Россия: Иккинчи хотин бўлган мигрант аёл 2 боласи билан кўчада қолди - видео

Оила Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Андижонлик Мунира Усмонова 2 нафар ёш гўдаги билан Москвада кўчада қолди. 6 йил аввал эрига ишониб Россияга келган аёлнинг ҳозир аҳволи танг: катта шаҳарда на бирон таниши, қўлида на ўзини ва фарзандларини хужжати бор, на озиқ-овқати ва на пули бор.

- Бундай вазиятга тушиб қоламан, деб ҳеч ўйламагандим. Болаларим билан бир амаллаб Ўзбекистонга қайтиб ололсайдим, - ғамгин сўзлайди аёл.

30 ёшли Мунира фарзандларини Москвада дунёга келтирган. Каттаси қиз , кичиги ўғил. Қизчасига ҳужжат олиш муаммо бўляпти, она уни бу ерда қолдириб ҳам кета олмаяпти.

Муҳожир аёлнинг бу ҳолга тушиб қолишининг узоқ бир тарихи бор.

Россия-Ўзбекистон: Ҳадемай Москва ҳам ўзимизники бўлади!..

Россия, Москва: Дўкон сотувчиси калтаклаган ўзбек аёл энди нима қилади?

Ўзбекистон паспортини ололмай Россияга кетган қўшиқчи: Аёлга 40 ҳунар оз бўлиб қолди

Ўзбекистон - Россия: Нишолда қилиб, Москвада бойиш мумкинми?

Етимликда

- Қийинчиликда катта бўлганман. 2 ёшимда онасиз қолдим, дадам бошқа аёлга уйланган. Бувимларнинг айтишича, ўгай онам мени кўп қийнаган экан. Қизиган дазмолни бошимга босганида бақириб йиғлаганимга қўшнилар эшитиб уларни чақиришган экан. Бу из шундан қолган экан, - дейди аёл пешонасидаги чандиқни кўрсатиб.

Муниранинг айтишича, шундан сўнг буви-опоқиларининг қўлида катта бўлган. Кейинчалик ногирон акаси ва отасини ўзи парвариш қилган. Бувисининг вафотидан кейин, рўзғор ташвиши ҳам унинг зиммасига тушган. Шу тариқа 19 ёшга кирганида тирикчилик учун иш топишга мажбур бўлган.

- Шаҳрихондаги "Бек" деган ошхонага ишга кириб 4 ой ишладим. Ўша ерда эрим билан танишиб қолдим. У ҳофизлар билан бирга юриб, кассирлик қиларкан. Мени ёқтириб қолганини айтди, аммо оилали эди. Яқинда 2-фарзандим туғилди, деган. Аввалига қўрқдим, оилали эркак экан, деб. Кейин "сизга уйланаман, охиригача яшайман", дея қатъий туриб олди, - ҳикоя қилади Мунира.

У иккинчи хотин бўлиб, вақти-вақти билан учрашиб, ҳаёт кечирганини айтди.

Москвага йўл

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Муниранинг айтишича, эри 2013 йилда Россияга ишлашга кетган ва жойлашиб олгач, уни ҳам чақиришини ваъда қилган.

- Йўлкирамга пул юборди. Унга ишонганман, ўзимни бағишлагандим. Автобусда 10 кун деганда зўрга етиб келдим. Совға-саломлар билан кутиб олди. Бирга яшай бошладик. Рўзғоримни қилиб берди, оч қўймади, устим бутун, қорним тўқ. Келганимдан кейин ҳомиладор бўлдим.

Мунира муҳожирликда деярли ишламагани, эри уй таъмири билан шуғулланиб, уларни моддий таъминлаганини билдирди.

2014 йили қиз фарзандли бўлган. Аммо бу пайтда ҳужжатлари йўқлиги боис, туғруқхонада бошқа фамилия билан қайддан ўтган. Кейинчалик ўғил ҳам кўришди, муҳожирликдаги ҳаёти бир маромда кетаётгандек эди.

Ўтган йили Муниранинг турмуш ўртоғи полицияга тушиб, мамлакатда қонуний яшаш ва ишлаш тартибларини бузганлиги учун Россиядан бадарға қилинади.

- Мигрантлар қамоқхонасида ётганларида ҳам телефонлашиб турдик. Мен ҳам кетаман, дедим. "Мен Ўзбекистонга бориб, пул қилиб ёки кредит олиб, бир иложини қилиб сизларга юбораман. Ҳужжатларни ҳал қилиб, билет оласану келасан. Ўзим кутиб оламан", деган эдилар. Уйга етиб боргач, ўғлига тўй қилди, онаси касал бўлиб қолди, топган пуллари шуларга кетди. Бизга "ана-мана иложини қиламан", дедию пул йўқлигидан алоқани узиб қўйди, - дейди муҳожир аёл.

Мунирага кўра, эри алоқага ҳам чиқмаяпти, ўзи телефон қилса, телефон рақами ўчирилган.

Кўчага қувилиш

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Умид Ўзбекистонга кетганидан кейин 2 бола билан ҳеч қаерда ишламайдиган муҳожир аёл пулсиз, озиқ-овқатсиз қолиб кетган. Аввалига унга ва гўдакларига ижара уйида яшайдиган юртдош мигрантлар егуликлар ва оз-оздан пул бериб туришган. Аммо Мунира ижара пулига ойлаб қарз бўлиб кетгач, уй эгаси уларни кўчага ҳайдаган.

- Нима қилишни, қаерга боришни билмасдим. Одамларимиздан йўл-йўриқлар сўраб-суриштириб элчихонамизга етиб бордим. У ерда уйга қайтишим учун ҳужжатларимиз бўлиши кераклигини айтишди. Мигрантларга ёрдам берадиган аёл юрист билан таништиришди, - дейди Мунира Усмонова.

Муҳожирларга кўнгилли кўмаклашувчи юрист Зарнигор Омониллаева Мунирага болалари билан яшаб туришга вақтинча бошпана, озиқ-овқат ва зарур эҳтиёж нарсаларида кўмаклашади.

Шу билан бир пайтда она-болаларни Ўзбекистонга жўнатиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга ҳаракатни бошлашади.

Аввалига Мунирага ватанга қайтиш учун шахсини тасдиқловчи ҳужжат, кичик фарзандига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олинади.

Аммо қизчаси Маликанинг ҳужжатларини расмийлаштиришга келганда, боши берк кўчага кириб қолишади.

Марокаш фуқаросига "айланган" Мунира

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Мунира туғруқхонага паспортини уйида қолдириб, ҳужжатсиз борган.

Эри билан маслаҳатлашиб, тез ёрдамни ҳам Раззақова фамилияси билан чақиришган, туғруқхонада ҳам Раззақоваман деб имзо чеккан.

Орқасидан туғруқхонага Раззақова Муниранинг ҳужжатлари йўқолгани ҳақида Рязан полицияси муҳри, Москва Чертаново полициясининг штампи билан маълумотнома олиб келишган.

Камига сохта маълумотномада Раззақова Муниранинг паспорти, патенти ва бошқа ҳужжатлари йўқолгани ҳақида ёзилган бўлган.

- ФҲДЁдан қайддан ўтмаган аёл фуқаровий эрининг фамилиясини туғруқхона қайдига ёздирган. Ҳамма жойда "Разакова" тариқасида белгиланган. Ҳужжатларни тиклаш пайтида Муниранинг Разакова эмас, Усмонова эканлигини исботлай олардик, аммо бошқа муаммо чиқиб қолди, - дейди юрист Зарнигор Омониллаева.

Юристга кўра, 2014 йилда Муниранинг фуқаровий эри Умид аёли жойлашган касалхонага унинг ҳужжатлари йўқолганлиги ҳақида маълумотнома олиб келган. Бу маълумотномада 2 та эътиборли факт бор: бири маълумотноманинг улар яшамаган Рязань шаҳри полиция бўлимидан олиб келингани ва унда Муниранинг Марокаш давлати фуқароси деб қайд этилганидир, - дейди Омониллаева.

Айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячиси ўзбекистонлик аёлнинг нафақат Марокаш фуқароси эмаслиги, балки Малика унинг фарзанди эканини ҳам қонуний исботлашда мушкулликлар бўлаётганини билдирди.

- Қизча Муниранинг фарзанди эканлиги исботланмаса,у болани Ўзбекистонга олиб кета олмайди, - дейди юрист.

Мунира Усмонова эса бу кутилмаган воқеадан ҳайратда эканини билдириб, янада танг вазиятда қолди. У Ўзбекистоннинг Москвадаги консуллигидан берилган шахсини тасдиқловчи хужжат билан 1 ой ичида Россиядан чиқиб кетиши лозим. Бу муддат ичида Маликага ҳужжат расмийлаштира олмаса, уни Москвада қолдиришига тўғри келади. Она эса боласидан воз кеча олмаслигини айтади.

"Мен болаларимни олиб, Ўзбекистонга - уйга қайтишим керак. Бир амаллаб етиб олсам, хотин-қизлар қўмитасига бормоқчиман. Менга иш бўйича ёрдам беришса, ишлаб болаларимни боқардим", - дейди муҳожир аёл.

Шунингдек, уни мусофир юртда оғир вазиятда қолдириб кетган фуқаровий эри билан ҳам кўришиб, муносабатларини ойдинлаштириш умидида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ