Ўзбекистон, сайловлар: Нега одамларда сайлов ва депутатларга ишонч ортмаяпти? Марказий Сайлов комиссияси жавоби

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek.com

Би-би-си Марказий Сайлов Комиссияси котибият раҳбари Худоёр Маматов билан 22 декабрь куни ўтувчи сайловларга қандай тайёргарлик кўрилаётгани, сайловлар аҳамияти ва комиссиянинг ҳозирги фаолияти борасида суҳбатлашди.

Маматовнинг сўзлашича, «кабинетидан ташқарига чиқмаган» амалдорлар сўнгги уч йил давомида халқ дардига қулоқ сола бошлаган.

«Шу ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда бугун миллий сайлов қонунчилигимиз ҳам янгиланиб бормоқда», дейди у.

Маматов сайловчилар ва ҳудудлар билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Марказий Сайлов Комиссияда ўзгаришлар содир бўлгани, ходимлар сони оширилганини айтади.

Шунингдек, у сайлов қонунчилиги ҳам тартибга солинганини маълум қилади.

"Мамлакатимизда сайлов жараёнини тартибга соладиган бешта қонун бор эди. Президент сайлови, парламент сайлови, маҳаллий сайловлар, фуқаролар сайлов ҳуқуқлари кафолатлари ва Марказий Сайлов Комиссияси тўғрисида алоҳида қонунлар бор эди.

Табиийки, бу қонунларда мавжуд моддалар бир-бирини такрорлар, айрим ҳолларда, бир-бирига зид келар эди. Шу сабабдан ҳам халқаро ва миллий тажрибаларга асосланган ҳолда, ягона сайлов Кодекси ишлаб чиқилди", сўзлайди Маматов.

Ҳокимлар қачон сайланадиган бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek.com

Бироқ Би-би-сининг шаҳар, туман ва вилоят кенгашлари депутатларининг мустақиллиги ҳануз сезилмаётгани, улар ҳокимларнинг раъйига қараб қолаётгани тўғрисидаги саволига жавобан Маматов ҳокимларни тайинлаш бўйича мавжуд механизмда халқ билвосита иштирок этишини билдиради.

«Одамлар маҳаллий кенгаш депутатларининг сайловида иштирок этади ва ўзларининг сайлаб қўйган вакиллари орқали маҳаллий давлат ҳокимиятини бошқаришда иштирок этадилар».

Худоёр Маматов халқ томонидан сайланган депутатлар ҳокимларни бевосита сайлашини айтади.

«Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тўғрисида гап кетганда, Бош вазир президентга ҳокимликка номзодни тақдим этади, президентимиз эса тегишли кенгашдаги халқ депутатлари гуруҳлари билан маслаҳатлашгандан кейин бу масала депутатлар кенгашига киритилади. Мана шу сессияда номзод депутатларнинг энг кўп овозини олса, уни лавозимга тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинади», сўзлайди у.

Маматовнинг фикрича, юқоридаги жараён асосида вилоят ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ҳокимини халқ томонидан билвосита сайланган, дейиш мумкин.

Маҳаллий ҳокимларни халқ томонидан бевосита сайлаш йўли орқали лавозимга тайинлаш масаласи Ўзбекистонда сўнгги 3 йилдан буён бот-бот кўтарилмоқда.

Ҳокимиятга келган илк даврида президент Мирзиёевнинг ўзи ҳам маҳаллий сайловлар ташкил этиш заруриятига урғу берган эди.

«Қонунчилигимиздаги бундай протседура келгуси босқичда ҳокимларни халқ томонидан бевосита сайлаш лозим, деган ғоянинг замини мавжудлигини кўрсатади», дейди Маматов.

Маматов 22 декабрдан сўнг шакллантирилувчи янги Парламентнинг асосий вазифаларидан бири ҳам маҳаллий сайловларни ташкил этиш тизимини ишлаб чиқиш бўлишини эътироф этади.

«Бутун сиёсий майдон - сиёсий партияларники»

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek.com

Худоёр Маматов маҳаллий ҳокимларнинг депутатликка номзодларни рўйхатга олиш ишларига аралашаётгани, «исталмаган номзодлар»нинг сайловларга қўйилмаётгани тўғрисидаги хабарларни ҳам изоҳлаб ўтади.

У Марказий Сайлов Комиссиясига, шу пайтга қадар, 300 дан ортиқ шикоятлар келиб тушгани, аксар шикоятларнинг мазмуни жойлардаги ижтимоий муаммолар билан боғлиқ эканини маълум қилсада, вакиллик органларига ўз номзодини қўя олмаган фуқаролар ҳам арз қилаётганини тан олади.

Аммо Маматов бундай мазмунда арз қилаётган фуқаролар ҳолат бўйича етарли маълумот тақдим этмаётганини ҳам қўшимча қилади.

«Мурожаат эгаси билан алоқага чиқиб, сизнинг қўлингизда бирор давлат органи ёки мансабдор шахс аралашаётгани тўғрисида асослантирувчи ҳужжат борми, бор бўлса, тақдим этинг, деб сўралганда, бу мурожаатчи қайтиб алоқага чиқмаяпти ёки бўлмаса, тақдим этаман, деб алоқани узяпти», маълум қилади у.

Маматовнинг таъкидлашича, бугунги кунда мамлакатда бутун сиёсий майдон сиёсий партияларга тақдим этилган ва ҳар қандай вакиллик органига номзод кўрсатиш ҳуқуқи фақат сиёсий партиялар эгадир.

У бирор давлат ҳокимияти органи бу жараёнга мутлақо аралашолмаслигини айтади.

«Агар аралашса, бу ўша орган ёки мансабдорнинг ўз ваколати доирасидан четга чиққани бўлади», изоҳлайди Маматов.

Ўзбекистон, Каримов ва Мирзиёев: “Ўзгаришлар яхши, аммо барибир танлов бўлади...”

Ўзбекистон: Овозингиз учун курашаётган бешта партия ҳақида нима биласиз?

Ўзбекистон: Нега юқори лавозимларни ҳануз Каримов даври одамлари эгалламоқда?

Ўзбекистон, парламент сайлови 2019: Мигрантлар депутатларга нега ишонмайди?

Ҳокимнинг депутат бўлиши нормал ҳолатми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek.com

Сайловлар яқинлашар экан вакиллик ва ижро ҳокимиятининг тўлиқ бир-биридан ажратилмагани борасида саволлар кўпайган.

Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ЎзЛиДеП номидан шаҳар кенгашига ўз номзодини қўйгани одамларни таажжубга солган.

Ижро ҳокимияти вакили бўлмиш ҳокимнинг маҳаллий кенгаш депутатига айланиш истаги кўпчилик эътиборига тушган.

Бироқ Худоёр Маматов ҳокимнинг депутат бўлиши ҳайратланарли ҳол эмаслигини таъкидлайди.

У сиёсий партиялар, агар Парламентдан кўп ўрин эгалласа, ҳукуматни шакллантириш ваколатига эга бўлиши, бунинг учун эса кадрлар захирасига эга бўлиши лозимлигини тилга олади.

«Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ҳоким депутатликка ўз номзодини кўрсатди, деган фикр - нотўғри. Номзодни сиёсий партия кўрсатади. Сиёсий партия учун эса куч керак».

Унинг сўзларига кўра, халққа ваъдалар билан чиққан сиёсий партия эртага ҳукуматни шакллантирса, бу ваъдаларни амалга ошириш учун ижро ҳокимиятида ҳам кучга эга бўлиши зарур.

«Агар сиёсий партия кучни қўлга киритиб, ҳам Парламент, ҳам ижро ҳокимиятида ўзининг кадрларига эга бўлса, бундан фақат уни сайлаган халқ ютади», дейди Худоёр Маматов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ