Ўзбекистон, қишки мавсум: Аркадағ ўзбекистонликларни светсизликдан қутқардими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Ўзбекистондаги бу йилги қиш мавсуми ҳам узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган таниш манзара - энергетик бўҳрон билан бошланди.

Ижтимоий тармоқларда газ ва свет йўқлигидан шикоят қилган одамларнинг ўнлаб видеолари пайдо бўлди.

Ҳатто, Ўзбекистон учун камёб ҳодиса - кичик норозилик намойишлари ҳам кузатилди.

Қорақалпоғистонликлар газ талаб қилиб кўчага чиққан бўлсалар, Фарғонанинг Қува тумани ва Андижон шаҳрида одамлар свет ва газ ўчишига қарши норозилик билдириб, катта йўлни тўсиб қўйгани айтилган видеолар тарқалди.

"Аркадаға шоҳрат!"…(?)

Ноябрь ойи сўнггида 1 декабрдан бошлаб Туркманистондан электр энергияси импорт қилина бошланиши ва электр таъминотида ижобий ўзгаришлар бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди.

Ҳақиқатан, 1 декабрдан бошлаб ижтимоий тармоқларда электр таъминотидаги узилишлар деярли кузатилмаётгани билдирилган постлар ва изоҳлар кўзга ташлана бошлади.

Айрим фойдаланувчилар ўзбекистонликларни Аркадағ номи билан танилган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов свет муаммосидан халос этганини айтиб, кинояли изоҳлар қолдирганлар.

Фарғонанинг Қўштепа туманида яшовчи Олимжон Ҳайдаровнинг маълум қилишича, 30 ноябрга қадар свет кунига ўртача 6-8 соат ўчирилган бўлса, 30 ноябрь тунидан бошлаб электр таъминоти сезиларли яхшиланган, ўтган кунлар давомида узилишлар деярли кузатилмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook
Image caption @facebook

"30 ноябрь кечасидан бери шу кунгача орада бир-икки марта 20 минутдан ўчмаган бўлса, свет умуман ўчмай қолди", билдиради у.

Шунингдек, у Фарғонанинг ўзига маълум бир неча туманларида ҳам свет ўчмай қолганини айтади.

"Бизга ёндош Марғилонда ҳам свет ўчмаяпти. Қувада ҳам ой бошидан свет узилмади, дейишяпти.

Аммо метан заправкалар ҳануз муаммо бўлиб турибди, одамлар 2-6 соат навбатда туришибди", дейди у.

Электр билан боғлиқ муаммо маълум даражада бартараф этилган бўлсада, Ўзбекистондаги асосий автомобиль ёнилғи воситаси ҳисобланмиш метан гази қуювчи шохобчаларда вазият ҳануз оғирлигича қолмоқда.

27 ноябрь куни сирдарёлик ҳайдовчилар метан гази тақчиллигидан норозилик билдириб, Тошекнт-Гулистон йўлини ёпиб қўйишган эди.

Одамлар ярим тундан эрталабгача заправкада навбат кутиб, балонда нормадан икки баробар кам газ билан чиқиб кетишмоқда, дейди қўштепалик суҳбатдошимиз.

"Агар метан мошина минган бўлсангиз, нормал ҳолатда давление 200 бўлади. Одамлар кечаси билан кутиб чиққан тақдирдаям, шу босимни 100 қиберяпти", давом этади Ҳайдаров.

'Нью-Йоркда ҳам свет ўчади…ʼ

Энергетика вазирлигига кўра, электр таъминотини вақтинча узиб қўйиш одамлар узоқ вақт светсиз қолиб кетишига йўл қўймаслик учун зарурий-мажбурий чора ҳисобланади.

28 ноябрь куни Энергетика вазирлиги сайтида пайдо бўлган мақолада энергияга бўлган эҳтиёж кескин ошадиган иссиқ ва совуқ кунларда тармоқда авария ҳолати юзага келмаслиги учун, ҳатто, ривожланган мамлакатларда ҳам свет ўчириб қўйилиши таъкидланади.

«Электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши (ёзда жазирама иссиқ мавсумидаги ёки қаҳратон қиш мавсумидаги совуқ об-ҳавода) кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолмоқда», дейилади муаллифи Эсо Садуллаев исмли техника фанлари номзоди экани кўрсатилган ушбу мақолада.

Мақолада чет мамлакатларда электр билан юз берган 10 га яқин йирик авариялар мисол қилиб келтирилади. Улар ичида Нью-Йорк ҳам бор.

Бироқ Нью-Йоркда свет ўчиши шу даражада камёб ҳолатки, бу шаҳарда юз берган деярли ҳар бир ток узилишига Википедиадан алоҳида саҳифа ажратилган.

Вазирлик сайтидаги мақолада одамлар свет ёқишда тежамкорликка эътибор қилмаслиги, оқибатда, электр узатиш тизимида хавфли кучланиш юзага келиши ва ҳудудий диспетчер таъминотни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлиши айтиб ўтилади.

"Истеъмолчиларнинг маълум тўлов эвазига электр энергиясидан фойдаланиш ҳуқуқидан ташқари энергиятежамкорлик ва энергиясамарадорлик масаласида маълум мажбуриятлари ҳам бор. Айнан шу нарса истеъмолчилар томонидан унутиб қўйилмоқда…

Энергия тежамкор бўлмаган электр жиҳозларидан фойдаланиш ҳамда эскирган технологиялардан фойдаланиш оқибатида иқтисодиётимизга зарар келтирамиз. Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш, аниқроғи уни ўғирлаш орқали истеъмолни бошқариш ва назорат қилиш тизимидан ташқари қанча-қанча электр энергияси сарф қилинади. Натижада истеъмол асоссиз равишда ошади, қувват блоклари, магистраль ҳаво линиялари, трансформатор подстанциялари ва электр узатиш тармоқларининг ортиқча юкланиши кузатилади. Бу, ўз навбатида, тизимдаги аварияларнинг пайдо бўлиши учун зарур шарт-шароит яратиши турган гап", каби жумлаларни ўқиш мумкин Энергетика вазирлиги сайтида чоп этилган мақолада.

Ўзбекистон: Газ ва электр муаммоси қачон ҳал бўлади?

Ўзбекистон,қишки мавсум: Одамларга мустақилликдан иссиқлик, ёруғлик муҳим бўлдими деб қўрқиб қетаман

Ўзбекистон, қишки мавсум: баҳорга эсон-омон чиқиб олсак бўлгани

2030 йилни кутиш керакми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz
Image caption Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев

Ўзбекистонда давом этаётган энергетик бўҳроннинг сабаблари юзасидан билдирилган фикрларда мамлакатдаги аксар электр ишлаб чиқариш станциялари, электр узатиш линиялари ўнлаб йиллардан буён ўсиб бораётган талабга монанд равишда модернизация қилинмагани тилга олинади.

Электр билан боғлиқ муаммога асосий ечим сифатида кўрсатилаётган атом электр станцияси тўлиқ ишга тушишини эса яна 10 йил кутиш зарур.

Шу йилнинг март ойида Таҳлилнома кўрсатувида иштирок этган Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев мамлакат энергетика секторида ишлатилаётган ускуналарнинг катта қисми эскиргани, Ўзбекистон энергетика соҳаси охирги 27 йил ичида атиги 25 фоизга ўсганини тан олган эди.

Ўшанда Шерзод Хўжаев 2030 йилга қадар электр ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробарга оширилиши режалаштирилаётганини маълум қилган эди.

Вазир ўринбосари 10 йил ичида энергетика соҳасини 2 баробарга ривожлантириш йўлида буғ-газ генераторларини янгилаш ва қувватини ошириш, қуёш ва шамол электр станциялари қуриш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш ва атом электр станциясини қуриш режалаштирилаётганини билдирган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ