Ўзбекистон: ИИВ Мирзиёев "каламуш" деган постларнинг қайтишини байрам билан изоҳлади

постлар Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

ИИВ вилоятлар орасида қайта тикланаётган постларнинг вақтинчалик эканлиги ва бу парламент сайлови ҳамда янги йил байрами билан боғлиқлигини айтди. Бундан икки йил олдин Президент Мирзиёев постлар порахўрлик маскани бўлиб қолгани учун уларни тугатишни буюрган эди.

ИИВ матбуот хизмати томонидан чоп қилинган баёнотда тезкор ва криминоген вазиятни инобатга олган жойлардаги ички ишлар бошқармалари вазирлик раҳбарияти билан келишган ҳолда йўл-патруль ва патруль-пост хизмати постларини вақтинча ташкил этиш ва тугатиш тартиби ҳақида эслатилган.

Вазирлик постларнинг қайтишини 22 декабрга мўлжалланган Парламент сайлови ва янги йил байрамига тайёргарлик билан изоҳлади.

"Шунга мувофиқ, айни пайтда мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилаётган муҳим сиёсий тадбир, шунингдек, байрам тантаналарига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида хавфсизликни самарали таъминлаш мақсадида айрим ҳудудларда вақтинчалик йўл-патруль ва патруль-пост хизмати постлари ташкил этилмоқда", дейилади расмий хабарда.

Баёнотда вақтинчалик постлар сайловнинг ўтишида қандай аҳамиятга эга эканлиги ва қандай боғлиқлиги борлиги тўғрисида изоҳ берилмаган.

Вазирлик ушбу назорат постларининг қайтарилиши "хавфсизлик нуқтаи назаридан" амалга оширилаётганини ва ижтимоий тармоқларда турли асосланмаган нохолис фикрларни тарқатмаслик кераклигини таъкидлаган.

Ички ишлар вазирлигининг постларни "вақтинча" қайтариш амали орқага ташланган қадам сифатида баҳоланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Мамлакатга кираётган контрабандани чегарада тўхтатиш керак, дейди журналист Карим Баҳриев.

"Умуман, блокпостлар Сурия ёки Чеченистондаги урушларнинг белгисига ўхшайди. Ўз фуқароларига ишонмаётганини таъкидлаб, амалдорлар ва полицияда коррупция ривожланишига шароит яратаётган давлат уялиши керак. Афтидан милиция йўлларга блокпостларнинг қайтарилишига таъсир ўтказган. Бу ички сиёсатдаги яққол таназзул ва орқага қайтиш, Жаноб Мирзиёев", деб иқтибос келтирди Карим Баҳриев ўзининг Facebook саҳифасида.

Намангандаги постда турган каламушлар

2017 йилнинг 22 декабрида Парламент ва Сенатга мурожаат қилган Президент Шавкат Мирзиёев постларни порахўрлик масканига айланиб қолганини таъкидлаган ва уларнинг тугатишни буюрганди.

"Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади. Тошкентдан ўтасиз битта пост, тепадан ўтасиз иккита пост, тепадан яхшилаб текширади. Тўғри йўлдан Наманганга кирганингизда каламушлар туради. Қаёқдан келяпсиз, очинг орқани, дейди. Бу нима ўзи? Шу муносабат билан вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патруль постларини тугатиш патрул хизмати стационар постларини сонини кескин камайтириш лозим", деганди Ўзбекистон Президенти.

Президент постлар одамларнинг мамлакат ичида эркин ҳаракатланишига тўсиқ эканлигини таъкидлаганди.

"Ҳозирги вақтда вилоятлар ўртасида йўл-патруль постларининг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо, иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 60 дан зиёд бундай пост мавжуд. Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинасида бормоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади", деганди Шавкат Мирзиёев.

Президент топшириғидан сўнг ҳам йўл-патруль постларининг барчаси тугатилмади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги "Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 377-сон қарорига мувофиқ, республика ҳудудида мавжуд бўлган 133 та йўл-патруль хизмати стационар постлари ва патруль-пост хизмати постларидан 74 тасининг фаолияти тугатилган.

Бугунги кунда улардан 59 таси ўз ишини давом эттирмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ