Ўзбекистон, Каримов ва Мирзиёев: “Ўзгаришлар яхши, аммо барибир танлов бўлади...”

Банер

Ўзбекистон ва сайлов: "Аслида номзод аёлларнинг ҳаммасида куч бор. Имкон бор. Буни фақат талаб қилиш керак. Бунинг учун курашиш керак. Курашдинг, дарров халқ душманига айланасан... Оппозицияга ўтишга мажбур бўласан. Оппозицияга ўтдинг - ўчдинг, тамом. Бу ҳар доимгидек боши берк кўча..." - бу ўзбекистонлик айрим зиёли хотин-қизларнинг бўлажак сайлов арафасидаги фикрлари.

Тарихий экани айтилаётган бу галги парламент сайлови шу йилнинг 22 декабрь кунига режаланган.

Бу - Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан уюштирилаётган илк парламент сайлови бўлади.

Унда мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган бир сонда - 311 нафар хотин-қиз парламентдаги ўринлар учун беллашади.

Бу йилги парламент сайловида худди ўтган галгисидек жаъми 750 нафар номзод 150 ўрин учун кураш олиб боришади.

Лекин бўлажак сайловда муҳожиратдаги бирор бир мухолифат партияси иштирок этмайди.

Ўзбекистоннинг ўзида фаолият юритиб келаётган, кузатувчилар ва экспертлар наздида яқин-яқингача "чўнтак партиялари", деб баҳоланиб келган беш партия беллашади.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мустақил Ўзбекистон тарихидаги бирор бир сайловда бунча сондаги партия-ҳаракат парламентга кириш учун кураш олиб бормаган.

Бундан ташқари, бунгача бўлиб ўтган бирор бир парламент сайлови арафасида амалдаги партияларнинг ўзаро рақобатга киришишда бу қадар фаолликлари кузатилмаган.

Аммо, бошқа томондан, улардан айримларининг мамлакат тўқнаш келиб турган ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ёндашувлари орада "қовун тушириш" даражасида баҳо топиб улгургани ҳам бор гап.

Ўзбекистон ҳукуматига дунё билдирган ишонч муддати тугамоқдами?

Ўзбекистон: Овозингиз учун курашаётган бешта партия ҳақида нима биласиз?

Ўзбекистон, парламент сайлови 2019: шовқин кўп, танлов озми?

Ўзбекистон: Намойишлар қайтмоқда - сиёсий эркинликлар ҳам қайтадими?

Ўзбекистон: Содиқ Сафоев эски тизим, ислоҳотлар ва Мирзиёев командаси ҳақида

Хотин-қиз номзодлар рекорд сонда иштирок этаётган бу йилги парламент сайлови янги Ўзбекистон раҳбарияти аёллар масаласини давлат сиёсати даражасига кўтарган бир манзарада бўлиб ўтади.

Айнан Ўзбекистонда ҳокимият алмашган ўтган уч йилнинг ичида шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан мамлакат тарихида илк бор аёл сиёсатчи Олий Мажлис Сенати раиси этиб сайланган.

Яна янги Ўзбекистон президентининг ташаббуси билан Сенат қошида биринчи бор Гендер тенглик қўмитаси ташкил қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев аёл сиёсий раҳбарлар сонини жиддий ошириш аҳдида қатъийдек ҳам кўринган.

Парламентдаги ўринларнинг гендер тақсимоти эса, фақат чорактасига яқинининг хотин-қизлар ҳисобига тўғри келишини кўрсатган.

Айни ўринда шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпроғини айнан хотин-қизлар ташкил этади.

"Хотин-қизларнинг фаол бўлишгани жуда яхши. Лекин, менимча, улар, барибир, бугун ҳукумат олган, ҳукумат танлаган йўлни қўллаб-қувватлашади", - дейди Тошкентдан навбатдаги суҳбатдошимиз Дилорам Исҳоқова.

"Улар ўша ерда ясаниб, бориб, креслоларда ўтириб, ҳар битта гапга ўринларидан туриб, қарсак чалиб, маҳаллий, кичкина, арзимас, ёниши мумкин бўлган ўчоқларга сув сепиб, ўз вазифаларини бажардик, деб ўйлашади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

У кишига кўра, сўзсиз бу галгиси аввалги сайловларга мутлақо ўхшамаса-да, бу сафар ҳам бу сайлов эмас, танлов бўлади...".

"Каримов давридаги бирорта ҳам сайловга ўхшамайди. Совет давридагисига ҳатто солиштириб ҳам ўтирмаймиз. Дебатлар, учрашувлар, матбуот анжуманлари бўлаётгани бу - ҳаммаси албатта қувонарли. Муносабат билдиришаяпти, кўпчилик депутатликка номзодлар ижтимоий мулоқот тармоқларида фаол. Сўзсиз, буларнинг ҳаммаси ижобий баҳоланиши керак аслида. Аммо, минг афсуски, бу сафар ҳам бу сайлов эмас, яна танлов бўлади", - дейди суҳбатдошимиз.

"Чунки, ҳар доимгидек, нечанчи бор мухолифат партияларига бу сайловда иштирок этиш насиб этмади...".

"Биринчи қилиниши керак бўлган иши шу эдики, ноқонуний равишда Ўзбекистон фуқаролигидан чиқариб ташланган, бугунги бизга маълум бўлган, кўзга кўринган партиялар лидерлари ва асосий фаолларининг фуқаролиги тикланиши керак эди. Бу - қонун устиворлигининг энг катта исботи бўлган бўларди. Бу ишлар мана шу сайловгача бир йил, икки йил ичида қилиниши керак бўлган ишлар эди. Бу ишлар қилинмади, биронтасига рухсат берилмади...".

"Шунинг ўзи ҳам бу сайловлар мени мутлақо қониқтирмаслигига сабаб бўлди", - дейди суҳбатдошимиз.

Дилором Исҳоқова ўзбекистонлик таниқли шоира, зиёли ва мухолифат фаоли бўлади.

У 80-йиллар охирида "Бирлик" Халқ ҳаракатининг ташкил этилишида фаол қатнашган ва айни ҳаракатнинг Бошқарув кенгашида ишлаган.

Кейинроқ "Эрк" партиясига аъзо бўлиб кирган.

2008 йил январидан "Бирдамлик" ҳаракатининг аъзоси ва Ўзбекистон бўйича раҳбари ҳам бўлиб фаолият юритган.

Ушбу туркумдаги мақолалар ва видеолавҳаларимиз билан веб саҳифамиз - bbcuzbek.com ва ижтимоий мулоқот тармоқларидаги саҳифаларимизда танишиб боринг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ