Ўзбекистон: "Бизга энди хўп бўладичилар керак эмас..."

Баннер

Ўзбекистон: Бизга энди "хўп бўладичилар", юқорининг барча гапини маъқулловчилар керак эмас. Мен халқнинг фуқаролик позицияси, ўз тақдирини ўзи белгилашга масъуллик ҳисси ортган, деган яхши гумонда бўлгим келади.

Бу - ўзбекистонлик зиёли хотин-қизлардан бирининг бўлажак парламент сайлови борасида умидлари.

Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/Valery Sharifulin

Шу йилнинг 22 декабрь кунги сайлов мустақил Ўзбекистон тарихида тарихийси бўлиши кутилмоқда.

Бу - янги Ўзбекистоннинг Президенти Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан бўлиб ўтажак биринчи парламент сайлови бўлади.

Унда шу пайтгача кузатилмаган сонда - жаъми беш нафар партия беллашади.

Хотин-қиз номзодларнинг бу галги сайловдаги иштироклари ҳам 40 фоиздан ортади.

Бунақаси ҳам мустақил Ўзбекистон тарихида бўлмагани билан хос аҳамият касб этади.

Ўзбекистон: Овозингиз учун курашаётган бешта партия ҳақида нима биласиз?

Ўзбекистон, парламент сайлови 2019: шовқин кўп, танлов озми?

Ўзбекистон: Намойишлар қайтмоқда - сиёсий эркинликлар ҳам қайтадими?

Ўзбекистон: Содиқ Сафоев эски тизим, ислоҳотлар ва Мирзиёев командаси ҳақида

Ўзбекистонда аҳолининг ярмидан кўпроғини хотин-қизлар ташкил этади.

Ишсизлик бўладими ёки турли кўринишдаги зўравонликлар, улар бугун ҳам тўқнаш келиб турган муаммолар озмунча эмас.

Тўғри, ўтган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида иқтисодий жиҳатдан оёққа турган хотин-қизлар оз бўлмади.

Аммо уларнинг мамлакат сиёсий ҳаётида қанчалик фаол эканликлари ҳали-ҳануз жиддий танқид ва хавотирларга сабаб бўлиб келади.

Раҳбарлар орасида хотин-қизлар сонини ошириш ва амалда гендер тенгликни таъминлаш, ҳатто, ҳозир ҳам Ўзбекистон ҳукумати, раҳбарияти қаршисида турган энг долзарб муаммолардан бири бўлади.

Бу эса, маҳаллий кузатувчиларга кўра, ўзбек аёлининг мамлакат ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги ҳақиқий мавқеи ва аҳволига ҳам далолат қилмай қўймайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати тарихийси экани айтилаётган бу йилги парламент сайловлари арафасида ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисидаги ўзбекистонлик бир гуруҳ хотин-қизларга микрофон тутди.

Уларнинг бу сайловларга бўлган қизиқишлари ва ундан кутаётган умидлари билан қизиқди.

Илк суҳбатдошимиз фарғоналик кўзга кўринган журналист Шарифа Мадраҳимова:

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Би-би-си: Тарихийси, деб айтилаётган бу йилги парламент сайловлари бир ўзбекистонлик хотин-қиз сифатида сизда қанчалик қизиқиш уйғотди?

Шарифа Мадраҳимова: Мен сайловлар бошланиш арафасида жуда катта умид ва ишонч билан бу йилги сайловлар шаффоф ўтади, муносиб номзодлар танланади, деб ўйлаган эдим. Ва бир муддат қизиқиб, ўзимнинг Facebook саҳифамда, турли Telegram гуруҳларида сайловлар ҳақида бир нималарни ёзиб юрдим. Мақсадим мана шу сайловларда халқ муносиб номзодга овоз беришини истаганим эди. Аммо депутатликка номзодларнинг рўйхати чиққач, бу сайловдан ҳам ҳафсалам пир бўлди. Нега, нима учун? Сабаби номзодлар орасида  ўзим таниган-билган одамлар бор эди ва мен уларнинг ҳеч қачон ўзлари мустақил равишда қарор чиқарганлигини, бирор иш бажарганлигини билмасдим. Албатта, мен нотўғри фикрлаётган бўлишим мумкин. Лекин номзодларнинг баъзисини 20 йилдан ортиқроқ, баъзисини 10 йилга яқин танийман. Уларнинг иш услуби, қаерда, қачон қандай гапни айтишини билган одам сифатида ҳукуматга "хўп бўлади, бажарамиз, сизники маъқул", деб турувчи депутатлар кераклигини билдим. Мен сайловлар арафасида беш партиядан бирининг  тумандаги масъулига мениям номзодимни депутатликка қўйинглар, дедим. Аммо у киши "Эй, опа сизнинг тилингиз ёмон. Номзодингизни барибир ўтказишмайди", дея қутулди. Мен шу кунгача ҳам қайси номзодга овоз беришни ҳал қилганим йўқ. Сабаби мен яшаётган округдан кўрсатилган номзодларнинг туман, вилоят, республика учун қандай олийжаноб ишлар қилганлигини билмайман. Ўтган сайловдан бу сайловгача қандай ишлар қилганлигидан ҳам хабарим йўқ. Шунинг учун қизиқишларим ҳам номзодлар эълон қилингач сўниб бўлган.

Би-би-си: Бу йилги парламент сайловларидан қандай ўзгаришлар кутаяпсиз?

 Шарифа Мадраҳимова: Айтарли ҳеч қандай. Аммо мен халқнинг фуқаролик позицияси, ўз тақдирини ўзи белгилашга масъуллик ҳисси ортган, деган яхши гумонни қилгим келади. Агар халқ ниманидир ўзгартиришга қурби етадиган, фақатгина тайёр қонунни тасдиқлаш учун қўл кўтармайдиган, парламентда ўз овозига эга бўладиган даражадаги ҳар томонлама кучли номзодга овоз берса, бу халқнинг ютуғи деб ўйлайман. Бизга энди "хўп бўладичилар", юқорининг барча гапини маъқулловчилар керак эмас.

Би-би-си: Аммо умидларингиз-чи?

 Шарифа Мадраҳимова: Ооо умидларим жуда кўп. Биринчи навбатда демократик давлат қуриш йўлида аста-аста қадам босаётган эканмиз, барча нарса шаффоф бўлиши керак, деб ўйлайман. Қайси соҳада бўлмасин бюрократия йўқолиши зарур. Қўшиқда  "Битта бўлсин, зўр бўлсин", дегандек ҳар куни қарор чиқмасин, ҳар сессияда уч-тўрттадан қонун тасдиқланмасин бир марта қарор чиқсин, битта қонун тасдиқлансин, аммо ўша ҳужжат ишласин. Ўша ҳужжат халқнинг фаровонлиги учун, шахс камолоти учун, муносиб меҳнат учун хизмат қилсин. Жуда кўп қонунлар, жуда кўп қарор ва фармонлар "ўлик". Ҳеч қачон ишламайди. Балки кимлар учундир хизмат қилаётган бўлиши мумкиндир. Аммо оддий халқ учун улар  0 - ноль қийматга эга. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишласин. Ана шунда бир яхши гап айтиш мумкин.

Би-би-си: Бу йилги хотин-қиз депутатликка номзодлар борасидаги фикрларингиз? Бугун уларнинг қўлларидан нима кела олади? Улар қандайдир ўзгаришлар, янгиланишлар қила олишига кўзингиз етаяптими?

 Шарифа Мадраҳимова: Мени хурсанд қилган бир ҳолат бу сайловда номзодлар орасида хотин-қизларнинг ҳам кўплиги бўлди. Масалан, Фарғона вилояти мисолида олиб кўрадиган бўлсак, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг 28-30 нафари аёллар. Демак, жамиятда гендер тенглиги таъминланмоқда. Аммо уларнинг муносиб ёки муносиб эмаслиги масаласида бир нима дейиш қийин. Тўғри, уларнинг орасида мен агар депутат бўлиб сайланиб қолса, бир нимани ўзгартиришга уринадиган номзодлар борлигини инкор қилмайман. Аммо қўлларидан нима келиши, қандайдир ўзгаришлар қила олиши борасида бир нима дейолмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Катта эҳтимол билан, барибир менталитетимиздан чиқиб келиб айтадиган бўлсам, улар эркакларнинг фикри билан ҳисоблашади. Мен хотин-қизлар ҳам жамиятда катта куч бўлиб, ҳеч бўлмаганда аёллар ва болалар ҳуқуқини жон-жаҳди билан ҳимоя қилиши керак, деб ўйлайман. Яна юқоридаги гапимга қайтаман. Қонун ва қарорларнинг ишлашини таъминлаб беришса ҳам катта гап.

Би-би-си: Сўз айнан ўзбекистонлик хотин-қизлар ҳақида кетганда, бўлажак номзодлар уларнинг айнан қандай муаммоларига эътибор қаратишлари керак, деган фикрдасиз?

Шарифа Мадраҳимова: Ўзбекистонда эркакларнинг муаммосидан аёлларнинг ва болаларнинг муаммолари кўпроқ. Масалан, жинсий, жисмоний, руҳий зўравонлик қурбони аёллар, меҳнат ҳуқуқлари кафолатланмайдиган аёллар, муносиб иш ўринлари яратилмаган шароитда ишловчи аёллар, турли камситилишларга дучор бўладиган аёллар. Шунинг учун бўлажак депутатлар аёл деган сўз муносиб деган сўз билан ёнма-ён юришини англашлари керак. Аёл муносиб билим олишга ҳақли, аёл оилада муносиб яшаши керак... ва ҳоказо. Мен саволларингизга жуда пессимистик руҳда жавоб бергандирман. Аммо ҳаммасини вақт кўрсатади, дейишади. Аввалги депутатлар нимани қойиллатдию янги депутатлар нима қила оларди? Биз кутамиз, умид қиламиз...

Ушбу туркумдаги мақолалар ва видеолавҳаларимиз билан веб саҳифамиз - bbcuzbek.com ва ижтимоий мулоқот тармоқларидаги саҳифаларимизда танишиб боринг.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ