Тошкент, Мирзиёев ва Рустам Эмомали учрашди: Президент ва ҳоким учрашуви фақат геосиёсий қадамми?

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Тошкент, Мирзиёев ва Рустам Эмомали учрашди: Президент ва ҳоким учрашуви фақат геосиёсий қадамми? - Тожикистон Президенти тўнғич ўғли, Душанбе шаҳар ҳокимининг Ўзбекистонга илк хорижий ташрифи аксарият минтақавий экспертлар нигоҳига тушган воқеъликлардан бирига айланган.

Бунга қўшимча, Рустам Эмомалининг Тошкентда экан, шахсан Ўзбекистон Президенти қабулида бўлиши улар орасида худди шу каби қарама-қарши баҳоларга сабаб бўлган.

Минтақавий экспертлардан айримлари ўз таҳлилларида бу ташрифнинг Ўзбекистон пойтахти мезбонлик қилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашувидан қисқа вақт ўтмай амалга ошганига ўз диққатларини қаратишган.

Буни минтақада кучайиб бораётган геосиёсий танглик фонида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар доирасидаги навбатдаги амалий ва самарали қадамга йўйишган.

Бошқа бир минтақавий экспертлар эса, Рустам Эмомали ташрифининг президентга хос даражада уюштирилганига эътибор беришган.

Унинг Душанбе шаҳар ҳокими сифатида чет - Ўзбекистонга илк сафарининг ўзидаёқ шахсан президент қабулида бўлиши тамом бошқа нарсанинг далолати эканини айтишган.

Бу каби таҳлилчилар ўзларининг баҳоларида шу пайтга қадар Душанбе шаҳар ҳокимларининг ўз хорижий сафарларида давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинмагани омилига алоҳида тўхталишган.

Худди шу боис ҳам, унинг шахсан Шавкат Мирзиёев билан учрашувини Ўзбекистон раҳбарининг Душанбедаги фазодан бохабар эканига йўйишган, Тожикистоннинг бўлажак янги президенти ишораси сифатида талқин этишган.

Рустам Эмомали кеча, 3 декабрь куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан кутиб олинган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан кечган музокаралар ва имзоланган битимлар ортидан, унинг шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида ҳам бўлганига оид хабарлар олинган.

'Президент ўғли карьерасида муҳим қадам'

Имомали Раҳмоннинг яна бир қизи ишли бўлди

Қандай қилиб Президент Раҳмон қудратни ўз қўлида жамлади?

Озода Раҳмон бойларга эҳсон қилишни топширди

Озода Раҳмон президент маъмурияти раҳбари

Озода Раҳмон Тожикистон Миллий мажлиси аъзоси этиб сайланди

Марказий Осиё: Президент ўз қариндошини ишга олса, қандай қарайсиз?

Ўзбекистон Президенти ва Душанбе шаҳар ҳокими ўртасидаги расмий учрашув президентнинг расмий веб саҳифаси ва ижтимоий мулоқот тармоқларидаги расмий акаунтлари эътиборидан ҳам четда қолмаган.

Бу ҳақда икковлон қўл сиқишиб тушган сурат илова қилиниб, расман хабар берилган.

Бугун, 4 декабрь куни ҳам бу хабарнинг Ўзбекистон Президенти расмий веб саҳифасида бош хабар сифатида турганини кўриш мумкин бўлган.

Расмий хабар ҳам ўзининг мазмун-моҳияти билан аксарият минтақавий экспертларнинг нигоҳларини ўзига тортмай қолмаган.

Унда ёзилишича, учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этган.

Икки қардош мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш таъминлангани, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида стратегик шериклик йўлга қўйилгани ҳам алоҳида таъкидланган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, сешанба кунги расмий ташриф эътиборларига тушган минтақавий экспертларни бу каби таҳлил ва талқинга ундаган омиллар ҳам озмунча бўлмаган.

Янги Ўзбекистон ва Марказий Осиё

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Тожикистон Марказий Осиёнинг ҳозирда марҳум президент Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқроқ бошқаруви даврида Ўзбекистон сув устидан, ҳаттоки, уруш ёқасига бориб қолган давлати бўлади.

Шавкат Мирзиёевнинг бошқаруви билан кечган қисқа вақтнинг ичида янги Ўзбекистон Тожикистон илова минтақадаги алоқалари деярли издан чиқиб бўлган қолган минтақа давлатлари билан ҳам ўзаро муносабатларни қайта йўлга қўйишнинг уддасидан чиққан.

Бу каби саъй-ҳаракатлар, ҳатто, ҳар икки томондан тарихий ҳодиса сифатида баҳо топиш даражасида аҳамият касб этган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничиликка асосланган янгича минтақавий сиёсати мустақил Ўзбекистон билан боғлиқ халқаро миқёсда эътибор, эътироф топган саноқли воқеъликлардан бири бўлган.

Худди шу манзарада янги Ўзбекистоннинг президенти томонидан минтақавий интергацияни кучайтиришга қаратилган қатор ташаббуслар ўртага отилган.

Куни-кеча Тошкент мезбонлик қилган ва Рустам Эмомалининг отаси, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳам шахсан қатнашган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ташаббускори ҳам айнан Шавкат Мирзиёев бўлган.

Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Россия ва Хитой ўртасидаги геосиёсий ва геоиқтисодий кураш манзарасида, геосиёсий босимлар остида Марказий Осиё давлатлари минтақавий интеграциянинг аҳамиятини англаб етишган.

"Мана, яқиндагина Марказий Осиё лидерлари Тошкентда учрашди ва улар ёпиқ эшиклар ортида минтақа яхлит геостратегияси, геосиёсатини шакллантиришга ҳаракат қилган бўлиши керак. Чунки бунинг маълум бир сигналлари мавжуд", - дейди таҳлилчи.

"Худди шу боис ҳам, менинг назаримда, мендаги тасаввур ва тахминларга кўра, Рустам Эмомали президент отасидан жуда ҳам ёпиқ бир маънодаги пайғом олиб келган бўлиши керак".

Таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, Рустам Эмомалининг мақоми анчагина паст бўлмасин, у, барибир, давлат раҳбарининг ўғли.

"Яъни, бу ерда гап Душанбе шаҳри ҳокими ҳақида кетаётгани йўқ. Балки, Тожикистон биринчи оиласининг ишонган шахси ҳақида гап кетаяпти. Айни ўринда унинг сиёсий мақомига эътибор бериш керак, ҳуқуқийсига эмас".

"Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмоннинг ўғлини қабул қилар экан, биринчидан, бу - Тожикистон тарафининг илтимоси, яъни юқори бир сиёсий даражадаги сўров бўлиши керак. Иккинчидан, икки шахс - Ўзбекистон ва Тожикистон президентини боғлаш учун, менинг назаримда, Рустам Эмомалининг мақоми, албатта, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчисиникидан юқори бўлади, туради", - дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи FACEBOOK

Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Марказий Осиё лидерларининг ўзаро контактлари яқин вақтлар ичида фақатгина зичлашади, жипслашади. Координация учун ўртадаги ишончли шахслар орқали боғланиш кўлами ҳам кенгаяди".

Унга кўра, "ташқи ҳамкорликнинг ички сиёсатга аралашуви ва босим бўлмаслиги учун, Марказий Осиё давлатлари ўзларининг минтақавий ҳамкорликларини кучайтириш, координациянинг қанчалик муҳимлигини жудаям яхши билишади".

"Агар, Ўзбекистон Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон - мана шу учта давлат билан кучли координацияга киришга муваффақ бўладиган бўлса, бунга улгурадиган бўлса, Россия улар билан ҳисоблашишга, ўзининг геосиёсий лойиҳаларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлади. Яъни воқеалар ривожининг қайси томонга кетиши бу давлатларнинг иродасига боғлиқ".

Худди шу ўринда суҳбатдошимизнинг алоҳида таъкидлашича, "бу давлатларнинг ўзаро координацияси аслида нафақат инсонларнинг ҳаракатланиши, балки ўша мамлакатларнинг узоқ муддатли геосиёсий манфаатларини ҳам қондиришга ҳам катта ёрдам беради".

Унга кўра, шу боис ҳам, Ўзбекистон президентининг Душанбе шаҳар ҳокимини шахсан қабул қилиши, у билан учрашувининг ҳеч бир ғайриодатий ери йўқ. Бу - оддий нарса. Бунга, ҳатто, қатор Ғарб давлатлари раҳбарларининг иш тажрибалари мисол.

"Тожикистон-Ўзбекистон муносабатларида жамоатчиликка билдирилмайдиган жуда ҳам кўп маълумотлар оқими бор ва мана шу оқимга Эмомали Раҳмон ўғлининг қўшилиши бу - табиий ҳолат. Чунки Рустам Эмомали Тожикистонда давлат иерархиясидаги жуда ҳам муҳим бўлган ҳуқуқий, сиёсий шахс", - дейди Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчига кўра, "Америка Қўшма Штатларида Дональд Трамп ҳокимиятга келган ва расмий Вашингтон кўпроқ изоляцион сиёсат олиб боришга ўтган бир фонда Россия, Хитой ва ҳаттоки, Европа Иттифоқида ҳам трансатлантик муносабатлардан бироз бўлса-да, чекиниш кузатилмоқда".

Худди шу манзарада, "Россия ва Хитойга ўхшаган давлатлар ўзининг глобал геосиёсий лойиҳаларини жадаллаштириш устида ишламоқда".

Суҳбатдошимизнинг алоҳида қайд этишича, айниқса, Ўзбекистонда ҳокимият алмашган бир фазода Россия ўзининг Марказий Осиёдаги йирик ва узоқ муддатли геосиёсий лойиҳаларини қайта кўриб чиқаяпти".

Унга кўра, "ҳатто, бу лойиҳаларини амалга ошириш учун ниҳоятда шошилаяпти".

Бунга қўшимча, аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош Хитойнинг ҳам борган сари минтақада сармоявий, иқтисодий ва молиявий иштироки ниҳоятда ошиб бормоқда.

Тожикистонда нима гап?

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Душанбедан мустақил журналист Искандар Фируз билан суҳбатимиз тафсилотларидан маълум бўлишича, Тожикистондаги аксарият экспертлар бу расмий ташриф борасида бошқача фикрда.

Журналистга кўра, бу экспертлар Рустам Эмомали ташрифининг қанчалик юксак даражада уюштирилгани ва унинг шахсан Ўзбекистон Президенти қабулида бўлганига алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Бу икки ҳолатни "Шавкат Мирзиёев уни Тожикистоннинг бўлажак раҳбари сифатида кўраётгани"га йўйишаётир.

Суҳбатдошимизнинг экспертлар кузатувларига таяниб айтишича, Рустам Эмомали сафарини президент отасининг самолётида амалга оширган ва ташриф президентона протокол асосида уюштирилган.

Тожикистон Президентининг тўнғич ўғли Ўзбекистонга қўриқчилар, таржимонлар ҳамроҳлигида борган.

Бундан ташқари, улар эътибор қаратган энг муҳим нуқталардан бири - қолган собиқларидан фарқли тарзда, Душанбе ёш ҳокимининг илк хорижий сафарининг ўзидаёқ қўшни давлат президенти томонидан қабул қилиниши бўлган.

Экспертларга кўра, мавжуд воқеълик Ўзбекистон Президентининг Тожикистондаги парламент ва президент сайловлари арафасида Душанбеда шаклланаётган вазиятдан яхши хабардор эканига далолат қилади.

Тожикистондаги ҳар икки сайловлар ҳам келаси - 2020 йилга режаланган.

Аммо, мустақил журналист суҳбатдошимизнинг айтишича, кейинги сайловда иштирок этмаслик қарорига келса, Тожикистоннинг бўлажак президенти ким бўлиши Эмомали Раҳмоннинг "Миллат Раҳнамоси" сифатида беражак қарорига боғлиқ бўлади.

Яъни, унга кўра, фақат "Миллат Раҳнамоси" овоз берган номзод бу каби ваколатни қўлга кирита олади.

Аммо, айни ўринда суҳбатдошимизнинг алоҳида қайд этишича, ҳатто ҳукумат доираларида ҳам Эмомали Раҳмоннинг бўлажак президентликка фарзандларидан қай бирининг номзодини илгари суриш масаласида ҳали бир тўхтамга келмаганига оид гап-сўзлар ҳам йўқ эмас".

"Яъни, бу номзод ёки Рустам Эмомали ва ёки Эмомали Раҳмоннинг тўнғич қизи, президент аппарати бошлиғи Озода Раҳмон ҳам бўлиши мумкин".

Журналистга кўра, Тожикистондаги мавжуд вазиятда юрак ютиб, бу икки номзодга қарши беллашиш нияти билан чиқиши мумкин бўлган номзоднинг ўзи йўқ.

Мамлакат аҳолиси эса, буларнинг барчасига аллақачон скептик қарайдиган бўлиб қолган. Чунки улар бизнинг фикримиз нима ҳам бўларди, деган тўхтамга келиб қолишган. Тожикистон раҳнамоси нима деса, шу бўлади, деган ўй-хаёлга келиб бўлишган, дейди суҳбатдошимиз.

Рустам Эмомали

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Тожикистон Президентининг тўнғич ўғли бир вақтнинг ўзида қатор лавозимларни эгаллаб келади.

У пойтахт Душанбе ҳокими бўлишдан ташқари, Халқ депутатлари Душанбе шаҳар кенгашининг раиси ҳам бўлади.

Рустам Эмомали бу мақомни 2017 йилда шахсан президент отасининг буйруғи билан эгаллаган.

Маҳаллий кузатувчилар ўшанда бу тайинловга Тожикистон президенти тўнғич ўғли сиёсий карьерасида олдинга қўйилган яна бир муҳим ва асосий қадамлардан бири сифатида баҳо беришган.

Таъкидлаш жоиз, бу - Тожикистон президенти тўнғич ўғли 31 ёшли Рустам Эмомали эгаллаётган биринчи давлат лавозими эмас.

Рустам Эмомали бунгача Тожикистон ҳукумати қошидаги Божхона Хизмати Контрабанда ва божхона қоидаларининг бузилишига қарши кураш бошқармаси бошлиғи ҳам бўлган.

Тожикистон президентининг тўнғич ўғли 2009 йилда Республика Ёшлар қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланган.

Бунинг ортидан Тожикистон ҳукумати қошидаги Инвестиция ва давлат мулки қўмитасининг Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимини ҳам эгаллаган.

Ўз ўрнида алоҳида таъкидлаш жоиз, Ёшлар Иттифоқи Тожикистон президентлигига ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлган ягона жамоат ташкилоти саналади.

Рустам Эмомали, бундан ташқари, Тожикистон Футбол Федерацияси президенти ва мамлакатдаги етакчи футбол жамоаларидан бири бўлган - "Истиқлол"нинг асосчиси ва ҳамсоҳибларидан бири бўлади.

Тожикистон президентининг тўнғич ўғли яна МДҲ ҳудудидаги энг ёш генерал ҳам ҳисобланади.

Рустам Эмомали Тожикистон Давлат Университетида "Халқаро иқтисодий алоқалар" соҳаси бўйича таҳсил олган.

Бундан ташқари, Россия Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Дипломатия академиясининг тингловчиси ҳам бўлган.

Оилали ва уч фарзанднинг отаси.

Акс-садолар

Фото муаллифлик ҳуқуқи MFA.TJ

Рустам Имомалининг бор-йўғи 31 ёшда эканига қарамай, "мансаб пиллапояларидан жадаллик билан юқорилаб бораётгани" Тожикистон ичкарисида турлича талқинларга сабаб бўлмай қолмаётир.

Тожикистон ҳукумати мухолифати ва танқидчиларига кўра, Рустам Эмомали ва яна қатор фарзандларини турли лавозимларга тайин этиш билан президент Раҳмон мамлакатда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга уринмоқда.

2016 йилда тожикистонликлар Эмомали Раҳмонни умрбод президентга айлантирувчи конституцион ўзгартиришларга оид референдумида овоз беришган.

Асосий конституцион ўзгартиришлар президент Раҳмонга қанча хоҳласа, шунча муддатга ҳокимиятда қолишига рухсат бериш; президентликка номзодини илгари суришни 35 ёшдан 30 ёшгача пасайтириш; ҳамда диний асосдаги сиёсий партияларни тақиқлашни ҳам кўзда тутган.

Раҳмоннинг айни пайтдаги ва ҳисобда тўртинчи президентлик муддати 2020 йилда ниҳоясига етади.

2015 йилда парламент унга "Миллат Раҳнамоси" мақомини берган, бу шахсга сиғинишни кучайтириши тўғрисида хавотирларни ҳам уйғотган.

"Миллат Раҳнамоси" Раҳмонга ички ва ташқи сиёсатда қарор чиқаришда, ҳатто у ҳокимиятдан кетганидан сўнг ҳам катта ваколатлар беради.

Қабул учун президент Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдириб, унга президент отаси Эмомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган Душанбе шаҳар ҳокими бугун қадим Самарқандни зиёрат қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ