НАТО 70 ёшда: Байрамона кайфият йўқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption 1949 йил, НАТО туғилиши

70 ёшга тўлишни байрам қилишга нима етсин? Аммо НАТО ўз таваллуд айёмини дабдабасиз, Лондон чеккасида ҳукумат ва давлат раҳбарлари билан нишонламоқда.

НАТО воизи бу йиғинни "саммит" деб аташга қарши, чунки бу учрашув натижасида ҳеч қандай режа ё баёнот чиқарилмайди.

Бу камтарлик қаердан келди? НАТО тарафдорлари одатда бу ташкилотни тарихдаги энг муваффақиятли ҳарбий иттифоқ деб таърифлашади.

1949 йилда АҚШ ва Европадаги айрим давлатлар янги ҳарбий иттифоққа асос солишади.

Ўша пайтда асосий душман Совет Иттифоқи эди.

Совет Иттифоқи парчаланди, НАТО яшаб қолди.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Болқонда урушга кирди.

Кейинроқ эса ўз ҳудудидан ташқарида ҳам "амалиётлар"да иштирок этди.

Афғонистонда террорга қарши уруш давомида НАТО яловбардор эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption АҚШ қўшинлари Литвада

НАТО шунингдек, кенгайиш сиёсатини юритди, ўз ҳудудини қарийб икки баробарга кўпайтириб олди.

Бугунги кунда НАТОга 29 давлат аъзо ва Шимолий Македония яқинда айни ташкилотга қўшилади.

НАТО Европадаги янги демократик давлатларда барқарорлик ўрнатишда ўзининг дипломатик қудратини ҳам синаб кўрди.

Янги давлатлар билан ўз таъсири ва қудратини баҳам кўрди.

Аммо НАТОнинг ташкилот ўлароқ қудратига яна қудрат қўшилдими?

Британиялик хавфсизлик бўйича таниқли таҳлилчи, профессор Майкл Кларкнинг жавоби жуда қисқа - "йўқ".

"НАТО ҳақиқатдан ҳам дунёдаги энг буюк ҳарбий иттифоқ, аммо бугунги кунда қарийб 30 нафар аъзоси бўлишига қарамай, қудрати ўтмишдагига нисбатан жуда оз".

Унинг айтишича, НАТО муаммолар ичида қолган, аммо шунда ҳам "унинг имкониятлари жуда кўп".

НАТО кенгайиши ташкилот ичидагилар томонидан яхши бир амал ўлароқ олқишланади.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг буни демократия ва қонун устуворлигини ёйишда " тарихий ютуқ" деб ҳисоблайди.

Янги Совуқ Уруш?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Россия президенти Владимир Путин

НАТО кенгайиши билан унинг ҳудудлари бугун Москвадан атиги 1600 чақирим узоқликда...

Бир замонлар Қизил Армия босиб олган, Шўроларнинг таркибидан бўлган уч Болтиқбўйи давлатлари бугун НАТОга аъзо. Варшава шартномасига аъзо давлатлар ҳам НАТО сафига кирган.

Россия президенти Владимир Путин табиийки норози...

Россия имкон қадар бу кенгайишга қарши турибди. Ўз ядро қуроллари арсеналини кучайтирмоқда, узоқ-яқин хорижда таъсирини кучайтириш йўлида тер тўкаётир. Мубоҳасали, аммо муваффақиятли деб таърифланаётган режим қўллаш - бу ўринда Сурия раҳбари Ассадни дастаклаш Москванинг ютуқларидан бири деб кўрилади.

Европада Россияни кибер ҳужумлар учун танқид қилишади.

Ахборотнинг турфа воситалари билан сайловларга таъсир ўтказиш, Англияда радиологик ва кимёвий моддалар билан сиёсий қотилликларда Россиянинг қўли борлигига ишонилади.

Солисбуридаги ҳужумни Москва кескин рад этиб келади. Аммо айни шу ҳужумдан кейин НАТО давлатларидан Россия дипломатлари ва хавфсизлик ходимлари оммавий равишда чиқариб юборилди.

Аксарият янги Совуқ Уруш ҳақида гапира бошлади.

Аммо бу галги зиддият ўтган асрнинг эллигинчи ё олтмишинчи йиллардан фарқ қилади.

Россиянинг бугунги қудрати ва таъсири Советлар Иттифоқининг соясига ҳам арзимайди.

Ана шу соядаги зиддиятларда аниқ айбдорларни аниқлаш осон эмас.

"Ғарбда сиёсий якдиллик йўқ ва бу Путинга жуда қўл келади", дейди профессор Кларк.

"Россия келаси ўн ёки йигирма йил давомида НАТО учун бошоғриқ бўлади, аммо Кремлни стратегик душманлик даражасига кўтарилишига йўл қўймаслик керак".

"Агар Ғарб давлатлари Кремл хавфи бўйича ҳозиргидай бемалолхўжалик қилишадиган бўлса, унда қўрқаманки, келажакда Европадаги хавфсизлик масалаласида Москва катта рол ўйнай бошлайди".

Бу галги НАТО "саммити"дан мақсад аъзо давлатларнинг қанчалар бирдамликда эканини кўрсатишдир.

Аммо бу "саммит"гача бўлган давр НАТОнинг муаммолари юзидан таъбир жоиз бўлса "пардани" кўтарди.

НАТО келажак учун сарф-харажатларнинг тахминий миқдорини эълон қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Трамп НАТОдан норози

Айни режага кўра, НАТОга аъзо давлатларнинг ҳам хавфсизлик бюджетлари оширилади.

Ташкилот шунингдек, НАТО марказий бюджетини аъзо давлатларга тарқатиб берди.

Айни бюджет Брюсселдаги қароргоҳ ва НАТОнинг қўшма лойиҳаларини молиялайди.

АҚШ камроқ тўлайдиган бўлади.

Германия эса кўпроқ пул ажратади.

Буларнинг бари президент Трампни яна бир бор НАТО ва иттифоқчи давлатларга қарши шармандали чиқишлардан тийишга қаратилгандир.

Аслида НАТО харажатлари учун адолатли тўлов масаласи доим кун тартибида мавжуд эди.

Стратегик маънода "мия фаолиятдан тўхтаган" ташкилотми?

Франция президенти яқинда НАТОни "стратегик маънода "мия фаолиятдан тўхтаган", деб таърифлади.

Ўз айтган гапидан афсус қилиш ўрнига у ўтган ҳафта ташкилотни фақат пул ҳақида гапирмасдан, стратегик муаммоларни ҳам ҳал этиш учун бош қотирса яхши бўларди, деди.

Сал аввалроқ Франция ва Туркия ўртасида бир зиддият пайдо бўлди.

Президент Макрон Вашингтонни Суриядан қўшинларни эрта олиб чиққани учун танқид қилиб келаётганди.

Туркиянинг ҳарбий амалиётлари эса Францияга ёқмаган иккинчи амал эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Макрон ҳам норози ташкилотдан

Ҳар икки стратегик қарор НАТО давлатларининг иштирокисиз олинганидан Франция норози қолди.

Туркия эса Францияни курдларга нисбатан "ўта дўстона"мавқеисидан ғазабда.

Анқара шунингдек, Россиядан анчайин мураккаб ҳаво ҳужумига қарши тизимни сотиб олди.

Бу эса НАТОга аъзо давлат қўйиши мумкин бўлган энг ноқулай қадам эди.

Хуллас, НАТО мураккаб бир босқичда қолган.

Мураккаб босқич ва мураккаб саволлар.

Россия хавфига нисбатан ташкилотнинг стратегияси қандай бўлади?

Тобора кучайиб келаётган Хитойга қаратилган сиёсат қандай бўлиши керак?

Умуман, ташкилотнинг 21 асрдаги устувор масалалари нималарда иборат бўлади?

Экспертлар: Россия минтақавий урушларга тайёрланмоқда

Дунё: НАТО Россиянинг ядровий таҳдидига қандай қарши тура олиши мумкин?

Россия Путини: Яккалаб қўйилган пошшодан Яқин Шарқ тақдирини ҳал қилувчи шахсга айланиш

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ