Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев сайловдан кейин ўзи очган эшикларни ёпадими?

сайлов логоси
Шавкат Мирзиёев 2016 йилги сайловда 89% овоз олган. Фото муаллифлик ҳуқуқи Valery Sharifulin
Image caption Шавкат Мирзиёев 2016 йилги сайловда 89% овоз олган.

Ўзбекистон бутун дунё энг золим давлатлардан бири сифатида ном чиқарган.

Аммо энди бу мамлакат демократлашиши ва номини оқлаши мумкинми?

Инсон ҳуқуқларини топташ мунтазам ҳолатга айланган Ўзбекистон Ислом Каримов ўлимидан кейин ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев даврида ўзгара бошлади.

Якшанба, 22 декабрдаги парламент сайловининг асосий шиори ҳам "Янги Ўзбекистон - янгича сайлов" деб аталади.

Нималар ўзгарди?

Янги раҳбарият яқингача тасаввур қилиб бўлмайдиган ўзгаришларга қўл урди.

Ўзбекистон ўз қўшнилари билан ўз муносабатларини яхшилади.

Дунёдаги ўнлаб янги давлатлар учун визасиз тизим жорий этди.

Марҳум Каримов тузумининг бош меъмори сифатида кўрилган МХХ раиси Рустам Иноятов ишдан олинди.

Ўтган уч йил ичида 50 нафарга яқин сиёсий маҳкум озод қилинди.

Улар орасида дунёдаги энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналист - Муҳаммад Бекжон ҳам бор.

Ҳукумат сармояларни жалб этиш учун хорижий валюта бозорини эркинлаштирди.

Ўтган февралда ўзининг илк суверен кредит рейтингини олди.

Матбуотда ҳам сезиларли жонланиш кузатилади.

Жорий йил бошида қатор мустақил вебсаҳифалар, хусусан, Би-Би-Си ҳам очилди.

Fergana.ru, Би-Би-Си Ўзбек Хизмати ва Америка Овози журналистларига ишлаш учун рухсат берилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Президент Мирзиёев Россия, АҚШ, Хитой ва Жанубий Корея билан муносабатларини яхшиламоқда.

Алоқадор мавзулар:

Бутун бошли ҳукумат фуқаронинг битта тилагини бажаролмади

Давлат қачон ўз мажбуриятини бажаради?

Ўзбекистон ҳукумати дунё билдирган ишонч тугамоқдами?

"Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди" - деб айтди Шавкат Мирзиёев.

Бу - танқид ва мухолиф фикрга умуман тоқат қилмаган олдинги президент Ислом Каримов мавқеидан буткул фарқ қилади.

Сайлов ҳақиқий бўладими?

Ўзбекистондаги ўзгаришлари сабабли, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти илк бора Ўзбекистонга ўзининг тўлақонли кузатувчилари ҳайъатини жўнатмоқда.

"Бу - янги ислоҳотларни синаш учун илк имконият" - деди ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси президенти Жорж Церетели ўз баёнотида.

Аммо бу сайлов бир нарсани кўрсатмоқда: Ўзбекистон сиёсий тизими ўзаги ўзгармаган.

Сайловда биронта мухолиф партия иштирок этишига рухсат берилмади.

Сайловда қатнашаётган беш партиянинг барчаси Президент Мирзиёев ва унинг тузумини қўллайди.

Мухолифатдаги "Эрк" партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ ҳамон Ўзбекистонда тақиқланган.

Тўғри, сайловолди жараёнидаги теледебатларда баҳс-мунозаралар ва танқидлар қизимоқда.

Аммо президент ва унинг оиласи - ҳалигача танқид қилинмайдиган мавзу.

Тузум ҳамон золимми?

БМТ Қийноқларга қарши Қўмитаси ўзининг сўнгги ҳисоботида Ўзбекистондаги ҳуқуқ тартибот органлари ва қамоқхона мулозимлари ҳозиргача кенг кўламда мунтазам одамларни қийноққа тутиб келаётганидан ташвиш билдиради.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича таҳлилчи Диего Гарсиа-Саян ўзининг Ўзбекистонга қилган сафари ортидан "судлар мустақиллиги ва қонун устиворлигига таҳдид қилаётган ҳолатлар" борлигини қайд қилган.

Шуниси маълумки, либераллашув ҳақидаги гаплар ва ислоҳотлар ташаббуси ҳали тузумнинг ўзгаги ё негизига таъсир этмаган.

Ҳьюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, Ўзбекистон - ҳанўз авторитар давлат.

Хавафсизлик ҳамда ҳуқуқ тартибот органлари жуда ҳам қудратли бўлиб қолмоқда.

"Сиёсий маҳкумларни озод қилиш осон" - дейди ташкилотнинг Тошкентдаги вакили Стив Свердлов.

Якшанба кунги сайловни биронта ҳам Ўзбекистоннинг ўзидаги фуқаровий жамият ёки ташкилот ваикллари кузатмаяпти.

Бу эса ҳукумат ҳамон фуқаровий жамиятдан ҳадиксирашини англатади.

Ислоҳотлар нега керак бўлди?

Ислом Каримов ўлган пайтлар Ўзбек давлатининг зулмкор табиати ва нураётган иқтисоди халқда норозилик уйғотаётган давр эди.

Ҳатто яккаҳоким давлатларда ҳам президентлар халқ розилиги ва қўлловига эҳтиёж сезишади.

Ҳукуматдаги тинимсиз алмашинув ва тайинловлар эса Ўзбекистонда қудрат учун кураш ҳали тўхтамаганига ишора этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ислом Каримов дунёдаги энг золим тузумлардан бирини яратиб кетди.

Мухолифатдаги "Эрк" партиясининг башорат қилишича, сайловдан кейин Мирзиёев ҳам қаттиққўллик йўлига ўтади ва ташқи дунёга очган эшикларини ёпади".

Аммо айрим таҳлилчилар Ўзбекистон келажаги бунчалик аянчли бўлмайди, деб ишонадилар.

"Мен бироз некбинман" - дейди Стив Свердлов - "Тизим ичида ҳаракат ва куч-қувват бор".

"Сиёсий элита орасида Ўзбекистон янада очилиши керак деб ишонадиганлар мавжуд, халқ эса ислоҳотлар давом этишини кутмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek