Россия ва Ўзбекистон: Москва Ўзбекистонни ҳам ўзига қаттиқ боғламоқчими?

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Россия ва Ўзбекистон: Расмий Москва минтақада ўзининг геосиёсий лойиҳаларини жадаллаштирмоқчи - Россия Тожикистонда илк бор ўзининг С-300 ҳаводан мудофаа тизимини синаб кўраркан, бунга ўзбекистонлик айрим сиёсий таҳлилчиларнинг муносабати худди ана шундай бўлди.

Уларга кўра, жорий пайтда минтақа ва дунёдаги геосиёсий вазиятга умумий баҳо бериш керак.

Жумладан, Франциядаги асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов худди ана шундай фикрда.

Таҳлилчига кўра, "Америка Қўшма Штатларида Дональд Трамп ҳокимиятга келган ва расмий Вашингтон кўпроқ изоляцион сиёсат олиб боришга ўтган бир фонда Россия, Хитой ва ҳаттоки, Европа Иттифоқида ҳам трансатлантик муносабатлардан бироз бўлса-да, чекиниш кузатилмоқда".

Худди шу манзарада, "Россия ва Хитойга ўхшаган давлатлар ўзининг глобал геосиёсий лойиҳаларини жадаллаштириш устида ишламоқда".

Суҳбатдошимизнинг алоҳида қайд этишича, айниқса, Ўзбекистонда ҳокимият алмашган бир фазода Россия ўзининг Марказий Осиёдаги йирик ва узоқ муддатли геосиёсий лойиҳаларини қайта кўриб чиқаяпти".

Унга кўра, "ҳатто, бу лойиҳаларини амалга ошириш учун ниҳоятда шошилаяпти".

Россия айнан Шавкат Мирзиёев қудратга келган қисқа вақтнинг ичида расмий Тошкент билан Марказий Осиёда биринчиси бўлиши кутилаётган АЭС - атом электр станциясини ҳамкорликда қуриш борасида ҳукуматлар даражасида келишиб олган ва томонлар аллақачон бу лойиҳа ижросига киришишган.

Аксарият сиёсий таҳлилчилар эса, бу каби йирик иқтисодий лойиҳаларни бир давлат бошқасини ўз сиёсий орбитасига тортишининг энг қулай ва самарали воситаси сифатида кўриб келишади.

Хитой эса, жорий пайтда дунёнинг минтақа давлатлари энг кўп қарздор давлати сифатида ўртага чиққан.

Расмий Пекин, бундан ташқари, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларини ҳам ўз ичига олувчи йирик иқтисодий лойиҳаларни ҳам ўртага ташлаган минтақадаги ягона давлат бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Камолиддин Раббимовнинг айтишича, "Тожикистонда Россиянинг С-300 ракетадан мудофаа тизимининг жорий этилиши ва бу орқали бутун Марказий Осиё хавфсизлигини биз таъминлаяпмиз, дейиши, Афғонистондан ИШИД таҳдиди ва ҳар хил ишонарсиз бўлган у-бу воқеалар содир бўлиши, менинг назаримда, мана шу ягона мантиққа тўғри келади".

"Россия тушуниб етган ёки амалга оширишга интилаётган нарса - Марказий Осиё устидан тўлақонли геосиёсий, ҳарбий-стратегик ва геоиқтисодий назоратни ўрнатиш, кучайтириш, парваришлаш ва Москвага ниҳоятда кучли боғлаб ташлаш".

"Ўзбекистонга бўлаётган босимларнинг жуда ҳам кўпини биз тўлақонли ҳис қила олмаймиз, лекин, менинг назаримда, бундай босимлар ниҳоятда кучайиб бораяпти", - дейди таҳлилчи суҳбатдошимиз.

Унга кўра, "Россия, биринчидан, Ўзбекистонни ЕвроОсиё Иқтисодий иттифоқига қўшиш, кейинчалик уни яна Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қайтариш лойиҳаларини яшираётгани йўқ".

Камолиддин Раббимовнинг айтишича, бугунги кунда дунёнинг қудратли давлатлари тушунган нарса шуки, 21-аср бу - гибрид, асосан геосиёсий курашлар даври ҳисобланади".

Худди шу боис ҳам, "бу соҳадан бирор қудратли давлат ўзининг маблағи, ресурсларини тежаётгани йўқ".

"Афсуски, биз - Марказий Осиё давлатлари мана шу қудратли давлатлар, мана шу қудратли лойиҳалар "ўлжалари"дан биттасимиз", - дейди таҳлилчи.

Унга кўра, Тожикистонда С-300 ракетадан мудофаа тизимининг жорий этилиши ҳам, "бу - Россиянинг узоқ муддатли геосиёсий, ҳарбий-стратегик ва геоиқтисодий лойиҳаларининг бир-бирига боғланиши"дан ўзга нарса эмас.

Тожикистон ва Қирғизистон Марказий Осиёнинг, йилларки, Россия ўзининг ҳарбий база ва иншоотларига эга иккита давлати бўлади.

Бу икки давлат Қозоғистон билан бирга Россия шамсияси остидаги ҳарбий блок саналувчи Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо уч Марказий Осиё республикаси ҳисобланишади.

Айнан "Ишкобод"даги ҳужумдан саноқли соатлар ўтиб, Россиянинг Тожикистондаги 201-ўқчи бўлинмаси тревога бўйича кўтарилганига оид хабарлар ҳам олинган.

Айрим Россия ахборот агентликларининг бу хабарларида Душанбе гарнизони ҳарбий шаҳарчаси муҳофазаси машқ қилингани айтилганди.

С-300 Россия Тожикистон мисолида бир Марказий Осиё давлатида жойлаштириш ва ишга туширишга муваффақ бўлган биринчи мукаммал ҳаводан мудофаа тизими бўлади.

Россиянинг мазкур русумдаги ҳаводан мудофаа тизимига ҳам хориждан талаб катта экани, Ҳиндистон, Хитой ва Сурия каби давлатларнинг ҳарбий арсеналида аллақачон бор экани ҳам хабар берилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон: ИШИД Марказий Осиёга ҳужум қилишга қодирми? - таҳлил

Ўзбекистон-Тожикистон: Тошкент ҳам, ИШИД ҳам жим, аммо янги тафсилотлар бор

Ўзбекистон-Тожикистон: Чегара постига ҳужум, қурбонлар бор...

Ўзбекистон ва Тожикистон нимадан хавотирда - ИШИД данми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Military.ru

Ракетадан мудофаа тизими Россиянинг Тожикистондаги 201-ўқчи бўлинмаси ихтиёрига шу йил октябрь ойида етиб келгани хабар берилган.

Бу тизимни Ўзбекистонга ўхшаб Афғонистонга бевосита чегарадош Тожикистонга келтиришдан асосий мақсад ҳам, Россиянинг мазкур бўлинмаси қатори бутун Марказий Осиё минтақасининг ҳаводан ҳимоясини таъминлаш экани айтилган.

Душанбедан мустақил журналист Искандар Фирузнинг айтишича, айнан "Ишкобод"даги ҳужум ортидан, Россиянинг Тожикистондаги ўқчи бўлинмаси ҳаводан мудофааларини мустаҳкамловчи жиҳозларни келтиришларини маълум қилишган.

Россиянинг ўзи эса, айниқса, сўнгги икки йил ичида ўзининг жанубий сарҳадлари чегараларини ҳимоясига алоҳида эътибор қаратиб қолган. Бу эса, сўзсиз, Афғонистон билан бевосита чегарадош Тожикистонни кўзда тутади, дейди журналист.

Унга кўра, Россия томонининг бу каби саъй-ҳаракатларига қарамай, Тожикистондаги аксарият сўнгги ҳужум ИШИДнинг иши эканига ишонқирамай қарайди.

Мустақил журналист суҳбатдошимиз ҳам, ўз ўрнида, булар барчаси Россиянинг геосиёсий ўйинлари эканига оид қатор етакчи экспертларнинг фикрларига қўшилишини айтади.

Бундан ташқари, ҳужумни сафарда экани чоғи юз берганини назарда тутиб, Президент Раҳмон шу йўл билан Афғонистон билан чегараси ҳимоясига Европанинг эътиборини жиддийроқ тортиш истагида бўлган бўлиши мумкинлиги борасида айрим экспертларнинг фикрларига ҳам тўхталиб ўтади.

Марказий Осиё, Россия ва хавфсизлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи ASIAPLUS/OFFICIAL

Ҳаво-ўқув машғулотларига оид хабар Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги чегара постига уюштирилган ҳужумдан саноқли ҳафталар ўтиб олинган.

Мазкур ҳужумга масъулиятни ўзига хос бўлмаган сусткашлик билан алал-оқибат билан ИШИД жангари гуруҳи ўз зиммасига олган.

Аммо Тожикистон Президенти Европа сафарида бўлган, мамлакатда Конституция куни байрам қилинаётган, устига устак, Афғонистон билан ўзаро чегарадан анча ичкарида уюштирилган бу ҳужум озмунча саволларни пайдо қилмай қўймаган.

Ўша пайтда мазкур ҳужум ортида "Россия омили"ни кўрган таҳлилчилар ҳам озмунча бўлмаган.

Ҳужумдан кун ўтиб, Тошкент мезбонлик қилган МДҲ Хавфсизлик ва махсус хизмат органлари раҳбарлари кенгаши йиғинида ҳам ИШИД масаласи алоҳида эътибор топган.

Хабарларда "Ишкобод" ҳодисаси алоҳида тилга олингани, унга бирор бир тарзда муносабат кўрсатилгани кузатилмаган эса-да, Тошкентдаги йиғинда ИШИД билан боғлиқ мавзу гуруҳ туғдираётган ва туғдириши мумкин бўлган хавф ҳақида боргани кўрилган.

Тошкентдаги йиғин чоғида Россия вакили яна бир бор ИШИД хавфи билан огоҳлантирган.

Бу гал огоҳлик Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати раҳбари оғзидан янграган.

Александр Бортников, "ИШИД жангарилари МДҲда кенгайишга ҳозирлик кўришаётгани"ни баён қилган.

"ИШИД бўлинмаларининг Афғонистонда "Хуросон" қаноти остида фаоллашишаётганини қайд этаётганликлари"ни билдирган.

"Жамоат Ансаруллоҳ" ва "Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати" улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб боришаётгани"ни айтган.

"Уларнинг мақсади - МДҲ ҳудудида кенгайиш учун плацдарм яратиш" экани, "бу кенгайиш айнан Марказий Осиё фуқаролари ҳисобига амалга оширилиши"ни таъкидлаган.

Россия томони вакили бунга ўзларида бўлган маълумотлар далолат қилишини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Ботников бунга қўшимча, "Ғарб давлатлари ҳам МДҲ давлатлари ичкарисидаги вазиятни издан чиқариш учун фаол ҳаракат қилишаётгани" алоҳида қайд этганди.

Бунинг ортидан, Россия Ташқи ишлар вазири муовини Игорь Моргулов ИШИД ва минтақавий хавфсизлик масаласини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши йиғинида кўтарган.

Ўзбек-тожик чегарасидаги сўнгги ҳужум ИШИД таҳдиди ростмана эканини исботлаганини айтган.

Марказий Осиё ва ИШИД

Қолган Марказий Осиё давлатлари фуқаролари билан қиёсланганда, ҳам Яқин Шарқ ва ҳам Афғонистондаги ИШИД гуруҳига аъзо жангарилар айнан Ўзбекистоннинг ҳисобига тўғри келади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқаролари бу икки минтақада яна камида тўрт ўзбек жангари гуруҳи сафларида жанг қилиб келишади.

Умумиятла уларнинг сони халқаро ҳарбий доиралар ва ҳисоботларда бир неча мингга қиёс бериб келинган.

Асослари Ўзбекистонга бориб тақалувчи минтақадаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи - Ўзбекистон Исломий ҳаракати эса, 2015 йилда айнан Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига тўлиғича байъат келтирган.

Орада ҳаракат сафлари парчалангани, уларнинг сафларидан яна Афғонистон Толибон ҳаракатига мойил ўзаги ажралиб чиққани хабар берилган.

Аммо шу пайтга қадар бу икки гуруҳ лидерлари ва улар аъзоларининг аниқ сонларига оид маълумотлар кенг матбуотга имконли эмас.

Агар, халқаро ҳарбий таҳлилчиларнинг баҳоларига таянилса, ҳаракат заифлашиб бўлган ва жорий пайтда жон сақлаш мавқеида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Устига устак, Россиянинг Тожикистондаги сўнгги ҳаво-ўқув машқлари Президент Муҳаммад Ашраф Ғанининг Афғонистонда ИШИД гуруҳи мавҳ этилгани ва исломий халифатига барҳам берилганига оид баёнотидан саноқли кунлар ўтиб уюштирилган.

Минтақавий экспертлар эса, расмий Кремлнинг, айниқса, сўнгги йилларда хосан кучайиб бораётган бу каби огоҳликларини Россия ва унинг президентининг қайта уйғонган империалистик амбициялари билан изоҳлаб, талқин этиб келишган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатларида кузатиб келинган ва кузатилаётган бу каби ҳолатларни мамлакат мухолифати ва дин аҳлига босим ўтказишнинг воситаси сифатида ҳам баҳолашган.

Бошқа томондан, Тожикистондан олинган янгилик Ўзбекистон 2020 йилда Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилишига оид хабарлар фонида бўй кўрсатган.

Ўзбекистондаги етакчи интернет нашрлари шу кунларда Россия Иқтисодий ривожланиш вазирининг сўзларига таяниб, бу ҳақда хабар беришган.

Бу хабарларда вазирнинг бу ҳақда 30 ноябрь куни гапиргани англашилган, аммо орадан икки кун ўтиб ҳам, бу хусусда расмий Тошкент жим, ҳалича бирор бир муносабат билдирмаган.

Сўнгги ойларда айнан Россия томонидан Ўзбекистоннинг бу иттифоққа қўшилиши ва бунинг тахминий санасига оид баёнотларнинг сони ортган.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати ҳали-ҳануз бу хусусда бирор бир қатъий баёнот билан чиқмаган.

Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг шу йил октябрь ойида Тошкентга ташриф чоғида диққат-эътиборга тушган мазкур масала бу яқин-ўрталарда ижтимоий-мулоқот тармоқларида кескин акс-садо берган Ўзбекистон билан боғлиқ мавзулардан бири бўлади.

Россия томонининг кетма-кет баёнотлари манзарасида бу акс-садоларнинг ҳануз тинмаётгани кузатилади.

Қолдирилаётган коментлардан бу масаланинг ўзбекистонликлар учун референдум орқали қарор берилиши шарт бўлган даражадаги мавзу экани кўрилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ