Ўзбекистон, парламент сайлови 2019: Мигрантлар депутатларга нега ишонмайди?

Ўзбекистон сайлови 2019 Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek.com

"Депутатларнинг ҳеч бири четдаги ўзбекистонликларнинг муаммолари билан қизиққанини ҳам кўрмаяпмиз. Бу бирор бир партия вакилининг дастурида ҳам бўлмаса керак", - дейди Москвада ишлаётган ўзбекистонлик муҳожир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

22 декабрда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги парламент сайлови муносабати билан Россияда вақтинчалик яшаб ишлаётган ўзбекистонликлар учун Москва, Санкт-Петербург, Владивосток, Қозон, Екатеринбург, Ростов-на-Дону ва Новосибирск шаҳарларида сайлов участкалари очилиши маълум қилинди.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчилиги Россиянинг қатор ҳудудларидаги сайлов участкаларида ўзбекистонликлар муддатидан олдин сайлов овоз бера бошлаганликларини маълум қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати Москвадаги ўнлаб ўзбекистонликлар билан суҳбатлашиб, уларнинг сайловга муносабатлари ва бу борада фикрларини билди.

Муҳожирларнинг аксари сайлов жараёнига қизиқиш билан қараётгани ва овоз бериш учун сайлов участкаларига келишларини билдиришди. Аммо суҳбатдошларимизнинг аксари депутатлар борасида маълумотлари йўқлигини билдирдилар.

- Барибир халқ сайламайди, ўз одамларини ўзлари қўйишади. Халқдан чиққан депутат бўлса, ёки халқни ўйлайдиган одамлар сайланганида биз бу ерларда ишлаб юрмай, ўз юртимизда яхши ҳаёт кечираётган бўлармидик, - дейди муҳожирлардан бири.

Аксар суҳбатдошларимиз ҳозирча депутатларни танимаслиги, сайловдан олдин улар ҳақидаги маълумотлар билан танишиб овоз беришларини билдиришди.

- "Мен Шоҳруҳ рэпперга овоз бераман, - деди бир мигрант. - Президентимиз ёшларга ишонинглар, деяяпти - ишониш керак. Унинг ҳам бир ғоялари, мақсади бордир, унга имкон бериш керак".

Элчихонадан чиқиб келаётган ёш оилани суҳбатга тортдик, аёлнинг қўлида чақалоғи бор эди.

- Халқнинг муаммоларини ҳал қилиб берадиган депутатлар керак бизга, - деди муҳожир. - Мана, ёш боланинг паспорти учун қийналиб юрибмиз. Бир депутат айтдику, 5 та фарзандли оилага 2 ярим миллион сўм етади, деб. 2 ярим миллион сўм битта одамга етмайди.

- Мажбур бўлмаганимизда ёш бола билан ишлашга келмасдик, - қўшимча қилади ёш она.

Муҳожирлар сайлов ва депутатлардан ишсизлик, муҳожирларнинг муаммоларини ҳам кўтарилиши ва ҳал этилишига умид боғлашларини билдиришди:

"Депутатлар патент нархини озгина тушириб берса бўлди бизга. Йилдан йилга кўтарилиб кетаяпти. Бирор бир депутатнинг дастурида ҳам бўлмаса керак. Четдаги ўзбекистонликларнинг муаммолари билан ҳеч бири қизиққанини ҳам кўрмаяпмиз", - дейди ўзбекистонлик муҳожир.

"Мен оддий одамларга нафи тегадиган депутатга овоз бермоқчиман.Халққа фойдаси тегадиган одамнинг давлатга ҳам фойдаси тегади", -дейди яна бир мигрант.

"Мен ошпазман, сайловни кузатишга ҳам, депутатлар ва уларнинг дастурлари билан танишишга ҳам вақтим йўқ, кун бўйи ишдаман. Кечқурунлари бироз интернетга кириб хабарларни ўқийман, бўлди. Аммо сайловга қатнашаман. Халқни дардини тинглайдиган, муаммоларини ҳал қиладиган депутат бўлса, овоз берардим", - деди наманганлик муҳожир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ