Ўзбекистон: Депутат бўлолмаган Дима: "Балки ҳазиллашди, деб ўйлашди"

Дима Қаюм Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook.com

Риштонлик печкачи ва ҳажвчи блогер Дима Қаюм (Дилшод Болтабоев) халқни газ, электр энергияси билан узлуксиз таъминлашни мақсад қилиб депутат бўлмоқчи эди. Бироқ ижтимоий тармоқларда депутат бўлишини эълон қилган фаоллар сингари унинг номзоди ҳам Олий мажлис сайловига қўйилмади.

Дима Қаюм ўзи каби оддий ўзбекистонликлар дуч келаётган муаммолар ичимлик суви ва сифатли таълимни етказишни ўз олдига мақсад қилганди.

Би-би-си билан суҳбатда у газ муаммосини уни етказиб беришни хусусий секторга топшириш орқали ечса бўлишини айтди.

Дима Қаюм ЎзЛиДеП га аъзо бўлиб ўз номзодини шу партия орқали қўймоқчи бўлган. Унинг айтишича, таклифини бошида яхши қаршилашган. Бироқ нима учун номзодини Олий Мажлисга қўйишмагани борасида унга изоҳ беришмаган.

"Аризамни қабул қилган, ҳужжатларимни олган. Анкета тўлдирганмиз. Нега ўтмаганим борасида тўғриси жавоб беришгани йўқ. Балки ҳазиллашди, деб ўйлашдими? Билмадим, лекин жавоб бўлгани йўқ.Суриштирдим. Лекин жавоб йўқ. Балки менинг халқ олдида хизматларим ҳали камдир", дейди у.

Муаммоларни ҳазил билан ижтимоий тармоқларда ёзиши билан машҳур бўлган Дима Қаюм уларни депутат бўлиб ечишни мақсад қилганини, бироқ ушбу нияти амалга ошмаганини билдирди.

У Би-би-сининг сиёсий партия тузиш ҳақидаги саволига ҳам жавоб берди.

Дима Қаюм билан суҳбатни bbcuzbek.com нинг YouTube даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Ўзбекистон, парламент сайлови 2019: шовқин кўп, танлов озми?

Ўзбекистон тарихида таркибида ҳақиқий сиёсий мухолифат фаоллари бор парламент мамлакат мустақиллигини қабул қилган парламент бўлган.

Мамлакат ичи ва халқаро миқёсда кейинги 25 йил мобайнидаги парламентлар "чўнтак партия"ларидан шакллантирилган парламентлар деб кўриб келинди, уларнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги ўрни сезилмаган.

Президент Мирзиёев қудратга келганидан кейин шакллантириладиган парламентда ҳукуматга чин мухолиф кучлар тамсил этиладими?

Муҳожиротда истиқомат қиладиган мухолифат фаоли Намоз Нормўминнинг фикрича, 2019 йилги Ўзбекистон парламентига сайлов тарғиботи жараёнида кузатилаётгани - шовқин кўп, танлов оз.

"Мухолифат халқдан чиқиши керак. Президент "мана мухолифат" деб бировни четдан олиб келиб ўтқазиб қўя олмайди. Бу нодемократик қадам бўлади. Мухолифат Ўзбекистондаги халқ орасидан, негизидан чиқиши керак," деди Ўзбекистон Сенати раиси Содиқ Сафоев Лондондаги анжуманда журналистлар саволига жавобан.

Фейсбукда "Ислоҳотчилар гуруҳи"га асос солган Намоз Нормўминнинг айтишича, "Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида эркинлик кузатилаётган экан, жамоатчиликда тирилиш ҳаракатлари пайдо бўлган экан, мухолиф ҳаракат энди халқнинг ичидан чиқиши керак".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek