Москва ва геосиёсат: Россия билан иттифоқнинг бизга кераги йўқ

Президентлар Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/Mikhail Svetlov

Москва ва геосиёсат: Россия билан иттифоқнинг бизга кераги йўқ - мамлакатимиз ўз мустақиллигини йўқотиб қўйиши мумкин.

Бу таҳлилчилар кузатуви, баҳосида Россия Марказий Осиёда ҳам ўзининг геосиёсий лойиҳаларини жадаллаштираётган бир манзарада янграган чақириқ, билдирилган хавотирлар бўлади.

Мингга яқин киши куни-кеча пойтахт Минскда кўчаларга чиқишган.

Кетма-кет икки кун намойиш уюштиришган.

Россиянинг Беларусь билан иттифоқчилик режасига қатъий йўқ, дейишган.

Бизга бундай интеграция умуман керак эмас, дея ошкора баён қилишган.

Улар Беларусь суверенитетини сақлаб қолишни талаб қилишган.

Ҳатто, махсус резолюция қабул қилиб, уни Россия элчихонасига топширишган.

Таъкидлаш жоиз, мустақил Беларусь тарихида бу каби намойишлар камдан-кам кузатилган.

Аммо, хабарларга кўра, бу намойишлар аввалгиларидан фарқли тарзда, куч билан бостирилмаган.

Видеолавҳамиз Минскдаги ана шу намойиш ҳақида:

Минтақавий экспертларга кўра, Президент Ислом Каримов вафоти ортидан, ўтган уч йилнинг ўзида расмий Москва Ўзбекистонга ҳам жиддий ўз тиккан.

Ўзбекистонни ўзининг шамсияси остидаги иқтисодий ва ҳарбий блокларга тортиш ҳаракатига тушиб қолган.

Аллақачон расмий Тошкент билан йирик геосиёсий лойиҳа борасида расман келишиб олган.

Ўзбекистонга ҳамкорликда АЭС - атом электр станциясини қуришни таклиф қилган.

Томонлар аллақачон бу ишнинг режасига ҳам киришишган.

Россия ва Ўзбекистон: Москва Ўзбекистонни ҳам ўзига қаттиқ боғламоқчими?

Ўзбекистон, Россия: 2019 йил бошидан ватанига 300 ўзбекистонлик жасади қайтди

Россия-Ўзбекистон: Ҳадемай Москва ҳам ўзимизники бўлади!..

Минтақа, Россия ва геосиёсат: АҚШ Ўзбекистондаги ислоҳотларни олқишлади, қадрли ҳамкор деди, бу нима дегани?

Ўзбекистон: Каримов тўғри қилганмиди ёки Мирзиёев нима қилмоқчи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Маълум бўлишича, айнан Шавкат Мирзиёев қудратга келган ўтган уч йил ичида расмий Тошкент Москва билан яна бир масалада ҳамкорликка борган.

Қўшма ишчи гуруҳи тузиб, Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик шарт-шароитларини ўрганишга киришган.

Россия томони гуруҳ ўз хулосасини шу йил якунига қадар эълон қилишини маълум қилган.

Беларусдан олинган сўнгги янгилик Россия тарафининг Ўзбекистон келаси йилнинг ўзида иттифоққа кузатувчи бўлиб кириши ҳақидаги баёнотлари манзарасида олинган.

Орада расмий Москванинг Ўзбекистонни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қайтариш ҳаракатида эканига далолат қилувчи хабарлар ҳам олинган.

Россиянинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига оид расмий баёнотларини рад этмаган Тошкентнинг ҳалича бу масалада қатъий йўқ, деган мавқеъда экани ҳам англашилган.

Бу ҳақда ҳам яқинда Тошкентда экан, Россия томонининг юқори мартабали вакиласи маълум қилган.

Ўзбекистоннинг Россия билан бу қадар фаол интеграцияга киришиш қадамлари мамлакат мустақиллиги тарихида кузатилмагани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этган.

Аммо бошқа бир экспертлар янги Ўзбекистон президентининг мамлакатидаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий вазиятни назарда тутиб, ташқи сиёсатида геосиёсатдан кўра геоиқтисодга кўпроқ устунлик бераётганини айтишган.

Бундан ташқари, Тошкентнинг расмий Москва билан чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида кузатилмаган қадар яқинлашувига Россияда, йилларки, меҳнат муҳожирлигида банд катта - миллионлаб сондаги ўзбекистонлик омили ҳам озмунча ўрин тутмаганини алоҳида қайд этишган.

Уларга кўра, айнан Россиядаги меҳнат миграцияси минтақада аҳолиси энг катта сондагиси (34 миллионга яқин - таҳр.) бўлган Ўзбекистондаги ишсизлик муаммосининг энг муқобил ва самарали ечимларидан бири сифатида ўртага чиққан.

Расмий Тошкент учун Ўзбекистон иқтисодини тутиш ва юритиб туришда муҳим ўрин тутган салмоқли хорижий валюта тушуми манбасини ҳам бажарган ва бажармоқда.

Россия ёки Қозоғистоннинг ўзларига четдан миграция оқимини тўхтатиб қўйиши - аксарият ўзбекистонликларни чўчитувчи, улар Ўзбекистон учун энг катта хавф, деб билувчи омиллардан бири ҳам бўлади.

Россия жорий пайтда Ўзбекистоннинг минтақадаги энг йирик иккита савдо-иқтисодий, ҳарбий-техник ҳамкоридан биттаси саналади.

Россия ва геосиёсат

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Марказий Осиё дунёнинг уч глобал ядровий қудрати - Россия, АҚШ ва Хитой ўз геосиёсий ва геоиқтисодий манфаатларини парваришлаш учун кўз тиккан минтақалардан бири бўлади.

Сўнгги йилларда айнан шу уч қудратнинг мақсад ва интилишлари фонида минтақада геосиёсий тангликнинг кучайиб бораётгани кўрилади.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи айнан Президент Владимир Путиннинг янги империалистик амбициялари фонида кузатилган.

Бошқа томондан, расмий Кремль Украина, Сурия, сўнгги АҚШ сайловларидаги иштироки юзасидан Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида қолган бир манзарада бўй кўрсатган.

Айрим сиёсий экспертлар Россиянинг Марказий Осиёда янада фаоллашиш уринишларини, таъбир жоиз, ўзи тушиб қолган иқтисодий ва сиёсий қамалдан чиқиб кетиш ҳаракати сифатида ҳам баҳолашган.

Таҳлилчиларга кўра, бу масалада Россияга Ўзбекистонда ҳокимият алмашгани ҳам яхшигина қўл келган.

Худди шу каби "бир фазода Россия ўзининг Марказий Осиёдаги йирик ва узоқ муддатли геосиёсий лойиҳаларини қайта кўриб чиқишга тушган".

Уларнинг айтишларича, расмий Москва "ҳатто, бу лойиҳаларини амалга ошириш учун ниҳоятда шошилаяпти ҳам".

Яъни, айрим сиёсий экспертлар наздларида, Путиннинг президентлик ваколати расман ниҳоясига етажак келаси тўрт йил ичида Россия бунга эришиб улгурмоқчи.

Уларга кўра, "Россия тушуниб етган ёки амалга оширишга интилаётган нарса - Марказий Осиё устидан тўлақонли геосиёсий, ҳарбий-стратегик ва геоиқтисодий назоратни ўрнатиш, кучайтириш, парваришлаш ва Москвага ниҳоятда кучли боғлаб ташлаш".

Агар, ижтимоий мулоқот тармоқларидаги ҳолатдан хулоса қилинса, бу каби ҳолат катта сондаги ўзбекистонликларни ҳам беэътибор қолдирмаган.

Уларнинг ҳам жиддийгина хавотир ва ташвишларига сабаб бўлгани, бўлаётгани кузатилган.

Айрим ўзбекистонликлар ўзларини яхшигина ўйлантирмай қўймаган бу каби муаммоларнинг ечимини ҳатто референдумда ҳам кўришган.

Россия билан бу каби яқинлашув воқеълиги ва истиқболини улар ҳам Ўзбекистон суверенитети ва мустақиллигига таҳдид сифатида баҳолашган.

Постсовет ҳудудидаги биринчи иттифоқ ғояси ва режаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Постсовет ҳудудидаги биринчи иттифоқ ғояси бундан 20 йил бурун ўртага ташланган.

Аммо, кўрилишича, орада кечган 20 йил вақт давомида Россиянинг Беларусь билан бу режаси иш бермаган.

Томонлар куни-кеча мазкур битимнинг 20 йиллиги санасида ва ниҳоят бу борада бир қарорга келишга умид қилишган.

Лекин, хабарларга кўра, Сочида икки давлат президентлари орасида кечган беш ярим соатлик музокаралар ҳам иш бермаган.

Мазкур режа яна чиппакка чиққан. Томонлар яна икки ҳафтадан кейин учрашишга келишиб олишган.

Худди шу мулоқотлар фонида пойтахт Минскда юзлаб одамлар Россия билан интеграцияга қарши намойишга чиқишган.

Россия билан иттифоқчилик натижасида мамлакатлари ўз мустақиллигини йўқотиб қўйишидан қўрқишларини айтишган.

Яқинда Беларусда бўлиб ўтган парламент сайловлари манзарасида бу масалага Александр Лукашенко ҳам эътибор қаратган.

Айнан Россияни кўзда тутиб, "Сен бир иттифоққа кирар экансан, ой сайин, йил сайин ҳаммаси яхши бўлиб бораверишига кўз тикасан. А бизда нима бўлаяпти? Бизга ҳар йили янги шартларни тиқиштиришаяпти. Бунинг оқибатида биз иқтисодимизда нималарнидир йўқотаяпмиз", - дея шикоят қилган.

"Бундай иттифоқнинг кимга кераги бор, мен буни сизга шунчаки оддий, деҳқончасига қилиб айтаяпман", - дейишгача борган.

Аммо сўз Беларусь аъзоси бўлган ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ҳақида кетаяптими ёки Россия билан бевосита назарда тутилгани - буни ўшанда очиқламаган.

Минскдаги намойишчилар талаб, даъват ва хавотирларига Сочидаги музокаралари ортидан, ҳозирча на-да Беларусь ва на-да Россия президентлари бирор бир муносабат билдиришган.

Аммо Беларусь пойтхатидаги намойишлар мамлакат фуқароларининг бу масалада нафақат Путин ёки Медведев, ҳатто, ўз президентлари - Александр Лукашенкога ҳам ортиқ ишонмай қўйганликларини кўрсатган.

Таъкидлаш жоиз, бу каби намойишлар Россия аллақачон ўз сиёсий орбитасига тортиб бўлган ва тортмоқчи бўлаётган бирор бир собиқ Шўро давлатида кузатилмагани билан ҳам характерлидир.

Сиз Россия бўладими ёки бошқа бир давлат, уларнинг бу каби иттифоқбозлик ҳаракатлари ва иттифоқчилик, иттифоқдошлик таклифларига қандай қарайсиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ