Четдаги ўзбеклар нимадан хавотирда? - Мирзиёев даври Ўзбекистони ва сайлов

Мирзиёев даври Ўзбекистони ва сайлов: Четдаги ўзбеклар нимадан хавотирда? Шу беш йилда парламентнинг ишига қараб ё учқунланган умидлар аланга олади, ё ҳали-бери қайта ёнмас бўлиб сўнади, демоқда улардан бири.

Бошқасининг айтишича, партия ва номзодларнинг орасида ҳақиқий фикр лидерлари, юзада турган муаммоларнинг аниқ ечимларини таклиф қила оладиган ҳақиқий соҳа мутахассисларини кўришни кутган. Аммо умидлари ўзини оқламаган.

"Дебатлар ва мунозаралардан шуни тушундимки, партиялар нафақат тизимли ишлаш, балки номзодларни ягона ғоя атрофида бирлаштириб, соғлом рақобатни олиб боришга ҳам ҳали қодир эмас экан...", - дейди, жумладан, Россиядаги суҳбатдошимиз:

Ўзбекистон: Янги Ўзбекистон, эски сайловлар?

Ўзбекистон, сайловлар: Нега одамларда сайлов ва депутатларга ишонч ортмаяпти? Марказий Сайлов комиссияси жавоби

Ўзбекистон: Бутун бошли ҳукумат ўзбек аёлининг битта гапини ҳам бажаролмади

Ўзбекистон, Каримов ва Мирзиёев: "Ўзгаришлар яхши, аммо барибир танлов бўлади..."

Германиядан бошқа бир суҳбатдошимизга кўра, партиялар номзодларининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги тарғибот-ташвиқот ишлари бошида, тўғриси, ўзига эриш туюлган, бироз бачканаликдек кўринган.

"Чунки бундай катта ваъдалар бергандан кейин, ўша ишларни бажариш ҳам керак-да!", - дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати Россия, Германия ва Туркиядаги айрим ўзбеклар билан боғланди.

Уларнинг бу сайловларга бўлган қизиқишлари ва ундан кутаётган умидлари билан қизиқди.

Тарихий экани айтилаётган бу галги парламент сайлови шу йилнинг 22 декабрь кунига режаланган.

Бу - Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан уюштирилаётган илк парламент сайлови бўлади.

Бу галги сайловда мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган бир сонда - 311 нафар хотин-қиз парламентдаги ўринлар учун беллашади.

Худди шу манзарада шуни ҳам алоҳида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпроғини айнан хотин-қизлар ташкил этади.

Бугун турли иш, юмуш ва таҳсил билан дунёнинг турли давлатларида бўлган ўзбекистонлик хотин-қизларнинг сонлари эса, бир неча юз мингга етади.

Четда меҳнат муҳожирлигида банд энг кўп - ярим миллионга яқин ўзбекистонлик хотин-қиз Россия ҳисобига тўғри келади.

Ижтимоийси бўладими, сиёсий, иқтисодий ёки маишийси - бугун улар Ўзбекистонда тўқнаш келиб турган муаммолар ҳам озмунчани ташкил этмайди.

Бошқа томондан, бу йилги парламент сайлови янги Ўзбекистоннинг Президенти Шавкат Мирзиёев айнан хотин-қизлар масаласини давлат сиёсати даражасига кўтарган бир шароитда бўлиб ўтади.

Зарнигор Омониллаева, фаол, Россия

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Зарнигор Омониллаева: Бу сафарги сайловга қизиқишим депутатларнинг дебат ва мунозараларда билдирган кескин фикрлари ва блогерларнинг партия вакиллари билан бўлган торшувли баҳс-мунозаралари билан қизиқишимни тортди. Депутатларнинг чиқишларида йўл қўйган қўпол хатолари, резонанс уйғотган фикрлар, жамиятнинг реакцияси, диққатли назорати эътиборимни тортди. Чунки яхшими, ёмонми - тарғибот кампаниясининг садоси сезилди.

Би-би-си: Бу йилги парламент сайловларидан қандай ўзгаришлар кутаяпсиз? Қандай ўзгаришларга умид қилаяпсиз?

Зарнигор Омониллаева: Тўғриси, жамиятнинг фаоллиги, ошкоралик сиёсати ўтказилаётгани ва сайловга халқаро миқёсда эътибор қаратилаётганини ҳисобга олиб, партия ва номзодларнинг орасида ҳақиқий фикр лидерлари, юзада турган муаммоларнинг аниқ ечимларини таклиф қила оладиган ҳақиқий соҳа мутахассисларини кўришни кутган эдим. Бунга қўшимча, ўтган йиллар давомида бир талай муаммоларнинг кескин оқибатларига фақат Ўзбекистон ёки қўшни давлатлар эмас, бутун дунё ҳамжамияти гувоҳ бўлди. Шундай вазиятда партиялар ўз номзодлари билан ягона тизимли таклифлар билан чиқишларини кутгандим. Чунки муаммолар орасида ечими ҳам аён бўлиб турганлари кўп. Масалан, миграция, суғурта, соғлиқни сақлаш, таълим, экология йўналишларидаги муаммоларнинг ечимини ҳеч кимни кутмай, тадбиқ қилиш мумкин. Шунинг учун ҳам партиялар ягона тизимли ёндашув билан салоҳиятли, фикр лидерларини номзод қилиб кўрсатишларини кутгандим. Ундай бўлмади. Дебатлар ва мунозаралардан шуни тушундимки, партиялар нафақат тизимли ишлаш, балки номзодларни ягона ғоя атрофида бирлаштириб, соғлом рақобатни олиб боришга ҳам ҳали қодир эмас экан. Бундай асосий ва ўйлаб қараганда, табиий нарсаларни қилолмаган партияларнинг номзодларидан аниқ ечим таклиф қилишларини кутиш ҳам нотўғри. Жамоатчилик билан ишлаш, тарғиботга ҳали тайёр эмас экан. Лекин аёл номзодларнинг сони ошишини кутгандим, кўриб турганимиздек, аёллар сони ўтган сафарги сайловдан кўра 10% га кўп. Бу - яхши, деб ўйлайман. Би-би-си: Хотин-қиз депутатликка номзодлар борасидаги фикрингиз? Бугун уларнинг қўлларидан нима кела олади? Улар қандайдир ўзгаришлар қила олишига кўзингиз етаяптими?

Зарнигор Омониллаева: Аёл номзодларнинг ёшлари турлича, бу, менимча, яхши. Лекин айтиб ўтганимдек, кўзга кўринган, фикр лидери бўлган, жамият сўзининг юки бор бўлган номзодлар йўқ. Аслида, бундай сайловларда жамиятда кўнгилли ишлари билан машҳур бўлган ва маълум бир соҳанинг ривожига ўзининг хиссасини қўшаётган аёл номзодлар бўлганда яхши бўларди. Масалан, аёлларга нисбатан жинсий тажовуз, зўравонлик муаммолари, меҳнат ҳуқуқларининг поймол бўлиши каби муаммолар билан курашаётган номзодлар бўлиб, ўзининг таклифлари билан сайловда қатнашганларида, яхши бўларди, лекин ундай эмас. Устига, 30 ноябрь ёки 14 декабрдаги теле-дебатларга ҳам эътибор берсак, аёл номзодлар мунозараларда иштирок этиш учун минбарни эгалламаган. Фақат эркаклар. Бу аёл мутахассислар кам дегани эмас, албатта. Тарғибот масаласида ЎзЛиДепнинг, адашмасам, тошкентлик номзодлари эътиборимни тортди. Депутатликка номзод бўлган аёл тиббиёт соҳасида ақлли хизмат ва хусусий тиббий муассасаларнинг фаолиятини давлатники билан бирга ислоҳ қилиш борасида вазифаларни олдига қўйганини гапирган. Шу таклифи менга ёқди ва аниқ муаммонинг аниқ ечими таклиф қилинаётганини кўрдим. Афсуски, бу юзлаб аёл номзодлар орасида биргина намунали мисол, бошқасини кўрмадим. Шунинг учун аёллар қандайдир ўзгаришларни бошлай оладими, деган саволга аёлларнинг малакасини ҳисобга олмай, жавоб беролмайман. Номзодларнинг орасида таниганларимиз йўқ. Шунинг учун муаммоларни еча олишларига шубҳам бор.

Би-би-си: Сўз айнан ўзбекистонлик хотин-қизлар ҳақида кетганда, бўлажак номзодлар уларнинг айнан қандай муаммоларига эътибор қаратишлари керак, дейсиз?

Зарнигор Омониллаева: Бўлажак номзодлар ўз мутахассисликлари доирасида аёлларнинг муаммоларини аввал таҳлил қилиб, асл вазият билан танишиб чиқиши керак. Жамият фикрини ўрганиши керак. Кейин шундан келиб чиқиб, қайси муаммоларнинг долзарблиги аниқланади. Аслида, буларни сайловгача ўтказиб, сайлов вақти хулосаларга қараб, ечим таклиф қилишлари керак эди. Ундай бўлмади. Ташқи миграцияга кетган аёлларнинг муаммоларини жуда яхши биламан. Ундан ташқари, суд тизимида оиладаги зўравонлик қурбонига айланган аёлларнинг ҳимояси йўқ. Бундай аёлларни жамиятда муҳофаза қиладиган, зўравондан самарали сепарация қиладиган механизмлар йўқ. Ажрашиш тартиби ҳам бундай аёлларни янада қийнаб қўяди. Чунки қўли синиб турган аёл 6 ойдан камида 1 йилгача ажрим қарорини кутишга мажбур. Ёки умуман ажрашиш тартиби жуда саёз ўйланган. Айтайлик, эр-хотинга 6 ой муҳлат берилди, дейлик. Лекин уларнинг ярашишлари учун ҳеч нарса қилинмайди. Иккиси ўзи билганча бир-бирини топиб, ярашиб олсин. Аслида яраштириш мақсадида уларнинг муаммоларини ўрганиб, иккисининг ҳам психологик ҳолатлари устида ишлайдиган механизм бўлиш керак. Худди бир мактабдагидек дастур бўлса. Психолог билан эр-хотин шуғулланса, мутахассиснинг хулосаси билан яраштириш амалиёти йўлга қўйилса, умуман бошқача бўларди ҳаммаси. Лекин бизда ўйлаб, ислоҳ қилишдан кўра, тақиқлаб ёки аввалдан гумон қилиш тартибида иш кўрилади. Шунинг учун бу тизимда аёл номзодлар ҳеч бўлмаганда, муаммонинг хориждаги ечимлари билан таниш бўлишганида, уларнинг самарали фаолиятига ишонч билдирган бўлардим. Ҳозир эса асосий урғу сонда бўлиб қолгандек, номзодларнинг сифатли фаолият олиб бора олишида эмас.

Ҳулкар Норқобилова, журналист, Германия

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Би-би-си: Тарихийси, деб айтилаётган бу йилги парламент сайловлари бир ўзбекистонлик хотин-қиз сифатида сизда қанчалик қизиқиш уйғотди?

Ҳулкар Норқобилова: Бу йилги сайловлар ҳар доимгидан бошқача. Партиялар номзодларининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги тарғибот-ташвиқот ишлари бошида, тўғриси, менга эриш, бироз бачканаликдек туюлди. Чунки бундай катта ваъдалар бергандан кейин, ўша ишларни бажариш ҳам керак-да! Партия вакилларининг ҳайқириқ билан кўчаларда юриши кулгули туюлса-да, бу демократия Ўзбекистонда аста-секин оёққа тураётгани, одимлаётганини билдиради. Олдинлари шу ҳам йўқ эди. Шунунг учун ҳам, буни бир ижобий қадам сифатида қабул қилдим.

Ҳулкар Норқобилова: Номзодларнинг борган сари фаоллашуви, телевидение орқали дебатлари менга маъқул келаяпти. Гарчанд мен бу депутатлардан кўп янгилик кутмаётган бўлсам-да...Аммо мен уларга ишонч билдираман. Яъни, улар собиқ депутатлар каби фақат қўл кўтариб овоз бериш ёки Олий Мажлисда, кенгашларда виқор билан ўтириш учунгина боришмасин. Бераётган ваъдаларининг, ҳеч бўлмаса, ўндан бирини бажара олишса ҳам, катта гап.

Ҳулкар Норқобилова: Шу ўринда бундан 23 йил олдин бир танишимизнинг вилоят кенгаши депутатлиги учун сайловда курашганини эсладим. У ҳам аёл киши, оддий ўқитувчи эди. Унинг рақиби эса номдор корхона раҳбари эди. Ҳатто сайловдан олдин келиб, опага катта пул таклиф қилди. Аммо ўқитувчи аёл рад этганди. Охири нима бўлди, дерсиз?...Корхона раҳбари сайлов участкаларини "сотиб" олди. Бир неча кун олдин сайлов участкаларида сайловчиларга ун, шакар ва шу каби озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Бу қанчалик қонунга зид, билмадим, лекин одамлар жон, деб келиб, корхона раҳбари учун овоз беришди. Бундан ташқари, сайлов қутиси минг қўриқланмасин, кўзни шамғалат қилиб, 300 та овоз бериш варақаси қутига ташлаб юборилди. Бу йил ҳам шундай бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Ҳулкар Норқобилова: Аммо озгина бўлса ҳам аввалгидан кўра умид бор.

Ҳулкар Норқобилова: Депутатликкка номзодлар орасида хотин-қизларнинг кўплиги бу - яхши. Аммо улар фақат бир қўғирчоқ сифатида кўрилмасликлари, ҳақиқий номзод бўлишларини истар эдим. Афсуски, бундайлар жуда кам. Улар, балки, катта лавозимда ўтирган эркак номзодларни енга олмаслар, аммо ҳозирги эркинликдан умид қилиб айтаманки, агар, хотин-қизлар депутат бўлишса, улар кўпроқ аёллар ҳаёти, болалар боғчаларидаги ҳолат, шарт-шароит ва шу каби, ижтимоий аҳволга диққат қартадилар, деб умид қиламан.

Ўзбекистонлик зиёли аёл, Туркия

Фото муаллифлик ҳуқуқи NurPhoto

Ўзбекистонлик зиёли аёл: Бошида бу йилги парламент сайловлари учун сайловолди кампаниясини, тўғриси, ишончсизлик билан кузата бошладим. Умуман олганда, неча йиллардирки, парламент ва депутатларимизга нисбатан ишончсизлик кучлидир. Парламентнинг кучига, ҳақиқатдан ҳам бирор нарсани ўзгартира олишига ишонмайди одамларимиз. Бунга қарамай, бу йилги сайловолди жараёни олдингиларидан анча фарқли ўтгани ҳам сир эмас. Дебатлар, ижтимоий тармоқларда партияларнинг жонланиши, тўғридан-тўғри эфирларда чиқишлар... Олдинлари фақатгина партияларимизнинг номларини билган бўлсак, бу сафар партия лидерлари ва баъзи депутатликка номзодларни ҳам танидик. Бу, айниқса бизга ўхшаб сайловолди жараёнини чет элдан - ижтимоий тармоқлар орқали кузатувчилар учун қўл келди.

Ўзбекистонлик зиёли аёл: Бу жонланиш бир тарафдан хурсанд қилса, бошқа томондан, баъзи партия раҳбарларимиз, депутатликка номзодларимизнинг фикрлари ҳафсалани пир қилиб турди (ХДП раисининг оила бюджети ҳақидаги, Миллий Тикланиш партияси раисининг ўзини ҳурмат қилганлар ҳақидаги, Экологик партия вакилининг вилоятдан пойтахтга келувчилар ҳақидаги фикрларига ўхшаш). Жонли эфирларда блогерлар тарафидан берилган конкрет саволларга олиб қочиш, гапни айлантириш, олдиндан тайёрланган шаблон жавоблар билан жавоб бериш каби ҳолатлар, дебатларнинг дебат эмас, халқ сайли, байрамдек ўтказилгани бироз жиғимга ҳам тегди. Хўжакўрсинга қилингандай.

Ўзбекистонлик зиёли аёл: Бунга қарамай, бу сайловда қатнашмаслик фикрим сайлов яқинлашган сари ўзгарганини ҳам айтмоқчиман. Партиялар ва номзодлар жонланганининг ўзи катта гап. Олдинги депутатларимизнинг орасида Расул Кушербаевдай депутатларнинг бўлиши - депутатлар ҳам оз бўлса-да, бир нарсаларни ўзгартира оларкан, овозини эшиттира оларкан, деган фикрни уйғотди. Сайланажак парламентдан жуда катта ўзгаришлар кутмаяпман. Фақат, ортиқ Ватанимнинг равнақи учун ўзим ҳам масъул эканлигимни, сайлов ҳуқуқимдан фойдаланиб, энг яхши дастури билан ҳақиқатдан ҳам бирор нарсаларни ўзгартиришга интилган, халқнинг яшаш шароитини яхшилашга бел боғлаган, жасур, ўз фикрига эга депутатларни сайласак, оз-оздан тараққий эта олишимга ишонч хосил бўлди.

Ўзбекистонлик зиёли аёл: Бу сайловда аёл номзодларимизнинг ҳам кўпайгани қувонарли ҳолатдир. Фақат аёлларимизнинг парламентда у қадар кучли бўлишларига ишонмайман. Бунақа ишончнинг пайдо бо`лишида балки бир-икки аёл депутатимизнинг о`зини ко`рсатиши, тармоқларда актив бо`лиши, овозини эшиттириши керакдир. Хозирги пайт биргина инсоннинг сай ҳаракати о`чиб бораётган умидни қайта оловланишига етар экан.

Ўзбекистонлик зиёли аёл: Чет элдаги бир сайловчи сифатида шуни ҳам айтишим керакки, биз хориждагилар номзодларимизни кўр-кўрона сайлаймиз. Ўзларини бевосита кўриш, танишиш имконига эга эмасмиз. Номзодлар ўзларини таништириш учун бу ерга келиши шарт эмас, ҳозир интернет ва технологиялар даври. Хориждаги сайловчиларга интернет, ижтимоий тармоқлар орқали етишиш жуда осон. Ўзим қизиққаним учун консулхона вакиллари орқали бу ердан сайланадиган номзодларимизнинг қисқа таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таниша олдим. Сайловга фақатгина шу маълумотларга ишониб қатнашишга мажбурман. Эътиборимни тортган хусус, фақат биргина номзод хориждаги юртдошларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни дастурига киритибди. Ахир, Ўзбекистон ахолисининг катта қисми чет элда-ку. Номзодларни яхшироқ танишни, партияларимизнинг мана шу даврдаги жонлиликларини фақат сайлов олдидан эмас, доимо сақлашларини жуда хоҳлардим.

Ўзбекистонлик зиёли аёл: Янги парламентимиздан авваламбор халқ дарди билан ёнишларини илтимос қилардим. Қишлоқларда шароитнинг яхшиланиши, газ ва электр муаммосига барҳам бериш йўлида жонбозликни, таълим борасида фойдали тадбирлар, аёлларнинг жамиятдаги ўринларини кўтариш, уларнинг ҳақларини ҳимоя қилиш борасида саъй-ҳаракатлар, ишсизлик ва ижтимоий ҳимоя, хориждаги ватандошларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида жонбозликни кутиб қоламан. Бу сайлов кейинги сайловлар учун бир лакмус қоғози бўлишига ишонаман. Шу беш йилда парламентнинг ишига қараб ё учқунланган умидлар аланга олади, ё ҳали-бери қайта ёнмас бўлиб сўнади.

Би-би-си: Бугун ушбу туркумдаги мақола ва видеолавҳаларимизнинг сўнггисини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Улар билан веб саҳифамиз - bbcuzbek.com ва ижтимоий мулоқот тармоқларидаги саҳифаларимизда танишишингиз мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ