда қандай дастурлар ва ишлар қилинаётгани номаълум.

Эслатилган айни ҳолатлар ва саволлар Ўзбекистонда гўёки давлат сири каби асраб келинмоқда.

Жазолаш ва тавқи лаънат - фойдасиз

Фото муаллифлик ҳуқуқи Oleg Nikishin/GettyImages
Image caption ОИВ юқтириш эҳтимоли катта одамларни жазолаш ва уялтириш тескари натижа беради.

Ўзбекистонда кўплаб одамлар ОИВ вирусига чалинган кишидан ё қўрқишади, ё жирканишади.

Аслида эса агар ОИВ юқтирган одам мунтазам дори-дармон қабул қилиб борса, унинг қонидаги ОИВ илғанмас даражага тушади ва ҳатто ёстиқдошига ҳам бу вирус юқмайди.

"ОИТС - ХХ аср балоси" каби қўрқинчли брошюралар эскирган.

Даволаниб борган одам бемалол соғлом инсонлар каби узоқ умр кўриши мумкин.

Ўзбекистонда ҳозир 42 минг нафардан кўпроқ ОИВ юқтирган инсоннинг 28 минг нафари даволанмоқда.

Вирусни эрта топиб, эрта даволашни бошлаш ва ОИВ юқиши хавфли бўлган гуруҳлар - гиёҳвандлар, жинсий хизмат кўрсатувчилар ва гомосексуал эркаклар билан махсус иш олиб бориш ўта муҳим.

Ўзбекистонда эса мазкур гуруҳлар жазоланади. Шу боис улар яшириниб юришни афзал биладилар.

Дейлик, гомосексуаллар, яъни эркак билан жинсий алоқа қилувчи эркаклар орасида ОИВ тарқалиши юқори.

Лекин ушбу гуруҳ вакиллари билан мамлакат бўйича фақат бешта маъмурий ҳудудда иш олиб борилади, холос.

Уларга нисбатан милиция ходимлари турли чоралар кўришади.

Бу эса ОИВ тарқалишига салбий таъсир этмайдими, деган саволни ўртага ташлайди.

Ўзбекистонда қатор гомосексуал эркаклар қонуний жазо ҳамда жамият босими боис ўзлари ҳақида билдиришдан қўрқишади ва бисексуал ҳаёт кечиришлари мумкин.

Яъни ҳам уйланишади ва ҳам оиладан ташқари яширин ҳаёт кечирадилар.

Ўзбекистон ҳам айнан Россиянинг йўлидан бориб, ВИЧ тарқалиши юқори бўлган гуруҳ вакилларини сазойи қилиш ҳамда жазолаш йўлини танламоқда.

Лекин бу иш бермаган ва Россияда ОИВ юқиши ҳолатлари ўта юқори бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон айни ҳақиқатни англаб, Россиянинг "жазолаш ва уялтириш" усулидан воз кечиши, ҳамда ОИВга қарши самарали чора кўра олган давлатлар йўлини танлаши лозим.

Ўзбекистонда ОИВ - 30 ёшда

Ўзбекистонда ОИВ юқтирган илк одам аниқланганига 30 йилдан ошди, аммо мамлакат масъул амалдорлари аҳолини ОИВ тўғрисида мазмунли ҳисобот, аниқ эпидемиологик маълумотларга асосланган тавсиялар билан таъминлашни ҳалигача ўрганишмади.

Қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон амалдорлари бу ишни рисоладагидек бажариб келишяпти.

Бироқ Ўзбекистон вакиллари ҳамон эски усулда ишлаб, маълумотларни яшириб, уни "томчи-томчи" қилиб бериш билан овора.

Маълумотлар қанчалик кенг муҳокама қилинса, аҳолининг зийраклиги шунча ошади: Одамлар ўзларини хавфли ҳолатлардан эҳтиёт қилишни ўрганадилар.

Негадир амалдорларимиз буни тушунишмаяпти.

Ёки ҳақиқатни ошкор этишса, ОИВ/ОИТСга қарши курашдаги Ўзбекистон масъул мансабдорлари йўл қўйган хато ва камчиликлар ошкор бўладими?

Бу савол ҳам - очиқ.

Таҳририятдан: ББС Ўзбек хизмати нуқтаи назари муаллиф фикри билан мос тушмаслиги мумкин ва бу борада сиз ҳам ББС Ўзбек Хизматининг bbcuzbek.com вебсаҳифаси, YouTube, Facebook ва Одноклассникидаги BBC UZBEK каналларида ўз фикрингизни бўлашинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek