Озгина ишонч бўлгани учун ҳам сайловга келдим - Россия, муҳожирлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek.com

22 декабр Парламентга бўлиб ўтган сайловга чет элларда 1 миллион 697 минг 647 нафар фуқаро овоз бериши керак эди. Бу умумий сайловчиларнинг 8,3 фоизни ташкил этади. Бу йил Россияда илк маротаба 8 ҳудудда сайлов участкалари ташкил қилинди.

Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги 2 та сайлов участкасидан ташқари, муҳожирлар бу йил илк бора Санкт-Петербург, Новосибирск, Қозон, Ростов-на-Дону,Екатеринбург, Владивосток шаҳарларидаги консулликларида ҳам овоз бериш имкониятига эга бўлишди.

Би-би-си ўзбек хизмати Москва шаҳридаги сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнида иштирок этган ўзбекистонликларни суҳбатга тортди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Аксар меҳнат муҳожирлари сайловларда илк бора иштирок этаётганликларини билдиришди.

- Мен аввал сайловда Ўзбекистонда ҳам ҳеч қатнашмаганман. Бу йилги сайлов олди дебатларни кўрдим, сиёсатга қизиқа бошладим. Озгина ишонч пайдо бўлди, чунки бизда ҳам аста-секин яхши ўзгаришлар бўляпти, — дейди 24 ёшли муҳожир Бунёд Бозоров.

Муҳожирга кўра, Россияда очиқлик сиёсати Ўзбекистондагидан анча яхши. У сайловлар адолатли ўтишидан умидвор.

"Ватаним келажагига бефарқ эмасман", — таъкидлади Бунёд.

Сайлов участкасига оила бўлиб келганлар ҳам бор.

- Биз анча йилдан бери Москвага келиб ишлаб кетамиз, шу ерда яшаймиз. Шунинг учун сайловлар борми, тадбирларми, бу ерга келамиз, фуқаролик бурчимизни бажарамиз, — сўзлаётиб кўзига ёш олди Нафиса Ёдгорова.

Нафисадан сабабини сўраганимизда, ватан соғинчи билан билан изоҳлади:

"Ўзбекистонни соғинамиз, яхши кўрамиз, Ўзбекистон учун бу ерда ишлаяпмиз", деди у.

"Бераётган овозимиз умид қиламизки, бизнинг манфаатимизга ишлайди", — қўшимча қилди Нафисанинг турмуш ўртоғи.

Сайлов участкаларида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан кўра, кўпроқ талабаларни учратдик.

- 12 декабрдан бошлаб муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини бизга хабар беришганди, шунинг учун имконимиз ва вақтимизга қараб келиб ўз овозимизни беряпмиз, — деди Москва шаҳридаги Техника университети талабаси.

Баъзи мигрантлар эса сайловлар жараёнларини бошқача тасаввур қилишганини билдиришди.

- "Мусофирчиликда 1-марта сайловда қатнашдим, — дейди муҳожир Искандар Мухторов. - Москва вилоятида яшаб ишлаяпман. Узоқ бўлса ҳам келдим. Мен кутгандимки, кўпчилик бўлиб келишади, ўзбеклар тўпланади, овозлар берилади, деб ўйлагандим. Одам кам: ташқарида ҳам ичкарида ҳам".

Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар Ўзбекистонда нималар ўзгаришини исташади?

Қурилиш ишчиси Искандар Мухторов Ўзбекистонда иш ўринлари яратилиб, ватанда ишлаш имконияти, ишчиларга шароитлар яратилишини ўйлашини айтди.

Шунингдек, муҳожирларнинг аксари депутатлар келгусида сайловолди берилган ваъдаларининг устидан чиқишларига умид билдиришди.

Таҳлилчилар эса, сайлов участкаларида тақдим қилинган депутатликка номзодларга эътибор қаратишганини айтишди.

- Номзодларнинг таржимаи ҳоли ва босиб ўтган йўли бир бирига жуда ўхшайди. Асосий сайлов партиялар учун бўлганлиги учун мен ўзимга маъқул бўлган партияга овоз бердим, — дейди иқтисодчи Жамшид Муслимов.

Андижонлик муҳожир Шерали Мамадалиев эса Ўзбекистондаги сўнгги ўзгаришларни қайд этди:

- Одамларимизнинг эркин фикрига имкон берилди. Мана, сизларга гапиряпмиз. Авваллари "уйга борсак, олиб кириб қўяди, бошқа қилади" деб қўрқардик. Эркин гапиряпмиз озгина, шунга тўла йўл очиб берилса, қолган ишлар ўз-ўзидан бўлаверади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek