Ўзбекистон: Бераётган бўлсам халқимга беряпман - Вазирлик ҳокимларнинг машина совға қилишини чекламоқчи

ҳокимлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Matbuot xizmati

Молия вазирлиги ҳокимларнинг машина ва уй совға қилишига бўлаётган эътирозларга муносабат билдирди. Вазирлик 2020 йилдан бошлаб ҳокимларнинг ўз номидан совға бериш ҳолатларини маҳаллий кенгашларга боғлаб қўймоқчи. Олдинроқ Андижон вилоят ҳокими спортчиларга 3 та Спарк совға қилишини айтиб, "бераётган бўлсам халқимга беряпман", деганди.

Молия вазирлиги давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи Жамшид Абруевнинг кун.узга айтишича, бундан буён ҳокимлар истаган одамига машина, уй совға қилолмайди, фақатгина маҳаллий кенгашлар маъқуллаган йўналишларга қўшимча даромадларни ишлатишлари мумкин.

"Бундан кейин маҳаллий ҳокимликлар фақатгина маҳаллий кенгашлар маъқуллаган йўналишларга қўшимча даромадларни ишлатишлари мумкин. Ижтимоий тармоқларда кўрдик - ҳокимлар уй-жой, машиналарни қаердан олиб бераётгани ҳақида жамоатчиликда саволлар туғиляпти. Булар қўшимча даромадлар ҳисобидан олинди, дейишлари мумкин. Маҳаллий ҳокимликларнинг қўшимча даромадлари ҳам барибир маҳаллий бюджетнинг маблағи", дейди Жамшид Абруев.

Молия вазирлиги мутасаддиси "2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги қонуннинг 20-моддаси билан бюджет маҳаллий бюджет кенгашида қандай тасдиқланса, қўшимча даромадлар ҳам худди шу тартибда тасдиқланиши керак деган норма киритилишини айтган.

Вазирлик расмийси сўзларига кўра, бу бюджет интизомини тартибга солади.

Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғининг қўшимча қилишича, ҳокимларга фавқулодда вазиятлардаги кичик харажатлар учун маблағларни маҳаллий бюджетдан олишга рухсат бериляпти.

Бунда ҳам пуллар нимага сарфлангани ҳақида ҳар чоракда ҳисобот топширилиши шарт.

Аммо фавқулодда харажатлар учун деб маҳаллий бюджет пулига уй, машина олишолмайди, фақатгина таъмирлаш ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатларга харажат қилишлари мумкин.

Ҳокимларнинг ўз номидан пахта теримчи, спортчи ёки шеър айтган шоирларга машина совға қилиши сўнгги вақтларда урфга кирди.

Жамоатчиликда бундай совғалар манбаси қаердан олиняпти, деган саволларни пайдо қилган.

Андижон вилояти ҳокими пахтакорларга берилаётган машиналар давлат бюджетидан эмас, балки кластерчи тадбиркор ҳисобидан берилаётганини айтган.

Бироқ Қорақалпоғистон Республикасида Спарклар маҳаллий бюджет ҳисобидан берилаётгани маълум бўлган.

Фарғона вилоят ҳокимлиги эса, кластер усулида пахта етиштиришга кўмаклашган тадбиркорнинг онасига совға қилинган 200 миллион сўмлик "Малибу" нинг манбасини айтишдан бош тортган.

"Бу вилоят ҳокимлигининг ички сири, мен ошкор этолмайман. Лекин "Малибу" харидида давлат бюджетидаги маблағларнинг дахли йўқ. Шунингдек, бирор тадбиркорнинг ҳам ҳомийлик иштироки йўқ", деган вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов.

Машина совға қилиши билан кўп эътиборга тушаётган Андижон вилоят ҳокими "Пахта тергим келяпти, Равон мингим келяпти"деб шеър ёзган шоир Шаробиддин Болтабоевга машинани ниманинг ҳисобига совға қилганини очиқламаган.

Блогер Нозимжон Сафар ушбу хабарни деменция- хотира, фикрлаш, ўйлаш, тушуниш, ҳисоблаш, каби қобилиятларнинг деградацияга учраши дея баҳолади.

"Илтимос, ерни тўхтатинг тушиб қолай. Нима дейишни ҳам билмаяпман. Бу қандайдир психологик деменция ёки кучли маразмга айланяпти. Бу уже кулгили ҳам эмас", дейди у.

Вилоят ҳокимидан совғага машина олган шоир Шаробиддин Болтабоев вазирлик томонидан ҳокимларнинг машина ва уй совға қилиш анъанасига барҳам берилишини чўлламаслигини билдирди.

"Мен ҳокимларнинг совға беришини ёқлайман. Ҳоким совғани калстерчи тадбиркорлар томонидан берилаётганини айтди", дейди у.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 25 ноябр куни вилоятлик спортчиларни тақдирлаш маросимида машина совға қилиш бўйича бўлаётган гап сўзларга муносабат билдирган.

"Қолаверса сизларнинг олдиларингда битта нарса айтаман. 8 декабр куни шу уччала болага Худо хоҳласа вилоят ҳокимлиги номидан, қолаверса, бутун Андижон халқи номидан уччаласига биттадан Спарк бераман. 8 декабр куни. Кимлардир муҳокама қилиб кўряпти буни ҳам ҳоким қатдан оберяпти, нима оберяпти. Мен бераётган бўлсам, халқимга беряпман. Ўзим емаяпман, шу халқимга беряпман мен", деган Шуҳратбек Абдураҳмонов.

Ҳокимларнинг машина бериш анъанасидан олдин Президент номидан машина совға қилиш урфга кирган эди.

Вилоятларда учизак туғилган фарзандларга Президент Шавкат Мирзиёев ёки унинг оиласи аъзоларидан бирининг исмларини қўйган ота-оналарга "Президент совғаси" дея маҳаллий ҳокимликлар машина совға қилаётган эди.

Ушбу машиналарнинг ҳам кимнинг ҳисобидан олингани расман айтилмайди.

Ижтимоий тармоқларда танқидлардан сўнг Мирзиёев исмларини қўйган учизакларга "Президент" номидан совға бериш ҳолатлари кескин камайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ