Ўзбекистон, парламент сайлови 2019: Жаноб Қодиров, меҳнат ҳуқуқи мажбуриятини давлат қачон бажаради?

Игорь Цой Фото муаллифлик ҳуқуқи FB/Игорь Цой

"Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодировнинг "ўзини ҳурмат қилган одам 50 долларни иқтисод қилиш учун ёниб кетиши аниқ бўлиб турган автобусга ўтириб, 50 даража совуқда йўлга чиқмайди" деб айтган сўзлари Интернет социал тармоқларида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуга айланди.

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Игорь Цой "Миллий тикланиш" раиси сўзларини муҳокама қилар экан, бу ҳақда алоҳида мақола эълон қилди, давлат нега ўзининг фуқаросини иш билан таъминлаш мажбуриятини бажармаяпти, деган саволни қўйди.

Би-би-си Игорь Цойдан сиз нега Алишер Қодировнинг фикрларига қаршисиз, деб сўради.

Игорь Цой: Ўзбекистондаги ишсизлик муаммоси узоқ йиллардан буён яшириб келинди, бу ҳақда гапирмаслик афзал кўрилди. Мамлакатимизда ишсизлик даражаси жуда юқори. Биринчи президент бошқаруви йилларида Ўзбекистонда ишсизларнинг сони 17000 ни ташкил этади, деб айтилган. Фақат меҳнат биржасида рўйхатдан ўтганларгина ишсиз деб кўрилган. Бу кулгули. Ишсизлик миқёси яшириб келинди. Ҳозир ишсизликка оид янги рақамлар эълон қилиняпти. Ўша рақамларга кўра, бизда ишсизларнинг сони меҳнатга лаёқатли аҳолининг 9 фоизини ташкил этади. Бу жуда катта рақам, бу 33 миллионли аҳолининг 1 миллион 300 минги дегани.

Шўролар Иттифоқи парчаланиши билан Ўзбекистонимизда бутун бошли соҳалар тугатиб юборилди: Авиация қурилиши, трактор ишлаб чиқариш, машинасозлик, приборсозлик, электроника заводлари фаолияти тўхтатилди. Одамлар кўчага улоқтирилдилар. Аммо бу нарсалар давлатни ташвишлантиргани йўқ. Четда иш излашга мажбур бўлганлар - Москвада кўча супурганларни дангасалар деб атадилар. Аммо бу одамлар мажбурликдан боришган-ку. Чунки ўзининг мамлакатида етарли маош тўлайдиган иш тополмаганлар. Шунинг учун ҳам жаноб Қодиров фикрларига мен қаршиман. Ўзбекистон Конституцияси бўйича давлатга ўз фуқаросига меҳнат ҳуқуқини таъминлаш мажбурияти юклатилган. Бу ерда давлат ўз зиммасига олган ижтимоий мажбуриятини бажармаяпти. Давлат ўз аҳолисига тўла бандлик тақдим этолмаяпти. Шунинг учун аҳоли ўз муаммосини ўз меҳнати билан ҳал этишга интилаяпти. Айтингчи, қайси инсон агар иши бўлмаса ўз болаларининг оч қолганига хотиржам қараб ўтиролади? Табиийки, у қариндошларидан, таниш-билишларидан қарз-қавола қилиб йўлга чиқади. Асосан, Россияга. Расмий маълумотларга кўра, Россияда 2,5 миллион Ўзбекистон фуқароси иш билан таъминланган. Норасмий маълумотларга қараганда 4 миллион. Балки ўша 50 доллар йўлга чиққан инсоннинг қарзга олган энг охирги пулидир? Ўз юртдошлари ҳақида "ўзини ҳурмат қилмайди, шунинг учун рус тилини билмай туриб Россияга иш ишлаб боради" деб айтмаслик керак. Инсон шундай қилишга мажбур. Агар пули бўлганида, албатта у самолётга чипта сотиб оларди. Гап шундаки, унда ўша пул йўқ.

Мамлакатимизда иш жойлари билан боғлиқ вазият жуда мураккаб: ҳар йили иқтисодиётга 560000-600000 ёш ишчи кучи келиб қўшилаяпти. Бу жуда юқори рақам. Шунинг учун ҳам меҳнат миграцияси тизимини нормаллаштириш ва ривожлантиришга қаратилган махсус дастур зарур. Мамлакатимизда ишчи кучи керагидан ортиқ. Шунинг учун меҳнат ресурсларининг экспорти ҳам давлат учун ва ҳам халқ учун манфаатли бўлиши мумкин. Хорижда меҳнат билан банд бўлганлар Ўзбекистон номидан давлат томонидан ҳимояга олинишлари лозим. Токи ҳисоб-китобларда меҳнат мигрантларини алдашмасин, уларга иш расман тақдим этилсин. Чет элдаги иш йиллари меҳнат стажига ҳисобга олинсин.

Яқинда Россия Марказий Банкининг статистик маълумотларига кўзим тушди. 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида Россиядан Ўзбекистонга 3,5 миллиард доллар пул ўтказмалари юборишган. Бу фақат пул ўтказмалари. Бундан ташқари, таниши орқали пул бериб юборганлар, Россиядан қайтишда ўзи билан пул олиб келганлар бор. Бу йирик маблағ, Ўзбекистоннинг ривожланиши учун катта манба. Аслида бу мамлакат иқтисодиётига фоизсиз келаётган инвестициялардир.

"Ўзини ҳурмат қилган одам тилни билмасдан туриб бошқа мамлакатга бормайди" дер экан, жаноб Қодиров Россия, Қозоғистон ёки Жанубий Кореяга бориб ишламоқчи бўлганлар учун тил ўрганиш курсларини, касб ўрганиш курсларини ташкил этсин.

Би-би-си: Сўнгги икки йилда Ўзбекистонда аҳоли бандлиги, меҳнат мигрантларига нисбатан давлатнинг муносабати ўзгарган. Бандлик вазирлигида ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тузилди, четда иш топиб берадиган хусусий бандлик агентликлари ташкил этилаяпти. Аммо қилинаётган бугунги ишларни етарли деб бўладими?

Игорь Цой: Йўқ, етарли эмас, бу йўналишдаги ишларнинг сифати жуда паст. Меҳнат миграцияси агентлигининг раҳбарлари алмашгани-алмашган. Раҳбарларни алмаштиришга коррупция айбловлари ҳам сабаб бўлди. Фаолият юритишига рухсат этилган хусусий миграция агентликларининг хориждаги меҳнат агентликлари билан алоқалари йўлга қўйилмаган. Давлат томонидан бу йўналишда тизимли иш олиб борилмаяпти. Бу йўналишдаги асосий ишлар - четда ишлашни хоҳлаган инсонларни аниқлаш, касб-ҳунар ўргатиш, тил асосларини ўргатишдир. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мувофиқлаштирувчи идора бўлиши керак. У биржалар билан бирга ишлаши керак, вилоятларда, ишсизлик жаражаси юқори бўлган қишлоқ жойларида иш олиб бориши керак. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги барча вазирлик, идора-қўмиталар билан ҳамкорликда фаолият юритиши лозим.

Би-би-си: Иқтисодий таҳлилчи сифатида бугун Ўзбекистонда янги иш ўринларини барпо этиш устида амалга оширилаётган ишларни қониқарли деб ҳисоблайсизми? Мисол учун, бир вилоятдаги ишсизларнинг сонига қарасангиз, бир неча юз минг кишини ташкил этади, ташкил этилаётган янги иш ўринлари сони эса атиги 1000 та, 2000 та...

Игорь Цой: Бу жуда оғриқли мавзу ва долзарб масала. Ҳозирги пайтда жаҳон иқтисодиёти тўртинчи саноат инқилобига қадам қўймоқда. Бу сунъий интеллект ишчи қўлларни ишидан маҳрум этаётганини англатади. Яъни, жисмоний меҳнат долзарб машғулотга айланмай қолаяпти. Бугун билим, фикр, ғоя долзарб машғулотга айланяпти. Техникани билиш, компютерлаштиришни билиш талаб қилинмоқда. Шу сабабдан ҳам дилемма юзага келмоқда: бир томондан биз янада юқори ишлаб чиқариш қувватига эга асбоб-ускуналарни, янги линиялар, илғор технологияларни ҳаётга жорий этсак, аксинча, иш ўринлари барпо этмаймиз, иш жойларини қисқартирамиз. Бундай шароитда иш жойлари қисқарса ва ҳар йили иқтисодиётга 600 минг янги ишчи кучи келиб қўшилса, биз мамлакатда ишсизлик камайишига эмас, кўпайишига ҳисса қўшамиз. Бу жуда мураккаб масала, аммо мен икки долзарб муаммони параллел ҳал қилиб бориш зарурлигига ишонаман. Сифатли меҳнат миграциясини, яхши маош тўланадиган касб-ҳунарларни эгаллаган мигрантларни тизимли хорижга юбориш ишларини параллел равишда олиб бормоқ лозим. Бундан бошқа иложимиз йўқ бизнинг. Иккинчи масала - ўша тўртинчи саноат инқилобига тайёр бўлишимиз учун профессионал таълим тизимини ривожлантиришимиз керак. Ҳозир биз дунёдан жуда ортда қолаяпмиз. Мен мамлакатимиздаги ислоҳотлар индустрия тараққиётини қамраб олиши керак. Саноат янги ишлаб чиқариш корхоналари, янги иш ўринларини қамраши лозим. Бу ишчилар профессионализмини ҳам кўтаради, уларнинг бандлигини ҳам таъминлайди. Мен яқинда кичик ва ўрта шаҳарларнинг мамлакат иқтисодиётидаги муҳимлиги ҳақида мақола эълон қилдим. У ерда мен йирик шаҳарларга урғу бериш бермасдан, саноатни кичик ва ўрта шаҳарларда ривожлантириш керак, деган фикрни илгари сурганман. Ўша шаҳарлар тараққиёт катализатори бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун меҳнат мигрантларини профессионал тайёрлаш ва марказлашган экспорти билан бирга янги иш жойлари барпо этадиган саноат ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишни бир вақтда олиб бориш керак.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистонда катта лавозимларни эгаллаган шахсларнинг "қовун тушириш"лари кўпайганининг сабабини нимада деб ўйлайсиз? Бу амалдорларнинг бундай баёнотларидан шундай фикр англашилади: давлат, уларнинг ўзлари ишлаётган идора-ташкилот ёки партияси хато-камчиликка йўл қўяётгани йўқ, аксинча, ҳамма айб халқда - кўп электр истеъмол қилаяпти, кўп гўшт еяпти, ўзини ҳурмат қилмайди ва ҳоказо...

Игорь Цой: Бунинг асосий сабабларидан бири - бундан олдин амалдорларимизнинг умуман омма қаршисида гапирмаганларидир. Шунинг учун биз амалдорларимизнинг билим даражаси, профессионализми, нутқи қандайлиги ҳақида тасаввурга эга эмас эдик. Президент Шавкат Мирзиёев амалдорлардан халқ олдига чиқиш, халқ билан мулоқот қилишни талаб қилмоқда. Амалдорлар эса бунга тайёр эмас эдилар. Шу билан бирга уларнинг қўлида нимани қандай гапириш кераклиги ҳақида йўриқномалари бўлмагани учун "қовун тушираяпти"лар. Ўйлайманки, кўплаб амалдоларимизнинг иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари нотўғри. Шунинг учун улар ўз фикрларини ифода этадилар, бу фикрлар эса атрофдаги омилларга боғланмаган бўлади. Мана халқ кўп гўшт истеъмол қилаётгани ҳақидаги баёнотни олайлик. Аслида бу - ёрдамчи хўжаликларда бўрдоқи боқиш сиёсати ўзини оқламаганини тан олишдир. Мен бу нарса иш бермаслигини бошиданоқ айтганман ва саноат миқёсидаги йирик - 10000-25000 бош чорвачилик комплексларини барпо этиш таклифини илгари сурганман. Мана ҳозир Жиззахда хитойликлар билан ҳамкорликда 15000 буқага мўлжалланган чорвачилик кластерини барпо этишга киришилди. Мана шундай йирик чорвачилик фермалари аҳолини етарли гўшт билан таъминлай олади.

Мен амалдорларимиз ўз маърифатини ошириш устида ишлашлари керак, деган фикрдаман. Улар янги адабиёт, янги тадқиқотларни ўқимайдилар, жаҳонда қандай илғор технологиялар жорий этилаётганидан бехабарлар. Нега сиёсий партияларимиз ҳузурида ғояларни генерация қиладиган марказлар ташкил этилмаган? Нега партиялар раҳбарларига савол берилганида, "ҳа, бизнинг бу муаммодан хабаримиз бор, биз бу муаммони ҳал этишнинг мана бу йўлини таклиф этамиз" деб чиқмайдилар? Одамлар ҳали ҳам эскича ишлаяптилар. Улар Ўзбекистон ҳозир қандай муҳим кескин ўзгаришлар замонини бошидан кечираётганини англамайдилар. Шунинг учун ҳам партияларимиз халқни чиндан ўйлантираётган, ич-ичидаги, халқ кутаётган масалаларга ечим таклиф қилолмаяптилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ