Ўзбекистон: Президент Мирзиёев ислоҳотлар реал ҳаётда ўз аксини топмаётганини эътироф этди

ШАвкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 3 йил олдин бошланган ислоҳотлар реал ҳаётда ўз аксини топмаётганини эътироф этди. Мирзиёев одамлар газ ва электр тизимидаги узилишларга ҳақли равишда норозилик билдираётганини таъкидлаган. Айрим иқтисодчилар ислоҳотлар самарасизлигини ваъдабозлик билан боғлашмоқда, бошқалар уч йил етарли муддат эмас деган фикрда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни 2020 йилда устувор йўналишлар бўйича ислоҳотларни жадаллаштириш, бу борадаги мақсадли параметрларни белгилаш ва таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Президент расмий сайтида ёзилишича, Иқтисодиётни либераллаштириш, тенг рақобат муҳитини шакллантириш, энергия тежамкорлигини ошириш каби йўналишлар бўйича ўнлаб фармон ва қарорлар қабул қилиниб, бизнес субъектларига зарур шароитлар яратилган.

"Лекин ислоҳотлар реал ҳаётда ўз аксини етарли даражада топмаяпти. Йиғилишда турли соҳаларда йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди, тегишли раҳбарларнинг фаолияти кескин танқид остига олинди", дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев табиий газни қазиб олиш, транспортировка қилиш ва тақсимлашда ҳаққоний ҳисобга олиш тизими мавжуд эмаслигини таъкидлаган.

"Айниқса, газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар одамларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда", - деган Мирзиёев.

Давлат раҳбари, шунингдек, сўнгги 3 йилда кадастр соҳасини ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган 10 тага яқин қарор тўлиқ ишламаётганини айтган.

" Масалан, ер ажратишнинг онлайн аукцион тизими ҳанузгача жорий этилгани йўқ, кадастр маълумотларини рақамлаштириш ишлари якунланмаган. Ҳозирга қадар ерга бўлган ҳуқуқнинг янги шакли ва уни беришнинг очиқ-ошкора механизмлари ишлаб чиқилмади".

Йиғилишда юк ташиш тарифларининг юқорилиги боис маҳсулотлар таннархи баландлигича қолаётгани эътироф этилган.

Аҳолига қулай ва арзон транспорт хизматлари кўрсатиш талаб даражасида эмаслиги таъкидланган.

Бироқ ҳаво йўллари ва темир йўллари каби асосий транспорт соҳаларининг ҳамон монополия қўлида қолаётганлигини қайд этилмаган.

Президент "оқсаётган" 13 та муҳим йўналишда тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чораларни ишлаб чиқишга масъул бўлган ишчи гуруҳлар тузилганлигини айтган.

Ислоҳотлар нега самара бермаяпти?

Мирзиёев илк марта ўзи бошлаган ислоҳотлар кутилганидай самара бермаётганини эътироф этди.

Шу вақтгача бўлган чиқишларда Президент мавжуд муаммоларда 25 йил ичида ботиб қолган тизимни айбларди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам ислоҳотларнинг самара бермаётгани ҳақида кўплаб постлар ёзилмоқда.

Газ ва электр энергиясидаги узилишлар

Мирзиёев томонидан олиб ташланган вилоятлар ўртасидаги назорат постларининг қайта тикланаётгани аксарият томонидан орқага қадам ташлаш дея баҳоланмоқда.

Давлат хизматида ишлаётган айрим ходимлар эса тизимсизликдан нолимоқда.

"Режам бир тарафда қолиб, ўз ишларим бошқа тарафда қолиб, менга алоқаси бўлмаган ишлар билан шуғулланиб юрибман. Президент қарори келади. Қарорни ижро этиш учун ишчи гуруҳ тузилади. Ҳамма куч шунга йўналтирилади. Икки кун ўтмай бошқа қарор келади. Эски ишчи гуруҳ, биринчи қарорни ташлаб, иккинчисига ёпишади. Уч кун ўтмай фармон келади. Яна янги фармон кетидан тушилади. Ҳар бир қарор катта дабдаба ва ислоҳот ўлароқ ўқиб эшиттирилади. Ҳар бир қарор юзасидан селектор, мажлисбозлик бўлади. Қарорлар ижроси ўлда-жўлда қолиб кетаверади", дея ҳокимликда ишлаган бир хизматчининг гапларидан иқтибос келтирилди.

Фикр билдирувчилар божхона соҳасида бошланган ислоҳотлар орқага қайтаётганидан, сўнгги вақтларда қабул қилинаётган қарорлар мамлакатдаги монополистларнинг манфаатига хизмат қилишини айтишмоқда.

Қозоғистонда истиқомат қилаётган иқтисодчи Сапарбай Жубаев ислоҳотларнинг самара бермаётганида ваъдабозлик кўп бўлиб, амалда иш қилинмаётгани билан изоҳлайди.

"Ваъда ва гаплар кўп бўляпти. Лекин уни жойларда ишлаши масаласи амалга ошмаяпти. Бошқа томондан ислоҳотларнинг натижаси 5-6 йилда кўриниши мумкин", дейди у.

Иқтисодчининг айтишича, ислоҳотларни амалга ошиши учун иқтисодий ва молиявий жиҳатдан тўлиқ киришилмади.

"Ҳали тубдан ўзгаришлар бошлангани йўқ. Масалан, хусусийлаштириш масаласида кўп гапириляпти. Лекин бирор катта ўзгариш бўлганини сезмаяпмиз. Иккинчидан, молиялаштириш борасида банклар эркин бўлиши керак эди. Бу ҳам ҳали бошлангани йўқ", дейди Сапарбай Жубаев.

Жубаев ислоҳотларнинг амалга ошишдан ҳамон умид қилаётганини билдирди. Унинг айтишича, Қозоғистонда ўтказилган ислоҳотларнинг натижаси кўринишига 4-5 йил керак бўлган.

"Тўғрисини айтсам мен оптимистман. Шавкат Миромоновичнинг қўшни давлатлар билан савдо иттифоқларига, туркий давлатлар билан, Марказий осиё давлатлари билан яқин бўлиши келажакда иқтисодий ўзгаришларга олиб келади", дейди Жубаев.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ