Содиқ Сафоев: Узоқ муддатли стратегияси йўқ ҳукумат ўт ўчирувчилардек ҳаракат қиляпти

Сафоев

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳукуматнинг узоққа мўлжалланган стратегияси йўқлиги сабаб ўт ўчирувчилардек ҳаракат қилаётганини айтди. Сенатор бу сафарги парламент сайлов кампаниясида партиялар ҳукуматни ҳам бемалол танқид қилаётганини таъкидлади.

Олий мажлис депутати Элдор Туляков ижро ҳокимиятининг таъсирини камайтириш учун қонунларга ўзгартиришлар киритилганини айтди.

6 декабр куни Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида "Ўзбекистонда ислоҳотлар ва парламент сайловлари", мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманни Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги янги элчиси Саид Рустамов олиб борди.

Анжуман учун махсус Тошкентдан келган сенатор Содиқ Сафоев келаётган сайлов кампанияси жуда ҳам катта рақобат билан ўтаётганини айтди.

"Партиялар бир-бири билан очиқ баҳс қилмоқда. Турли ғояларни ўртага ташлашяпти, сиёсий ёндашуви ҳам фарқли. Бир-бирини ва ҳукуматни танқид қиляпти. Келаётган сайлов Ўзбекистон янги жамиятга айланганини намойиш қилади", дейди у.

Матбуот анжуманида қатнашган журналистлардан бири Ўзбекистонда ҳукуматни танқид қилиш қандай кўринишда бўлаётгани ҳақида сўради.

Содиқ Сафоев Парламентда ўзи ҳукуматни танқид қилганини мисол сифатида келтирди.

"Мен ҳукуматнинг концептуал нуқтаи назари йўқлигини айтдим. Улар ҳар куни 20 соатлаб ишлаб меҳнат қиляпти. Бироқ ҳукуматнинг ҳаракатлари узоққа мўлжалланган стратегияси йўқлиги сабаб ўт ўчирувчиларникидек бўлиб қоляпти. Давлат бошқарув тизими замонавий жамият талабларига мослаб ўзгартирилмади.

Мен аввало шуни айтдимки, янги сиёсат, янги мақсадларни эски тизим билан ҳаётга татбиқ этиб бўлмайди. Бу ўзгариши керак.

Янги сиёсат ва мақсадларни эски тизим билан амалга ошириб бўлмайди. Мисол тариқасида, биз нега ҳамон хусусийлаштиришни амалга оширолмаганимизни келтирдим", дейди Содиқ Сафоев.

Сенат раисининг ўринбосари келаётган сайлов одамларнинг ишончини қозонишдаги муҳим ҳодиса бўлишини таъкидлади.

Матбуот анжуманида иштирок этган Буюк Британиянинг Европа ва Америка минтақалари бўйича собиқ вазири сэр Алан Дункан Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистонда ислоҳотлар аста-секин амалга ошишига ишонишини билдирди.

Би-би-си "Тараққиёт стратегияси" маркази ижрочи директори ва "Миллий тикланиш" партиясидан парламент депутати Элдор Туляков билан суҳбат уюштирди.

Би-би-си Элдор Туляковдан 100 миллионлаб давлат пулини ўзлаштирган собиқ амалдор устидан судлар нимага ёпиқ ўтаётгани, улардан мусодара қилинган пуллар қаерга сарфланаётгани ҳақида шаффофлик йўқлиги ва жойларда маҳаллий ҳокимликлар сайлов ўз таъсирини ўтаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ олди.

Интерьвюни Би-би-си Ўзбек хизматининг YouTubeдаги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ